O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МЕНИНГ ҚАЙҒУЛАРИМ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ (2)

МЕНИНГ ҚАЙҒУЛАРИМ ВА АЛИШЕР НАВОИЙ (2)
195 views
14 November 2019 - 14:53

(Боши)

Маллу бир неча кун Масъудни калтаклатди. Ҳеч ким уни бу ишдан қайтара олмасди. Масъуд сомон каби ҳолга тушди, кўзёши қуриди ва жонидан умид узди. Калтак остида фарёд солиб: “Менга тиғ уринг! Раҳм қилинг – мени ўлдиринг! Етар!” – деб золимларга ёлворарди.

Маллу ҳам бир неча кун узлуксиз жафо қилишдан чарчади. Энди эртага тонгда Масъуднинг жонини оламан деб қасд қилди. Бир кишини чоҳ бошига қўйиб: “Бу кеча Масъуд кўпроқ азоб тортсин! Тонгда жонини ол!” – деб тайинлади.

Ўзи эса Жайпурнинг қошига бориб: “Бузуқ кўнглингни обод қил! Душманинг қаҳр остида қолди, у ўлади!” – деди. Уйига келиб базм тузиб, бўкиб май ичишга киришди.

Маллунинг бир гўзал қизи бор эди. Қизнинг сўзлари аччиқ, лекин саволларга жавоби ширин эди. Ҳусн бир жаҳон эди. У Масъудга ғойибона ошиқ эди. Масъуд ҳақида эшитиб, ҳатто, Масъудни узоқдан кўрган ҳам эди. Ишқ қалбида олов бўлиб ёнар, аммо дардини ҳеч кимга айта олмасди. Қизнинг қалбига ишқ тушган, ўзи эса отасидан фарқли ўлароқ раҳмдил, одамларга кўмак берувчи эди.

У ўз уйида қўрқинчли воқеалар бўлаётганини биларди. Бир бандига азоб беришаётганидан хабардор эди. Аммо ваҳмдан нима гап деб сўрашга мажоли йўқ эди. Шу кеча отаси май ичиб, маст бўлиб ухлаб қолганини кўрди. Чоҳ бошидаги қўриқчи ҳам май ичиб маст бўлган эди. Шунинг учун ҳам қизиқиш, ҳам раҳмдиллик устун келиб, қиз чоҳнинг оғзини очиб деди: “Эй бечора! Кимсан? Қайси мазлумсан? Отинг нима? Тирикмисан? Ўликмисан?”

Унинг овозини мажруҳ Масъуд эшитди, жисмиг аруҳ киргандек бўлди: “Отим Масъуд! Сен кимсан? Жинмисан? Фариштамисан? Сасингдан танимга жон келди. Мени қутқара олсанг, қутқар, йўқса, кет ва мени ўлик деб бил!” – деди бор кучини жамлаб.

Бу сўзларни эшитиб, қиз қотиб қолди. У Масъуднинг ўлими ҳақида эшитиб, мотам тутар, қалбини ҳажр ўти куйдирар эди. Аниқроғи, Масъуд йўолган, аммо ўлик-тириги маълум эмас дейишарди. Қиз отасининг ваҳшийлиги, ҳеч бир разолатдан тап тортмаслигини жуда яхши биларди. Шунинг учун ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қолди: “Ё АллоҳЁ шундай бўлиши мумкинми?!” – дер эди титраб.

Аммо зиндондаги ҳақиқатан Масъуд эканлигини билиш учун яна савол берди: “Сенинг жисмингга жоним фидо! Жонингга жисмим садқа! Сени бундай ҳолда кўргунча, ўлсам бўлмасмиди? Хаста жонингга фидо бўлсам, бўлмасмиди?”

Лекин айтаётган бу афсона гапларидан фойда йўқлигини ўзи ҳам билди. Бир чора кўриш учун ўрнидан турди. Унинг жуда содиқ икки канизи бор эди. Иккиси қизни бениҳоя яхши кўришар, сирдош, дилдош эдилар. Бу икки каниз қизнинг севгисидан хабардор эдилар. Шунинг учун бекаларининг буйруғи билан арқон келтириб, чоҳга тушиб, Масъудни тортиб чиқардилар. Масъуд чоҳдан чиққанда беҳуш эди. Оёқ-қўллари занжирбанд эди. Улар Масъудни танидилар, аҳволини кўриб, зор йиғладилар. Аммо ҳол-аҳвол сўраб, йиғи-сиғи қиладиган вақт эмас эди. Қиз икки канизига Масъудни кўтартирди. Ўзи уйга яширинча кирди. Канизлари биланн бирга яшагани учун у ҳақда ҳеч бир гумон йўқ эди. Бир неча қават тўшак тўшаб, хастани авайлаб ётқиздилар. Гоҳ шарбат, гоҳ таом бериб, даволашга киришдилар. Масъудга термилиб, қиз ўз кўзига ишонмасди. Қалби қувончданми, ишқданми, ҳапқирар эди. Худди парвона шам атрофида айлангани каби шафқат ва муҳаббат ила Масъудга хизмат қиларди.

Қиз Масъудни кутқарган кеча Маллу уйғониб, Масъудни ўлдиргани чоҳ бошига борди. Кўрдики, чоҳ оғзи очиқ, посбон ухлаб ётибди, банди эса йўқ. Ғазабда қўриқчини шу заҳоти ўлдирди ва ўз жонини ўйлаб даҳшатга тушди. Шошиб волий Жасйпурнинг қошига югурди. Бўлган воқеани айтиб берди. Иккиси қўрқувдан титраб, ўз ҳолларига мотам тута бошладилар. Аммо бунга ҳам чора топишди: шаҳар ташқарисини текшириб, Масъуд шаҳардан чиқиб кетган бўлса, топиб ўлдиришга қарор қилишди. Шаҳар ичи ва дашту тоғлардан Масъудни пинҳона равишда қидиришга киришдилар. Аммо Масъуд йўқ эди. Ҳеч қаерда йўқ эди.

Бу вақт ичида қизнинг меҳрибонлиги сабаб бўлиб, Масъуд оёққа турди.

Чоҳ ичидаги қаҳрамоннинг қиз томонидан қутқарилиши бироз романтик саҳна. Кўпчилигимиз қиз болага бўлган севги сабабли куч топган бадиий қаҳрамонларни биламиз. Бу кўп такрорланадиган саҳна. Асардан асарга кўчиб юрадиган сайёр бир сюжет. Алишер Навоий ҳам кўҳна сюжетни тақдим этган бўлса-да, бунинг замирида ҳам ўзига хос маънолар яширинган ва айнан шу жиҳат асарнинг оригиналлик даражасини кўрсатиб беради.
Биринчидан, чоҳ, зиндон, тутқунлик – жиддий масала. Оламдан узулиш, чорасизликни ҳис қилиш, зулм кўриш ориф инсонлар учун, мўминлар учун тарбиядир. Аллоҳнинг тарбиясидир. Ҳамма замонларда барча қаҳрамонлар тутқунлик шарбатидан тотиб кўришган. Бу пайғамбарлар ҳаётида ҳам яққол кўринади. Мисолларга мурожаат қилсак: Юсуф алайҳиссаломнинг тақдири – маълумки, у киши зиндондан сўнг юксак мартабага эришадилар. Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн хонадонида улғайиши (тутқунликка бир ишора), қувғинда юришлари ва бу синовлардан кейин яҳуд қавмиг бош бўлиб, уларни Миср зулмидан қутқарадилар. Расулимиз, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уч кун ғорда Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан қолдилар. Бу ҳам ғайриихтиёрий тутқунликнинг бир шаклидир. Ғордан чиқиб, Ясрибга иззат ва шараф соҳиби ўлароқ ташриф буюрдилар.

Халқ достонлари ичида Алпомишнинг етти йил зиндонда қолиши ҳам бунга бир мисол. Алпомишни ҳам Қалмоқ шоҳининг қизи Товка ойим қутқарган эди. Зиндондан сўнг юртга қайтган Алпомиш икки карра қудратга тўлиб, золимларнинг додини берган.

Бу каби мисоллар бениҳоя бисёр.

Алишер Навоий ҳам Масъуднинг бегуноҳ ҳолда чоҳга тушиши аслида унинг учун тарбия эканлигини айтмоқда. Чунки бегуноҳлик ёки гуноҳкорлик ҳам инсоннинг Аллоҳ наздидаги ҳолатини белгилаб бермайди. Аллоҳ гуноҳни ва гуноҳкорни ёмон кўради. Лекин бандалар гуноҳ қилувчи, гуноҳкорларнинг энг яхшиси – тавба қилувчиларидир. Шундай экан, мен бегуноҳман деб ужб (ўз-ўзидан ажабланиш)га берилиш ҳам катта хатодир. Аллоҳ қадарга ёзса, гуноҳсиз ҳолда ҳам жабр тортмоқ мумкин. Инсон шундай қилиб, ўзи аслида кимлигини англаб етади, ҳеч нарсага арзимаслигини, агар Аллоҳ хоҳласа, бир зумда – кўз очиб юмгунча иззат чўққисидан хорлиқ ботқоғига ғарқ бўлиши мумкинлигини тушуниб етади.
Масъуд ана шу сабоқни олди. Аллоҳга қандай таслимият келтирмоқ зарурлигини ҳис этди. Бу унинг учун яна бир юксалиш эди.

Иккинчидан, ишқ қудратли бир куч. Аллоҳнинг неъмати. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ишқсиз, муҳаббатсиз, шавқсиз инсон ҳеч бир ишга қодир бўла олмайди ва ҳеч бир ишда муваффақият топмайди. Масъуднинг унга ошиқ бўлган қиз томонидан қутқарилиши, отаси бешафқат эканлигини била туриб, бу ишга журъат топиши, шубҳасиз, муҳаббат сабаблидир. Муҳаббатнинг кўзи кўрлиги учун у йўлдан тўхтамайди ва таваккулдан қўрқмайди. Бу ҳикоятнинг ушбу нуқтасидаги иккинчи бир маънодир.

Учинчидан, Мусонинг туғилишдан қўрққан фиръавн хонадонида Мусо алайҳиссалом улғайдилар. Фиръавн ўз душманини ўз қўли билан ўстирди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг энг устуни, энг кучлиси, энг зўридир. Маллу, Жайпур кабилар Аллоҳнинг мўмин бандаларига қанчалик макр қилмасинлар, ҳийла кўрсатмасинлар, Аллоҳнинг макри олдида ожиздирлар. Аллоҳ шундай макр қилдики, Маллу ўз ғанимини бутун шаҳардан, дашту тоғлардан ахтарди, ҳолбуки, ғаними уйнинг тўрида, иззат-икромда эди. Маллу ғанимни ўз уйидан излашни унутган эди. Аллоҳ унга буни унуттирган эди. Аллоҳ Маллунинг қизи кўнглига бир ишқ солди ва бу ишқ Масъудни чоҳдан қутқарди. Бу мазкур эпизоддан олинадиган учинчи хулосадир.

Тўртинчидан, зулм ва ёмонликда бардавом бўлган инсонлар – энг қўрқоқ ва заиф инсонлардир. Улар қўлларидаги мазлум халос бўлса, даҳшатга тушадилар. Қилган зулмлари ўз бошларига қайтишини билиб, қўрқиб кетадилар. Масъуднинг қутилиши Маллу ва Жайпурни ваҳимага солгани сингари.

Қани, энди кўрайлик-чи, ҳикоя қаҳрамонлари тақдири қандай бўлар экан?

Масъуд қиз билан маслаҳат қилиб, бир қарорга келди. Қиз яширинча икки отни тайёр қилди. Бу отлар осмонда учган юлдуз каби учар эди.
Масъудни излаб тополмаган Жайпур ва Маллу қайтиб келганларидан сўнг Масъуд ва қизнинг қочиши учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади. Икки рафиқ қочиб, йўлга тушдилар. Қадимгилар: “Аввал дўст танла, кейин сафарга чиқ!” – деганларидек, ҳамдамлик билан сафарга кетдилар. Тонгда қизнинг йўқлиги билишди. Маллунинг одамлари бор гапни аниқлашди ва қочқинларни қувишга тушдилар. Узоқдан қочоқларнинг қораси кўринди. Уларнинг орасида бир йиғоч ҳам масофа қолмади. Икки бечора жон қайғусида экан, мусаббибул асбоб (сабабларнинг қилувчи) бўлган Аллоҳ уларга бир чора кўрсатди. Рўпараларидан чиққан бир денгизда бўш кема кўринди. Масъуд ва қиз денгиз соҳилиг келиб, кемага чиқдилар ва зудлик билан эшкак эшиб, лангарни кўтариб, елканларни ёйдилар. Улар соҳилдан узоқлашиб, денгиз ичига кириб боришаркан, қувувчилар алам ичида қолиб кетишди.

Масъуд ва қиз ўн кеча-кундуз сузиб, қирғоққа етиб бордилар ва ўзлари билан олган отга миндилар. Улар кириб борган шаҳар, иттифоқо, Ҳинд мулкининг пойтахти Деҳли эди. Йўл юриб, Деҳлига яқинлашарканлар, бир эски қалъа олдидан ўтишга тўғри келди. Бу қалъани бир неча ҳароми макон тутганди. Қалъа олдидан ўтишаркан, бир кишига ўн киши ҳужум қилиб, отдан туширдилар. Отларини ва либосларини бутунлай ечиб олдилар. Иккиси ғамда қолди. Шукурки, тонг қоронғу эди. Улар жонлари омон қолганига Аллоҳга ҳамд айтиб, давом этдилар. Шу ҳолда кетиб боришаркан, бир карвонга кўзлари тушди. Масъуд карвонга яқин бориб, ўз ҳолини арз қилди. Карвондагилар эски-туски жанда кийимларни улоқтирдилар. Иккиси шошиб бу эскиларни кийиб шаҳар сари кириб бордилар. Шаҳарга кириб, бир вайронага бориб тўхташди. Беҳад толиққан эдилар.

Тонг ёришди. Қуёш чиқди. Вайрона ичидаги Масъуд ва қизнинг аҳволи оғир эди. Бир неча кунки туз тотмаган иккиси очликдан мадорсизланиб борарди. Масъуд базўр ўрнидан турди ва таом топиб келиш учун шаҳар сари йўл олди.

Шаҳардаги бозорга қадам қўйганда эшитдики, шоҳ базм қилмоқда. Бир қанча товоқларга умна, танбул каби таомлар солинган, ким бу товоқлардан бирини саройга элтиб берса, икки дирҳам берилар экан. Масъуд бу сўзни эшитиб, битта товоқни кўтарди ва очлик сабабли қийналиб кўрсатилган йўлда саройга қараб кетди. Одам кўчада кўп эди. Масъуд эса юришга қийналарди. Бир амаллаб айтилган манзилга – шоҳнинг чорбоғига кириб борди.

Шоҳ Жуна чорбоғда ғам-қайғуга ботиб, май ичиб ўтирар эди. Уд ва най айрилиқдан нола қиларди. Чунки у Масъуд ҳақида эшитган, ғамдан ақлу ҳуши паришон бўлганди. Масъуднинг суҳбатларини эслаб йиғларди.

Масъуд маҳзун ҳолда боққа кириб, ўз оти Гулгунни отбоқар етаклаб юрганини кўриб: “Меҳмоним бу отни шоҳга ҳадя қилибди”, – деб ўйлади. Қўлидаги товоқни кўтариб бироз юргач, ўз канизининг сасини таниб қолди. Канизакнинг овози, чалаётган куйи, айтаётган байтлари жуда таниш эди. Масъуднинг қалбига бир гумон, изтироб тушди. Ўйладики, меҳмон бу санамни ҳам сотибди.

Товоқни кўтариб, шоҳ қошига кириб, шоҳнинг қўлида ўзи ҳадя этган жомни кўрди. Кўзига ёш келди. Ичида олов ёнди. Ичига ғалати дарди кирди. “Туҳфаларимнинг ҳаммасини қошимга келган меҳмон шоҳга сотган ёки бериб юборибди”, – деди ҳасрат билан.

“Ё Аллоҳ, нима қилай?!” – деб туриб қолди. Шу он шоҳ сари қаради: кўрдики, ўзи берган гулгун тўн, тож ҳам алвонранг!
“Ўзимни танитайми, йўқми?.. – деб иккиланди. – Агар ўзимни танитсам, худди бир нарсага тамаъ қилгандек бўлиб қоламан”.

Хизматчилар келиб, унинг бошидаги товоқни олдилар, Масъуд эса ўзини шу истиҳолалар ила ошкор қилмади. Ошкор қила олмади. Бармоғини тишлаб ташқарига чиқди. У ўзини бундай бечораҳол кўрсатишни хоҳламади. Бу ғариб иш билан шоҳга намоён бўлишдан ҳаё қилди. Шунинг учун ҳиммат қадамларини боғ бўйлаб юриб кетди.

Масъуднинг бир неча ходимлари ўз хожалари ғойиб бўлгач, шоҳ хизматида эдилар. Улар меҳмонларни кузатиб қайтишаркан, уни таниб қолдилар. Бир қўйиб бир Масъуд сари югурдилар. Уни йиғлаб қучоқладилар. Беихтиёр фарёд солиб ўкирдилар. Эсларини йўқотиб қўйишди. Масъуд эса ўз дўстларининг бу қадар меҳрини кўриб, сўз дея олмас, кўзларидан шашқатор ёш оқарди, холос. Ташқарида кўтарилган бу тўполон шоҳга эшитилди. У нима бўлганини билдию, шитоб билан, қалбида изтироб билан югуриб чиқди. Ўз дўстини бундай ғамгин, бечора ва маҳзун ҳолда кўриб, олам кўзига қоронғу бўлди.

Шоҳ дўстини қучиб, кўзёш тўкар, Масъуд эса шоҳнинг пойига бошини қўярди. Бир тарафда эса унинг ўша канизаги кўзларида қон ёшлари ила боқиб турарди. Ниҳоят, изтироб ўти таски топди. Шоҳ Масъудни иссиқ сувга элтишни амр қилди. Шоҳ Масъудга не керак бўлса, барчасини муҳайё қилди. Зудлик билан харобага бориб, паричеҳра қизни ҳам топдилар. Уни ҳам кийинтириб, тахтиравонга солиб саройга келтирдилар. Бу орада Масъуд ҳам иссиқ сувга кириб чиқди. Гулгун рангли либослар билан уни кутиб олдилар.

Шоҳ Масъудни худди ўғлидек кутиб олиб, ёнига ўтқизди. Бошидан ўтганларини сўради. Масъуд гапирар эди, шоҳ эса кўзидан ёш тўкарди. Жуна Масъудни ўзига дўст тутди, мусоҳиб тутди. Бир қанча хазиналарни ҳадя қилди. Унга садоқат кўрсатиб келган қизни эса никоҳлаб берди. Тироз, Дарбаст шаҳарларини Масъудга бахшиш айлади. Қасрлари гулранг, майлари гулфом эди. Шу ҳолда ҳукм бўлдики, Маллу ва Жайпур қатл қилинди. Уларнинг қони билан ер гул рангига кирди.

Дўстлар то оёқларидан бошларига қадар гулга кўмилган бўлсалар душманлар ҳам худди шундай гул рангли қонга ғарқ эдилар.

Коинот боғининг гули гўзал! Ҳаммасидан ҳаёт гули гўзалроқдир!”

Мана, Алишер Навоий қаламига мансуб, биро романтик, бироз саргузашт, бироз қайғули ва бироз қувончли бўлган ҳикоятни ўқиб тугатдик. Ҳикоя сўнгидаги ушбу байт анча машҳур:

Хушдурур боғи коинот гули,
Борчадин яхшироқ ҳаёт гули.

Кўриб ўтганимиздек, қийинчилик ва азоблардан сўнг Масъуд масъдликка етишди. Аллоҳ ато этган бир тоза ишқ ва дўстлик сабабли бошидан мусибатлар ариди, яхшиликларга эришди.

Албатта, ҳикоятнинг якуни яхшилик билан, қаҳрамонларнинг муроду мақсади билан бўлгани маъқул. Чунки адолат шуни талаб қилади. Яхшилар, албатта, яхшилик кўришлари шарт. Ёмонлар эса жазоланишлари лозим.

Очиғи, ҳикоятда Масъуд ва Жунанинг сарой чорбоғидаги учрашув саҳнасидан менинг ҳам кўзимга ёш келган. Сенинг қайғунгни қайғуси деб биладиган, сенинг шодлигингни шодлик деб биладиган дўст борлиги қанчалар буюк бахт!
Шоҳ ўз дўсти Жуна ҳақида эшитиб қай ҳолга тушганига боқинг:

Воқиф ўлди сўруб шитоб била,
Югуруб чиқти изтироб била,

Кўрубон ёрин уйла ҳолат аро,
Бўлди ёруғ жаҳон кўзига қаро.

Қучубон бўйнини, тўкар эди ёш,
Ул қўяр эрди шоҳ аёғиға бош.

Ажойиб.

Адолатнинг қарор топиши, мазлум жароҳатига марҳам қўйилиши, золимларнинг жазоланиши, албатта, севинтиради. Китобда бу нарса тез рўй беради – бир неча саҳифаларнинг ичида. Бу саҳифаларни тез варақлаш мумкин. Ҳаётда эса секин юз беради. Чунки йиллар саҳифасини варақлаш қийин. Ҳар бир варақдаги ҳар сатрни – кунни ўқиш жуда машаққат.

Адолат қарор топишига, гуноҳларинг афв этилиб, Аллоҳнинг марҳаматига эришмоққа ишониш, Аллоҳнинг муҳаббатини исташ, Иймонга зиёдалик тилаш, жаҳаннамдан қўрқиш, жаннатни орзу этиш, жанннатда набийлар, саҳобалар, солиҳлар даврасида бўлишни сўраш, дийдорларга мушарраф бўлиш нияти ҳам бир эътиқоддир. Жуда тўғри эътиқоддир, иншаа Аллоҳ. Чунки зулмат тунидан саодат тонгига етмоқ учун шундай эътиқод зарур. Балки, ана шу эътиқоднинг ўзи айни тонг, завол билмас қуёш бўлса, не ажаб!

(Давоми бор)

Акром Малик
2019 йил, 11 ноябр