O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мени қуёшли Ўзбекистонимга олиб кетинглар!

Мени қуёшли Ўзбекистонимга олиб кетинглар!
133 views
10 January 2014 - 9:36

images (10)Бебаҳо ва такрорланмас, шўх болалик йилларим қадимий Насаф шаҳрига яқин жойлашган Файзиобод аталмиш файзли ва кўркам, боғлар билан ўралган қишлоқда ўтган. Эрта тонгда Шаҳрисабз томондан кўринаётган тоғлар манзарасини ҳеч бир ёзувчи таърифлай олмаслигига ишончим комил. Бу манзара ҳар тонгда такрорланарди. Ҳар куни субҳидамдан сўнг 20 дақиқадан ортиқроқ кўриниб турадиган бу манзара олис олис қишлоқлар, далалар, тепаликлар ва тоғлар манзараси эди…
Биринчи маротаба менга бу манзарани акам кўрсатгандилар. Шундан сўнг мен ҳар тонг мушикча каби болахонанинг томига чиқиб олардимда, томошадан сўнг пастга тушуриб қуйишларини кутиб йиғлаб ўтирардим.
Ота онадан (Аллоҳ қабрларини нурга тўлдирсин) 7 фарзанд қолганмиз. Икки акам, икки укам, икки опам бор. Уларни ҳозирги вақтдаги ҳол аҳволларидан хат хабарсизман. Улар ҳам мени аҳволимдан бехабар бўлсалар керак.
Отам аввалига савдо ходими, сўнг эса солиқчи бўлиб ишлаганлар. Қўшни “Чўли ота” (советлар давридаги “Ленинизм”) совхозида Қурбон солиқчи лақаби билан таниқли бўлганлар.
Мен юқорида таъкидлаб ўтган қишлоғимиз 60-70 йилларда шунақанги файзли қишлоқ эдики, кўклам келиши билан қишлоғимиз ажабтовур манзара касб этарди. Мен ҳанузгача бу манзарани тарифлашга ожизман.
Боғларда дарахтлар гуллаб, далалар кўм кўк тусга кириб, лола қизғалдоқ билан безанар, чучмўма, бинафша, гулсафсар, қоқи ўт каби гуллар қишлоқ узра гулдор гиламга айланиб, бир қарич ҳам очиқ жой қолдирмасдан тўшаларди. Ариқларда шарқираганча оқаётган сувларни кузатиш нақадар завқли эди. Улар инсонга ҳузур ҳаловат бағишлар, ҳордиқни чиқарарди.
Бирорта хонадонда шиферли томлар йўқ эди. Сувоқли томларда ўсган лолақизғалдоқлар рассом ўз суратини безаш учун махсус ўрнатгандек кўркам кўринарди. Бир сўз билан айтганда Яратган Тангрининг хақиқий жаннати эди бу.
Ҳар бир хонадонда узумзорлар, полиз экинлари учун ва гулзорлар учун махсус майдончалар бўларди. Ҳар бир хонадонда боғ гули деб аталмиш гуллар ўстириларди. Чанг тўзонли кўчалардан трактор ёки машиналар ўтиб қолса, ёқимли ер ҳиди атрофни тутарди. Тартибсиз қурулган уйлар уларни секин ҳайдашга мажбур қиларди. Хонадонларда дарвозаларда қулфлар бўлмасди.
Қишлоқ тўрт томондан пахта далалари билан ўралган эди. Ариқлар ва кўчалар бўйида экилган тут дарахларини сон саноғи йўқ эди. Бундан ташқари осмонўпар теракларни ҳисоб китобини ҳеч ким билмасди. Мени эсимда қолгани қишлоғимизда бешта атрофи толлар билан ўраган ҳовузлар бор эди. Бу ҳовузлардан аҳоли истеъмол учун фойдаланарди. Уларда балиқлар сузиб ўйнашиб юрарди.
Эрта тонгда қишлоқ подачиларининг “ҳей …ҳей”лари ва сигирларни “мўв..мўв…”лари, қўй қўзиларни “бе.е… бе.е”лари оламни тутарди.Тунлари ариқ ва ҳовузлардаги қурбақаларни бир бирларига навбат бермасдан “вақ ,қувақ” қилашлари ҳозирги даврда афсона деса арзугилик ҳолдир.
Биз шўх ўйинқароқ болалар эса эрта тонгдан кечгача ҳалинчак учиб, ланка, чиллик, кураш, футбол ўйинларини ўйнаб чарчамасдик. Қишлогимиз четида унча катта бўлмаган кўл бор эди.
Ҳар баҳор ва кузда шу кўлга яқин бўлган пахта даласи ва ўтпоязорга лайлаклар учиб келишарди. Шу ерда дам олишиб, иссиқ ўлкаларга учиб кетишарди. Оналаримиз бизга лайлаклар хақида эртаклар айтиб беришарди. Айтилган эртаклар бир бирига мазмунан ўхшаш бўлсада, биз уларни қайта қайта сўраб, эшитишдан чарчамасдик. Эртаклардаги қаҳрамонларга айланиб қолишни орзу қилиб, бир биримизга ёлғон тушлар сўйлаб, ўз халқимизни жоҳил ва ёвуз подшоҳлардан озод қилиб халқни бахтиёр, ҳаммани тенг, шоду хуррам яшашини орзу қилардик. Ҳамма нарса етарли ва жаннатдаги каби чиройли бўлса ҳам бизга нимадир етишмасди. Нима эканлигини жажжи юракларимиз билмасдан, дук дук уриб, нимагадир талпинарди.
Шундай бўлсада, иссиқ ўлкаларга лайлаклар қанотида учиб бориб, қаҳрамонлик қилиш орзуси ҳар бир болага тинчлик бермасди.
Биз ўша пайтларда замонлар ўзгариб, халқимиз турмуши жаннатдан жаҳаннамга айланишини тасаввур қилмаган эдик. Яқин йилларда миллатдан “мустқиллик” сўзи остида барча ҳақ хуқуқлар олиниб, жаннатмакон ўлкани дўзахга айланишини, юртдан хайру барака кетиб, файз йўқолишини билмасдик. Яқин кунларда эртаклардагидек подшоҳ золим ва қонхўр аждаҳога айланиб, ўз халқини. ёш бола ёки қария демасдан, оғзидаги ўт пуркаб, бронотранспартёр ва пулемётларда қириб ташлаши мумкинлиги хаёлимизга келмаган эди. Яна уни безрайиб “Мен ўз халқимни оттираманми?” деб ойнаи жаҳонга чиқади, деб ким ҳам ўйлабди дейсиз?!
Балки ўша вақтларда онажонларимиз бизни жажжи юракларимизни огоҳлантириш учун ўтмишдаги эртакларни эмас, келажакда бўладиган воқеаларни ўзлари билиб билмай, солиб қўйгандирлар. Балким бизни жажжи юракларимиз ниманидир етишмаслигидан эмас, балки келгусида юртимизда бўладиган қабоҳат ва залолатни яқинлашаётганидан, Аллоҳ каромати ила сезиб, безовталангандир!? Биз хом сут эмган бандалар буни билмаганмиз ва англамаганмиз.
Ўша афсонавий баҳорларнинг бирида, эрта тонгдан туриб бошимга дўппи кийиб, белимга шоҳи белбоғ боғлаб, унга акам ёғочдан ясаб берган қиличимни қистириб, кўл томон Лайлаклар қанотида эртаклар мамалакатига боришга отлангандим. Эрта тонгда ёғиб ўтган ёмғирдан пайдо бўлган кўлмакчалар ва ўт ўланлардаги сувлардан завқланиб, кўл бўйига яқинлашганимда, осмонда “қур.. қур”лашиб ўз оромгоҳларига қўна бошлаган лайлакларга кўзим тушди. Мен донг қотиб, уларни бир бирларига урулмасдан, чиройли қўнишларини маҳлиё бўлиб кузатиб турдим. Ҳаммаси қўниб бўлгач, жон жаҳдим билан, “Мени олиб кетинглар” дея бақирганча кўл томонга чопа бошладим. Оёқ остидаги ўт ўланга тўқнашиб йиқилдим, яна даст туриб чопа бошладим. Дабдурустдан кичик кўлмак сувга йиқилиб тушдим. Ўрнимдан туриб, “Мени олиб кетинглар” деб қичқирдим . Лайлаклар тўдасига яқинлашганимда бир неча лайлак менга томон қараб қолишди. Оралиқ масофа қисқарганда ҳаммаси бирдан кўтарилишиб, кўлни нариги томонига ўтиб қўнишди. Биргина лайлак учмасдан мени кутиб турарди. Мен 4-5 қадам қолганда бехосдан тўхтаб, унинг тим қора кўзларига махлиё бўлиб тикилиб қолдим. Кўзлари кўзларимга тушди. Биз гўёки унсиз гаплашардик. У менга “Шошма болакай, ҳаммаси олдинда!” деяётгандек бўлди. Уни тим қора кўзлари нималар деганини англай олмадим. Лайлакни бўйи мендан бир озгина пастроқ эди. У менга томон бир қадам қўйиб, қанотларини ёзиб, юзимни сийпалаганча учиб кетди. Мен эса ўтириб олиб йиғлай бошладим.
Мени дарвозадан чиқиб кетаётганимни сигир соғиб турган меҳрибон онажоним (Аллоҳ қабрларини нурга тўлдирсин) кўрган эканлар. Сигирларни соғиб бўлиб, орқамдан излаб етиб келдилар. “Ҳа, болам, қўрқмадингми? Мен ҳаммасини кўриб келаётгандим. Сен билан бахт қуши гаплашди болам. Сен катта бўлганингда эл корига ярайдиган киши бўласан”, дедилар. Мен эса болаларча соддалик билан “Нега мени олиб кетмади!?”, дедим. Онажоним. “Болам сен ёшсан, катта бўлсанг лайлаклар билан гаплашасан, сени албатта эртаклар мамлакатига олиб кетишади”, дедилар. Мен эса қайсарлик билан, “Нега ҳозир олиб кетмади!?, деб туриб олдим. Шунда раҳматли онажоним, “Болам, кўрдингку лайлак ёш экан, сени кўтариб учолмасди. Катта бўлса сени албатта олиб кетади”, дедилар.
Орадан йиллар ўтди. Онажоним доимо менга бирор тўсқинликка учраб, сиқилсам самимият билан “Бахт қуши билан учрашгансана болам”, дея кўнглимни кўтарардилар.
Мана замонлар ўзгариб, кўчалар асфалтланиб, қатор қатор шиферли, салобатли ва ҳашаматли уйлар қурилиб, дарвозаларга катта катта қулфлар осилди. Дераза ромлар темир чамбараклар билан иҳоталанди. Боғлар йўқ қилинди. Ҳамма ер бетонлаштирилди. Кўл ўрнида ҳам уйлар қурилди. Кўриниши жозибадор, бир биридан ҳашаматли уйлар олдида замонавий машиналар пайдо бўлди. Шарқираб оқиб, табиятга, ўт ўланга жон бахшида этувчи, боғу роғлару полизларни кўркамлаштирувчи ариқлар ер ости қувурларига айлантирилди. Бир сўз билан айтганда Аллоҳни яратган жаннати инсон ўйлаб топган замонавий тарақиётга мослаштирилди. Бизни жаннатимиз эса қадим қадимги афсонага айланди.
Болаларни тарбияси замонавий ҳолга келтирилди. Ўзбекона урф одатлар, ота ва онани ҳурмат қилиш, миллат шарафи, ватан туйғуси бир бирига зид бўлган, ҳар хил кампютер ўйинлари, замонавий отиш қуроллари, шафқатсизлик, безбетлик, андишасизлик, ўғрилик, меҳрсизлик, шарм ҳаёсизлик ва зўравонлик каби ноинсоний фазилартларга жой бўшатди. Миллий урф одатлар йўқотилиб, ўрнига охир замон аломатларини эслатувчи давр келди. Буни Европа цивилизацияси таъсири ҳам деб бўлмайди. Чунки, мен ҳозирги кунда Европада яшаб кузатяпманки, ўзаро ҳурмат, самимият, ахлоқу одоб бу ерда устувор экан. Бировни ҳаққини ейиш. манмансираш, кибрланиш каби хислатлар Европаликларга ёт экан. Бизда эса юқорида санаб ўтилган ёмон фазилатлар борган сари кўпайиб бормоқда. Нега?
…Лайлаклар сони эса қишлоғимизда борган сари камайиб бораётган экан. Охирги марта 1991 йилда 3 дона лайлак келган экан. Мен эса уларни кўрганим йўқ. Раҳматли онажоним кўрган эканлар. “Болам, улар сен билан хайрлашгани келишганди”, деганларида мен ахмоққа эриш туюлиб, беписандлик билан қарагандим. Афсус… Онажоним эса “Энди улар келишмайди!”, дея маюслангандилар. Мен “Нега келишмайди?”, деб сўраганимда, “Юртимиздан хайру барака кетмоқда болам. Ҳамма молу мулкка ҳирс қўймоқда.Қишлоғимиз файзи йўқолмоқда. Буни тўғрилаб бўлмайди. Оинайи жаҳонда подшони қарашларида ҳам нималардир яширинган болам. Нима бўлганда ҳам охири бахайр бўлсин!”, деганларида ишонмагандим. Афсус…
Минг афсуски ўша пайтда онажонимнинг “Қуръони карим оятларига эътибор камаймоқда. Бу яхшиликка олиб келмайди. Аллоҳ ҳаммасини кўриб, ҳукм чиқарувчи. Миллатимиз бировни ҳаққидан қўрқмайдиган, Аллоҳни эса эсламайдиган бўлди. У дўзах азобини нақадар даҳшатли эканлигини писанд қилмай қўймокда. Бу жазосиз қолмайдиган ҳол. Аввало подшоси адолатсиз бўлган давлатда хайру барака бўлмайди…”, деганларида кулиб қуяқолгандим. Афсус…
Орадан беш йил ўтиб, бир соат ҳам касал бўлмаган онажоним кечки таомдан сўнг “Болаларим! Мен бир неча минутдан сўнг ўламан. Мендан рози бўлинглар!”, деб оёқ қўлларини кўкраклари устига қўйиб, ётган ҳолда, ҳеч бир азобсиз жон берганлар.
Ёнларида бўлган қўни қўшнилар эса “Ҳазиллашманг қўшни”, деб қараб туришган. Бир оздан сўнг эса билиб қолишган ва қарашсаки рахматли онажоним бандаликни бажо келтирган эканлар.
Мен эса ўша кунларда тақдир тақозаси билан Фарғона водийсида эдим. Мени бу дунёга келишимга сабабчи бўлиб, оқ сут бериб, оқ кийинтириб, мени тарбия қилиб вояга етказган, иситмалаганимда кўз юммасдан, тунларни бедор ўтказган, кулфатимдан куйиниб ғалабамдан завқланган, ўзининг маъносида тенги йўқ эртаклари билан ватанга меҳр уйғотган, менга хар доим оқ йўл тилаган азиз онажонимни охирги йўлга кузатаолмаганим мен учун умримни охиригача армон бўлиб қолди…
Худо раҳматли онажоним саводсиз аёл эдилар, аммо қишлоғимиздаги ҳар бир оиланинг ҳолидан хабардор эдилар. Каримовни ҳийла найранглари бошланмасдан қандай қилиб унинг аблаҳ ва юзсиз эканлигини билганлари ҳозирги кунгача мени ҳайратга солади.
Мана ҳозирги кунда денгиз ва дарёлар, саҳро ва ўрмонлар, шаҳар ва тоғлар ортида бўлган музликлар мамлакатида сиёсий қочқин мақомида яшамоқдаман. Ўзбекистонда 50 йил ишлаб ҳам баъзи бировлар эришолмаган уй жиҳозлари ва вақтинча пул билан таъминланганман. Одамлари жуда самимий ва очиқ кўнгил. Кимга мурожаат қилманг, сизга табассум билан тушунтиришга ҳаракат қилади, ўзи тушунтира олмаса бошқа бирини чақириб ёрдам беришга ҳаракат қилади. Мени тил билмаганлигим учун у гуноҳкордай узр сўрайди. Пиёдами ёки машинадами сизни танимаса ҳам сиздан олдинроқ саломлашади ва сизни кўришдан мамнун эканлигини табассум билан изҳор қилади. Гўёки мен ёшлигимда эшитган эртаклар мамлакатидаман…
Август ойининг охирлари бўлсада ҳавода оқ булутлар сузиб юрибти. Мен бугун балиқ овига борганимда содир бўлган воқеа ушбуларни ёзишимга сабаб бўлди. Кўл бўйида ўтириб, қармоқ ташлаб турар эканман, ёшлик даврларим, айниқса қишлоғимиз четидаги кўл эсимга тушиб, хаёл суриб қолибман. Осмонда пайдо бўлган лайлаклар “қий… қий”идан ўзимга келдим. Қарасам юзлаб лайлаклар мени атрофимда қўна бошлашди. Уларни чўчимасликлари мени ҳайратга солди. Мен эса ҳеч бир ҳаракатсиз ҳолда туриб юқорида ёзганларимни эсладим. Негадир марҳум онажонимни эслаб, ёки 6 йилдан ошиқроқ кўрмаган ака ука, опаларимни эслаб, ёки киндик қоним тўкилган ватанимни эслаганим учунми кўзимдан маржон маржон ёшлар оқа бошлади. Дилим ва танам иккига бўлинди: Биринчиси: “Ёшликдаги каби ҳайқир, “Мени куёшли Ўзбекистонимга олиб кетинглар!”, дегин, дейди. Иккинчиси: “Қаёққа, яна ўша жаҳаннамга айлантирилган юртгами? Миллат ва халқни ночорлигини кузатишгами?” дейди. Биринчиси: “Ахир, сен юрт ўғлонисан, онанг сени ватан таянчи учун туққан ва тарбиялаган, чоп ҳайқир!”, дейди. Иккинчиси: “Сен жаннат истаган эдинг, мана сенга жаннат. Яна нима керак? Ҳар куни ойнаи жаҳонда ўша аблаҳни юзини кўришинг шартми?” дейди. Биринчиси: “Бу жаннат сеники эмас. сеники бўлиши мумкин, лекин миллатингники бўла олмайди! Сени жаннатинг пахтазорлару, иссиқ гаримсел шамоллар билан боғлиқ. Миллатинг билан боғлиқ. Мени олиб кетинглар, деб ҳайқир”, дейди. Иккинчиси: “Курашиш керак. Адолатсизлик билан курашиш вақти келмоқда. Ҳар қандай адолатсизликни ҳам охири бўлади!”, дейди.
Менга яқин жойга қўнган лайлаклардан бири мен томонга қараб кела бошлади. Бир неча қадам қолганда тўхтаб қолди. Мен унинг тим қора кўзларидан “Шошма, сабр қил, яқин йилларда сени юртингга ҳам борамиз. Сен адолат учун кураш” деган маънони ўқдим. Лайлак фикрларимни англагандек, “Биз билан учмайсанми ?” дегандай қараб турарди.
Лайлаклар кўзларимдан оқаётган ёшдан уялишди шекилли, менга қараб. “Хафа бўлма, сен юртинга қайтасан. Биз ҳам келгуси йилларда албатта юртингга борамиз”, дегандай қанот қоқиб қийқирганча бирин кетин кўкка кўтарилишди. Мен ёшликдаги каби хўрсиниш билан уларни йиғлаб кузатиб қолдим. Мени овутадиган раҳматли онажоним ёнимда йўқ эдилар. Қўлимда ушлаб турган қармоқни негадир кўлга улоқтирдим. Ватан соғинчи қандай даражада кучли бўлса, золим подшоҳга бўлган нафратим шу қадар ошиб, келгусида миллат, ватан, халқ эрки, унинг хақ ҳуқуқлари учун курашга ва ғалабага чорловчи туйғу кучайди.
Ёзганларимни кам костини тузатиб, ўқишга ҳаракат қилган сабрли дўстларим, барчангизга Яратгандан соғ саломатлик, ватан ва миллат туйгуси сизларни тарк этмаслигини сўрайман.
Дўст Назар