O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Маҳмуд Кошғарий

Маҳмуд Кошғарий
177 views
12 November 2019 - 18:11

XI асрга келиб туркий халқлар маданияти, адабиёти ва санъати ривожланишининг янги палласи бошланади. Бу даврда Қорахонийлар давлати амалда анча мустаҳкамланиб олган, Бухоро, Самарқанд, Шош (Тошкент), Қашқар шаҳарлари йирик маданият марказларига айланган эди.

992-йилда қорахонийлар Бухоро ва Самарқанд каби пойтахт шаҳарларни эгаллайди. Аммо улар бу шаҳарларни ўзларига пойтахт қилмади. Қорахонийларнинг пойтахт шаҳарлари Исфижоб (Сайрам), Ўтрор, Шош, Боласоғун, Хўтан бўлиб, уларнинг давлати Марказий Тиёншон, Еттисув, Чу ва Талас водийларини ўз ичига олган эди. Қорахонийлар давлати Хорун, Буғрахон, Тамғочхон ва Иброҳим Бўритегин даврларида анча кучайган, нисбатан иқтисодий ва маданий юксалишга эришган.

Қорахонийлар даврида Боласоғун, Сайрам, Шош, Тароз шаҳарларида илм-фан эгалари, турли соҳаларнинг йирик мутахассислари, доно ва фозил кишилар тўпланган.

Маҳмуд Кошғарий Боласоғун шаҳрида дунёга келади. Унинг тўлиқ исми Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммаддир.

Ҳозирги Қирғизистонда Барскон номида дарё ва довон бор. Улар Иссиқкўл атрофида жойлашган. Худди шу ерда Барскон шаҳри бўлган. “Барсған – Афросиёб ўғлининг номи. Барсған шаҳрини бино қилган шудир. Маҳмуднинг отаси шу шаҳардан”, – деб ёзади “Девон” муаллифи. Унинг бобоси ҳам ўша ердан бўлган.

Маҳмуднинг илк устозларидан бири қашқарлик Ҳусайн халифадир. Сўнг у Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур, Бағдоддаги мактаб ва мадрасаларда илмини оширган.

Маҳмуд Кошғарий умри давомида қилган машаққатли меҳнати эвазига қомусчи олим ва толмас сайёҳ бўлиб танилди. У туркий тил грамматикасини ишлаб чиққан, туркча-арабча луғатнинг илк намунасини яратган биринчи тилшунос олимдир. “Девону луғот ат-турк” Маҳмуд Кошғарий қолдирган ва туркий халқлар учун бебаҳо қумару – меросдир.

Бу асарда олим туркий тилдаги сўзлар маъносини араб тилида изоҳлаб беради. Мисол сифатида эса халқ тилида мавжуд намуналарга мурожаат этади. Муаллифнинг: “Мен бу китобни махсус алифбо тартибида ҳикматли сўзлар, сажъ (қофияли наср)лар, мақоллар, ражаз (мисралари нисбатан узунроқ бўлган шеър тури) ва наср деб аталган адабий парчалар билан безадим… Бу ишда мисол тариқасида туркларнинг тилида қо ълланиб келган ше ърларидан, шодлик ва мотам кунларида қўлланадиган ҳикматли сўзлардан, мақоллардан келтирдим”, – дейиши бежиз эмас.

“Девону луғот ат-турк” асари 1072-йилда ёзила бошлаган. Аммо унга кирган материаллар 15–20 йиллар давомида тўпланган. Маҳмуд Кошғарийнинг ўзи: “Мен турклар, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарлари, қишлоқ ва яйловларини ко ъп йиллар кезиб чиқдим, луғатларини тўпладим”, – деб ёзади. Муаллиф: “Китоб ҳижрий 464-йил жумодул-аввал бошларида бошланди ва тўрт карра ёзилган (кўчирилган)дан ва тузатилгандан сўнг 466-йил жумодулохирнинг 12-куни (1074-йил) битирилди”, – деб кўрсатган. Китобга “Девону луғот ат-турк” (“Туркий тиллар луғатлари”) деб ном берилган. У Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммад ал-Муқтадога бағишланган.

Маҳмуд Кошғарий турк тилининг нозик билимдони ва толмас тарғиботчисидир. У “араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб, ўзиб бораётган турк тилини” кўкларга кўтаради, унинг ўзига хос хусусиятларини маҳорат билан кўрсатиб беради.

“Девон” саҳифалари орқали танишиш кўз олдимизда Маҳмуд Кошғарийни географ, ботаник, зоолог, биолог, этнограф, тилшунос, фолклоршунос, адабиётшунос, тарихчи олим сифатида намоён қилади. Шунинг учун ҳам уни қомусий олим деб атаймиз.

“Адабиёт” (Боқижон Тўхлиев, Баҳодир Каримов, Комила Усмонова. Ўрта таълим муассасаларининг 11-синфи ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари учун дарслик-мажмуа. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, Тошкент–2018) дарслигидан.

Шоҳиста Улжаева