Тошкент шаҳар, Ҳамза тумани “Феруза” мавзесига қарашли мардикорлар бозорида тирикчилик илинжида келган бир гуруҳ аёллар ўртасидан Ойдина исмли аёл бизга ўз бошидан ўтган воқеа-ҳодисалари юзасидан мурожаат қилди.
Бир неча йилдан буён, уй-жойсиз, кўча ва мачитларда ётиб, бир нафар фарзанди билан сарсон-саргардонликда умр ўтказаётган бу аёл Мардикор бозоридан топгани ҳисобидан кун кўраётганлигини сўзлаб берди: “Менинг турмуш ўртоғим 1994 йили ўзининг автомашинаси билан бир фуқарони уриб ўлдирди. Шунда эрим менга, дод-фарёд қилиб, “мени қамоқдан қутқаришнинг бирдан-бир йўли, уй-жой ҳовли участкаларни сотгин.
Мен қамоқдан чиқсам, бошқа уй сотиб оламиз…” деганидан сўнг, мен ҳовли участкамизни сотдим. Эримни қамоқдан чиқариб олиш учун, ИИБ ва Прокуратура органларига пора бердим. Эрим ҳибсдан чиққанидан сўнг, бошқа аёл билан бўлиб кетди. Мен эса, бир нафар фарзандим билан кўчага қолиб кетдим. Мени сўрайдиган маҳалла, ота-она, опа-сингил, қон-қариндошлар топилмади. Шундай қилиб, оҳири эримни судга беришга аҳд қилдим. Аммо… Эрим, “судга бориб “заявка”ни олмасанг, болангни ўлдираман” деб ўғлимни “залог”га олди.
Мен қўрққанимдан бориб, суддан даъво-аризамни қайтариб олдим. Шу ернинг ўзида менинг фуқаролик паспортимни ва ўғлимнинг “Гувоҳнома”сини тортиб олди. Шундан сўнг, турмуш ўртоғим мени ИИБга бир нафар фарзандим учун, “алимент” ололмай юрганлигим ҳақида шикоят-ариза билан мурожаат қилиб юрганимни кўриб, менга нисбатан “заказное убийство” уюштириб, одамлар йўллай бошлади. Кунлардан-бир кун, мен ҳозирги кунда яшаб келаётган ўша маҳалламиздаги таъмир-талаб бўлиб қолган, мачит ичида намоз ўқиб ўтирган эдим, ҳалиги номаълум шаҳс, пичоқ кўтариб келди-да мен ўлдирмоқчи бўлди.
Лекин… Менинг намоз устида ўтирганлигимни кўриб, “Сизми ўша Ойдин?” “Мен Охиратдан қўрқаман! Менга Сизни ўлдиргин деб, буйруқ берган эрингиз бўлади. Шунинг учун, мен бу йўлдан қайтаман!” деди-да пичоғини менинг олдимга қўйиб, ўзи кўчага чиқиб кетди. Шундан сўнг, орадан уч ой ўтиб, эрим яна бир одамни йўллади. У ким десангиз? Милиция бўлимида ишлаб келаётган номард, ноинсоф, ифлосларнинг бири. У мени ўлдирмоқчи бўлиб, тўғри менинг устимга бостириб кирди. Мен дод-фарёд кўтаргандим, ўғлим менинг овозимни эшитиб, тез югуруб келди. Ҳалиги жаллоднинг қўлидан пичоғини тортиб олди. У бўлса, бизни икки киши эканлигимизни кўриб, деразадан чиқиб қочиб кетди…
Унинг юзи, кийим-боши ҳозиргача хотирамда сақланиб қолган. Эрим томонидан уюштирилган, “буюртма” пичоқлар “совуқ қурол” сифатида сақлаб қўйибман…
Иншоллоҳ. Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаман-ки, ўша милициядан бир кун эмас, бир кун қасдимни оламан. Бу дунёда бўлмаса ҳам, албатта нариги дунёда…” дейди муштипар мардикор аёл.
Фахриддин Тиллаев