ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(4)
Талабаликнинг илк йилларида Франс Кафканинг ҳикояларини таржима қилишга уриниб кўрдим. Бунга мени курсдош дўстим, фарғоналик Тўхтасин Азим рағбатлантирди. У мендан анча саводли, ғарб адабиётини яхшироқ танирди. Ғарб адабиётини билиш нуктадонлик мезони саналарди ва биз ўз адабиётимиздан кўра кўпроқ ғарб адабиётини ўқирдик, тарбия шундай эди.
Мени Кафка жуда қизиқтирарди, чунки, ҳеч бир ёзувчига ўхшамас эди. Унинг «ижодий методи» нафақат сотсиалистик реализмни, балки капиталистик реализмни ҳам инкор қиларди. Кафка «минорани юқорига эмас, пастга қаратиб қуриш керак», дерди. У ҳолда, бу иншоот минора эмас, қудуқ бўлган бўларди. Бу ғалати ташбеҳ менга қудуқ каби чуқур кўринди. Гўё инсон ташқи (моддий) дунёга эмас, ўзининг ич дунёсига даъват қилинарди.
Кафка қаҳрамонларининг пешонасида доим бир нарса ёзилган бўларди ва ҳеч ким бу ёзув маъносидан четга чиқолмади. Бундай қараш капиталистик дунёда туғилиб, худосизлар тарбиясини олган бир киши ифодасида жуда ғалати кўринарди. Кафканинг ҳикоялари қўрқинчли эди, аммо биз севган ҳаётдан ҳам қўрқинчлироқ эмасди. Биргина фарқ – ҳикоя қаҳрамонлари ўзларини доим гуноҳкор ҳис этар, аммо гуноҳи сабабини англамасдилар. Бизга эса, бу туйғу нотаниш эди.
Кафка Оллоҳга ишонишни истаган бир атеист ва бу истакдан умр бўйи азоб чеккан бахтсиз интеллектуал эди. Кафка унутилмас бир ёзувчи. Университетда мен ҳам ҳикоялар ёзишни машқ қила бошлаган эдим, аммо Кафкани ўқиганимдан кейин бу машқларни йўқ қилдим. Ўша даврда мени мутаассир этган ёзувчилардан яна франсуз Пол Валери ва австриялик Роберт Музилни айтишим мумкин. Уларнинг санъат ҳақидаги фалсафалари мен учун янгилик бўлди. Шунингдек, 1970 йилда «Иностранная литература»да босилган колумбиялик ёзувчи Габриэл Маркеснинг танҳолик ҳақидаги романи ҳам жуда қизиқтирди, аммо у Кафканинг ўрнини босолмас эди. Умуман, етмишинчи йиллар лотинамерика романчилиги дунёда катта донг чиқарди, лекин услуб жиҳатидан у йигирманчи йиллар Оврупо декаданс адабиётининг акс тасвири эди, холос.
Биз, талаба экан, адабиётдан янгилик истар эдик ва уни чет эл адабиётидан топар эдик. Замонавий ўзбек адабиёти заиф бўлганидан, унинг тарбиясини етарли ола билмадик. Сал кейинроқ, шеърларимиз босилиб, китоблар чиқа бошлаганида, бизни ғарбга тақлидчиликда айблашди. Бу тўғри эди, чунки совет адабиётида тақлид қиладиган асар йўқ эди. Бошқа тарафдан, бизнинг ёзганларимиз ҳаммаси ўзбекча эди ва мушоҳада тарзи ҳам «ғарбча» эмасди. Масалан, менинг «модерн» машқларим кўпинча халқ ибораларига қурилган эди. Халқдаги «ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи» иборасидан ясалган шеър, мана:
Ёруғ бўлди ойнинг ўн беши,
Қолган ўн беши ҳам… ёруғ бўлди-ку!
Мен бир камсуқум киши,
Юрагим қувончга тўлди-ку.
Эрта қувонибман, қаранг-ки,
Мукаммал экан дунёнинг иши –
Мана, ой ўн беши қоронғи,
Иккиланиб турар қолган ўн беши. (1983)
Аммо 70-йилларда биз, шеърда айтилганидек, «камсуқум» эмасдик. Мавжуд адабиёт бизга янгилик бермаса, бу янгиликни ўзимиз яратишга қаттиқ бел боғлагандик. Бу иддао амалга ошдими, йўқми, буни адабиётчилар билса керак. Қайта қуриш бошланганидан кейин адабий жараённи кузата олмадим.
Университетни бир амаллаб тугатдим. Аттестатда «журналист» деб ёзилган бўлса-да, бирор журнал ишга қабул қилмади. Шунингдек, совет меҳнат қонунида «шеър ёзувчи» деган касб ҳам йўқ эди. Хоним бир барқарор турмуш истарди ва ҳақли эди. Менинг ҳаётимда эса, йўқсилликдан бошқа барқарор нарса йўқ эди. Ишқилиб, биз айрилдик. Бу никоҳдан учта фарзандимиз бор – Нигор, Жалолиддин, Жамолиддин.
Иккинчи марта уйланар экан, анчагина андишали эдим, чунки, барқарорликка ҳануз эришилмаганди. Аммо бу хоним анча дипломат чиқди, йўқсиллик билан тил топишди. Бу никоҳдан иккита боламиз бор – Умида ва Темур. 1975 ва 1977 йил май ойига қадар Ғ. Ғулом нашриётининг ишлаб чиқариш бўлими, «Физкулълтура Узбекистана» газетасининг хабар бўлимларида ишладим. Аммо ҳеч бир ерда «меҳнат дафтарчаси» ололмадим. Бунинг сабабини ҳанузгача билолмайман.
1977 йил биринчи шеърий тўпламим чиқди ва ўша йил Ёзувчилар Союзига аъзо бўлдим. Шу йили Московдаги «Высшие литературные курсы» деган ўқишга кетдим. Бу ўқиш стипендияси мен ишлаб олган маошимдан кўп, 150 рубл эди. Ҳар икки ойда Тошкентга келардим, оиламга совға ўлароқ гулдаста эмас, 10-15
кило гўшт келтирардим. Оила бундан бахтиёр эди, мен эса, ўз уддабуронлигимдан ғурур туярдим. Лекин бу дориламон икки йил тез ўтди ва кунимиз яна қалам ҳақига қолди. Шунга қарамай, биз уйда жуда бахтиёр яшардик ва Оллоҳга шукрлар бўлсин, ҳеч қачон ўзимизни қашшоқ сезмадик. Бундан туйғуланиб кетиб, шундай шеър ҳам ёзган эдим:
Сен ва мен биламиз, севгининг
Тимсоли мажнунтол эмаслигини.
Сариқ гул – айрилиқ, қизил гул – учрашув,
дегани эмас.
Айт, уларга, тушунтир севгилим,
Биз қандай севгандик бир-биримизни
Қандай севган эдик.
Гуллари юлинган оламда! (1980)
Етмишинчи ва саксонинчи йилларда қалам ҳақига яшаш мумкин эди. Ҳатто баъзи халқ қаламкашлари бой яшардилар. Улар социалистик ватан олдида қилган хизматига яраша хусусий уй, дача, машина сотиб олишлари мумкин эди. Нашриётлар давлат тарафидан молиявий таъминланарди, адабиёт ва унинг ташвиқоти давлат иши эди.
Етмишинчи йиллар бошида бизнинг тўпланадиган жойимиз кандакор Омон Азизнинг Чилонзордаги ертўласи эди. Бу устахонада Омон Азиз билан Собиржон деган ҳайкалтарош йигит ишларди. Давра унча кенг эмасди, гурунгларда доим рассом Исфандиёр, доим раҳматли Шуҳрат Абдурашид, доим олим Бегжон Тошмуҳаммад, албатта Рауф Парфи, баъзан бошқалар ҳозир эдилар. Бир куни фожеа юз берди ва Собиржон ертўлада ўзини осиб қўйди, Оллоҳ раҳмат қилсин. Бу воқеадан сўнг Омон Азиз Руставелли кўчасидан бошқа ертўла топди ва мажлисимиз ўша ерга кўчди.