Бу воқеага ҳам, 4-5 йилча бўлиб қолди.
Биз Сизга сўзлаб бермоқчи бўлган қаҳрамонимиз – Қудратжон Ҳоджимуродов – Сурхондарё вилояти МХХда терговчи бўлиб ишлаган. Ҳозирги кунда бу мансабдор шахс Россиянинг узоқ Сибирь ўлкаларида «гастарайтер»лик, “лавозимида” ишлаб, ўзининг оиласи ва яқинларига кўмак бериб қелмоқда…
Қудратжон Ҳоджимуродов ўзининг бошидан ўтган, ҳаётий аччиқ ҳақиқатни сўзлаб беришни бизга лозим деб топди: “Мен Сурхондарё вилояти МХХда 5 йилга яқин ишладим. Мен “СНБ”дан қандай кетганим тўғрисида икки оғиз сўзлаб берсам-да, ана ундан кейин, терговчи сифатида амалга оширган “иш”ларим юзасидан, Сизларга қисқагина маълумот бериб ўтсам, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман.
Ҳар бир инсон ҳаётда қоқилар экан. Мен ҳам ўша қоқилганларнинг биттаси ёки мингинчиси бўлсам, ажаб эмас…
Менинг акам, Шуҳратжон Ҳоджимуродов Термиз шаҳар, касб-хунар коллежида, “бош ҳисобчи” лавозимида ишлар эди. Кунлардан бир куни акамни Сурхондарё вилояти МХХнинг ходимлари “пора олганлик”да айблаб, қўлга олишган экан. Мен бундан мутлақо бехабар бўлганман. Ўзим шу “структура”да шунча йил ишлаб, мен билан ишлаган, инсонларнинг қанчалик разил, ифлос бўлиб кетганлигини кейин билибман. Шунинг учун, ҳалқимиз айтганидек, “ҳом сут эмган банда” деганлари шу бўлса, керак.
Мен Шуҳратжон акамнинг “иши”га аралашиб, “Бу ғирт туҳмат ва бўҳтон! Нимага асосланиб, Сизлар акамни қамоққа олгансизлар?” деб прокуратура ва МХХ “иши”га мурожаат қилган эдим, “сен акангни ёнини оляпсанми?” деб менга қарши “тергов иш”лари бошланиб кетди. Нима эмиш? “Акангга пора олиш учун, сен йўл кўрсатгансан! Сен билан аканг ҳамтовоқсанлар!” деб мени ҳам айбламоқчи бўлишди.
Қизиғи шунда-ки, мен билан бирга ишлаган терговчи, Нодиржон Маҳкамов мени ва акамни тергов қилишди. Ўшанда акамнинг ишини кўрган вақтда, Ўзбекистон ЖКнинг 210-моддаси ва 167, 168 моддалари билан айблаб, унга “қўшимча иш” қўшишди. Ҳаттоки, тергов давомида мени акам Шуҳратжон Ҳоджимуродов билан юзма-юз қилиб, “долларни акангга сен бермоқчи бўлгансан…” деб бизни қанчалик қийноққа солганлари ҳозиргача кўз олдимдан кетмайди.
Акамни 12 йилга озодликдан маҳрум этишди. Мени эса, Сурхондарё вилояти “СНБ”сидан ишдан кетишимга мажбур қилганлар. Қандай қилиб?
Мени ишдан бўшатиш тўғрисида аризамни ўз қўлим билан ёзиб берган эмасман. Лекин… Фақат бўш оқ қоғозга шунчаки имзо чекиб берганман, холос. Улар аризани ўзлари менинг номимдан тўлдириб, “терговчи Қудратжон Ходжимуродовнинг ишдан бўшаш тўғрисидаги аризаси” деб бошлиққа киритиб беришган. Имзо аввалдан қўйилган эди. Буни тан оламан. Аммо, бу “усул”, Ўзбекистонда, айниқса, ўзгача фикрлайдиган, диний қарашлар билан қамалганлар яъни, “Ҳизбут-Таҳрир”, “Ваххобий”лик оқимига кириб қолган намозхон инсонларни тергов давомида бўйнига қўя олмасалар, ўша йўлни тутишадилар. Бу “иш усули” ҳозиргача сақланиб қолган. Мен ўзим ҳам, ўша ишга қатнашганман. Шундай, “ашаддий” диндорларни қамоққа олишда шу йўлни тутишга мажбур бўлганман. Чунки, ўша даврда ва ҳозирги кунгача, сиёсат шундай давом этиб келмоқда….
Мен Сурхондарё вилояти МХХида ишлаб юрган кезларимда, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон туманларидан “Ҳизбут-Таҳрир” ва “Ваҳҳобий”ликда айбланган инсонлар кўпчиликни ташкил қилган эди. Мен тергов олиб борган вақтимда, Денов туманидан бир гуруҳ “оқим”чиларни олиб келишди. Ўша вақтда ҳеч қанақанги суриштурув ишлари бўлган эмас. Хаммасини ёппасига, 159-, 244-моддалари билан айблаб, 10-15 йилга кесиб юборишган эди.
Биз қаҳрамонимизга шундай савол билан мурожаат қилдик: “Икки йил олдин, 2011 йилнинг 10 октябрь куни акангиз, яъни қамалиб чиққан акангиздан кейингиси акангиз – Шавкатжон Ходжимуродов, Россияда ёлланма ишчи бўлиб, ишлаб юрган вақтида оламдан кўз юмди.
Ўша акангизни ўлимига кимлар сабабчи бўлиши мумкин?
Акамни ўлимига аввалам бор, ўзимиз сабабчи деб ўйлайман. Чунки, мен ўша Сурхондарё вилояти МХХида ишлаб юрган кезларимда кўп инсонларга озор берганман.
Ҳалқимиз айтганидек, “қайтар дунё”. Аллоҳ Таоло бизнинг бошимизга шу кунларни солмоқда десам, хато бўлмайди. Қолаверса, биз ва Сизлар яшаётган ҳукумат чириб тамом бўлгани гувоҳи бўлмоқдасизлар. Бўлмаса, биз ўз она юртимизни ташлаб, Россия давлатини “иккинчи ватан” деб қабул қилармидик? Мен ўйлайман-ки, яқин ўртада бу ҳукумат Иншоаллоҳ, Худо ҳоҳласа қулайди.
Фахриддин Тиллаев