O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мен энди ҳақиқий жиноятчига айландим!..

Мен энди ҳақиқий жиноятчига айландим!..
111 views
07 June 2017 - 10:00

Ислом Холбой

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                             ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
                 таҲқирлАйДиЛаР 

Т  У З О Қ
Биринчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб 
қололмайди.
Муҳаммад пайғамбарнинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(16)

Бармоқлари билан столни чертиб ўйнаётган терговчидан садо чиқавермагач, менбошимни кўтариб, унинг кўзларига боқдим. У рақиби устидан ғалаба қозонган мақтанчоқ лашкарбошидай масрур ҳолда мени томоша қилаётганди. Ғолиблик нашидаси қаҳр-ғазаб тўла кўзларига қувонч шуълаларини ҳайдаб кирганди. Унинг беҳаёларча боқаётган нигоҳига бардош беролмасдан бошимни хам қилдим. У фуқарога марҳамат қилаётган шоҳ сингари сўзларини салмоқлаб:

– Нима демоқчисан? – деди.

– Барчасини ёзиб бераман! Сиздан ўтинаман, қизим билан хотинимни бу жойлардан дарҳол чиқариб юборинг! – дедим.

– Муддоанг шу эдими, ифлос! – деди у. – Қилмишингни бўйнингга олишинг учун хотининг билан қизингни булғашинг шартмиди? – Бу билан терговчи ўзича айбни ўзбўйнидан соқит этиб, менинг зиммамга юклаётганди. – Ҳуқуқ ҳимоячисиман деб гердаясан, миллат тақдири учун жон куйдирасан! Аввал оилангни ҳимоя қила олишингни исботлаб бер, қани, қўлингдан келармикан? Сўнгра ватанфурушларга, дин ниқоби остидаги юрт бузғунчиларга қалқон бўласан. Сенинг қийшиқ босган қадаминг учун оловингга гулдек хотининг билан ўн гулидан бир гули очилмаган қизинг ёнди. Сенингдек эр, сенингдек ота бўлганимда, мен аллақачонлар бир қулоч ипни шифтни тўсинига боғлаб ўзимни осардим. Палакат, юртфуруш, хоин! Ватан, оила нималигини билмаган ҳезалак…

Терговчи нимани айтган бўлса, оқизмай-томизмай қоғозга туширдим.

Эртаси кун тўртта ҳамкасбимни ваҳҳобийликда айблаб, мен билан юзлаштирдилар. Уларнинг кўзларига бақрайиб туриб, кўрсатмамда ёзганларим тўғри эканини таъкидладим. Мен исми шарифини аризада келтиришни истамаган икки нотаниш кимса сўзларимнинг ростлигини тасдиқладилар. Намоз ўқиш нари турсин, умрида пешонасини ерга теккизмаган тўрт ҳуқуқ ҳимоячиси ашаддий диндор,бузғунчи ваҳҳобийчи сифатида муқаррар қамаладиган бўлди. Ота-оналари, хотинлари, болалари уларнинг орқасида йиллар бўйи қақшаб қоладиган бўлди. Мени энди улар ўғиллари, садоқатли эрлари, суюкли оталари учун бир умр қарғайдилар. Мен энди  ҳақиқий жиноятчига айландим!..

Соқчи гўё Абдулланинг ҳикояси тугашини эшик орқасида пойлаб, тинглаб тургандай, шақирлатиб илгичларни оча бошлади. Ҳикоя таъсирида юраклари қора қонга тўлган маҳбуслар кутилмаган ташрифдан жонларини ҳовучлаб, дамларини ичига ютдилар.

– Бойқўнғиров! – деди соқчи эшикни очиб.

 Полда олача тўнига ўралиб ётган барзанги ўрнидан ирғиб туриб:

– Мен! – деди.

Соқчи уни олдига солиб кетгач Абдулла:

– У чақимчи! – деди.

Абдулланинг гапини эшитган маҳбуслар қўрқиб кетганларидан тилларини тишлаб қолдилар. Уларнинг хавотирини ҳис этган Абдулла эса:

– Нимадан қўрқасизлар? Барча айтган гапларим учун ўзим масъулман! – деди. – Баҳона сабаб, сизларга сўзлаб ичимни ёздим. Бу менинг охирги ҳикоям. Менижазоламоқчи бўлганларида, ўлган бўламан…

Унинг сўзларидан ларзага тушган Баҳром:

– Қўйсангиз-чи бўлмағур гапларни, Абдулла ака! – деди. – Бир кун келиб бу ерлардан чиқиб кетсангиз, барчасини унутасиз.

– Мен эрталабгача ўламан, ука! – деди у. – Бу гапларни бекорга сўзламадим. Сиз тилингизга эҳтиёт бўлинг, бу қоронғи ковакларда кўп қолиб кетмайсиз, бир кунқутулиб чиқасиз. Елкангизда дард-ҳасрат, армон билан ўлиб кетганларнинг, ноинсоний қийноқлардан чексиз хорликлар тортганларнинг юки бор. Нима гаплигини дунё билиши керак. Келажакда насллар бу кунларнинг бедодликларини унутмасинлар. Улар рўшноликка чиққанларида ҳам яхши-ёмон кунларнинг сабоғи билан яшасинлар, хотирасизлик хорликка, зулм ва истибдодга олиб келади. Бу буюк вазифани уддалашингиз шарт!

Баҳромнинг юраги тез ургандан ёрилиб кетай дерди.

Буни сезиб турган Абдулла:

– Ҳеч нимадан қўрқманг, укам! Бу гаплар шу жойда қолади, орамизда нобоп одамқолмади! Айтмоқчи эмас эдим! – деди у сўнгра Ардашерга бошини буриб чуқур-чуқур нафас оларкан. – Сиз нотўғри йўлдан кетяпсиз. Миллий хавфсизлик билан алоқангизни узинг. Умрингиз узоқ, йўлингиз чароғон бўлади. Яқинда чиқасиз, ўрнингизга оғайнингиз қамалади…

Абдулла ҳар бир оғиз сўзни минг машаққат билан гапирар, эриб битаётган шамга ўхшарди. Унинг шамасини илғаган Баҳром эса бир кун келиб кўрган-билганларини шундай ҳам бутун оламга ошкор этиш ниятида эди. Абдулла унинг қамоқхоналардаги қийноқлар тўғрисида китоб битмоқ иштиёқи борлигини чиндан ҳам тўғри илғаган эди.

Иккинчи қаватда ҳали-ҳамон ҳасратга кўмилиб ётган Икром:

– Бу важлара ишонмас адим. Ҳаммаси бор нарсакан-да, оғалар! – деди.

Унинг мавзуни бошқа томонга бургани оғир ҳавони енгиллаштиргандай бўлди.

Нима дейишни билмай, тилини ютиб ўтирган Ардашернинг елкасидан тоғ ағдарилгандай:

– Албатта, бор нарсалар! – деди.

Баҳром ҳам мавзу ўзгарганидан ичида хурсанд эди. У ўзи ҳақда Абдулла айтгангап жиддий тус олмасдан, тезроқ унут бўлишини хоҳларди. Шу туфайли дарровАрдашернинг фикрини қўллаб-қувватлаб:

– Ҳа, ростдан ҳам бор гаплар! – деди.

– Одам ёширин важлари ничик биларакан-а? – дея, Абдулла топиб гапиргандан сўнгра, ҳайратини беркитиб ўтирган Икром таажжубини ошкор этди.

– Ҳар бир нарсани ҳам Тангри беради! – деди Ардашер.

– Тўғри! – деди Баҳром. – Биз фақат битта оламни –  қуёш тизимини биламиз, холос. Биз яшаётган оламдан ташқарида яна 17 999 та олам бор. Одамзот ҳалигача ўзи яшайдиган ернинг бир фойизини ҳам тадқиқ этмаган. Ўзга сайёраларга ракеталар орқали саёҳат қилиш у маконларни забт этиш деган маънони англатмайди. Инсонгакатта тафаккур кучи ато этилган. Техника минглаб йилларда қилолмаган ишларни мантиқ ва идрок кучи билан лаҳзаларда амалга ошириш мумкин. Мантиқ ва идрок учун на макон бор, на замон. Унинг қаршисида чегара, масофа деб аталадиган моддий тушунчалар рол ўйнамайди. Бизга инъом этилган буюк неъмат бўлмиштафаккурнинг  ҳали-ҳамон юздан бирини ҳам ишлата олмаганимиз, бу бизнинг жоҳиллигимиздандир. Исботи: Ер куррасида биз билан ёнма-ён яшаётган бир нечта олам бор. Улар бир-бирлари билан кесишиб ҳаракатлансалар-да, бир-бирларига тегиб кетмайдилар. Хоҳлаганларида ҳам, бир-бирларининг чегараларини босиб ўтолмайдилар. Ёнма-ён оламдагиларнинг кўплари бизларни кўра оладилар. Бизларнинг саноқлиларимизгина уларни кўришлари мумкин. Қачон кўришлари мумкин? Устозлар ёрдамида, илм-фан чўққиларини заҳмат билан эгаллаб, ҳалол луқма ҳисобидан вужудини латифликка етказганда. Қаттиқ касаллик туфайли ўзини ўраб турган ҳимоя қобиқларидан жудо бўлганида. Жин-ажина чалганда. Буларнинг фақатгина биринчиси хайрли, холос. Қолганлари касалликдан, руҳий зўриқишдан ва қаттиқ қўрқишдан пайдо бўлганлиги сабабли, инсонни охир-оқибат ҳалокатга олиб боради. Ёки жинни қилади. Устозлар етовида йиллар бўйи бу мураккаб жараёнга тайёрланмаган вужуд руҳнинг зўриқишидан осонгина титилиб кетади. Яъни, исм важисм бир-бири билан мутаносиб ҳаракатлана олмайди. Мутаносибликнинг йўқолиши барча ҳолатларда инқирозга бошлайди…

– Оға, одаминг ичиндагини нишатиб билса бўлади? Шуни душунтириб баринг! –дея Баҳромнинг гапини бўлди Икром.

– Ғайритабиий ҳолатлар юз берганда ақлимиз етмаган оддий нарсалардан илоҳийлик қидирамиз. Аниқ қарашларга таяниб фикрлашдан эса эринамиз! – деди Баҳром. – Тўғри, барчаси Тангридандир. Унинг хоҳиш-истагидан ташқарида ҳеч нарса йўқлиги мантиқий. Бироқ ҳеч бир нарсани У сабабсиз ва оқибатсиз яратмаган. Чириган хаснинг ҳам ўз тақдири ва тарихи бор. “Ахборотлар империяси”ни тирноқдек маконда асрайдиган оддий компакт дискининг ўзи мўъжиза эмасми? Кўзимиз ҳамкўриб турган жами нарсаларни пайдо бўлган онларидан йўқ бўлиб кетиш лаҳзаларигача ёзиб қоладилар. Бу ҳар бир нарсага хос хусусият. Мияларимиз эса бу ёзувларни ўқий олиш даражасида ривожланмаган. Вақти етиб, инсоният бу мавқега эришади. Инсоният оламининг ички тизими интернетга ўхшайди. Игна тешигидек кириш жойини топсанг, ўтирган жойингда чексиз ахборот уммонларида сайр этиб юраверасан. Сен билан Зумратни боғлайдиган саноқсиз сетлар мавжуд. Зумратни ўқиш учун сенинг дунёнгга кирилса, бас. Ундан Нурхонга, Нурхондан Бурҳонгачиқилаверади. Шу йўл билан бутун ер юзидаги инсонларнинг ичларини ўқиб чиқиш мумкин бўлади. Бугунча бу нарса тахайюл. Бироқ кун келиб оддий ҳолга айланади. Бундан эллик йил олдин симсиз телефонда гаплашган кимсани кўрган одамлар қанақа ҳолатга тушардилар? Симли телефонлар бугун биз учун жуда оддий туюлади.Ҳолбуки, юз йил илгари одамлар учун симли телефонларни тасаввурга сиғдиришосон бўлмаган. Абдулла аканинг одамлар ичини ўқиши ҳам, аслида, оддий ҳол. Ўзи айтгандай, зўриқиш натижасида ҳимоя қобиғидан айирилган миядаги марказий асаб тизими бошқалар миясига тўлқин юбориб, ўмариш йўли билан ахборот йиғяпти. Ачинарлиси, бу билағонлик Абдулла аканинг соғлигига акс таъсир кўрсатади.

– Абдулла ака! – деди шунда Ардашер беркитган нарсаси хаёлидан кўтарилган кимсадай ҳовлиқиб. – Сизни нима учун вазирлик ҳибсхонасидан бу жойга олиб келишди? 159-модда билан айбланганларни судгача бошқа маҳбуслар билан бир жойда ушлашмайди, деб айтишарди.

– Қизил хоч билан Қизил ярим ой жамиятлари, Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари турмалар аҳволи билан яқиндан танишиш учун анчадан буён бел боғлаб келарди. Жорий ҳукумат Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг аксариятини икки дунёда ҳам қамоқхоналарга йўлатмайди. Фаҳмлашимча, Қизил хоч жамиятидан бирор нарса ундириш илинжида уларгақамоқхоналарга киришга рухсат берилганга ўхшайди. Андижон қирғинларидан кейинқамоқхоналардаги қийноқлар янаям авж олдирилди. Озодлик уйи ташкилоти ваАнглия собиқ элчиси Крек Мурей ўзбек ҳукуматининг жирканч башарасини дунё жамоатчилиги олдида очиб ташлаб, яширадиган нарсанинг ўзи қолмади. Ҳукумат қабиҳ қилмишларини хаспўшлашга қанчалар уринмасин, ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бизларни Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари кўзидан яшириш учун шошилинч чора сифатида ҳибсхоналарга тарқатиб ташладилар, шекилли!

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман! – деди иккинчи қаватдан тушган маҳбус. – Аввал ҳам икки марта қамалиб чиққанман. Тартибга кўра, қамалиб чиққанлар билан биринчи марта қамалаётганларни бир камерада ушлаш мумкин эмас. Бизлар ҳамвазирлик ертўласида ётган эдик. Бугун тушдан кейин ҳаммани ҳар ёққа сочиб ташладилар.

– Бундай қилган билан нима ўзгаради? – сўради Баҳром.

– Ҳибсхоналарда хавфсизлик ташкилотлари топшириқлари ва кўрсатмалари билан ишлайдиган сараланган маҳбуслар қоладилар, – деди бояги маҳбус. – Бутун идиш-товоқ, кўрпа-тўшак, чойшаблар янгиланади. Овқатлар меъёрларда тайёрланади. Шароит Амриқо ёки Оврупа қамоқхоналаридагидан ўтиб тушадиган даражада жойига келтирилади.

– Бу билан нимага эришиш мумкин?

Баҳром ҳар бир нарсани ипидан игнасигача билиб олишни истарди.

– Кўп нарсага эришса бўлади! – деди маҳбус. – Асосийси, Халқаро ташкилотлар кўнглини овлаб, қамоқхоналардаги шароитларнинг меъёрларга жавоб беришини исботлаш. Сўнгра ўзларига итдай хизмат қилаётган лахмачлар, чақимчилар ва хуфияларга дам бериш. Улар учун бу кунлар тўкин-сочинликларга тўла байрамдай кечади. Тадбир тугагач, идиш-товоқдан тортиб матрас-ёстиққача янгиларийиғиштириб олинади. Яна эски ҳаммом, эски тос, барчаси аввалгидай  давом этаверади.

– Бу ишларнинг шунчаки ўйинлигини ҳар икки тараф ҳам яхши билади! – деди Абдулла. – Ҳукумат бир сонияга бўлса ҳам ўз умрини чўзиш учун тиришади. Халқаро ташкилотлар, ҳукумат инсофга келар, деган умид билан танлаган йўлида собиттуради. Ҳукумат келишувларга амал қилмаган тақдирда ҳам, Халқаро ташкилотлар,маҳбуслар ҳуқуқлари озгина бўлса ҳам тикланади-ку, деган илинжда келажакдаги муваффақиятларга ишонч боғлайдилар. Улар умидлари армонларга айлангантаҳқирланганлар қалбида ҳаётга иштиёқ уйғотиш учун қўлларидан келганча олғаинтилаверадилар. Ҳукумат шу бугунги куни билан яшаса, Инсон ҳуқуларини ҳимоя қилиш ташкилотлари узоқ манзилларга кўз тикиб яшайдилар.

Абдулла титраб-титраб зўрға гапирарди. У ушалмай қолган орзу-армонларига, чексиз хорликларга алвидо ўқиётганга ўхшарди.

Баҳром, Абдуллани ортиқ азобланмасин деган ниятда уни атай чалғитиш учуниккинчи қаватдан тушган маҳбусдан:

– Сиз икки марта қамалиб чиққанман, деяпсиз. Чақимчи ва хуфияларни кўчада ҳам одамлар яхши биладилар. “Лахмач” деганлари ким? – деб сўради.

– “Лахмач” аксар ҳолларда бир неча марта қамалиб чиққан, тажрибали маҳбуслар орасидан танланади. Улар қонунлар ва тартиб-қоидаларни қонун посбонлари ва хавфсизлик вакилларидан кўра тузукроқ биладилар. Қамоқ муддатларини эса кўпинча ҳибсхоналарда ёки хавфсизлик ташкилотлари маъқул деб топган манзилларда ўтайдилар. Уларга муайян миқдорда мояна ҳам белгиланади. Гумонланиб қўлга олинганларнинг саксон фойизи лахмачларнинг элагидан ўтказилади. Улар тезкор гуруҳ вакили кўрсатмасига биноан фаолият олиб боришади. Асосий вазифалари маҳбусларни руҳий-жисмоний синдиришдан иборат. Шу йўл билан хавфсизлик ходимлари бой маҳбусларнинг яқинларидан катта миқдордагипораларни ундирадилар. Терговчининг буюртмаси билан очилмай қолган жиноятларни  орқасида “тузук кимсаси” – қўлида маблағи йўқ маҳбуслар бўйнига иладилар. Маҳбусларнинг аввалда содир этиб, очилмай қолган “жиноятлари”ни очадилар. Ходимлар эплай олмайдиган неки иш бор, улар ниҳоясига етказади.Абдулла акани қийноқларга солган ўша икки маҳбус ҳам лахмач бўлган…

Иккинчи қаватдан тушган маҳбуснинг сўзи шу жойга етганда бўлиниб қолди. Соқчи эшик илгичларини шақирлатиб оча бошлади. Эшик очилиб, Бойқўнғиров ичкарига киргач, тағин ёпилиб, илгичлар илдирилди. У тўнини чиқазиб ерга тўшади-да, аввалгидек унинг устига чўзилди. Хавфсираб қолган маҳбуслар анчагача жимибқолдилар. Вақт алламаҳал бўлган, сукунат ҳукмрон бўлган сайин асаблари чарчаган маҳбусларни элита бошлаганди.

Баҳромнинг қаттиқ толиққанини пайқаган Ардашер иккинчи қаватда ётганИкромга:

– Туш, оғанг юқорига чиқиб бирпас дам олсин, тағин алмашасизлар! – деди.

– Хўп бўлади, оға! – деб у пастга тушди.

 Юқорига чиқиб чўзилган Баҳромни яна прокурор ёрдамчиси билан ўрталарида бўлиб ўтган уч дақиқалик суҳбат безовта эта бошлади. Ёрдамчининг, “…айбини бўйнига қўйиб олиб келинг” деган сўзлари замирида қабиҳлик ётгани унга тобора аён бўлиб бораётганди. Вақт алламаҳал бўлди, мени ҳеч ким безовта қилмаса керак деган алдамчи хаёл унга ёпишиб олган, умид булутли кечадаги яккаш юлдуз каби кўксида бемажол милтирарди. Бор вужуди билан умиднинг ғалаба қилишини жону дилидан истаса ҳам, у ичидаги ишончсизликнинг чангалида итнинг оғзидаги суяк каби эриб борарди. Нима бўлганда ҳам, маҳбусларнинг  “Шаҳар бошқармаси ертўласида ҳар битта одам элакдан ўтказилади” деган сўзлари унинг асабларини эговлашдан тўхтамас, у ғор ичида адашиб, чиқишга йўл топа олмаётган одамга ўхшарди.

Шунда азоб-уқубатнинг сукунат деб аталмиш кўрпасига бурканиб мудраётган хонада Абдулланинг овози янгради:

– Сизни ҳалироқ олиб чиқиб кетишади, унгача мизғиб олинг. Қўрқадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар бир маҳбуснинг бу тўсиқдан ўтмасдан иложи қанча. Илтимосим, мени ҳеч қачон унутманг!

 Баҳромнинг фикрини ўқиётган Абдулла, уни қўрқмасликка даъват этиш баробарида, зиммасидаги мажбурятни ҳам эслатиб қўяётганди. Овози совуқ ертўлаларда саробга айланмаслиги учун кун келиб Баҳром бугунги суҳбатни ер юзига ёйиши лозим эди. Абдулланинг қоронғи кечадаги адашган йўловчидай тушкунлик ва қабоҳатлар гирдобида сўниб бораётгани ҳақиқат эса-да, у ўзининг улкан қалб эгаси эканлигини Баҳромга англатишга улгурганди. У ажал билан юзма-юз турганда ҳам юрти ва миллати фаровонлигини ўйлар, сўнгги нафасини ҳам ўзбекнинг миллат сифатида юксалишига бағишлаётганди.

“Шундай экан, менинг қўрқишга ҳаққим йўқ” деб ўйлади Баҳром!

Шу пайт яна:

– Тўғри! – деган жарангдор овоз эшитилди.

Бу келажакка ишончи ортган бир кимсанинг товуши бўлиб, бу сафар ушбу овозда хасталик аломатлари сезилмасди. Бу овоз – ёввойи ҳайвонларга тўла ўрмонда наъра тортаётган арслон ўкиригидай эътиборни тортадиган бир овоз эди.

Руҳияти кўтарилган Баҳром барчасига қўл силтади.

– Тангрига таваккал! – дея ўнг томонига ағдарилиб, кўп ўтмасдан ухлаб қолди.

Давоми бор