O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Маҳбус С.Абдулазиз Юсупов: «ДХХ Мирзиёев ва унинг куёвини йўқ қилмоқчи»

Маҳбус С.Абдулазиз Юсупов: «ДХХ Мирзиёев ва унинг куёвини йўқ қилмоқчи»
348 views
09 September 2019 - 21:25

МАҲБУС САИД АБДУЛАЗИЗ ЮСУПОВ: «ДХХ МИРЗИЁЕВ ВА УНИНГ КУЁВИНИ ЙЎҚ ҚИЛМОҚЧИ»

Бугун, 2019 йил 9 сентябр куни мен Бакаева Жамила келиним Юсупова Дилфуза билан бирга машинамизни очганимизда, унинг ўриндиғида орқа олди тўлдирилган 2 варақ мактубни курдик. Келиним билан биргаликда мактубни зудлик билан очиб ўқидик. Мактубни ўғлим Саид Абдулазиз Юсупов ёзгани нафақат имзосидан, балки, хуснихатидан ҳам маълум эди. Ўғлим хатни ким орқали чиқаргани бизга қоронғу. Хатни олиб келган одам машинамизнинг озгина очиб қолдирилган люки орқали ташлаб кетган бўлиши керак.

Мактубда ўглим ўз оиласи, биз ота-онасидан ташкари, Ўзбекистондаги жамоатчилик учун ҳам муҳим бўлган маълумотларни етказишга ҳаракат қилган. Хусусан, ўзига қаратилган даҳшатли қийноқлардан ташқари уни ДХХ контр.разведка ходимлари ҳам тергаб, қийнаганлари тўғрисида ёзган. Ўғлимнинг ёзишича, ДХХ контр.разведка ходимлари – «Ойбек», «Абдулазиз», «Тимур», «Бердак (асл исм шарифи А.Г. Ким)»  ва контр.разведка бошқармаси бошлиги Е.Тихоновлар муттасил равишда «Президентинг 2 йил қанотимизни қиркмоқчи бўлди, 2 йил ичида қанотимиз аввалгидан ҳам катта бўлди, яқинда севимли Президентингни ҳам, унинг севимли куёви Отабекни ҳам, унинг ГСБП (Президент хавфсизлик хизмати) сини ҳам синдирамиз» деб айтишган экан.

Қуйида Саид Абдулазиз Юсуповдан келган мактуб матнини тўлив эълон қиламиз.

***

САИД АБДУЛАЗИЗ ЮСУПОВДАН МАКТУБ

Азиз ва мухтарам Дадажоним, Аяжоним, Жаннатим ва болаларим!!!

Бугун махбусликнинг 113 куни – 30 август 2019 йил. Ушбу мактубни Сизларга Аллоҳнинг мўъжизаси билан етиб борар деган умидда, ГУВДнинг зах, совуқ, хира ёруғ ертўласидаги 6-камерадан ёзмоқдаман.

Аввало сизни билишларингизни истардимки, ҳар бирларингни алоҳида ва ҳаммаларингни биргаликда шундай қаттиқ соғинганманки, уйлаб эсласам, кўз ёшсиз туролмайман, юрагим оғрийди. Шунда ўзимни ширин орзулар гирдобига ташлаб, сал таскин топгандай бўламан.

Бу мактубни ёзиб, сизларни истиробга солиш ниятим йўқ эди. Аммо, сўнгги пайтда юрагим тез-тез безовта қилиб, худдики бир нарса тилиб ўтгандай бўлиш ҳолати авваллари 2 йилда 1 бўлган бўлса, ҳозир кунда икки марта бўлаётганини, тишим йиринглаб, юзим ва бошимгача оғриқ бераётгани, бу ҳақда бу ердаги масъулларга айтсам, ҳеч қандай чора кўрмаётганлиги, эрталаб ва кечки пайт пайдо бўлиб, йўқ бўлиб қоладиган «ҳамшира» аналгин ва валерианкадан бошқа дори бермаслиги, яшашим учун зарур бўлган, ўзим олиб келган дориларни ўз вақтида берилмаслиги, қисқаси, гўёки бу ердаги шароит аста секин мени ўлдириб юбориш учун мўлжалланганга ўхшаши, нафасим қисишига қарамай, ҳаво йўқ камера олдида краска ишлатилиши, буларнинг барчаси, Худо кўрсатмасин, менга бир гап бўлса, бор ҳақиқат ва васиятимни Сизларга етказиш учун ёзишимга сабаб бўлди.

Тўғрисини айтганда, гўёки бу мактубни 1938 йил НКВД маҳбуси ўлароқ ёзаётганга ўхшайман.

Сабабини тушинтираман ҳозир. 10 май 2019 йил ўша Президент ҳақида ёзган китобимнинг сигнал нусхаси Туркиядан келган куни туш пайти уйдан чиқиб, ишга кетишимда, маҳаллада яна ўша бир ойдирки мени кузатиб юрган машиналарни куриб, этикдўзнинг олдидан ўтиб, ер ости гаражининг олдига қайрилишини айтдим Ахрорга. Мақсадим, улар билан очиқча гаплашиб, кимликлари ва мақсадларини билмоқчи эдим. Тўхташимиз билан икки тарафдан икки спортсмен қўлларимни қайириб, мени нексия автомобилига, орқага ўртага ўтиргизишди. Олдинга ўзини ДХХ ходими «Темур» деб таништирган, ёши 30-35 лар атрофидаги ияк ости чап тарафида жарроҳлик амалиётидан қолган 6-7 см лик шрами бор йигит ўтирди. Телефонда кимгадур қўнғироқ қилиб, бўлди олдик, кираверинглар деди. Тушундимки, ишхона ва уйимга тинтувга киришади. Демак, менинг ГСБП билан ҳамкорлик қилишимга, ишхонам, бевосита режим объекти саналишига қарамай, тинтув ўтказилиши, ГСБП билан ҳам, Президент Девони масъуллари билан ҳам, Акмал Саидов билан ҳам, «соглосование» қилинганини англадим.

Албатта, кутганимдек, мени ДХХ тергов бошқармасига олиб боришди. У ерда терговчи Яхёев Отабек адлия подполковниги менга гўёки мени олиб келинган эмас, ўз ҳохишим билан келганимни айтиб, чақирув қоғозига имзо қўйдирди. Шундан сўнг, менга фирибгарлик айблови эълон қилинганини айтди. Мен улар тайёрлаб кўйган «жабрланувчилар» билан кўришишдан аввал, бу «жабрланувчилар» аслида, Қорақалпоғистон Республикасидаги сепаратистик гуруҳ аъзолари бўлиб, 2012-2013 йиллар давомида чет элдан кириб келган катта пул маблағи эвазига турли мансабларни сотиб олиш учун пора сифатида берилганини, буларнинг бари ўша даврдаги МХХнинг махсус операцияси доирасида подполковник (кейинчалик полковник) Адилов Ҳаёт ака (2014 йилда, номаълум сабабларга кўра, уйида ўлик ҳолда топилган) бошчилигида ташкиллаштирилиб, «выявление и изъятие» қилинганини, улар берган поралар аудио ва видео фиксация қилиниб, запислар ва пуллар МХХга, шахсан Хаёт Адиловга топширилганини, «жабрланувчи» аризачилардан ташкари, ўша пайтдаги ҚР Вазирлар Кенгаши раиси Баҳодир Янгибоев, халқ таълими вазири бўлиши учун пора берган Жонжайхон, Нукус шаҳар судяси бўлиш учун пора берган Мехсетлар ҳақида (Мехсет ҳозирда маъмурий судя) ўзим гапириб бериб, «Z»(«З») бошқармаси подполковниги ўлимидан кейин менинг қўулимда ҳеч қандай далил қолмагани, у тириклигида эса «ҳозирча оператив разработкада» булар деб, уларни жиноий жавобгарликка тортишни чўзиб келганини, мендан камера ёки пулни қайтаришимни талаб қилаётган уларни авраб туришим лозимлигини айтиб келганлигини, у ўлгач эса, мен бор гапни кейинги кураторим Баҳодир Толиповга айтганимда, у менга Ҳаёт Адилов мени алдаганини, бундай амалиёт бўлмаганини айтганини, мен, СБга бориб айтаман деганимда, улар ёрдам бермайди, ўзинг қамалишинг мумкин деб айтганини, пора берганлар ҳеч нарса қилолмайди, ўзлари жавобгарликка тортилади бўлмаса, деб айтганини айтиб бердим.

Энг аламлиси, ана шундан сўнг бошланди. Тўғрироғи, ўша куни «жабрдийда»лар билан юзлаштириш ўтказилди, менга аввал судя бўлиб ишлаган Ашрапова деган адвокат «таъминлашди» (уларнинг одами), эртасига мени ДХХ госпиталига олиб бориб кечаси билан даволаб, яхши ҳолатда қилиб 12 куни Юнусобод судига обориб, қамоққа олишга санкция олгандан сўнг (айтганча, ўша судда Абат Давкараевни ҳам қамоққа олишга санкция берилган, аммо ишда айбланувчи сифатида ўтаётган Абат Давкараев кейинчалик гувоҳга айланиб, ишда ғойиб бўлди, чунки у ҚР Жукорги Кенгеси раисининг қудасида).

Энг аянчли кунларим бошланди. У ҳолатлар яъни фирибгарликда, пора беришда айбловлар ҳаммаси мени тиқиш учун баҳона экан. 13 май 2019 йилдан бошлаб мени қўлга олган гўёки «Темур» исмли ўша шахс – аслида контр.разведка бошқармаси тезкор ходими, унинг ҳамкасби айни бошқармадан ўзини «Ойбек» деб таништирган (оқ сариқдан келган «Темур» «Ойбек»ни сансираб гапиришига қараганда рутбаси тенг ёки кичик, ёши ҳам, юзида чўтири бор, киприклари сариқ, кўзи оч малла, «Темур» шевасига кўра Навоийдан – эски шаҳар ёки вокзалдан, «Ойбек»- Қизилтепа ёки Ғиждувонлик) шахс, ўзини Бердак деб таништирган шахс – мен бошдан унинг қозоқ эмас, корейс эканлигини англагандим, кейинчалик унинг аслида ДХХ тергов бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи – А.Г.КИМ эканлигини билиб қолдим. Қизиги, бу учаласи ўзини контр.разведка эмас, Разведка ходимлари деб нега таништирганини ҳалигача тушунолмадим.

Улар мени 25 майгача ҳар куни 10-12 соатлаб «сўроқ» қилишди. Мендан турк махсус хизматларига хизмат қилишим ҳақида мажбурлаб кўрсатма оилшмоқчи бўлишди. Айбим очиқчасига Ислом университетида ҳижоб кийилишини ҳимоя қилганим, Туркия ҳақида китоб ёзганим, Кастамону давлат университети магистратура ва доктарантурага бепул ўқишни ташкил қилганим экан. 25-май 2019 йили Контр.разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосари Е.Тихонов келиб, мен билан «гаплашиб» мени ГУВДга жўнатиб юборишди. У ерда «Темур», «Ойбек», «Бердак»лар 6,5 сутка давомида менга нисбатан жисмоний, руҳий, психологик таъзийқ ўтказишди. Мени ҳатто зўрламоқчи бўлишди. Яъни дубинка билан номусимга тажовуз қилмоқчи бўлишди. Мени синдирган нарса – аяжоним ва аёлимни қамаш, хўрлаш, кейин эса бола чақаму отамгача қандай қилиб ўлдириб юборишларини айтиб ишонтришгани бўлди.

Албатта, кимдур ахир шунчаки қўрқитишганку, дер. Аммо, 21 асрда, демократик давлатда, шаҳар ГУВДсида жинсий зўрланишга бир баҳя қолган, урилган, қўрқитилган, хўрланган инсон бу гаплар шунчаки таҳдид эмаслигини тушуниб етади. Мен ахийри оиламга тегмасликлари эвазига бу туҳматни бўйнимга олишга мажбур бўлдим. Айниқса, Туркияда ўқиб юрган укамни имо орқали уларни одами тўғридан тўғри университетда юрганини онлайн кўрсатгандан сўнг, уни ўлдириш уларни қўлидан келишини билдим.

«Темур» ўтириб, қоғозларга схемалар чизар, мен эса, у айтган схемаларни сўзга тушириб, ўз номимдан тушунтириш хати ёздим. Йўқ айбни бўйнимга олдим. Шу тариқа 1- июнь куни кечга мени ДХХ тергов ҳибсхонасига қайтариб олиб боришди. У ерда 17 июнгача ўзимга қарши туҳмат кўрсатмалар ёздиришди. Буларнинг барчасига терговчи Яхяев индамай, шароит яратиб берди. Энг алам қиларлиси мен ГУВДда экан (25.05.2019-01.06.2019) «Ойбек» деган қўрқмасдан «Президентинг 2 йил аввал қанотимизни қирқмоқчи бўлди, 2 йилда қанотимиз аввалгидан ҳам каттароқ бўлди. Ҳали сан хизмат қилган ГСБП ни ҳам синдирамиз» деган гапни айтар, ДХХга келгач «Темур» «Отабек акажонингиз» (Президентнинг кичик куёви, ГСБП ўринбосари) дея писанда қилишдан, у кишини масхаралаб гапиришдан ҳайиқмади. Тушундимки, булар ўз қудратига ишонмаса бунчаликка бормас эди. Аслида ГУВДда Президент номига, ДХХ раиси А.Азизов номига ёзган кўпгина мурожаатномаларни кўзимни олдида «Бердак» йиртиб ташлаб, буни кетингга тиқ деб қўрқмасдан гапириши ҳам бежиз эмас эди. Аммо, 16 ёки 17 июн куни «Темур», «Ойбек», «Бердок» ва уларнинг раҳбари – рус кишиси, бўйи 2 метр атрофида, ёши 55 ларда, таҳминим бўйича, Контр.разведка бошқармаси бошлиғи Е.Тихоновлар мендан энди Президен маслахатчиси Рустам Қосимов, администрация сектор мудири Абдулазиз Абдуллаев, инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Холматович Саидов, НИМФОГО раҳбари Рустам Камилов, Ислом академияси эски ректори Неъматулло Ибрахимов, ДХХ ходими подполковник Баходир Комиловларга қарши туҳмат кўрсатма беришни талаб қила бошлашди.

Ундан аввал улар ГСБПдаги ходимлар ҳақида Ихтиёр Абдуллаевни тергови, мен эксперт гуруҳи раҳбари бўлган тергов экспертиза гуруҳи аъзолари – қисқаси, ўта маҳфий иш бўйича уларга алоқаси бўлмаган маълумотларни сўрай бошлашганди. Мен бу саволларга умуман жавоб бермагандим. Энди эса, Президентнинг энг содиқ одамларига қарши кўрсатма беришни, туҳмат қилишни талаб қилишлари уларнинг асл мақсади – Президент командасига зарба бериш орқали Президентни кучсизлантириш эканлигини англаб етдим.

Менга бир кеча вақт беришларини сўрадим. Кечаси билан Қуръон ўқиб (шукрки, ДХХ ҳибсхонасида ўқишга Қуръон беришаркан) йиғлаб Оллоҳдан йўл кўрсатишни сўрадим. Тушимга оппоқдадам раҳматли кириб туҳмат қилмасликни қаттиқ айтиб, оиламни ўлдиришсачи деган саволимга ғойибдан Ёсиннинг «ва улар жуфти ҳалоллари билан сўриларда ўтиришади. Роббилари уларга салом айтади», деган оятлари эшиттириб кўрсатилди. Туриб Ёсинни очсам, ҳақиқатда, адашмасам 57-58 (ёки 58-59) оятлари шундай экан.

Тушундимки, Президент, мамлакат тақдиридан ўз оилам жонини устун қўйиш нотўғри экан. Майли, булар бизни оилавий ўлдириб юборган тақдирда ҳам, Оллоҳ бизни ўз жаннатида абадий бирга қилади. Шу қарор билан эрталабдан Президент, ДХХ раиси, ГСБП, инсон ҳуқуқлари марказига 4 та шикоят ариза ёзиб, бор ҳақиқатни очиб ташладим. Бу шикоятларда ўзимга қарши ёзилган туҳмат пушаймонлик хатларини ҳам, видеога ёздирилиб олинган пушаймонлик мурожаатим ҳам зўрлаб олинганини, айниқса, видео мурожаатда (видео сўроқда) ўз адвокатим Арслон Шоймардонов қолиб, яна ўзларининг Ашрапова деган адвокати иштирокида кўрсатма олишганини, лекин мен балки тушуниб қолишар деган умидда ўнг қўл кўрсаткич бармоғим билан 3 та узун, 3 та калта (SOS) сигнали бериб мени мажбурлашмоқда, ёрдам қилинг сигнали бериб турганимни ёздим.

«Темур»лар олдига чиққанимда энди ўзимни ҳам, оиламни ҳам ўлимидан қўрқмаслигимни, Президентга панд беришга йўл қўймаслигимни, аввалги мажбурлаб олинган кўрсатмаларимни ҳам рад этишимни айтдим. Яна ҳақорат, таҳдидлар… Аммо сўзимдан қайтмадим.

18 июн 2019 йилда мени яна сўроққа чақиришди. Чиқсам аламидан гезариб кетган рус кишиси (таҳминан Е.Тихонов) икки ёнида «Бердак» (А.Г.Ким) ва «Ойбек» билан жуда қаттиқ ҳақорат қилди, қўрқитди. Мени оёқсиз қилиб, барибир қаматишини айтди. Энг алам қиладигани хов ўша 1938 йиллар рус НКВД ходимлари олдида ялтоқланиб асосий жаллодлик вазифасини ўтаган ўзбек НКВД ходимлари каби – «Ойбек» кимга ишоняпсан ўзи деб сўраганида «Оллоҳга» десам, Е.Тихоновга «садоқатини» кўрсатиш учун « Оллоҳинг осмондан тушиб сенга ёрдам берармиди?» деб айтди. Астағфируллоҳ денг, деб айтдим. Ўша кеча эрталабгача унинг бу куфри касри болаларига урмаслиги учун дуо қилиб чиқдим.

Шундан сўнг бор йўғи 2-3 марта Яхяев фирибгарлик айби бўйича чақирди. Июлнинг ўрталарида «Темур» ва янги «Абдулазиз» деган одам пайдо бўлди. Энди булар фақат ўз «айбим» яъни «шпионаж»да иқрор бўлсам бўлди, мени бўйнимга қўйилаётган зарар суммаси таҳминан 500 миллион сўмни ҳам тўлаб берилишини, суддан озод бўлишимни ваъда бера бошлашди.

Мен уларга «мен асло хоин эмасман, сизларга ҳақиқат керак бўлса, бор ҳақиқатни айтдим, ҳеч қандай ёрдам бермасаларинг ҳам давлатим учун бор гапни айтаман», дедим. Уларга эса ҳақиқат эмас, кимларнидур тепада ишонтириш, йўқ ҳақни бор қилиб, «тезкор, самарали» «фаолияти»ни курсатиш учун ёлғон ҳақиқатлар керак эди. Мен эса ёлғонга рози бўлмадим.

Яхяев Отабек аслида мени ҳозирги ишим бўйича, яъни «фирибгарлик» айби бўйича бор йўғи 10-12 мартагина чақирган, сўроқ қилган. Ишни негадир тез якунлаб 27 июл куни 2019 йил ишни судга чиқарди.

Айблов 167, 168, 211 моддалар бўйича. Аммо бўлди мендан хоин ясамоқчи бўлганлар мени тинч қўйди, деб эрта хурсанд бўлган эканман. 8 август 2019 кечқурун мени ГУВД га олиб келишди. Кечкурун 21.45 да. Бир ўзимни битта камерага қўйишди. 20 августгача минг марта талаб қилишимга қарамасдан, ким, нега бу ерга олиб келганини ҳеч ким айтмади. 20 август кечки 17.50 ларда мени сўроқ хонасига олиб киришди. У ердаги камера ўчириб қўйилган. Кирсам, у ерда «Абдулазиз» деган ходим билан «Ғайрат» деган ДХХ ходимлари («Темур»лар командасидан) ўтиришган экан. Тушундимки, мени ГУВДга олиб келинишим маърифати буларга оид экан.

Яна эски гаплар, туҳматлар, таҳдидлар. Талаб битта: ўзимни хоин деб эълон қилишим, яъни тан олишим экан. Агар рози бўлмасам, суд ишимни кўриб бўлгач, янги ҳолатлар, янги жиноий ишлар очилиши, энг асосийси мен тергов даврида қайта ва қайта айнан ана шу ВСҲ (вақтинча сақлаш ҳибсхонаси – русча «ИВС») да камида икки йил ётишим, бу срок асосий ҳукм қилинган срокка қўшилмаслигини айтишди.

Тушунтиришларича, мен бу ерга менга 2 йил аввал туҳмат қилган корейс Лининг, ўз исботини топмаган давоси энди «ҳақиқат» дея тан олиниб янги жиноий иш очилгани учун олиб келинган эканман. Бундай туҳматларни 3-4 сини уюштириш улар учун муаммо эмас экан. Қисқаси, мен бандасини эмас, Оллоҳни айтгани бўлишини, агар қисматимда шу ерда ўлим ёзилган бўлса, ҳеч ким қутқара олмаслигини, тирик чиқиш ёзилган бўлса, ҳеч ким ўлдиролмаслигини айтиб, ўзимни хоин деб тан олишдан, ўзимга туҳмат қилишдан бош тортдим.

24.08.2019 да олиб келинганимдан 16 кун сўнг мени биринчи марта сўроқ қилишди. Айблов албатта куракда турмайди. Аммо бу терговчида ҳам айб йўқ – «ака»лари айтгандан кейин бажаришга мажбурда.

Кўрамиз, иншоОллоҳ балки бир яхшилик бўлар. Зулмнинг умри қисқа дейишадику…

Айтмокчи бўлганим, биринчиси, агар мен бирор бир пушаймонлик видео ёки ёзув ёзиб, ўзимни хоин эълон қилсам, билингки, инсон иродаси дош беролмайдиган бир зулм остида ёзган бўламан.

Иккинчиси, болаларим! – билиб қўйингки тоталитаризм асоси – зулмдир. Президентимиз қанчалик ҳаракат қилмасинлар, тоталитар тафаккурли одамлар бошкараётган тузумлар Президент истаган Демократияни вужудга келтиришга йўл қўймайди. Чунки улар зулм билан ишлаш, зулм воситасида яшашга, зулм билан муаммони ҳал қилишга ўрганганлар. Улар бошқача яшай олмайдилар. Шунинг учун зулм эмас, ҳуқуқ устун мамлакатда яшашингизни, Европага кетишингизни ўша ерда ҳам Ўзбекистон учун яхши ишлар қилишингизни истайман. Аммо мендек ҳам хизмат, ҳам туҳматга қолишингизни истамайман. Кейингиси, врач бўлинг, архитектор бўлинг, адвокат бўлинг, имом бўлинг, инженер бўлинг, аммо сиёсатчи бўлманг, махсус хизматда ишламанг, терговчи бўлманг, зулм қилманг. Дадажонимга, аяжонимга, ойижонингизга, аяжонингизга мен қилолмаган хизматни қилинг, меҳр ва тоатда бўлинг. Бир-бирингизни севинг, асранг, ардоқланг. Эсингизда бўлсин, бир-бирингиздан яқинроқ ва меҳрибонроқ Аллоҳдан ва ўзингиздан бошқа ҳеч ким йўқ.

Мен албатта умид ва ҳаракат билан яшайман. Умид қиламанки, Президент ва ДХХ раисининг бу гаплардан хабари йўқ. Йўқса Президент ўзига содиқ бўлган, Пайғамбар авлодини хўрлатиб қўймас эди…

Бу 113 кун 113 йилдек ўтмоқда …………….. Сизлар яшаганингиз, мени эслаганингиз муддатча мен тирикман болларим. Аяжонимга беролмаган меҳр ва оқибатни сизлар беринг илтимос. Дадажонимни асранг. Укамга айтинглар, булар уни ҳам қамашмоқчи, келмасин. Мен уни жуда яхши кўраман, шуни унутмасин.

………………. Аллоҳ учун бошингизни баланд тутинг! Сизларни жуда яхши кўраман Оллоҳ учун. Бошингизни баланд тутинг! Дадангиз ватанига содиқ бўлган ҳамиша! Сизларни севаман, Оллоҳга омонатсизлар!!!

Оллохдан яхшилик умиди билан Саид Абдулазиз Юсупов.

https://www.facebook.com/groups/379512812906251?view=permalink&id=453931988797666