O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Меҳробдаги янги чаёнлар

Илм ва аҳли илмлар ҳақида ниҳоятда катта масъулият билан сўзлаш керак. Чунки илм нур, аҳли илмлар эса шу нурнинг ташувчиларидир.

Меҳробдаги янги чаёнлар
227 views
07 January 2013 - 12:40

7de21167-e9bd-430f-97a2-1cae167aa819_w268_r1_cx0_cy7_cw0-2Илм ва аҳли илмлар ҳақида ниҳоятда катта масъулият билан сўзлаш керак. Чунки илм нур, аҳли илмлар эса шу нурнинг ташувчиларидир. Илм инсон ақлининг озиғи, ақл эса инсонни ҳақиқий инсон даражасига кўтарадиган куч ҳисобланади. Сўз бошида айтиладиган энг муҳим икки нуқта илмни Аллоҳ таоло Ўзи севган бандаларига бериши ва илмни амалдан ажратишнинг имконсизлигидир. Яъни, илм сув эса, сув чанқоқни кетказиши керак. Сувнинг чанқоқликни кетказмаслигини мантиқ қабул қилмагани каби, чанқоқни кетказмайдиган сув ҳам сув эмасдир…

Илмни тўғридан тўғри сув, дея ҳам талқин қилишимиз ҳам мумкин. Чунки илм инсон фитратидаги имон илдизини ҳаракатга кечиради, бу илдиздан имон ўсиб чиқади ва инсон бу улуғ номга ярашган инсон шаклини олади. Акс ҳолда инсон асфалософилин аҳлига айланади: тубан, кўриниши инсон ўзи шайтон ҳолидаги махлуқ бўлиб қолади…

Илм шундай муборак манбадир, кучдир. Ҳақиқий илм нақл (ваҳий) ва ақлнинг ҳамкорлигининг маҳсулидир. Нақл илм манбаидир, ақл унга таяниб илмни ўзлаштиради. Агар бир шахсда бу ҳамкорлик ўртага чиқмаса ки, бу ақлнинг нақлни инкорини билдиради, бу ҳолда нақл ўзининг мубораклигини қўрийди. Аммо уни инкор этган ақл ўзини ўзи ейди, ўзбошимча саҳроларда йўл излайди, ҳавойи нафс орзулари ва мастлик билан ўзини овутишга уринади ва охир оқибат кимсасиз ҳолда қолиб, хонавайрон бўлади. Шунинг учун ақлини илоҳлаштирганларнинг (файласуфлар ва мантиқчилар) инсониятга зарра қадар фойдасига тегмаган. Бошқача сўз билан айтадиган бўлсак, уларнинг илм, дея ўртага отган иддоалари сув ҳолига келмаган ва инсониятнинг чанқоғини қондирмагандир…

“Уларга (инсонларга) оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер! Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар (улуғлар) эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар” (Аъроф сураси 174-175)

Ояти каримда бир шахс ҳақида гап кетмоқда: ўзига Аллоҳнинг оятлари, яъни илоҳий илм берилган, аммо бу шахс ўзига берилган илмга амал қилмаслик билан уни инкор қилган ва ҳавойи нафсига эргашиб, юз тубан кетган. Бундайларнинг мисоли эгасининг ёнида тилини осилтириб юрадиган (эгам бир суюк ташлармикин дея ялиниб юрадиган) итга ўхшар экан…

Ривоятларда айтилишича, бу “зот” Бальом бин Бауро лақабли бир кишидир. Аллоҳ таоло унга илм берган аммо у илмга амал қилиш ўрнига илмини хор қилиб, ўзи ҳам тубанлик йўлини танлаган. Бальомнинг биздаги ўрнаги “Муҳробдан чаёндаги” Абдурраҳмон домладир. Абдулла Қодирий бу “домлани” ерга уриш билан, Туркистондаги жаҳолатнинг ички сирларини очишга уринганди. Яъни, Туркистонни Ислом динисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Туркистоннинг яхшилиги ва буюклиги имом Бухорий ва имом Тирмизий (ҳадис олими, сўфий Тирмизий эмас) билан қойим бўлса, Туркистоннинг разолати ва жаҳолати ўтмишда Абдурраҳмон домла, бу кунларда эса Абдулазиз Мансур домлалар билан қойимдир (танилгандир)…

Меҳроб масжидларда имомнинг жамоатдан олдинга ўтиб турадиган жойидир, имомлик мақомидир. Қуръони Каримда меҳроб ҳазрати Марям онага нисбат қилинган:

“ Бас, уни (Марямни) Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. У: «Эй Марям, сенга бу (ризқ) қаердан?» деди. Ул:«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради», деди.” (Оли Имрон сураси 37)

Бу ояти каримада меҳроб ҳазрати Марямнинг ибодат жойи сифатида марҳамат қилинади…

Меҳробда туриш улуғ шараф, масъулият, айтиш мумкинки ҳақиқий қаҳрамонликдир. Чунки меҳробдаги илм ахлининг вазифаси бир томондан нафсини васвасага чорлайдиган шайтон билан, иккинчи томондан ташқаридаги шайтон малайлари билан мужодала қилишдир. Шунинг учун ҳам меҳробнинг ҳаққини берадиган ҳақиқий илм аҳиллари ҳар замон нодир топилган…

Ўз замонида отасидан халифаликни мерос олган салтанат соҳиби мақомини машруълаштириш (қонунийлаштириш) учун имомларни ҳузурига даъват қилади. Уларнинг орасида имом Абу Ҳанифа ҳам бор эди. Салтанат соҳиби имомлардан ўзининг ҳокимиятини эътироф этишларини истайди.

Имом Абу Ҳанифа бунга қарши чиқади ва шундай дейди:

“Сизнинг салтанатни отангиздан мерос олишга ҳаққингиз йўқ. Бу мақомда мусулмонларнинг шўросида сайланган киши ўтириш керак…”.

Салтанат соҳиби имомларни уйига жўнатади ва уларнинг орқасидан хазиначисига шундай буйруқ беради:

“Имомларга бир ҳовучдан олтин тарқат. Менинг ҳокимиятимни қабул қилган имомлар олтинни олсалар, уларга тегинма. Аммо Абу Ҳанифа олтинни олса унинг калласини менга келтир…”

Хазиначи Абу Ҳанифанинг эшигидан қўлида олтини билан қайтади. Чунки имом унга шундай жавоб беради: “У менинг халифам эмас, чунки унинг халифалигини мен рад қилганман….” (Қаранг: Мустафо Исломўғли, “Имомлар ва султонлар”)

Имом Бухорий ҳадис тўплашни тугатгандан кейин ватанига қайтиб талабаларга илм ўргатишга киришади. Бухоро амири унинг саройга келиб ўзи ва болаларига илм ўргатиши учун буйруқ беради. Имом Бухорийнинг амирга жавоби ҳақиқий имомларнинг ифтихори моҳиятидадир:

“Илм ўрганшини истасангиз, ўзингиз ва болаларингиз, ҳузуримга келингиз…”

Ҳақиқатан ҳам меҳроб илм, ибодат, итоат, тақво, адолат, эркинлик, ихлос, эҳсон, зикр, тавба ва истиғфор мақомидир. Шу билан бирга меҳроб гиламининг ости чаёнлар билан тўладир. Бу чаёнларнинг вазифаси меҳробнинг ҳақиқий эгаларини чақиш, уларга суиқасд қилиш, бундай суиқасдларда золимларга ўз “фатволари” билан ёрдам беришдир…

Шунинг учун ҳам чаёнларнинг энг заҳарлилари меҳробдаги “чаён”лардир.

Шунинг учун ҳам ҳурматли Обидхон қори Назаров бугун золимнинг суиқасдидан кейин ўлим остонасида ётибди. Шунинг учун ҳам “шайх” Абдулазиз Мансур золим отасидан тахни олишгга шайланаётган “малика” Гулнора Каримовадан мукофот олмоқда…

Ўзим илмдан оз хабардор бўлганим учун доимо аҳли имларга яқин туришга уринаман. Яқинда хорижда мана шундай аҳли илмлардан бири билан учрашиб суҳбатлашдим. У киши менга шундай деди:

“Яқинда бу ерларга диний идоранинг ходимларидан баъзилар келишди. Улардан бирининг юзи ерга қараган эди. Турмасдан мендан ўзи учун дуо қилишимни сўради…”

Яъни, меҳробдаги чаёнлар ўзларининг қора амалларининг, қора заҳарларининг қандай натижаланишини ҳам яхши биладилар. Улар золимларга ва уларнинг зулмларига яқин туришнинг жазоси жаҳаннам ўтининг ўзларига тегишларидан ҳам хабардордирлар. (Ҳуд сураси 113 оят). Аммо ҳавойи нафслари, сохта мансаблар, шайх, муфтий деган сохта унвонлар, сарой уламолигининг лаззати уларни йўлдан уради. Шу шаклда меҳробнинг чаёнлари Ҳақ йўлдан чиқиб асфолософилин йўлини танлайдилар…

Яна шундай ҳақиқий аҳли илмлардан биридан сўраган эдим:

“Оли Имрон сурасининг 104 ояти каримасида инсонларни яхшиликка чақирадиган, улар орасида яхшиликни ёядиган ва ёмонликдан қайтарадиган бир жамоат ҳақида марҳамат қилинган. Бу жамоат қайси жамоатдир?”

Унинг жавоби ҳам ҳақиқий аҳли илмларга ярашадиган жавоб эди:

“Зулмни ва золим рад қилиб, адолат учур курашадиган аҳли илмларнинг ва уларга эргашадиганларнинг жамоатларидир…”.

Бу олимнинг жавоби шу ояти кариманинг изоҳи (тафсири) эди:

“Тоғутни рад қилиб, Аллоҳга имон келтирадиганлар узилмайдиган ипга (Ҳақ динга, Исломга) боғланганлар…” (Бақара сураси 256 оят)

Ҳақ динни ёмон кўрадиганлар, рад қиладиганлар ва бу дин вакилларини йўқ қилишни ўзларига вазифа қилиб олганларнинг дин дейилиши билан кўзининг косасидан чиқиб кетишига сабаб бўлган ҳақиқатлардан бири мана шу ояти каримадаги ҳақиқатдир. Чунки Тоғут инсонлар Аллоҳ таолодан бошқа ибодат ва итоат қиладиган ҳар қандай золим султон ва ҳар қандай золим тузумдир (шу жумладан диктаторлик ҳамдир). Уларни рад қилиш эса ояти каримада ифодалангани каби Аллоҳга имон келтиришнинг шартидир.

Сўнги вақтларда менинг ақлимни машғул қилиб келаётган асосий мавзуларадан бири илм ва сиёсатнинг ўзаро муносабати масаласидир. Яъни, меҳроб ва тахтнинг ўзаро муносабатидир. Бу масаладаги ҳақиқат эса ҳадисларда ифодаланган ҳақиқатдир:

“Энг ёмон ҳукмдор (сиёсатчи) ҳавойи нафсига эргашиб аҳли илмлардан узоқ турадиган ҳукмдордир. Ва энг ёмон олимлар ҳавойи нафсига эргашиб золим ҳукмдорларнинг пинжига тиқиладиган “илм аҳиллари”, яъни меҳробдаги чаёнлардир. Чунки илм аҳлларидан исталадиган аввалги қадам золим ва унинг зулмига қариш туришдир…”

Аллоҳ таоло юқорида келтирилган Аъроф сурасининг 174 ва 174 ояти карималарида “меҳробдаги чаёнларни” эгаси қувганда ҳам, ёнида олиб юрганда ҳам менга суюк ташлармикин, дея доимо тилини осилтириб юрадиган итларга ўхшатади. Қуйидаги ояти каримада эса “меҳроб чаёнлари” ундан баттар мақомга “лойиқ” кўриладилар:

“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтара олмаганларнинг (унинг ҳукмига амал қилмаганларнинг) мисоли устига китоб юкланган эшакга ўхшайди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандай ҳам ёмон. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.” (Жума сураси 5 оят)

Бу ояти карима ўзларига илм берилиб бу илм билан амал қилмайдиган барча тоифалар ҳақидадир. Ҳақиқатан ҳам устига бир хуржун китоб юкланган эшакка бу китоблардаги илмнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. ..

Сўзнинг хулосаси инсонийлик мақоми бўла туриб, инсонларнинг ичида шараф бўлган аҳли илмлар мақоми бўла туриб, чаён, ит ва эшак “мақомига ” тушишга эҳтиёж бормиди? Начора бу имтиҳон дунёсида ҳар ким ўз мақомини ўзи танлайди…

Намоз Нормўмин,
07.01.2013