Бу шеър битилганига бугун роппа-роса олти йил тўлди. Меҳрибон Онам, дунёларга алишгусиз Онаизоримни тупроққа топширганимизга ҳам… Онанг қандай ўлди деманг, ҳеч сўраманг… Бу сир олис бир қишлоқнинг сокингина ҳаётига сингиб кетди, кўмилиб кетди… Бу сирни кўрганлар, билганлар оғиз очиб ҳақиқатни айтмадилар, айта олмадилар, овулдан оширмадилар… Миршабдан қўрқдилар…
Ҳақиқат шу эдики: Отадан эрта етим қолган саккиз нафар қизни оқ ювиб, оқ тараб, “Эркаклардан қарз олма – таъмага қоласан, аёллардан қарз олма – таънага қоласан”, – дея қўлидаги сўнгги сўмларини ҳам йўл пулию, таом пули дея қизларига санаб бериб, дуо билан ўқишларга кузатган, ўзи юпунгина ҳаёт кечирган, ҳалоллик, поклик, ростгўйликни ҳаётининг мазмуни деб билган Онам… бизларни ўқитиб, эл қаторига қўшгунча ёлғиз боши билан не-не азобларни бошдан кечирган, ҳам Ота, ҳам Она бўлиб, еттитамизни жой-жойимизга узатиб, ҳали коллежда ўқиётган кенжамизни ҳам олийгоҳда ўқитиб, яхши жойга узатиш, неваралар тўйини-да кўриш орзусида яшаётган, умри бино бўлиб бировнинг ёқасидан тутмаган, умр бўйи чеварлиги, (рўмолча тўқишдан тортиб кийим-кечак, каштали сўзаналар тикишгача, тўн қавишдан тортиб то турфа гиламлар тўқишгача, бари-барини сидқидилдан пухта ва гўзал бажарар эдилар раҳматли…) қўл меҳнати ортидан элнинг хизматини қилиб юрган, Яратган Эгам томонидан гўё авлиёларнинг сабридай сабр ато этилган, Ердай оғир, Ердай вазмин, Ердай хокисор ОНАМ – Волидаи муҳтарамам, водариғки, бир жоҳил, бир ҳасадгўй оиланинг оёқлари остида шафқатсизларча тепкиланиб, дардманд бўлиб қолдилар, айниқса, жигарлари ва юраклари…
Шундан сўнг Барчин келбатли Онам чўпдай озиб-тўзиб, мунғайиб, кичрайиб, чўкиб қолдилар, фақат ва фақат дорининг кучи билан атиги уч йилгина яшай олдилар, холос…
Бу ҳақиқатнинг тарихи узун…
Аммо бу ҳақиқатга гувоҳ бўлганларнинг “тиллари кесилган”….
Улар ҳақиқатни беркитиб, қонунни алдашлари мумкин, аммо МУҚАРРАР ҲИСОБ КУНИда Оллоҳни алдай олишмайди!…
Аслан вовайло қилишни ёмон кўраман. Ҳар неки тиласам, Оллоҳдан тиладим… Ҳар қанча йиғласам, Оллоҳга йиғладим… Ҳар қанча сир айтсам, Оллоҳга айтдим…
Умр деган дарёимда сокин оқдим, жим оқдим…
Тўкилсам, қоғозга тўкилдим…
Аммо, кечиринг, яхшилар, бугун миллатнинг улуғ адибларидан бири ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни ўқиб, юрагим қаттиқ тилинди, лат еди. Зеро, ҳақиқатнинг қиличи шундай ўткир бўлади…Нақ юракни кесади… Яна яраларим очилиб, кўнглим қонаб кетди… Ёниб ётган ичимдаги дарёларнинг иссиқ, қайноқ сувлари икки кўзим қирғоғидан тошиб кетди…Тўхтатолмадим… Узр, бугун кўп йиғладим, узоқ йиғладим…
Ҳамма замонларда, ҳамма маконларда ҳам илғор фикрлайдиган, зиёли, иқтидорли, халқнинг олдига тушиб, олдинги сафларда борадиган фидойи инсонларнинг кўксига жаҳолат ханжарлари кўп бор қадалган… Жаҳонда яхши от қолдирган, миллатпарвар, инсонпарвар инсонларнинг бари, бари кўз ўнгимдан қатор-қатор ўтаверди, йиғлайвердим… Уларнинг кўплари ҳали мен дунёга келмасимдан неча-неча йиллар, асрлар аввал яшаб, ўтиб кетган бўлса-да, барисини ўзимга таниш олиб, эсладим ва яна йиғладим… Зеро, улар инсонийлик туйғулари, олийжанобликлари ила менга таниш, қадрдон… Зеро, уларнинг тақдири деярли бир хил: бир-бирига ўхшаш, бир-бирига уйқаш… Яратган Эгам буюк қалб ато этган бандаларининг бошига тушган буюк синовлар учун, уларнинг аччиқ қисматлари учун йиғладим… Айтилган ва айтилмаган ҳақиқатлар учун йиғладим…
Бу кўҳна дунё тарихида тўғрисўзлиги, элпарварлиги учун оломон томонидан калтакланган, сургунланган, хўрланган, ҳатто дорга осилган ШОИРлар кўп бўлган. Аммо, шоир туққанлиги учун ҳасадга нишон бўлиб, элпарварлиги учун оддийгина баҳона билан калтакланиб, ўлдирилган ва ўз ўлимига сабабчи бўлганларни кечириб, “қўшнилар билан адоватда юрманглар”, дея васият қилиб кетган олийжаноб ОНАлар камдан-кам топилса керак… Агар шундай ОНАлар ер юзида учта ё иккита бўлса, уларнинг бири, агар битта, бир донагина бўлса ҳам, у менинг маъсум, маъюс, маҳзун ва мунис, манглайи шўр ОНАМдир…
Баъзан шеърларим учун мақтовлар эшитсам, илк бор қўлимга қалам тутқизган, мени ижоднинг сирли оламига олиб кирган, умри бевақт хазон бўлган Отажонимни, “Отангнинг руҳини мудом шод айла, қаламини ҳеч вақт ерга ташлама!” дея доим ижодга ундаб тургувчи мунис Онажонимни эслайман. Уларнинг беминнат меҳрини қўмсаб, йиғлайман… “Шоирлигингизга ҳавасим келади”, дейишса, табассум билан мамнуният изҳор қилмоқчи бўламан-у, аммо нигоҳларимни олиб қочаман, ичимдаги вулқон кўзларимдан отилиб чиқиб кетишидан қўрқаман… “Кошкийди бу шоирлик менга қанчалар қимматга тушганлигини билишса?…” Ич-ичим йиғлайди… Зор-зор йиғлайди…
Шу йиғилар шаштида раҳматли Онам, жоним Онамнинг аччиқ қисматига дахлдор ҳақиқатнинг бир қирраси ҳам бугун отилиб чиқди…
Йўқ, ҳеч кимга арзим йўқ… Ҳеч кимдан гинам ҳам… Ҳеч кимга таънам йўқ… Ҳеч кимдан таъмам ҳам…
Фақат биргина ўтинчим бор Сиздан, яхшилар: агар қачонки қай бир сатрларим кўнглингизни “жиз” эткизолса, мен ҳатто сўнгги йўлга ҳам кузатолмаган, бугун эса бешафқат чархнинг ҳукми ила муҳожиротнинг аччиқ аламларини чекаркан, ҳатто қабрларини ҳам зиёрат этишдан маҳрум бўлганим – Онамни дуо қилинг, мунис Онамни, Отамни дуо қилинг, ҳоксор Отамни!…
ШАМСИЯ
2015 йил, 7 январ.
* * *
АРМОН
(Туркум)
1.
Онажон,
Биламан, Сиз энди қайтиб келмайсиз,
Қайта тирилмайсиз, қайта ўлмайсиз.
Оғир дамда ёнгинамда бўлмайсиз,
Сизнинг ёнингизда бўлгим келяпти…
Келсангиз, одамдай кузатолмадим,
Шоҳона дастурхон тузатолмадим.
Ҳатто сўнгги йўлга кузатолмадим,
Камим кўпдир… бугун тўлгим келяпти…
Тўлиб кетдим… тошдим… йиғладим қалқиб,
Жон ипим тортилиб, қабоғим салқиб.
Кетар чоғингизда пойимдан тортди,
(Сизга етолмадим, етолмадим-а…)
Йўлларнинг юзини юлгим келяпти…
Бўзларим бўғзимда, оғзимда қўлим,
Онажон, чинданам роҳатми ўлим?…
Қабрингизда турган гуллардай сўлим,
Маъсум ва чиройли сўлгим келяпти…
Дунёлар қўрс экан… дил ёмон чўкди,
Ғуруримни тўкди, қадримни тўкди.
Онажон, бир зарра тўкилмай ўктам,
Сиздек мардонавор ўлгим келяпти…
Биламан, Сиз энди қайтиб келмайсиз,
Қайта тирилмайсиз, қайта ўлмайсиз.
Оғир дамда ёнгинамда бўлмайсиз,
Сизнинг ёнингизда бўлгим келяпти…
Онажон!…
2.
Ҳадеганда ҳолингизни сўрай олмадим,
Кексайдингиз… Оқ сочингиз тарай олмадим.
Рўз Ғор ютди мени.. сизга қарай олмадим,
Бағрингизга ботган зардоб-зардча бўлмадим.
Онам-а, онам…
Тузлуғингиз тотлиғ эди… тотиндим, кетдим,
Орзуларнинг оқ рўмолин ёпиндим, кетдим.
Бир палахмон тош эканман, отилдим, кетдим,
Кўксингизни симиллатган дардча бўлмадим.
Онам-а, онам…
Олис кетдим… Букилдингиз… Менсиз, беасо,
Она, сизга айлолмадим, жонимни нисор.
(Дунё деганлари шундай экан – норасо…)
Интилдим-у, бўлолмадим ҳеч етук, расо,
Йўлда Сизни суяган ёт мардча бўлмадим.
Онам-а, онам…
Мен ўзимча Увайсийга ўхшагим келди,
Тўмарисдек бағрим юртга тўшагим келди,
Бу дунёда буюк бўлиб яшагим келди,
Лек буюклар пойидаги гардча бўлмадим,
Йўлда Сизни суяган ёт мардча бўлмадим…
Онам-а, онам…
3.
Йиллар мени йиқди, Онажон,
Сочларимга қўнди илк қиров.
Вақт ер экан ҳамма нарсани,
Биров билар, билмайди биров.
Ҳатто баланд-баланд тоғлар ҳам
Чўққисидан нари ўтмаскан.
Тик қолмоқ ҳам жасорат экан,
Бу саботга ҳар ким етмаскан…
Сўзларимнинг зарофатини
Беманзират луқмалар кесди.
Хаёлимнинг учқур отини
Учунтирган бўронлар эсди…
Руҳнинг зангор водийларига
Саратонлар кирди сарғайиб.
Кузакларнинг жиддийлигидан
Қаҳратоннинг қаҳри-да майиб…
Йиллар мени йиқди, Онажон,
Улғайтириб қўйди ўйларим.
Шу навқирон ёшимда баъзан,
Нуронийга ўхшаб сўйладим.
Ким кулди, ким қотирди энса,
Ким мақтади, кимдир алқади.
Она, қора қайғуингизни
Оппоқ умрим билан оқлагум!…
(2009 йил.)
ШАМСИЯ