O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, биз ёнмасак… газ қачон ёнади?!

Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, биз ёнмасак… газ қачон ёнади?!
1,225 views
30 April 2021 - 22:29

Янги йил арафасида Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев номига очиқ хат билан мурожаат қилган эдим.

Мурожаатда Муборак туманидаги Қарлуқ қишлоғининг газ билан таъминланмаганлигини таъкидлаб ўтган эдим.

Мурожаатим гарчи шахсан Президентга етиб бормаслигини англасам-да, мурожаатни ўқиган вилоят мутасаддилари бу мурожаатни жавобсиз қолдирмасликларидан умид қилгандим. Афсуски, фақатгина субектив сабаб билан у мурожаатни ўчириб юборишга қарор қилгандим.

Шундай бўлса ҳам, мен ёзган мурожаат аллақачон Қарлуқ қишлоғида овоза бўлишга улгурди. Ҳатто мурожаатдан кейин юқори ташкилот раҳбарлари ўн кун ичида қишлоққа келиб, газ муаммосини ҳал қилиб беришлари ҳақида оғзаки жавоб беришган эди.

30 000 нафардан ортиқ қишлоқ аҳолиси ҳалиям газ муаммосини ҳал бўлишини кутиб умид қилишмоқда. Бугун қишлоқ оқсоқолларидан бўлмиш фидойи инсон Ҳайитмурот Ҳасанов 5 йилдан буён тўпланиб қолган мурожаатлар, имзолар, қарорлар ва умуман қайси раҳбар қандай ваъда берган бўлса ҳаммасини қоғоз қаламини менга олиб келиб кўрсатди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бутун бир халқ сиздан умидланиб, ишонч кўзи билан сиздан озгина ҳаракат кутса улар учун нимадир қилиш ҳисси туғиладими, йўқми? Ёки ширин жонни авайлаш билан умр ўтказган сиз учун маъқулроқми?

Машҳур шоир айтгани каби: “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, биз ёнмасак!” деб бир ёқани йиртиб курашмас эканмиз унда яна узоқ йиллар “порлоқ келажак”ни кутиб яшайверамиз.

Агар мен бугун халқ билан бирга туриб, давлат қонунларини чеклаб ўтмаган ҳолда ўз қишлоғимга газ қувурларини тортиб келолмас эканман унда бошқа фидойи инсонларимиз ўз қишлоқлари учун газ муаммосини ечишдан хомтама бўлмасалар ҳам бўлади. Чунки республикадаги энг йирик газни қайта ишлаш заводига энг яқин ҳудуд бу Қарлуқ қишлоғи саналади. Аллақачон қозоғда имзоланган ва муҳр босилган газни Қишлоққа олиб келамиз. Бу сафар мурожаатимизга бепарво қарашмайди дея умид қиламиз, иншаАллоҳ!

30 апрел, 2021 йил

Раҳмиддин АБРАЕВ