Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарёв айтишича, у ўлим таҳдиди битилган электрон мактублар олган.
Виталий Пономарёв минтақа мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонда диний эътиқоди учун тутқун этилган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани, Қирғизистондаги 2010 йил ёзидаги хунрезликлар ҳақидаги ҳисоботлар муаллифи ҳисобланади.
“Мемориал” марказининг охирги ҳисоботи Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати ходимларининг Россия ҳудудида ноқонуний амалларга қўл урганлари ҳақидаги танқидий чиқиши бўлган.
Россиядаги нуфузли инсон ҳақлари маркази ўз ходимига таҳдидлар бўлгани ҳақида баёнот тарқатган.
Унда айтилишича, Виталий Пономарёвнинг электрон почтасига рус ва ўзбек тилларида ёзилган пўписали мактублар келиб тушган.
Электрон хатларнинг уч турли манзилдан икки дақиқа танаффус билан жўнатилгани хабар қилинади.
Бу хатларда агар Виталий Пономарёв Қирғизистоннинг жанубига борадиган бўлса ўлдирилиши, Москва шаҳрида унинг оиласи аъзолари ўлдирилиши таҳдид қилинган.
“Мемориал” электрон мактубларнинг IP-адресини аниқлашга муваффақ бўлган, марказдан хабар қилишларича, электрон хатлар битта IP-манзилдан Виталий Пономарёвга юборилган.
Москвадаги Ўзбек тили мутахассисларига кўра, Пономарёвга Ўзбек тилида ёзилган мактуб Тошкент шевасида ёзилган.
“Мемориал”га кўра, афтидан бу таҳдид марказнинг Ўзбек миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг Россиядан Ўзбекистон фуқароларини ўғирлаб кетишлари, Москвада ҳибсда сақланган ўзбекистонликларга мамлакатга олиб кетиш ва қийноқларга солишдек қонунга зид ҳаракатлари ҳақидаги ҳисоботга жавоб бўлган.
“Мемориал” инсон ҳақлари маркази ўз ходимига таҳдидлар юзасидан Россия Федерал Хавфсизлик хизмати ва Москва шаҳри прокуратурасига мурожаат қилган ҳамда тергов ўтказиб, айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази бундан олдин ҳам ўз ходимларига таҳдид ва ҳужумлар бўлганини эслатади.