O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МЕНИ КЕЧИРИНГ…

МЕНИ КЕЧИРИНГ…
125 views
28 November 2012 - 18:15

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам ҳаётимда шундай воқеа бўлган. У пайтлар Сирдарё чўлларида ҳайқириб юрган, офтобда обдон қорайган, шаҳарга келиб, ҳеч жойга сиғмай юрган пайтларим эди. Ҳаммани яхши кўрардим. Афғон уруши энди бошланганди. Афғон халқини озод қилмоқчи, бахтли – саодатли яшаши учун курашмоқчи эдим. Ўйлаб қарасам, бу – хомхаёл экан. Ўшанда Муҳаммад Солиҳ мени йўлдан қайтарганди. Ўшанда Афғонистонга кетганимда бирор афғоннинг ўқига учиб, жон таслим қилган ёки қўлим қон, тавқи лаънат остида ҳануз бош кўтаролмай юрардим. Шукурки, афғонга бормадим. Шукурки, ҳеч кимга милтиқ ўқталмадим. Аслида, ният милтиқ кўтариб бориш эмасди. Ният – фақат яхшилик эди. Энди ўйлаб қарасам, мен бирор халқ тугул, бирор элат тугул, тўрт-бешта одамга ҳам озодлик беролмас эканман. Шоир бўлатуриб бу ҳақиқатни англаш мен учун оғир. Чунки, шеъриятнинг вазифаси одамларга руҳан, маънан озодлик бахш этиш. Жаҳолат қўйган тўсиқларни парчалаш, инсон эркинлигини, сўз
эркинлигини рўёбга чиқариш. Бугун Афғонистонга бориш шижоати тугул, оппоқ қоғоз устига шижоат билан бориш қудрати менда қолмаган. Бунинг учун барча қалам аҳлидан, шоир ҳамкасбларимдан, устозларимдан кечирим сўрайман. Аввалом бор, қўрқоқлигим учун кечирим сўрайман. Менда фақат биргина имконият бор. Ёлғон сўзламаслик имконияти. Ёлғон ёзмаслик имконияти. Ё жим юришим керак, ё ёлғон ёзмаслигим керак. Жим юрибман. Бир балога йўлиқмаслик учун, болаларимни бахтсиз қилмаслик учун. Ўз орзуларимни эса чоҳга кўмганман. Ҳозир ҳеч нарсани орзу қилмайман. Ҳатто олдинда ёруғ кунлар борлигига ишонмай қўйганман. Ҳатто китоб чиқаришга, шеър ёзишга қизиқмай қўйганман. Чет элга кетай дейману, ўзимдан қочиб қайга борардим деб ўйлайман. Бугун ҳатто ўзимни ўзгартиришга кучим қолмаган. Бир пайтлар Афғонистонга боришни, дунё узра бахту саодат тантанаси ҳукмрон бўлишини истардим, бугун эса ўз юрагимга, ўз кўнгил салтанатимга боришнида, унга ҳеч бўлмаганда таскину – тасалли беришнида истамай қўйганман. Мени кечиринг!