O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мен дунёни ранглик кўраман

Мен дунёни ранглик кўраман
165 views
28 August 2017 - 17:11

Ассалому алайкум! Бу мақолани ёзишдан мақсад, яқинлашиб келаётган ўқув йилидан унумли фойдаланиб қолиш. Оилада эркак кишининг ўрни жуда салмоқлик. Биргина қиёмат кунидаги оила масъулияти эркак бўйнида эканлиги, катта далилдир.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда отам ишдан чарчаб келиб, озгина дам олганларидан кейин, албатта мактабдаги аҳвол ва дарсларимдан 30 дақиқа савол-жавоб қилар эдилар. Аслида, отамнинг эътиборларига қадар, онам пўстагимизни қоқиб бўлишган бўлар эдилар. Оҳ, онажонимнинг кетган асаблари… (Аллоҳ саломат қилсин)

Қўшни ўртоқларимга ҳавасим келар эди. Чунки, уларнинг ота-оналари менинг ота-онам каби вақт ажратмас, фарзандлар ўз ҳаёти билан катта бўлаверарди. Ваҳоланки, уларнинг ота-оналарини вақтлари нисбатан анча кўп бўлган экан, ўйлаб қарасам. Ўртоқларимнинг деярли ҳаммаси бадавлат хонадонларда ўсган, лекин кейинги ҳаёти жуда-жуда зерикарли бўлди, мен уларга ва у каби инсонларга фақатгина ачинаман. Қирқ ёшга яқинлашиб қолган одамларни ногаҳон суҳбатларига қулоқ тутсангиз, мавзу тўртта: футбол, аёллар, овқат ва гаджетлар. Аттанг!!! Мен ҳам улардан асло фарқ қилмаган бўлар эдим, агар ота-онамнинг ҳаракатлари бўлмаганида. Энди сўрашингиз мумкин, “сен нимага эришдинг?”- деб, ҳақли савол, қисқа қилиб жавоб бераман: менда мавзу уч-тўртта эмас, мен дунёни ранглик кўраман!!!

Ота-оналарга хитоб: “азизларим, фарзандларимизга эътиборлик бўлайлик. Кунига ҳеч йўқ ярим соат вақтингизни ҳар битта болангиздан аяманг! Агар сизни меҳнатингиз туфайли шу бола катта бўлганида жамиятга фойдаси тегадиган бўлиб етишса, билингки, бекорга яшамабсиз. Ахир қандай роҳат, қариган чоғингда фарзандларинг ортидан раҳмат эшитсанг. Қиёмат кунида ҳам бир-биридан қочадиган эмас, балки, бир-биридан фахрланадиганлардан қилсин. Энди бизни беэътибор бўлишга хаққимиз йўқ! Энди бизни рангсиз, оқ-қора кўрадиган фарзандлар тарбиялашга хаққимиз йўқ.

Инсон ҳаётида салмоқли ўрин эгаллаганларни энг аввали ота-она бўлса, кейингиси УСТОЗЛАРДИР. Агар жамият инқирозга юз тутса, ҳар ким хар-ҳил ечим таклиф қилади. Менда эса ечим битта, устозларга эътибор қилиш керак, вассалом. Бугунги кунда қадрсиз касб, ўтоққа ҳам, бўёққа ҳам ўқитувчи бўлиб қолган, буни сир жойи қолмади. Бундан ташқари йигирма тўртта мавзу бўйича конспект тўлдириши ҳаммасидан ошиб тушган. Маошни гапирмадим… ҳақиқатда “ма-ош” ни бир ўтиришда еб қўйса бўлади, қўли узунроқ одам бўлса. Умид қиламиз, Ўқитувчиларда ҳам ислоҳотлар бошланиб қолар. Ҳатто ота-оналар фарзандлари яхши инсон бўлиб етишса, дунёда мевасини ейишади, сизларникини эса тўлалигича қиёматга қолади, Худо хоҳласа. Нима бўлганда ҳам сизлардан ўтиниб сўрайман, бу авлодни ҳам бой бермайлик. Ўз устларингда ишланглар, дарсларга қизиқтиринглар. Келажакда болаларимиз бизга ўхшаб «коридорда» ўқиганмиз, деб мақтанадиган эмас, балки «мен фалон ўқитувчини шогирдиман», деб фахрлансин. Сизларга иш ўргатишни ўзимга эп кўрмадим, чунки, сизлар жамият МАЁҒИСИЗЛАР!

Юқорида хитоб ота-оналар ва устозларга бўлди. Навбат келажакка бепарво бўлмаган, касби, ижтимоий ҳолати, жинсидан қатъий назар жонкуяр қатламга, яъни: Юртнинг бадавлат кишиларига. Сизлар биласизлар, бугун энг унумли инвестиция бу ақлларга тикилган сармоя. Келинглар, модомики устозларимиз беэътибор қолишмоқда экан, эътибор беришни биз бошлаб берайлик. Биз оддий халқ, сиз ва мен. Нима, қўлимиздан келмайдими йилнинг энг яхши ўқитувчисини белгилаб, унга яшаб турган жойидан квартира олиб бериш ёки битта фонд очиб хоҳлаган ўқитувчини чет-элга малака оширишга жўнатиш? Албатта бундай ишлар тизимлик ва режали бўлади. Лекин қўлимиздан келади, бунга мен ишонаман. Гапим қуруқ маслаҳат бўлиб қолмасин, майли, биринчи тўловни ўзим қилай 1 000 000 (бир миллион сўм). Тўғри, бу пул кўп эмас! Унча бадавлат эмасман, лекин мен каби инсонлар кўпку, тўғрими? Келажакда мунтазам, баҳоли-қудрат тўлаб бораман.

Бизни бу ҳаракатимизни кўрган устозлар ҳам сидқи-дилдан таълим беришни бошлаб қолишади, деб умид қиламиз. Чунки, устозларнинг аксари бошларидан кечираётган қийинчиликларга қарамай, ўз софлик ва холисликларини сақлаб қолишган. Гапимнинг сўнгида ота-оналар, устозлар, ва миллат келажагига бефарқ бўлмаганларга мурожаат қилмоқчиман: Сизлардан илтимос, ҳамма ўз вазифасига сидқи-дилдан ёндашсин. Бир авлодни бой бериш арафасида турибмиз. Энди хато қилишга хаққимиз йўқ!

Sayyid Islom

facebook.com