Амир Темур ўз қўли билан ёзган деб тахмин қилинадиган “Мен – фотиҳ Темур” асаридан икки кўчирма.
Бу асарни илк бор саудиялик ватандошимиз, шоир Учқун домла ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида ёзувчи акамиз Тоҳир Малик орқали “Шарқ юлдузи” журналига берган, ярмигача камина таҳрир қилиб журналга туширган, бир-икки сонида асар бошлари чоп этилиб, кейин аламли сабаблар билан давоми босилмай қолиб кетган эди.
Учқун домла уни форсчадан ўзбек туркчасига ўгирганлар, нутқларида ўрис тили таъсири бўлмагани, ўтган аср ўттизинчи йиллари ўзбекчаси сақлангани учун анча нодир сўзлар ила ширали бир равишда таржима қилган эдилар. Оллоҳ раҳматига олсин.
Нуруллох Мухаммад Рауфхон
Тошканд уруши
Маълумки, ҳар бир ҳукуматнинг қонунлари бор. Бу қонун ёлғиз менда эмас, бутун дунё бўйинча тасдиқ этилиб юргузулгандир. Масалан, ҳар бир давлат аҳолиси ўз ҳукуматига эҳтироман унинг амру фармонларини ҳам тутушлари, халқнинг мол, пуллари, тинчлигини ҳам ҳурмат қилишлари лозимдурки, мабодо баъзи бир ашрор (ёмонлар) исён қилиб, халқнинг пул-моли, ирзи-номусларига таарруз еткузмасун. Агар шундай бўлган ҳолда исённи бостириш ҳукуматнинг вазифасидур. Буни адо қила олмаган ҳукумат халқнинг хизматига барпо бўлмай, ўша ашрорга йўл бергувчи жонсиз бир давлат эътибор қилинадур.
Бу кунда маош дафтарларимда исмлари ёзилган, иш қилсун-қилмасун, маошлари узулмай юруб турган уч минг нафар жаллодим бор. Менинг ёки ҳокимларнинг амри билан мужримларга (жиноятчиларга) шулар жазо беради. Бундан чиққан натижа шулдурки, бир киши Анқарадан Самарқандга қимматбаҳо моллари билан жўнаса, улар ясовулсиз, оддий юруш билан тинч омон юра олар эди. Йўллардаги қароқчи, бўланггилардан омонлиғини таъмин этиб қўйганман. Ҳеч бир одам у карвонларнинг молига ёмон кўз билан қараёлмайди. Яна бир мисол: бир табоқ олтунни бир кичкина боланинг бошига қўйуб, Шарқдан Ғарбга, Шимолдан Жанубга йўлланса, орадан йиллар ўтади, кичкина бола болиғ ҳам бўлади (балоғатга етади), аммо бошидаги олтуннинг бир донасига-да нуқсон етмайди. У болани алдаб ёки зўрлик ишлатиб олтунини олғувчи одам менинг қўл остимда бўлмайди. Ҳеч ким эшитдими, менинг қўл остимдаги ерлардаги бир шаҳарда бир дўконнинг ўғирланганини? Ёки қайси бир кишининг уйига ўғри босиб кирганини? Бу каби жарималар эшитилмаганининг сабаби ҳам мен тутган (қаттиққўл) усулнинг тўғри эканини исботлайди. Мен фотиҳликка эришишимдан илгари ҳам ўғри-қароқчиларга қарши чора кўруш, доруғаларнинг очиқ кўзли бўлишлари учун зўр ташаббус қилганман. Чунончи, бир доруға (ҳоким) шаҳар амниятини ўз устига қабул қилиб олдими, у қуруқ номга вазифахўр эмас, балки масъулиятли бир ўрунда турганини билмоғи, кеча-кундуз ўз вазифасининг ижросида огоҳ бўлмоғи лозимдур. Агар бир ўғирлик ҳодисаси зоҳир бўлса, ҳаммадан аввал доруғанинг ўзи масъул тутулади. Ўғри топилмаса, доруғанинг қўли кесилиб, ўғрининг ўрнига ўзи жазоланади. Кўп тажрибалар билан исботи кўрулган эдики, доруға ўғри билан бирикмаса ё ўз вазифасига эҳмол қилмаса (бўш қарамаса), ўғрилик воқеъ бўлмайди (Биз ажратиб кўрсатдик. – Н.М.Р.). Шунинг учун доруғага ҳам жиддий масъулият қўйулиши билан кенг вилоятларимнинг ҳеч бир жойида ўғри, қароқчи қолмади.
Сўнгра мамлакатни хунук кўрсатувчи омилнинг яна бири гадоликдур. Гадоларни йўқ қилмоқ учун унинг иқтисодий аҳволини таъминлаш лозимдур. Бу нуқтани назарга олиб, мустаҳиқ гадоларни етарли ҳолда маош билан таъмин этдим. Бу жумла орасига кирган ожизлар, кўр, чўлоқ, қарилик сабаби билан ишдан қолганлар, иқтисодий аҳволи ночорлардир. Яна бир турли гадолар бордурки, пул-моли бўлатуруб гадоликни ҳунар қиладур. Буларга ҳам жиддий амр билан огоҳлик бериб, гадоликни касб қилувчиларга ёки мендан маош олиб туруб яна гадолик қиладурғонларга раҳмсиз ҳолда жазо беришимни билдириб қўйдим. Ишлашга қудрати етган гадоларни иш ва ҳунар билан таъминлаш чорасини кўрдум.
Яна бир табақа пайғамбарзодалар ҳам бор, уларнинг ҳам нубуват оиласига етишадурғонларини маош билан таъминладим. Мендан илгари ўтган мусулмон ҳокимлари бунга кўз солмагандур. Баъзи иқлимларда ўн минглаб одам “қувти ло ямут” (куни ўтиб туриши) учун гадолик қилгандур. Мен эса, шариат амрига мувофиқ, пайғамбаримизга насаб билан эришганлар учун хазина молининг бешдан бирини айириб қўйиб, шу маблағ билан уларни гадоликдан қутқардим. Ва байти Расулуллоҳга қилинадурғон эҳтиромимни ўз ерига еткуздум.
Илгари вақтларда ҳукуматларга қарашли қора сурон ва гизма (ясавулбоши, туман бошлиғи)лар халқнинг устига юк бўлуб яшар эди. Ҳатто емакларини халқдан олур эди. Мен бундай ишларнинг йўлини қатъиййан тўсуб, етарли маош бердим. Мабодо бирортаси эски феълини қилғудек бўлса, унинг рутубатига эътибор бермасдан ўлум жазосини бердим.
Сўнгра аскар ва зобитларим дўконлардан олган ашёларининг пулини бермаса ёки белгиланган нархдан кам берган, сотувчини норози қилган бўлса, шикоят келиши ҳамон ўлумга буюрдим. Шу йўсинда тартиб ўрнатиш билан юртлар обод, халқ тинч ва ором билан ҳаёт кечирди.
Эй ўғулларим! Мен сизларга васият қиламанки, мендан кейин қайси бирларингиз салтанатга эришсангиз, қароқчиларга, доруғаларга, гизмаларга ҳушёр бўлинглар. Булар ҳукумат маъмури бўлсалар ҳам, ўғри-қароқчилар билан тил бириктиришлари кўп кўрулган тоифалардандурлар. Агар буларга ўлум жазоси берилмаса, бутун давлатни барбод қилишлари мумкиндир.
Сўнгра гадоликни касб қилиб олганлар бордур. Буларга ҳам раҳм қилманглар. Уларнинг ўрнига пайғамбар авлодларини, уламоларни, шуароларни ва ҳунар арбобларини эҳтиром қилинглар ва ҳимоя қилинглар. Шароб ичмоқдан парҳез қилинглар. Чунки шароб уммул-хабоисдур (ёмонликларнинг онасидир). Агар шаробхўрликка ўрганиб қолсангизлар, вилоятларимиз қўлдан кетадур…
Хуросон жанубига азимат
…Бир неча кунлик йўл юрушдан кейин Бушравияга яқин етдик. Шаҳарнинг қораси кўрунарли ерда шаҳар томонидан пиёда келиб турган бир неча одамлар кўрунди. Булар шу шаҳарнинг оқсоқоллари бўлса, истиқболимга келгандур, деб гумон қилдим. Улар яқин келди. Сув рангли кўкдан кийим кийганлар. Ҳаво бир оз совуқ бўлганидан кийимлари устидан юнглик чопон кийиб, унинг рангини гул рангидан ихтиёр қилган эдилар. Буларни кўрган одам, бу шаҳарда бўз билан юнгдан бошқа нарса йўқ, деб хаёл қилур эди. Сарпўш ўрнида ҳаммалари саллали эдилар. Улар келиб менинг отим олдида тўхтадилар. Ораларидан бир қари оқсоқол киши баланд овоз билан шеър ўқуб бошлади. Шеърнинг мазмуни: “Эй амир! Офтобию ойлари билан фалак сизнинг ихтиёрингиздадур. Уларнинг чеврилиши сизнинг иродангизга боғлиқдур. Қадамингиз Бушравия шаҳрига муборак бўлсун. Ушбу шаҳардаги биз – мискин халқ қўлимиздан келганича сизни, хуш келибсиз, деб истиқбол қилмоқ билан шарафланамиз”, йўсунлиқ эди.
Шеъри тамом бўлганидан сўнг сўрадим: “Шаҳрингизнинг амири ким?” деганимга қарши: “Шаҳарнинг амири йўқ”, деб жавоб берди. Мен ажабланиб: “Амирсиз шаҳар бўладими? Шаҳар амнияти қандай сақланади? Аҳкомлар қандай ижро қилинади?” каби саволларни бердим. Чол киши жавоб бериб: “Эй улуғлик ярашган амир, шаҳримизда амир бўлмаса ҳам, аҳкомларни урф-одат бўйича ўзимиз ижро қиладурмиз”, деб бемалол сўзлади. Мен: “Сизларнинг васфингизни эшитган эдим, аммо амир, ҳоким йўқлигини тасаввур қилмаган эдим”, дедим. Ул одам далилини кўз билан кўрсатмоқ орзусида: “Эй улуғ амир, сизни шаҳар амири йўқлигида шубҳадан чиқармоқ учун шаҳримизга қадам ранжида қилмоғингизни, вазиятни ўз кўзингиз билан кўрмоғингизни рижо этамиз”, деди.
Мен шаҳарга кирганимда, кўчаларнинг кенглигига ҳайрон бўлдум, чунки Самарқанд кўчалари ҳам бу қадар кенг эмас эди. Шаҳар халқи истиқболим учун йўлнинг икки чеккасида турар эдилар. Ҳар одамда бир донадан тўрва бор, тўрва ичидан бир нарсани олиб, бир қисмини бир чўнтагига, яна бир қисмини бир чўнтагига солур эдилар. Мени бошлаб юрган одам бу шаҳарнинг оқсоқоли каби туюлди. Ундан сўрадим: “Бу одамлар нима учун елкаларида тўрва осиб олишган ва тўрвадаги нарсасини чўнтакларига айрим-айрим қўйишларининг сабаби нима?” Оқсоқол жавоб берди: “Тўрвалардаги нарса эчки юнгидур. Ундан бир сиқим олиб патлик (форсийда “кўрк” деганини бизлар “пат” ёки “тивит” деймиз) қисмини айириб бир чўнтагига, қолғон қисмини яна бир чўнтагига солиб илғайдурлар. Унинг мулойим патларидан қўмош тўқиладур, қолғонларидан шол, гилам тўқиладур”. Мен уларнинг қўй юнгидан истифода қилмасликлари сабабини сўраганимда, жавоб берди: “Бу ерда қўй боқилмайди. Қўй боқадурғон ёйлоқларимиз йўқ, эчкилар эса, шаҳар атрофидаги қуруқ хашак, тиконлар билан тарбияланадур. Биз унинг сут, юнгларидан фойдаланамиз”. Шундан сўнг оқсоқолдан исмини сўраганимда Ҳусайн ибн Исҳоқ деб маълум қилди. Вазифаси имом эканини, шу билан бирга, халқ орасида ҳосил бўлган ихтилофларни ҳам ҳал қилиб тургувчи бир одам эканини билдирди. Шу жойда бир тўқумачилик ишхонасига бордук. Бу ишхонада тўрт киши тивитдан мато тўқумоқда эдилар.
Ҳусайн ибн Исҳоқ изоҳ қилди: “Ҳалиги эчки юнгларидан айрилган тивитлардан «бўрк» деб аталадурғон тўқимани ҳосил қилурлар”, деб бир парча матони олиб келиб менга кўрсатди. Матони қўлумга олиб тафтиш қилиб кўрдум: Самарқандда кўп сотиладурғон хитойи ипакдан (абришим ҳарир) латифроғ эди. Мен ўшал кунгача бу хилда мулойим ва латиф матони кўрмаган эдим. Шу бир тоқанинг қиймати қанчага сотилишини сўраганимда, “Ярим динор”, деб жавоб берди. Нархи ҳам жуда арзон эди. Ишхонадан чиқишимда ҳамёнимдан тангаларни чиқариб, ҳар қайсиларига бир неча донадан олтун сундум. Улар бу атияни (туҳфа) қабул қилмадилар ва: “Эй улуғ амир, сизнинг юзунгизни кўрмоқ биз учун олтун хазинасидан ортиқ қимматликдур. Биз ўз меҳнатимиздан қозонган жузъий нарсага қаноат қиламиз, ортуқчасига эҳтиёжимиз йўқ”, дедилар. Ишхонадан чиқиб, нарироғда бўлган бир баққол дўкони олдида бир хотун киши савдо олиб турганига кўзум тушди. Боққол тарозуга қўлини тегузмай туруб: “Вайлул-лил-мутоффифин. Аллазийна изак талу алан-наси йаставфун”, деб оят ўқуди. Мен боққолни, Қуръон ўқушни билмаса керак, деб хаёл қилур эдим. Хотун киши, савдосини тугатиб жўнаганидан кейин боққолнинг олдига бориб: “Ўқиғон оятларингнинг маънисини биласанми?” деб сўрадим. “Ҳа, биламан”, деб жавоб берди. “Ундоғ бўлса, «Вайлул-лил-мутоффифин»нинг маъноси нима?” деб сўрадим. “Сотувчиларга ҳалоклик бўлсун”, деганидир, деди. “«Аллазийна изак талу алан-наси йаставфун»нинг маъноси-чи?” дедим. Баққол киши тамом истеъдоди билан жавоб берди: “Бу оятнинг маъноси аввалгининг такмилидур, Оллоҳу таоло айтадур: «Сотувчиларга ҳалоклик бўлсунки, улар ўлчовни яхшилаб оладурлар, аммо…» деб тўхтади. Мен ундан “«Аммо» демак ила тўхташдан мақсадинг нима?” деб сўрадим. Баққол: “Бу оятдан кейин яна оят бор, ҳали ўқуганим йўқ, унда мукаммал маънони англатадур”, деди. Мен: “Ўша оятни ҳам ўқуғил”, дедим. У бундай ўқуди: “Ва иза калу ҳум аввазану ҳум йухсирун”. Сўнг шарҳ қилиб: “Бу оят иккинчи оятнинг такмиласидур, маъноси: «У одамларки, ўзлари бир жинс молни олганларида вазнни тамомлаб тортиб олади, сотишда эса, вазн ёки ўлчовда кам бериб, олғувчига зиён беради», дейдур. Бу сурадаги уч оятни ўқувчи кишилар, бир-бирига муттасил ўқишлари керак, токи ўқуғувчи ва эшитгувчилар унинг маъносини яхши идрок қилғайлар”, деди. Мен унга: “Эй яхши киши, менинг ёшлигимдаги устозларим ҳам сен каби Қуръонни яхши тафсир қилолмас эдилар. Сен бу мавқеъда нима учун бу оятни ўқийсан?” деганимда, жавоб берди: “Эй амирлар амири, мен ҳар вақт қўлумга тарози олсам, Оллоҳу таолони ҳозиру нозир билиб, Оллоҳнинг махлуқларига нуқсон бериб қўймайин, деб бу оятни такрорлаб турадурман”, деди.
Биз Ҳусайн ибн Исҳоқ билан қароргоҳимга бораётганимизда азон товуши келди. Шайх Ҳусайн мендан масжидга бориб намоз ўқуб келмоғига ижозат сўради. Мен ҳам бирга намоз ўқуб келиш учун унинг билан масжидга жўнадим. Кетатуриб кўрдумки, дўкондорлар иш кийимларини ечиб, покиза кийимларини киймоқда. Ҳар ким покиза кийим кийганидан кейин масжидга қараб юрмоқда эди. Шаҳарда ўғри йўқлиги учун дўконлар ҳам очиқ ҳолда қолавермоқда эди. Масжидга кетиб турган бир дўкондордан: “Нима учун либосларингни алмаштириб, бошқасини кийдинг?” деб сўрадим. У одам бетўхтов Аъроф сурасидан бир оят ўқуди: “Йа бани Одама, ҳузу зийнатакум ъинда кулли масжидин ва кулу вашробу ва ла тусрифу. Иннаҳу ла йуҳиббул мусрифин”, деди. Мен у кишидан: “Оятнинг маъносини ҳам биласанми?” деб сўрадим. У менга тўғридан-тўғри: “«Эй Одам фарзанди, ибодат қилмоқчи бўлганларингда, безакланингизлар (яъни, покиза кийимда бўлингизлар), Оллоҳ таолонинг неъматларидан енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки Оллоҳ таоло исроф қилғувчиларни севмайдур». Бу оятга мувофиқ Оллоҳ таолонинг таълимини амалга ошуруб, масжидга боришимизда янги кийимларимизни киямиз ва шу тартибда Оллоҳ таоло ҳузурига бориб ибодатимизни қиламиз”, деди. Мен унга қараб: “Менга яхши дарс бердинг, гарчи мен ҳофизи Қуръон ва фақиҳ бўлатуриб, сизлар каби амал қилмас эканман. Сен бу ҳақда мени огоҳлантириб қўйдинг, – деб, шайхга мурожаат қилдим: – Эмди мен қароргоҳга қайтиб бориб, кийимларимни алмаштираман. Балки жамоатингизга етиб келолмасам, уйда ўқийдурман”, деб узр тиладим.
Қароргоҳда ҳануз мутаҳаррак масжидим қурулмаган эди. Либосларимни алмаштириб, уйда намоз ўқудум. Менга бу шаҳар халқининг Ислом дини амрларига мувофиқ ҳаракат қилишлари кўп таъсир бергани учун яна ташқарига чиқдим. Йўлда кетатуриб, бир атторнинг дўкони олдидан ўтар эканман, унинг: “Ва авфул кайла иза килтум, вазину бил қистасил мустақим…” деганини эшитдим. Таажжубда қолганимдан ўзумни тута олмадим ва ундан: «Қистас»нинг маъносини биласанми?” деб сўрадим. У киши айтди: “«Қистас» тарозудур. Аммо оятнинг мажмуидан шундай маъно чиқади: «Ҳар қачон ўлчов билан бир нарса сотсангизлар, ўлчовнинг комил бўлишига диққат қилинглар. Агар тарозу билан тортиб сотадургон нарса бўлса, икки палласи баробар бўлган тарозуда тортиб сотинглар», демак бўладур”, деди. (Форсий мутаржим изоҳи: қизиғи шулким, бу таъбирга етти аср ўтган бўлса ҳам, ҳалигача тарозуда адл калимасининг истилоҳи Хуросонда юруб турадур. Адл тарозуси икки палласи мувозанатда баробар, демакдир.)
Шаҳар халқининг дини муборакға ихлослик бўлуб, Қуръони карим амрига мувофиқ ҳаракат қилмоқ учун лойиқ бўлган илмдан баҳраманд бўлишлари менинг диққатимни жалб этган нарсалардан бири бўлса, хотунлар ҳам эрлардан қолушмас, Қуръонни ўқуб-ёзар эдилар. Ором ва истироҳатдан бошқа вақтларда хотун, эркак бекор турмай бир иш билан машғул бўлур эдилар.
Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳикоя қилдики: “Мен эс таниганимдан буён Бушравияда ўғирлик майдонга келмаган, одам ўлдурган киши ҳам йўқдур. Ёки икки одам ўртасида жанжал чиқиб, товуш чиқариб сўзлашган-сўкишганини хотирлай олмайман. Талоқ масаласи ҳам ҳозиргача воқеъ бўлмагандур. Ворислар мол талашиб даъволашмаганидек, бирининг молини бири тортиб ҳам олган эмасдур. Шаҳарда қоровул, қамоқхона, қозихона ҳам йўқдур. Бирор масала бўлса, менга келишадур, мен берган фатвони муорисасиз қабул қилиб айрилишадур”.
Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳам деҳқончилик қилур эди. Ҳар кун бомдоддан кейин кетмонини елкасига қўйуб ишга кетар, пешин намозига келиб, жамоат билан намозни ўқуғонидан кейин яна далага кетар эди. Шаҳар халқи ёш бўлсун, катта бўлсун, эркак-хотун ўқиш учун махсус вақт айириб қўйган эди. Саҳро гиёҳларида “кетро”, “анқуза” отлиғ икки хил гиёҳнинг кўп хавослари (хосиятлари) борлигини сўзлар эдилар. Яна, қора ранглик ёғни Бушравиянинг ғарбидаги йигирма тошлик бир еридан келтириб чироғ ёқмоққа қўлланур эдилар. Бу ёғ билан ёндирилган чироғлар яхши равшанлик берар эди. Бу ёғ ердан чиқиб, ариғ каби саҳрода оқиб турармиш. Офтобнинг таъсири билан унинг бўйи узоқларга тарқалармиш (Таъриф қилинган бу ёғ бугунги нефт бўлса керак. – Муҳаррир).
Қиш вақтининг яқин келиши, қўшун тортмоқ иқтизосинча, Бушравияда узоқ турмоқ ижоб этмас эди, шунинг учун бу шаҳарнинг фазли маърифатлари, ширин суҳбатларида давом этмоқ муяссар бўлмади. Бу шаҳарда тургувчи одамга мадраса, мударриснинг ҳожати йўқ эди. Амир бўлсун, деҳқон бўлсун, чўпон бўлсун ва ҳар қандай савияда бўлса бўлсун, бу ерда яшаш билан фозилу маърифатлик бир киши бўлуб етишар, Қуръонни ўқуб, ашъорларни айтиб ва ўқуб била олур эди.
Бушравиядан жўнашимдан илгари бир фармон чиқардим:
“Темур хонадонига мансуб ҳукуматлар яшадиқча бу шаҳардан хирож олинмайдур!” Шаҳарга “Дорул илми вал омон” унвонини бердим. Ва махсус таъкидладимки: “Мендан кейин авлодларим ҳар қандай сабаб ва баҳоналар билан Бушравияга ҳамла қилмайдур”. Жўнаш вақтимда Шайх Ҳусайн ибн Исҳоққа бир от бағишладим. У шу биргина отни ҳам қабул қилиб олмоққа тортинди ва кўп узрлар билан: “Эй амир, биз эшак миниб одат қилғандурмиз, шу улоғ бизга кифоя қиладур”, деди…”
Нуруллох Мухаммад Рауфхон