Ўзбекистон адлия органлари тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш мобайнида 2014 йил бошидан бери давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан қабул қилинган 529 та ноқонуний қарорни бекор қилди.
Ушбу маълумот Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан ташкил қилинган матбуот анжумани вақтида билдирилди.
Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг қонунийлиги масаласи ҳар доим тортишувларга сабаб бўлиб келади. Асосан туман ҳокимлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг қонунга мувофиқлиги билан боғлиқ даъволар хўжалик судларида кўриб чиқиладиган ишларнинг асосий қисмини ташкил қилади.
Исмини ошкора қилмаслигимизни истаган туман ҳокимияти ҳуқуқшуносининг сўзларига кўра, ҳокимиятни тамсил қилувчи ҳар қандай ҳуқуқшунос суд процессида қатнашар экан, кўрилаётган иш туман ҳокими қарорини бекор қилиш билан боғлиқ бўлса мазкур иш бўйича суд қарори қандай бўлишини аксарият ҳолларда олдиндан билади.
“Агар ҳоким қарори Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлса, ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунчилигига мувофиқ келиш ёки келмаслигидан қатъий назар суд маҳаллий ҳокимият фойдасига қарор қабул қилади. Агарда туман ҳокими қарори ўз ташаббуси билан қабул қилинган ҳолларда даъвогарда оз бўлсада ютиш имкониятлари сақланиб қолади”, – дейди суҳбатдош.
Қайд этиш жоизки, Адлия вазирлигининг маълумот беришича, 2014 йил 18 август ҳолатига кўра қиймати 11 млрд. 5000 млн. сўмлик 766 та ҳорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар манфаатини кўзловчи даъво аризалари судларга киритилган.
ЎХҲ ахборот бўлими