O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Менинг мақтанурлик нарсам — фақирлигимдур

Менинг мақтанурлик нарсам — фақирлигимдур
304 views
27 May 2016 - 6:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 47

(давоми)

САВИҚ ҒАЗОТИ

Бунинг баёни шундайдурким, ўтган Бадр ғазотида Макка мушриклари мусулмонлардин қаттиқ енгилган эдилар. Бу урушда Қурайш бошлиғи Абу Суфённинг ўғли ва унинг яқин қариндошларидан бир қанчаси ҳалок бўлган эди, булар орасида сайидлар ҳам бор эди. Аммо Абу Суфён бўлса, ўзи Шом карвонининг бошлиғи бўлиб, йўлда бўлганликдан ўзи бу урушга қатнашмаган эди. Шунинг учун бу мусибатга чидай олмай, қаттиқ қайғурди.

Тезлик билан мусулмонлардан ўч олмоқ фикрига тушиб: «Муҳаммаддин ўч олмагунимча, бошимга ва юз-кўзларимга сув теккизмайман», деб араб одатича қасамёд қилди. Шу қилган қасамини амалга ошириш учун Қурайшдин икки юз кишини бирга олиб, Мадинага қараб йўлга тушди. Мадинага яқинлашганида яҳудлардин Бани Назир қабиласининг раисларига учрашиб, аларни ҳам қўзғашни ўйлади. Шу мақсад ила қабила раиси Ҳуяй ибн Ахтаб олдига кечқурун қоп-қоронғуда Абу Суфён келди. Киришга рухсат сўраб, эшик қоққан эди, эшикни очмадилар. Бундин умиди узилгач, иккинчи раис Салом ибн Мишкам қошига борди. Бу унга суюнчилик кўрсатиб, ҳурматлаб қарши олди. Зиёфат устида емак-ичак ўтгандин кейин, ҳар иккови яширинча сўзлашдилар. Сўнгра Абу Суфён унинг олдидан чиқиб, аскарларидин бир неча кишини Мадинага юборди. Улар Мадинадан четроқда бўлган бир хурмозор боққа ўт қўйиб, ичидаги боғбонни тутиб ўлдирдилар.

Бу хабар Расулуллоҳга етгач, Пайғамбаримиз тезлик билан икки юз киши олиб, булар ортидан из қувиб чиқдилар. Киши ўлдириб қочган душманлар Абу Суфёнга келиб, қўшилиши билан Расулуллоҳнинг келаётган хабарини онглашиб, душман аскарига бузғунчилик тушди. Шошганларидан оғир юкларини қолдириб, баъзиларини сочиб, қочиб кетдилар. Уларнинг кетидан хиёл ўтмай, Ислом аскари ҳам етиб келди. Кўрдиларким, олишга улгурмай ташлаб қочган нарсаларининг кўпроғи арпа-буғдойнинг талқони экан, шунинг учун бу ғазотга «Савиқ» ғазоти деб ном берилди, ва шу йили Аллоҳ таоло мусулмонларга икки ийд намозини ўқимоққа буюрди. Бу икки ийд намозини бутун шаҳар ва қишлоқ халқлари бир жойда йиғилишиб ўқимоқ суннат бўлди.

Бунинг ҳикмати шул эрдиким, бу йиғилган мусулмонлар диний бирлик иттифоқларини кўзлари кўради. Барчалари бир Аллоҳнинг қуллари, бир пайғамбар уммати эканликларини эсларида тутади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бирлик, иттифоқлик тўғрисидаги умматларига берган топшириқларини ёдларидан чиқармасунлар.

Шунинг учун Расулуллоҳ бу икки ийд намозларида бутун мусулмонлар бир жойга йиғилишиб, улуғ жамият билан намоз ўқишни суннат қилдилар. Бундан мақсадлари танишган-танишмаган мусулмонлар барчалари бир туғ остида йиғилганларини аларга билдириш эди. Шу иттифоқ ва муҳаббатларини мустаҳкамлаш (чинғитиш) учун чора кўриш лозим бўлганликдан бой кишиларга рўза ийдида камбағалларга фитр садақа бериш, қурбон ойида қурбонлик қилиш вожиб бўлди. Бу икки эҳсоннинг аввалгиси йўқсилларга ийд ҳаржиси бўлди. Иккинчиси эса улуғ байрам кунларида бойларнинг камбағалларга бермиш зиёфатидур.

Ислом динига бўйсунган, бу улуғ неъматнинг қадрига етган ҳар бир мўмин одам бу диний вазифаларни ўз вақтида адо қилмоқлари албатта лозимдур. Чунки Пайғамбаримиз айтдилар: «Кимнинг бойлиги бўлатуриб, қурбонлик қилмас эрса, у киши биз билан чиқиб, ийд намозини ўқимай қўяқолсин».

Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят қилди, Расулуллоҳ айтдилар: «Ман важада сиатан фалам юзаҳҳи фала яқрабанна мусаллана»: Маъноси: «Кимнинг қуввати ета туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийд намози ўқийдиган жойимизга яқинлашмасун», демакдур.

Мана шу ҳадисни далил қилиб, ҳазрати Имоми Аъзам: «Ҳар бир қудрати етган кишига қурбонлик қилиш вожиб», дедилар. Қурбонлик қилиш мўминларга улуғ ибодатдур. Отамиз Одам Сафийюллоҳдин бошлаб, ўтган барча пайғамбарлар бу ибодатни қолдирмай қилдилар, аммо фитр садақаси бўлса, буни ийд намози ўқимасдин олдин бериб, адо қилмоқ вожибдур. Чунки Пайғамбаримиз айтдилар:

— Мўминларнинг бир ой тутган рўзалари худо даргоҳига етолмасдин, ер билан осмон оралиғида тўхталиб қолгай, қачонким рўза тутганлар фитр садақасини фақир ва мискинларга бериб, адо қилсалар, шунда даргоҳга етиб, қабуллик даражасини топгай.

Бунинг яна бир фойдаси шулдурки, Пайғамбаримиз бу ийд кунларини: «Емак, ичмак, суюнишмак, хурсандчилик кунлари демакдур», дедилар. Агар фитр садақасини қолдирмай, шариат кўрсатган ўринга топширсалар, фақир-мискинлар улуғ байрам кунларида ҳожатсиз бўлиб, юқорида айтилган уч нарсага кўпчилик қаторида қатнашгайлар. Шу билан байрам кунлари барчага баробар суюнчилик кунлари бўлгай.

Яна шу йилда Пайғамбаримиз қизлари Фотимани Ҳазрати Алига никоҳ қилдилар. Фотиманинг ёши шул вақтда ўн бешга етган эди. Ҳазрати Али йигирма бир ёшда эдилар. Бир куни Ҳазрати Абу Бакр билан Ҳазрати Умар Ҳазрати Алига айтдилар:

— Эй Али, Расулуллоҳ қизлари Фотима вояга етди, унга уйланиш учун Расулуллоҳдин сўрар бўлсанг, албатта сенга берурлар, — дейишди. Яна хотунлардан бири:

— Эй Али, агар хотун олур бўлсанг, Расулуллоҳдин Фотимани талаб қилгил, — деди.

Шунинг билан уйланиш нияти Ҳазрати Алининг кўнглига тушди. Араблар одатича, Ҳазрати Али тўғри келиб: «Ё, Расулулоҳ, Фотимани менга жуфт қилинг», деб сўради. Анда Расулуллоҳ айтдилар: «Агар маҳр бўлгудек бирор нарсанг бўлса, уни келтиргин». Ҳазрат Алининг ғазотга минарлик бир отдин, уруш кунларида киярлик бир совутдин бошқа ҳеч нарсалари йўқ эди.

Расулуллоҳ отни қолдириб, совутни сотмоқни буюрдилар. Тўрт юз саксон танга баҳо бўлиб, совут сотилди. У пулни келтуриб, Расулуллоҳнинг олдиларига тўкиб қўйди. Ундин бир чангалини олиб: «Фотима тўйига кераклик нарсаларни сотиб келтургил», деб Ҳазрати Билолга буюрдилар. Ўз одатларича, тўй зиёфати ўтгандин сўнгра Расулуллоҳ саҳобалар олдида ўзлари хутба ўқиб, никоҳ қилдилар. Никоҳ аҳди боғлангандан кейин, ўртага бир товоқ хурмо ғўраси қўйилди. Ўлтурган кишилар Расулуллоҳнинг ишоратлари билан чочила сочгандек талашиб олдилар. Суюнчилик кунларда чочила талашмоқ расми шул вақтдан қолган.

Сўнгра Пайғамбаримизнинг додаклари Умму Айман Ҳазрати Фотимага янга бўлиб, Ҳазрати Алининг уйига тушириб келтурди. Икковлари уйнинг икки томонида ўлтирдилар.

Расулуллоҳ келиб: «Бир коса сув келтир», деб Фотимага буюрдилар. Анда Ҳазрати Фотима уялганликдан этакларига ўралиб йиқилаёзиб, бир коса сув келтирди. Бу сувдин Расулуллоҳ бир хўплаб олиб, яна оғизларидан косага қайтардилар, сўнгра шу сувни Ҳазрати Фотиманинг кўкракларига, бошларига сепдилар, кейин Фотимага қараб, ушбу дуони ўқидилар:

«Аллоҳумма инний уъийзуҳо бика ва зуррийятаҳо минаш шайтонир рожим». Яъни «Эй бор Худоё, Фотимани ва унинг болаларини ўз паноҳингга қўйдим. Шайтоннинг шарридан буларни ўзинг асрагил», деб дуо қилдилар. Сўнгра Ҳазрати Алига ҳам сув келтиргизиб, шундай қилдилар.

Ҳазрати Фотимага Пайғамбаримизнинг берган сеплари мана шулар эди: остиларига солгудек бир қўчқор териси, устиларига ёпинғудек бир жун шолча, яна бир дона ёстуқ, ташқариси мешдан тикилган, ичи хурмо қовуқлари билан тўлғизилган эди. Бир куни эрталаб Расулуллоҳ Ҳазрати Фотиманинг уйига кирдилар. Қарасалар Ҳазрати Али, Ҳазрати Фотима бомдод намозини ўқигандин кейин, совуққа чидай олмай, тўшакларига қайтадан киришиб ётган эканлар. Расулуллоҳни кўриб, уялганларидан бошларини буркашиб олдилар. Расулуллоҳ келиб: «Оёқларимни иситиб олғайман», деб ораларига муборак оёқларини узатдилар. Бирини Ҳазрати Али қучоқлаб кўкракларига босди, иккинчи оёқларини Ҳазрати Фотима қўлтиқларига қўйди.

Шунинг билан бир неча ойлар ўтди. Бир куни Ҳазрати Фотима Расулуллоҳнинг олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мени Қурайш йигитлари ичида энг камбағал кишига берган экансиз, остимизга солгудек бир қўчқор терисидан бошқа тўшагимиз йўқдур, кечаси жун томонини солиб ётурмиз, кундузи тери томонини ағдариб, туямизга ем берурмиз. Устимиздаги ёпинчимиз тор ва энсиз, торлигидан йўлдошим тортса, мен очилурман, мен тортсам, ул очилиб қолгай», деди.

Анда Расулуллоҳ: «Эй қўзичоғим, бу йўқсулликка сабр қилгайсиз. Мусо пайғамбар хотунлари Сақуро, яъни, Шуайб пайғамбар қизлари билан ўн йилгача ўрталарида бир дона чопондин бошқа остиларига солгудек тўшаклари йўқ эди», дедилар. Мана шунинг учун Расулуллоҳ: «Ал-фақру фахрий», дедилар: Яъни, «Ҳар кимсаларнинг дунёда мақтанурлик бирор белгиси бордур, менинг мақтанурлик нарсам — фақирлигимдур». Пайғамбаримизнинг бу сўзлари эса камбағал умматлари учун юпанғу бўлмоққа етарликдур.

Ҳазрати Фотима, Ҳазрати Али ҳақларида Пайғамбаримизнинг қилган дуолари мақбул бўлиб, бутун дунёга тарқалган сайидларимиз Фотимаи Заҳродин туғилган ўғиллари имоми Ҳасан, имоми Ҳусайн, қизлари Зайнаб шуларнинг наслларидур, Пайғамбаримиз айтганларидек, Аллоҳ таоло буларнинг авлод-наслларига баракот ато қилгандур.

(давоми бор)