O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни

Мен нечун тарк этдим Ўзбекистонни
196 views
14 February 2012 - 18:14

2011 йил октябрь Ўзбекистонда Пахта мавсуми авжига чиққан палла. Мен ўша вақтда ўзим яшаб турган қишлок марказида компьютерда хизмат кўрсатиш шахобчасида ишлар эдим. Мобил телефонларга пул ўтказиш хизмати, нусха кўчириш, қўлёзма хужжатларни компьютерда ёзиб нусха тайёрлаш хизматларини йўлга қўйган эдим. Пахта мавсуми бўлганлиги туфайли кундузи ишламиз учун маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари хамда участка нозири тўсқинлик қилиб туришарди. У хам етмагандек қишлоқ фуқаролар йиғини раиси кеч соат 20:00 дан кейин ишламаслигимиз тўғрисида буйруқ чиқарди ва тилхат талаб қилди.

Бизнинг ишимиз асосан кеч соат 17:00 дан кейин авжига чиқар, сабаби қишлоқ шароити бўлгани сабаб кундузи мижоз деярли бўлмасди. Хамма ишдан сўнг келар, аксарият қишлоқ ахли далада мехнат қилар эди. Биз шунинг учун баъзан ярим тунгача ишлашга мажбур бўлар эдик. Аслида 22:00 гача иш вақти қилиб белгилаб олгандек. Шу тариқа ишлаб юрган вақтларимда, мен мактаб ўқитувчиларига ачиниб кетар эдим. Улар иш кунининг асосий қисмини пахта даласида ўтказиб, кечқурун менинг олдимда ҳужжат тайёрлаш билан давом эттирарди.

Бу оддий қишлоқ ҳаётининг оддий кўриниши холос. Озми кўпми қишлоққа фойдамиз тегиб турарди. Тўғри тирикчилигим шуни орқасидан бўлар эди. Лекин бир хужжатни нусха кўчириш учун шахарга 500 сўм йўлкира қилиб боришмасдан, ўша 500 сўм пулга ҳужжатларни керагидан ортиғини мени ишхонамдан фойдаланган ҳолда нусха олишлари мумкин эдида. Фойдаси йўлкирани пулига қишлоқни ўзида иш битирса булар эди. Хуллас бир текис давом этиб турган паллада, бизни солиқ орган ходимлари текшириш учун мехмон бўлиб келиши. Очиғини айтганда мени ҳеч қандай хужжатларим йўқ эди. Чунки мен хужжат асосида ишлаганимда у ерда бекорга ишлаган бўлар эдим. Чунки қишлоқ шароитида улар белгилаган солиқни ойма ой тўлашнинг имкони йўқ эди. Хуллас солиқдан бир танишим бор эди унга хар ойига 20000 сўм бериб турардим, у шуни эвазига мени солиқдан ҳимоя қилар эди. Агар мен хужжат асосида солиқ тўлайдиган булсам 70000 сўм қилиб белгилашган эди.

Хуллас, солиқ ходимлари анча бош оғриқ қилишди, халоскорим яъни солиқдаги танишим химоя қилишга ожизлик қилди. Жарима солишди, 120 минг сўм миқдорида. У кун хам ўтди, жаримани тўладик.
Ишхонам МФЙ идораси ёнгинасида жойлашгани учун, МФЙнинг қоғозбозли ишларини хам қилар эдим. Улар тайёрлаётган хужжатларни кўриб, айримларига кулгим қистарди. МФЙ ходимларига хам очиқ ойдин айтар эдим. Бундай кулгили ҳисоб китоблар кимга керак экан деб ажабланиб хам қолар эдим. Уйингизда қанча экин майдони, нималар экасиз, нечта уй хайвонингиз бор, эркаги нечта, урғочиси нечта, йилига нечта туғади, хуллас шунақа маълумотларни тайёрлашарди, мен кулгидан ўзимни тўхтата олмасдим.

Пахта мавсуми яна хам авжига чиқдики, мени хам пахта теримига жалб қилишди. Албатта мен бунга қаршилик қилдим. Участка нозири босим ўтказа бошлади. Мен ундан хужжат талаб қилдим, яъни Ўзбекистонда пахта мавсумида фуқароларнинг пахта теришга мажбурлиги тўғрисидаги хужжатни талаб қилдим. Участка нозири бу талабдан ғазабланиб, бу президентнинг буйруғи дея эътироф этди. Мен яна ўша президентнинг буйруғи туширилган хужжатни талаб қилдим. Унда бундай хужжат йўқлигини билганим учун мен хам, хужжат масаласида бахсда давом этавердим. Орадан бир мунча вақт ўтиб хокимликдан икки вакил ва МФЙ раиси кириб келишди ва улар хам участка нозири айтган гапларни айтиб, агар буйсинмасам мени ахволим вой бўлишигача огохлантиришди. Шунда мен хам фурсатдан фойдаланиб уларга саволлар бера бошладим.

Айтингчи шу пахта тераётганларнинг ва теришга мажбур қилинаётганларнинг яшаш тарзи, қандай шароитдалиги хам сизни шунчалик қизиқтирадими? Сиз бир инсонни пахтага чиқариш учун сидқи дилдан вазифангизни адо этяпсиз, сиз ўзингиз пахта теришга розимисиз? Сизларни фақат пахта терими қизиқтиради холосми? Халқнинг ахволичи? Нега энди мажбуран теришимиз керак? Нега одамлар ўз хохиши билан термайдилар, шу масалада қизиқиб курганмисизлар? Саволлар кўп булди жавоб битта, сени ақлинг бошингни ейди.
Шу холатдан сўнг ишхонамга тез тез текширувчилар кела бошлади. Компьютеримда озгина диний маърузалар асосан Ҳайрулло Хамидов бор эди. Улар шу маърузаларни йўқотишимни талаб қилишди, рози бўлдим, илож хам қолдиришмади.

Шу тариқа кунлар ўтди, тишимни тишимга қўйиб ишлаб юрдим. Ўша вактда жуда кўпчилик Россиядан қайтаётган айримлар кетаётган вақт эди. Келганлар ўзларини таъсуроотлари билан ўртоқлашарди. Мен айримларига хатто хавас ҳам қилардим. Ишим орқага кетишни бошлади, текшир текширлар силламни қуритиб юборди. Ва мен ҳам Россияга боришни ният қилдим. Отамдан рухсат сурадим. Қиш яқинлашиб қолганлиги туфайли отам кўнмадилар. Лекин мени у ерда бу шароитда яшаш жонимга теккан эди. Отам рози бўлмаслигига қарамасдан хеч кимга айтмай бир ўзим йўлга чиқдим. Намангандан Тошкентга келдим ва у ерда суриштириб Россияга жунайдиган автобуслар манзилини топдим. У ерга боргач мендан паспортим ва 140 минг сўм пул сурашди. Мен ҳеч иккиланмасдан сўраган нарсаларини бердим, гарчи у одамларни биринчи кўришим бўлса хам. Бир кеча улар жойлаштирган хонадонда тунадим. Эрталаб тонг сахарда йўлга чиқишимиз хакида огоҳлантирилган эдим. Соат эрта сахарда 4:00 да мени ва менга ўхшаган йўловчиларни дамас машинасида Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасига олиб келишди ва паспортларимизни қўлга беришди.

Йўлда кимни автобусида ва ким орқали кетаётганимиз хақида тушунча беришди ва чегарада саволларга қандай жавоб беришимиз уқтирилди. Шундай қилиб Ўзбекистон чегара хизмати. У ердаги оломонни кўриб назаримда хамма Ўзбекистонни тарк этаётгандек эди. Шу билан хужжатларимизни теширилди ва Ўзбекистон худудини тарк этиш бошланди. Узун саф эдики чеки йўқ эди. Навбат билан Қозоғистон чегарасига киириб бордик. У ерда қозоқ чегарачилари хар бир ўтаётган ўзбек фуқаросини қўлига лапотка, супурги бериб чегара атрофини тозалатар эдилар. Агар рад қилсанг орқага қайтасан. Чиқиндиларни ташишга тўғри келди. Хамма қатори мен хам шу ишда қатнашдим. Кейин 500 сўмдан пул йиғиш тўғрисида буйруқ олдик. 500 сўм арзимаган пулку деб бердик. Чегара хизмати текширув бўлимига ҳам етиб кирдик. У ерда обдон текширдилар.

Ва биз Қозоғистон худудида. Юрагимда қандайдир бир туйғу бор эди. Ҳаяжонга ўхшаш бир туйғу. Наҳотки, мен Ўзбекистондан ташқаридаман. Автобусга ўтирдик ва йўлга чиқдик. Қозоғистон ҳудуди бўйлаб борарканмиз, борган сари совуққа кириб борар эдик. Бепаён Қозоғистон чўллари. Йўлда одамлар талаби билан автобус тўхтаб хожат чиқариш учун имконият яратиб берарди. Йўлда ошхоналарда овқатланиб олардик. Икки сутка деганда Қозоғистоннинг Петропавлоск шахарига етиб келдик. У ерда бизларга йўналишимизга қараб поездга чипта олиб беришлари керак эди. Мен Россиянинг Омск шахрига чипта олишим керак эди. Билмайман негадир шу Омск шахрини танладим. Чиптани олдим энди вокзалда поездни кутиб ўтирар эканман, хар 10 дақиқада қозоқ миршаблари хужжатларимни назорат қилиб туришди. Вокзалда узбек куп эди. Бемалол узбекча гапириб юрсангиз бўлаверади. Хуллас поездим келди, мени поездга кузатиб қўйишди. Поезда кетяпман қозоқ чегарачилари йўлда қайта қайта текширавериб хотиржам ўтиргани қўйишмади. Улар фақат Ўзбекистонлик йўловчиларга шундай муносабатда бўлишар эди.

Бундай сафардан сўнг Россия ва Омск шахри. Россия чегарачилари паспортим ва бошқа хужжатларимни бир марта текширишди ва қайтиб безовта қилишмади. Мен Россия худида анча эркин келдим. Мана Омск вокзали мени охирги бекатим. Ноябрь ойи бўлгани учун бу ерларда аллақачон қиш бошланган эди. Мен вокзалда турар эканман қаерга, кимни олдига боришни билмасдим. Яхши хам мактабда рус тилини аъло бахоларга ўқигандим. Рус тилини оз бўлсада кўча сухбатида гаплаша олардим. Тил билганлигим мени кўчада қолдирмади. Бир рус аёли билан танишдим ва ахволимни айтдим. У менга ёрдам беришлигини, ўзбекларга бўлган хурмати, унинг онаси Ўзбекистонда туғилиб ва мустақиллик вақтларида бу ерларга келган экан. У аёл ўзбек тилини хам оз бўлсада тушунар эди. Мен рус тилида тушунтиришга қийналиб қолсам, ўзбекчада тушинтирим мумкинлигини айтди.

Хуллас у мени уйига таклиф қилди, ижарага жой топилгунча яшаб туришимга рухсат берди. Унинг уйига келар эканман хаёлимда хар хил нарсалар, ким у, нега танимаган одамни уйига таклиф қилди, сотиб юборсачи деган хаёллар билан етиб келдим. У икки хонали квартирада икки боласи билан турар экан. Хуллас бир хонани менга беришди ва мен Россиядаги хаётимни бошладим. Хужжатларни тайёрлаб бўлгач иш қидира бошладим. Кўнглимдагидагидек иш тополмадим. Ўз сохам компьютер мутахасислиги бўйича халиги аёл ёрдамида ишга жойлашдим. Лекин иш хақи озлиги учун у ерда кўп ишлай олмадим. Ва кўпчилик сингари қурилишдан иш қидира бошладим, чунки қурилишда иш хақи бошқа соҳалардан анча юқори эди. Мен бир рус йигити билан танишдим ва унга шогирд бўлиб иш бошладим. У билан квартира таъмирлаш ишлари билан шуғулланардик. Мен ундан анча хунар ўргандим. Шу тариқа ишимни топиб кетдим. Алохида квартира олдим ижарага. Хаёт гўзал иш яхши, кайфиятлар аъло. Фақат соғинч, оила ватан соғинчи.

Мен бу ерга кўникиб борар эканман, одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишга, янги дўстлар ортиришга ҳаракат қилардим. Ва шундай ҳам бўлди. Дўстларим кўпайди. Мени яшаш шароитим, еб ичишим Аллохга минг шукрким хаммаси яхши эди, ва хозир хам яхши иншаалоох.

Мен фақат ўзим хақимда ва ўз келажагим хақида ўйлар эдим. Лекин, Россия худудида ишлар эканман хар хил манзараларга гувох бўлардим. Ўзбек миллатдошларимни ютуқларга эришганлари билан бирга хорланиб юрганларгича гувох бўлардим. Афсуски ютуқларга эришганлардан кўра хор бўлиб юрган ўзбекларни кўп кўрар эдим. Мен илгарлари ахамият бермаган нарсаларга ахамият бера бошладим. Билмадим ақл киряптими, лекин қандайдир туйғу тинчлик бермасди. Россия каналларидан янгиликларни кўрар эканман, ўзбек миллатига мансуб меҳнат мухожирларига оид янгиликларга кўзим тушар эди. Россия каналларида ўзбек мехнат мухожирларига оид янгиликлар хеч қачон яхши бўлмаган ва бўлмасди хам. Шу янгиликларни кўрган вақтларим хатто кўзимдан ёш сизиб чиқарди.

Фақат бир томонлама, яъни ёмонлаб кўрсатишар эди. Интернетда ўзбекларни устидан масхараомус роликларни кўриб жирканиб кетар эдим. Бу нарсалар ватан ичкарисида билинмас экан. Ватандалигимда бундай нарсаларга парво хам қилмасдим. Ватан ташқарисида ўзбекларнинг шу қадар паст даражали халқ қилиб кўрсатишлари мени бутунлай ўзгартириб юборди. Саволлар қийнар эди. Мен ким эдим?, Мен ахир Темурийлар авлоди эдимку… Куни кеча бутун дунёни ларзага солган Темурийлар зурриёди бугун шу даражада паст халқми?, Мен бу саволларга жавоб қидириб интернетда ҳар хил сайтларни кузатиб борадиган бўлдим. Ўзбекистонга оид янги ва архивга айланган янгиликларни ўқий бошладим. Кузатиб борар эканман, мен Ўзбекистон хукуматидан нафратлана бошладим.

Чунки халқнинг қай даражада бўлишида, давлат мухим рол ўйнар экан. Бизнинг хукуматда эса заррача хам бу нарсалар йўқ экан. Ўзбек аёл мухожирларини кўриб, баъзида ўзбекман дегани уялдим. Ха ҳафа бўлсангиз хам миллатдошлар айтаман. Ўзбекман деб гердайиб айтолмадим. Ерга қараб ўзбекман дейдиган бўлдим. Чунки Россияда ўзбекнинг зиғирча хам обрўси қолмабди. Янгиликларда ўзбек фоҳишалари деб кўрсатган вақтлари, ўзимни шундай хўрлангандек хис қилар эдим. Нодирабегим, Бибихонимлар гўрларида нақд тик туришган бўлса керак. Хаммада бир жавоб тирикчилик қилишни иложи қолмади, четга чиқишга мажбур бўлдим. Четга чиқинг, ишланг фақат ўзлигизни йўқотманг миллатдош. Аёллар масаласи бизни миллатда жуда хам нозик масала. Уларни салгина салбий харакати ўзбек эркагини синиб қолишига сабаб бўлар экан. Мен ўша кўрсатилаётган аёлларни танимасамда, миллатдошим эканлиги учун ҳам мени синишимга сабаб бўляпди. Эркаклар хам аёллардан фарқи қолмаганлари хам жуда аянчли.
Россияда юрар эканман, ўзбек ўғлонлари шундай ишлар қилишадики, ўзбек номини булғаб ташлашади. Ўзбек ўзбекни алдаб турса Россияда, сотиб турса, қолган миллатларни ўзбекларга бўлган муносабатини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўзбек ўзимга бекман дея шундай ишларни қиляптики, агар Темур, Бобур боболаримиз тирик бўлганда, буларни кўриб ўзларини осиб қўйган бўлар эдилар. Аждодларимиз руҳи чинқираб ётибди, бугунги миллат ишларидан.

Эй ўзбекман деган ўзбек ўғлонлари кўзингизни очинг!!! Кеча ким эдик, бугун кимга айландик?!

Эй ўзбек аёллари сиз хам кўзингизни очинг!!! Тирикчликни рўкач қилиб, ўзбек ўғлонларини синдирманг! Зеро аёл томондан берилган зарба эркакнинг бутун вужудини яралайди ва у қайта тузалмайди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожири

13.02.2012