“Озодлик” радиосининг исмсиз мухбири томонидан ёзилган (Нина Бекжон: «Эрим гаровда қолмоқда». мақоласини афсус ичида ўқиб чиқдим. Мақолада менинг укам, сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг рафиқаси Нина Бекжоннинг менга қарата мурожаати эълон қилинган. Нина Бекжон бу мурожаатида эрининг озод бўлиши учун мен сиёсатни тарк этишим кераклигини талаб қилибди. Бу талаб илк қарашда инсоний кўринади. Ва мен бу аёлнинг изтиробларини тушунаман ва унга тамомила ҳамдардман, чунки М. Бекжон менинг укамдир.
Фақат бу мавзунинг Озодлик радиоси мухбири тарафидан тақдим этилиш шакли менга ортниятли ва тенденциоз кўринди. Сиёсий маҳбус рафиқасининг мазкур талабини биринчи планга чиқариб, уни керагидан ортиқ бўрттириш – ўзбек диктаторининг мени сиёсатдан кетказишга йўналтирилган босимини дастаклашга ўхшаб қолган.
Албатта-ки, мен диктатурага қарши ўз курашимни давом эттираман.
Буни қамоқдаги укамга ачинмаганим учун эмас, балки АЧИНГАНИМ УЧУН давом эттираман. Биргина унга эмас, бугун Ўзбекистон турмаларида ўз эътиқодлари учун худди менинг укам каби азоб чекаётган мингларча сиёсий ва диний мухолфат вакиллари учун ҳам АЧИНАМАН.
Ва шунга қаттиқ ишонаман-ки, жим туриш ва сиёсий фаолиятдан чекиниш билан бу мазлумларни турмадан озод қилиш асло мумкин эмас! Жим турсак ва сиёсатга аралашмасак, зулм тухтар экан ва режим бизни тинч қўяр экан, деб ўйлаш хомхаёлликдир!
Аксинча, жим туриш, адолатсизликка қаршилик қилмаслик ва сиёсий курашдан узоқ туриш – бизнинг жамиятимизни бир ховуч ўғри ва қотиллар ҳукуматига қул қилди, уларнинг қаршисида забун айлади!
Каримов режими мухолифат вакилларини ўз курашидан воз кечтириш учун уларнинг қариндошларига тазйиқ ўтказиш тажрибасини узоқ йиллардан бери қўлланиб келмоқда.
Мен ишонаман-ки, фақат бизнинг ҳар биримиз – такрорлайман, ҲАР БИРИМИЗНИНГ – муттасил курашимизгина Золим ва унинг очкўз тўдасини халқ иродасига бўйин эгишига мажбур қила олади.
Бунинг учун ўзбеклар бу қаттол режимга қарши курашни фақат Мухолифатдан кутмасдан, жонсарак ҳолатдан чиқиб, кузатувчи ролини тарк этиб, ўз озодлиги учун фаол курашаётганлар сафига қўшилмоқлари керак. Қулликдан қутулишнинг бошқа бир йўли йўқдир.
Муҳаммад Солиҳ
ЭРК ДП лидери , Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар Мажлиси раиси.