Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 218
(давоми)
ҚИРҚ ИККИНЧИ МЎЖИЗА
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:
— Бу кеча иймон учун ер устидаги ҳар турлик жинлардан элчилар келур. Алар билан суҳбат қилгайман. Мен билан шу кеча ким бирга бўлур? — дедилар.
Анда Ибн Масъуд:
— Мен борурман, ё Расулаллоҳ, — деб ўрнидан турди.
Сўнгра ҳар икковлари Макка шаҳрининг юқори ёғига қараб кетдилар. Бир ерга келгач, Расулуллоҳ айлантириб чизиқ қилиб, Ибн Маъсудга:
— Бу чизиқ ичида ўлтургин. Мундан ташқари чиқа кўрма. Аллоҳни кўнглингда ёд қилгил, ҳеч бир нарсадин қўрқувчи бўлма. Турли суратдаги жинлар кўзингга кўрингайлар. Аларга гапирма. Чизиқ ичига киролмагайлар. Агар бу чизиқ ташқарисига чиқар эрсанг, қиёматгача сени тополмагаймиз, — дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ алар мажлисига бордилар эрса, тўрт ёқдан турли суратдаги жин элчилари келишгали турди. Булар ичида арслон суратлик, бургут суратликлари ҳам бор эди. Шундай қилиб ер-кўк буларга тўлди.
Ибн Масъуд кўриб, ҳайрон қолиб ўлтирди. Лекин ҳеч бировлари чизиққа яқинлашмас эдилар. Расулуллоҳни ўраб ўлтиришиб, илгари иймон келтирганлари эрса, Қуръон ўқиб, шариат ўрганишур эди.
Янгидан келишганлари бўлсалар иймон айтиб динга киришур эди. Шундоқ қилиб, тонг отгунча Расулуллоҳ билан ўлтириб улар суҳбат ўтказдилар. Мажлис тугар чоғида:
— Ё, Расулаллоҳ, Қуръондан тиловат қилиб берсангиз, бизлар ҳам ўз оғзингиздан Худо сўзини эшитсак,— дедилар.
Анда Расулуллоҳ уларга «Ар-раҳмон» сурасини ўқиб бердилар. Бу сурада ўттиз жойда «Фабиаййи алаи раббикума туказзибан» келур. Бу оятнинг маъноси: «Аллоҳ сизларга берган неъматларининг қайси бирини ёлғон деб айта оласиз?» Бу эрса инсу жинга қарата Аллоҳнинг айтган сўзидур. Расулуллоҳ шу оятни ҳар ўқиганларида жинлар:
— Ҳеч бирини ёлғон дея олмаймиз, ё Рабб, — дейишиб, жавоб бериб турдилар. Бу сўзлари Расулуллоҳга кўп хуш келди. Тиловат тамом бўлгач, элчи жинлар Расулуллоҳдан совға сўрадилар.
Анда Расулуллоҳ:
— Меним умматларимнинг қиёматгача еган гўштларининг суяклари илгаригидек гўштлик бўлиб сизларга таом бўлсин ва аларнинг минган отларининг тезаклари эрса сизларнинг отингларга ем бўлсин. Мана шу нарсани сизларга туҳфа қилдим, — дедилар.
Гўштини еб қолдирган бизнинг суякларимиз ва отларимизнинг тезаклари жин биродарларимизга туҳфа бўлди. Шунинг учун шариатда бу нарсалар билан киши ўзини тозалаб, истинжо қилиши дуруст эмасдур. Расулуллоҳ бундан қайтардилар. Сўнгра Расулуллоҳ қайтиб келганларида бу воқеани саҳобаларга гапирдилар.
Анда саҳобалар:
— Бизга ҳам ўқиб беринг шу сурани, ё Расулаллоҳ,— дейишди.
Буларга ҳам тиловат қилиб Ар-раҳмон сурасини тамом ўқидилар. Сура тамом бўлгунча саҳобалар сукутда бўлишиб ўлтирдилар.
Анда Расулуллоҳ:
— Сўз маромини сизлардан жин биродарларингиз яхшироқ билур экан. Улар ҳар бир «Фабиаййи алаи раббикума туказзибан»ни ўқиганимда жавоб қайтариб туришди, — деб марҳамат қилдилар.
Шунинг учун бу сура ўқилса, ҳар бир «Фабиаййи алаи раббикума туказзибан» деганда жинлардек жавоб айтиб турмоқ эшитувчиларга суннат бўлди.