O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мен учун йўқ сўздан оғирроқ нарса

Мен учун йўқ сўздан оғирроқ нарса
131 views
16 February 2018 - 9:47

МЕН УЧУН ЙЎҚ СЎЗДАН ОҒИРРОҚ НАРСА

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Офарин” мукофоти совриндори, шоир ва таржимон Матназар Абдулҳакимов билан бўлган суҳбатимиз асосан адабиётимиз, шеъриятимиз ва сўз ҳақида бўлди. Токи, сўз тирик экан шеърият тирик, кўнгиллар барҳаётдир. Суҳбатимиздан бебаҳра қолмайин десангиз, бизнинг мулоқотимизга қулоқ тутинг.

– Матназар ака, одатда шеър, шоир, кўнгил сўзларига жуда кўп дуч келамиз. Айтинг-чи, шоир учун кўнгил муҳимми ёки кўнгилнинг шоирлиги?

– Кўнгил деган сўзнинг ўзида “шоир”нинг маънодошлиги мавжуд. Агар инсон руҳияти қирраларининг мубҳам ҳамда муайян қароргоҳини кўнгил деб айтадиган бўлсак, унинг қайсидир маънода ва қайсидир даражада шоир бўлмай иложи йўқ. Мен шоирлик деганда, албатта, шеър ёзишнигина кўзда тугаётганим йўқ. Чунки сўз шоирликнинг, эҳтимол энг охирги унсуридир, шоир кўнгилнинг иложсиз қолган пайтларида турли мушкулотларни даф қилиши лозим бўлганида асқотадиган аслаҳасидир. Ҳазрат Навоий: “Эй Навоий, сўзда маъно йўқ йўкдурур, маънида сўз, Дурру маъни истасанг сен айлагил гуфтор бас”, деб бежиз айтмаганлар. Демак, шоир учун кўнгилнинг шо¬ирлиги деган иборанинг муқобили йўқ. Лекин, ана шу кўнгил ақл билан чамбарчас мутаносибликда бўлса, нур устига нур.

– Ҳозирги ёшлар шеъриятига муносабатингизни билмоқчи эдим.

– Ҳозирги ёшлар шеърияти юқорига тикка парвоз қиладиган самолётларни эслатаяпти. Улар парвоз йўлида узоқ “чопқилламасдан” тўппа -тўғри осмонга қараб юксалаётирлар. Тиббийроқ килиб айтадиган бўлсак, ёшларимизда шоирлик дардининг инкубацион даври ниҳоятда яширин кечаётир. Улар адабиётимизга аксар шаклланган “тап-тайёр” ҳолда кириб келмоқдалар.

Мен бундай деяётганимда, албатта, эпидемия тусини олган енгил-елпи масъулиятсиз шеърбозликни, суханбозликни, яна тағин тиббиёт илмидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, психиатрияда “гра¬фомания” деб аталадиган иллатни кўзда тутаётганим йўқ. Мен ҳақиқий шоир, ҳақиқий шеър ҳақида гапираётирман.

– Адабиётимизда, асосан шеъриятда анъанавийлик ҳамда мо¬дерн шеърият ўз ифодасини топиб улгурди. Бу борада сиз нима дейсиз?

– Мен шундай ўйлайман: модомики, “модерн” сўзи замонавий деган маънони билдирар экан, ҳар қандай чинакам шеър модерн бўлишга маҳкумдир. Модерн атамасига айрим доиралардаги совуқ муносабатлар илгариги мафкуранинг янги анъаналарини ғаразли мақсадларда ҳамда мухлислар учун англашиксиз бўлган терминлар тарзида олабўжи қилиб кўрсатилиши ижодий тараққиёт йўлига ғов бўлганлиги ва бунинг оқибатида адабиётимизнинг асрлаб ривожланишдан қолиши, ҳатто пайсалланишига сабабчи бўлди. Дунёда эскирмайдиган синоат йўқ. Бу эскирганликнинг ҳаётга ҳуқуқи бўлса, у ўзини майдонда кўрсатади. Мен “майдон” деганимда фаҳми тумтоқлашган ўтмас дидли (ёки дидсиз) одамларнинг ночор фикрларига ypғy бераётганим йўқ. Дейлик, ғазалнавис модерннависга ва модерннавис ғазалнависга чинакамига тан берса, де¬мак, ғазал ҳам, модерн ҳам ўзини оқлаётган бўлади. Одатда, улкан адабиётларда турли хил анъаналар баравар қадам ташлайдилар. Ўзбек адабиёти эса улкан адабиётдир. Шунинг учун унда анъанавий арузнавислик ҳам, халқ ҳамда ғарб шеъриятларининг таъсиридан жон топган бармоқ вазни ҳам, сарбаст ҳам бирдек енгил нафас оляпти. Бироқ гарчи мен тақдир тақозосига кўра, аруз ва бармоқда машқлар қилсам ҳам, сарбаст адабиётимизда нисбатан навқирон бўлганлиги учун “боланинг тили ширин”, деганларидек аксар модерннинг валфажрларига қулоқ тутаман. Мухлис сифатида мени модерннинг “чангали”дан тортиб олиш учун анъанавий шеърият бошқатдан қудрат касб этиши керак, шекилли.

– “Ятимат ад-даҳр” оҳангларида достонидан таржималарингиз турли йилларда нашр қилинган китобларингизда берилиб келинаётир. Шу хусусда мухлисларингизга изох бериб ўтсангиз?

– Менда, аввало, Исматулла Абдуллаевнинг сўзма-сўз таржимасидаги хоразмлик араблисон шоирларнинг шеърини бадиий таржима қилиш истаги туғилган эди. Бу режага қаламим қовушмади. “Яти¬мат ад-даҳр”да шоирларнинг шеърларидан таржималар яхлит тарзда эмас, балки узуқ-узуқ ҳолда берилгани учун, мен мана шу услубни сақлаган ҳолда мутлақо мустақил шеърлар ёздим. Китобга ҳурматим боис ҳамда услуб жиҳатидан (шеърларнинг мазмунан гоҳ тоғдан, гоҳ боғдан келишини эътиборга олиб) бу туркумга “Ятимат ад-даҳр” оҳангларида деган тагсарлавҳа қўйдим. Бу туркумнинг достон деб аталишига боис уларнинг яхлит туйғу атрофида бирикканлигидир. Достонда қоралаш учунгина “Ятимат ад-даҳр”даги айрим кишилар ҳамда жойларнинг номлари тилга олинади, холос. Шунинг учун ҳам бу асарни аллақачон тугалланган ёхуд бир умр давом этадиган шеърлар мажмуаси сифа¬тида қабул қилавериш мумкин. “Ятимат ад –дахр” нинг нисбатан тўлиқ варианти “Шарқ” матбаа концернида нашрга тайёрланаётган “Танланган асарлар”имда чиқиб қолар.

– Сизни мухлисларингиз таржимон сифа¬тида ҳам жуда яхши билишади. Таржимала¬рингиз мавзуида суҳбатимизни давом эттирсангиз?

– Мен болаликдан байналминал руҳда кўптиллилик муҳитида яшаб келаман. Бундай вазиятда ўзинг тушуниб бошқалар англамаёттан шеърлардан олган таассуротларингни ана шу бошқалар билан баҳам кўргинг келавераркан. Қолаверса, асримиз ўрталаридаги таржималарда мафкура тазйиқи билан ихтиёрли, ихтиёрсиз тензиционликни (нохолис) ўзимча бартараф қилгим келди. Бу иш салафларимга беҳурматликни эмас, аксинча эҳтиромни англатишидан умидворман. Менинг хатоларимни ҳам бир кун келиб навқирон маслакдошларим тузатарлар. Бу занжир азалдан келяпти ва абадга қараб кетяпти. Мен ана шу силсиланинг нари борса, бир халқасиман, холос.

– Нималар ёзаяпсиз айни шу кунларда?

– Мен Шермуҳаммад Мунис ва Рожийларнинг форсий шеърларини таржима қиляпман. Айни вақтда Хоразм Маъмун академиясидаги фаолиятим билан боғлиқ ўзим ўзбекчалаштирган шеърлар ҳақидаги “Таржимон талқинлари” китобим устидаги ишимни давом эттиряпман.

– Сизнингча, шоирлар пойтахтларда яшашлари шартми ёки…

– Ўзи туғилиб ўсган жойда умр ўтказган ижодкорлар ҳам анчагина. Чекка жойларда яшаб, ижод этаётган қаламкашларимизга уларнинг руҳи мададкор бўлсин. Мен учун бу ҳақда батафсил тўхталиш ноқулай. Чунки ўзим ҳам Хоразмнинг қишлоқларидан бирида яшаб, ижод қилмоқдаман. Бун¬дай вазиятда иста-истама ё керилиб кетган, ё ўзингни камситаётган бўласан. Мухтасар қилиб шуни айтишим мумкинки, ўзинг яхшироқ ёза оладиган жойингда яшашга нима ҳам етсин. Чекка жойларда туриб ижод қилишнинг бир афзал томони бор – ҳаётни яхши биласан. Кўп биладиган одам эса, ўзингиздан қолар гап йўк, тез қарийди.

– Қизиқишларингизга ҳеч тўхталмадик?

– Нима биланки ихлосдан келиб чиқиб шуғуллансанг, демак, у қизиқиш эмас. Қай вақтдаки ихлос билан шуғуллансанг, демак у бўш вақт эмас. Келинг, сиз ҳам хафа бўлманг, савол ҳам очиқ қолмасин. Мени шоир деб ўйласангиз, демак таржимонлигим қизиқиш ёхуд таржи¬мон деб уйласангиз шоирлигим қизиқиш бўла қолсин. Вариантларни давом эттиравериш мумкин. Хоразмлик боболаримиз “Ер ҳайдаб чарчасанг, ўғит тўкиб дам ол” деганлар. Ҳар иккала иш ҳам, биласиз, деҳқончиликка киради.

– Қўшиқ бўлиб айтилган, айтилаётган шеърларингиз ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

– Қўшиқ бўлиб айтилаётган шеърларим фикр айтадигандек даражада кўп эмас. Лекин сизга бир сир айтай, қўшиқ қилиб айтилаётган шеърингнинг ҳам, шеърингни куйлаётган хонанданинг ҳам ёмони бўлмайди.

– Суҳбатимиз давомида биздан қай савол берилишини кутган эдингиз?

– Келинг, модомики суҳбатимиз байрамлар нафаси тарқалиб улгурмаган кунларда бўлиб ўтаётган экан, уни қувноқроқ бир оҳангда якунлайлик. Бир латифа айтиб берай. Салгина савдойи бир одам ўзича ғудирданиб бораётган экан. Бир дўсти дуч келиб қолиб, ундан “Нима бало, ўзинг билан ўзинг сўзлашаётибмисан?”, деб сўрабди. “Ҳа, – деб жавоб берибди ҳалиги одам, – мен ақлли одам билан сўзлашишни жуда ёқтираман”. Бу энди ҳазил, агар жиддий гапирадиган бўлсам, “Tуркистон” жамоасига эътибор қилиб мени суҳбатга тортганингиздан бахтиёрман. Мабодо, мен истаган саволни сўрасангиз “Ким билан ҳамсуҳбат бўлишни истайсиз?” деган бўлар ва, албатта, “Сизлар билан” деб жавоб берган бўлар эдим.

Насиба ЮСУПОВА суҳбатлашди.
“Туркистон” газетаси. 2004-йил 31-январь. 8-сон.

Манба: Jayhun mavjlari