O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МЕН БИЛГАН ЧЎЛПОН ЭРГАШ

МЕН БИЛГАН ЧЎЛПОН ЭРГАШ
203 views
22 September 2013 - 9:55

580248_10201164464458953_228869048_nЎтган асрнинг олтмишинчи йилларида адабиётга кириб келган тенгдошларимизнинг кўпчилик қисмининг оталари Иккинчи жаҳон урушидан, ишчи фронтларидан қайтмаган, юракларида чандиқлари бор йигитлар эдик. Ўша кезларда Дўрмондаги ижод боғида ўтказиладиган семинар кенгашларида бизларга сабоқ берган Миртемир, Шайхзода, Шуҳрат ва Саид Аҳмад каби улуғ устозларимиз эса мустабид тузумнинг жабру жафоларини татиб қайтган инсонлар эди.
Дўрмонда ўтган ижодий кенгашлар туфайли танишган Тўра Сулаймон, Йўлдош Сулаймон, Сафар Барноев ва камина етимликнинг ғам-андуҳларини ҳазил-ҳузул билан кўнгилдан чиқаришга ҳаракат қилардик. Бироқ Маъруф Жалил билан Чўлпон Эргаш одамови, хонанишин бўлиб, давраларга камроқ қўшиларди. Кейинроқ маълум бўлишича, улар Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирларнинг тақиқланган айрим асарларини биздан аввалроқ ўқиб, кўп нарсаларни билиб олишган экан. Балки мен кечроқ таниган ҳамшаҳрим Чўлпон Эргашга унинг тортинчоқлиги, одамовилиги монелик қилгандир. “Қирғизистон ҳақиқати” республика газетаси 1960 йилда Бишкекдан Ўшга кўчиб келгач, адабий жараён анча жонланди. Бобур номидаги драма театрининг безакчиларидан бири Обиджон Ҳамидов дастлаб Чўлпон Эргаш ҳақида каминага сўзлаб берганди. У шаҳардаги Тельман номли ўрта мактабни битиргач, уч-тўрт йил театрда ишлаб, кейин Тошкентдаги маданий-оқартув техникумига ўқишга кетган экан. У билан 1963 йилнинг май ойларида ёзги таътилда Ўшга келганида қайтадан танишдик. Шаҳарнинг кўзга кўринмас ташвишлари, айниқса, ижодкорларни кутилмаган синовлари билан “сийлайди”. Ана шундай кезларда ёлғизқўл каминадай одамнинг ҳолига вой. Бу жиҳатдан Шавкат Раҳмонга ҳавасим келарди. Сабаби, қанотида ота-онаси, акаси Тошпўлат оғам, суянчтоғи укаси Маҳмуджон турарди. Чўлпоннинг отаси Иккинчи жаҳон урушидан қайтмагач, онаси Ширмонхон опа “пилта-савати” билан уч ўғилни Жўравой, Чўлпон ва Сайдуллоларни тарбиялаб вояга етказди, уйлаб-жойлади.
Тақдир тақазоси билан шоир биродаримнинг маҳалласидан уй-жой қилиб қўним топдим. Чўлпоннинг тоғалари Чирмашвой, Ҳусанбой акалар Ўшнинг эътиборли кишиларидан саналарди. Сайдулло эса энг яқин укаларимдан бирига айланди. Холаваччалари Исоқжон ва Ортиқвойлар – жўраларим.
1965 йилдан эътиборан Тошкентга серқатнов бўлишимга тўғри келган. Боиси – Миллий университетимизнинг журналистика факультетига сиртдан ўқишга киргандим. Кўчанинг бошроғида шоир биродаримнинг хонадони. Эрталаб ҳам, оқшом ҳам йўлим битта. Гоҳ Жўравой ака билан, гоҳо Сайдулло билан учрашиб ўтаман. Баъзан Чўлпондан андармон бўлган Ширмонхон опанинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламан. Ўқиш баҳонасида “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетаси редакциясида тез-тез бўлардим. Негаки, бу ерда Тоҳир Малик, Сафар Барноев, Чўлпон Эргаш, Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Эркин Малик каби қадрдонларим ишлашарди.
Чўлпон Эргашнинг оғалари, қариндош-уруғлари ўта ҳалол ва холис кишилар эканлигига ўзим гувоҳ бўлган бир ҳангома сира эсимдан чиқмайди. Дам олиш кунларининг бирида Чўлпоннинг тоғаси Ўш–Аравон йўналиши бўйича автобус шофёри Ҳусанбой ака уйимизга кириб келди. Бир пиёла чой устида у киши қуйидаги воқеани сўзлаб берди:
– Ука, бир ҳафтадан буён оромим йўқолган. Ўтган якшанба куни автобусда бир йўловчининг анчагина буюми, пуллари қолиб кетибди. Йўналишимдаги танишларим орқали тегишли жойларга хабар етказдим. Эгаси топилмаяпти…
Ҳусанбой ака билан маслаҳатга маҳси кийдириб, энлай материалларнинг ҳисобини чиқардик. Омонат пулларни беш, ўн, йигирма беш сўмликларга ажратиб, энлай матоларнинг ҳажми билан пулларнинг қанчалиги сир тутилган ҳолда газетага эълон берилди. Шундай қилиб, Ҳусанбой аканинг хонадони келди-кетдидан узилмай қолди. Йўқолган матонинг сохта эгалари олтмишдан ошса ҳам даъвогарларнинг жавоби пойинтар-сойинтар эди. Ниҳоят, тугунларнинг ҳақиқий эгаси тепақўрғонлик Хадича опа Олимова бўлиб энлай материалларнинг ҳажмини, ранг ва тусини, пулларнинг аниқ ҳисобини тўкис айтиб бергач, бошқаларнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Бир ойдан сўнг Ҳусанбой ака билан Хадича опанинг ўғил тўйида меҳмон бўлдик.
Бу орада Чўлпон Эргашнинг “Тонг юлдузи”, “Бизнинг уйимиз”, “Умид чироғи”, “Баҳор орзулари”, “Сеҳрли қўнғироқ”, “Ой чодир тикмоқда”, “Энг баланд қаср”, “Карвон келар”, “Орзунинг оғир киприклари” каби ўнлаб китоби босилиб чиқди. Унинг шеър ва достонлари ортиқча бақириқлардан холи, вазмин ва “гап тагида гап бор” қабилидаги туйғулар билан суғорилган. У мустақилликни орзу қилиб яшаб, ижод этган Рауф Парфи, Маъруф Жалил, Машраб Бобоев сингари иқтидорли қаламкашлардан биридир.
Янглишмасам, 1985 йилнинг баҳор ойлари эди. Оқшом уйимизга Сайдулло ғамгин ҳолатда кириб келди. Маълум бўлишича, Ширмонхон опа қазо қилибдилар. Чўлпонга хабар берайлик десак, адреси тўлиқ эмас, телефони йўқ. Таваккалига Сайёр аканинг хонадонига қўнғироқ қилишимизга тўғри келди. Шоир оғам у пайтда устоз Комил Яшиннинг ёрдамчиси эди. Гўшакни аканинг ўзи кўтарди. Вазиятни тушунтирдик. Ана шундай йўл билан дўстимизга совуқ хабарни етказдик.
Умр ўткинчи, ўлим барҳақ экан. Минг афсуски, ҳамшаҳрим, иқтидорли шоир Чўлпон Эргашга тобуткашлик қилолмадим. Ўтган гал Ўшга борганимда Сайдуллодан акасининг вафот этганини эшитиб, ундан кўнгил сўрашдан нарига ўтолмадим. Телеграмма берилмагани сабабли улар ҳам Тошкентга келишолмабди.
Муҳтарам китобхон! Шоир Чўлпон Эргашнинг энг сара шеърларидан ва достонларидан тузилган сайланмаси бугун қўлингизда. Унга баҳо бериш Сизларга ҳавола. Биз ўз навбатида дўстимизнинг турмуш ўртоғи Дилоромхонга, фарзандлари Саҳобатхон, Жалолиддинга, Ўшдаги иниларига, мухлисларига сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Турсунбой АДАШБОЕВ