Ҳаётга уйғотмас менда эҳтирос
“Етмиш ёш муборак!” деган ибора.
Боқдим, мендан менга қолётган мерос
Шу онда шулардан иборат:
Бу – на Кавсар суви, на сулув ҳури
На Адн жаннати, на-да ул Фирдавс,
Буларнинг барини чеккага суриб,
Аллоҳ ризосини истаётган Нафс!
Бир кичик яхшилик кўриб қолган он
Дарров ёшга тўлган икки ҳассос кўз
Ва ҳақ бўлган ҳолда, берарак омон,
Инсоннинг юзига айтилмаган Сўз!
Бу – битта қоринжа иккинчисини
Судрар экан худди баҳайбат бир Aлп,
Уларнинг устида эгилиб, синиб,
Илоҳий меҳр-ла ҳурпайган бир Қалб!
Муҳаммад Солиҳ
2019