Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 207
(давоми)
ЎТТИЗ БИРИНЧИ МЎЖИЗА
Фаҳд ибн Атийя ривоят қилур:
«Расулуллоҳ олдиларига ўн неча ёшлик тилсиз, дудуқ болани келтириб:
— Ё Расулаллоҳ, дуо қилинг, бунинг тили чиқсин,— дедилар.
Анда Расулуллоҳ у болага қараб:
— Мен ким бўлурман? — деб сўрадилар эрса, дарҳол бола:
— Сиз Аллоҳнинг пайғамбаридурсиз, — деб жавоб берди.
Шу билан тили очилиб кетди.
Яна бир янги туғилган болани момоси келтириб:
— Баракот бўлгай, — деб Расулуллоҳнинг қучоқларига қўйди.
Унга қараб:
— Мен ким бўлурман? — деганларида:
— Сиз Расулуллоҳ эрурсиз, — деди.
— Баракаллоҳ, рост айтдинг, — дедилар.
Шу сабабдан бу бола исмини Муборак қўйдилар».