O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МИЛЛАТ ИЗЛАГАНЛАР

МИЛЛАТ ИЗЛАГАНЛАР
514 views
07 February 2022 - 14:00

Муносабат

ИЛЛАТ ИЗЛАГАНГА ИЛЛАТДИР ДУНЁ…

Адабиёт сўз санъати, шеърият унинг гултожидир. Шеърият неча минг йиллар давомида одамларни ёруғликка етаклаган, кишиларга нафис завқ бағишлаган. Оғир дамларда ҳам, шодлик чоғларида ҳам инсон шеърга суянган. Шеър кўнгли кемтик одамни юпатган, нажот йўлларини кўрсатиб берган. У орзуларга қанот бағишлаган, гўзалликни улуғлаган.

Шеъриятда, айниқса Шарқ шеъриятида ҳаё, иффат, ибо, лутф, назокат муҳим фазилат ҳисобланган. Шоир агар бирор қочирим ёхуд кинояга эҳтиёж сезса, уни ғоят нуктадонлик билан ифода этган.

Афсуски, мавҳум, яланғоч, беҳаё сатрлар айрим шоирларимиз ижодида ҳамон кўзга ташланади. Бугунги шеърият ҳақида газетада баҳс кетаётган экан, қуйидаги мисраларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Ватан тушди чуқур қориндан
жуда ҳолсиз эди бечора
латта-путта чирмалган эди
оёғига
қош-қабоғига…

Ватан ҳақида кўп гўзал шеърлар битилган. Лекин Асқар Маҳкамнинг ушбу сатрларини тушунмадик. У Ватанни нимага ўхшатмоқда? Ахир, Ватанни онадек эъзозлаш керак эмасми? Ватанга беписандликни, уни алланарсаларга менгзашни қандай тушуниш мумкин?

Заҳарханда муболаға ҳам эви билан-да. Муаллиф танлаган сўзларга, ўйлаб топган мана бу ифодага эътибор беринг:
Иркит қулга коса тутдилар
Ич эй ялоқхўр…
Уни эшак қилиб миниб ўтдилар –
бири – шол…
бири – сўқир…
Қул иржайди
сўйлоқ тишига
қўнди ўзидан-да иркит чивинлар…
Ташланди хўжанинг кир идишига
юзига сачради ювиндилар…
“Озодлик” сарлавҳали ушбу шеър ўқувчида қандай таассурот қолдириши мумкин? Муаллиф бу шеъри билан нима демоқчи? Ёки мана бу сатрларни олайлик:
Ахлат тўдасини титкилаётган
Кампир қўлларини бир ит тишлади…
Бир чол асо билан савай бошлади
Ахлат ичидаги ит ва кампирни…
Итлар ва одамлар ғажишаверди
Жамият ахлатга айланган жойда…
Бу “шеър” халқимизнинг “Сасиган оғиздан ачиган сўз чиқади” деган машҳур иборасини ёдга солади.

Французларнинг машҳур шоири Шарль Бодлернинг шундай насрий шеъри бор:
“Ма, ма, келақол! Бу шаҳардаги энг зўр парфюмерия фабрикасида ишлаб чиқарилган жуда хушбўй атир. Уни шишаси билан олақол. Қарагин, қандай яхши. Баҳри дилингни очади. Ҳой, нега юзингни бурдинг? Тумшуғинг билан ерни искалаб, нимани излаяпсан? Ҳа, сенга гулдан, гул ҳидидан кўра сассиқ ахлатхонани титкилаш афзалда-а? Барибир итлигингга бординг-да, кўппак! Оббо, яна ахлат излаяпсанми?”

Бу бир рамзий шеър. Бироқ, А. Маҳкамнинг шеър деб даъво қилаётган “шеър”ларида ўз нигоҳини нимага қаратганини, нимани излаётганини тасаввур қилинг.

“Жамият” сўзи жамоа – бир жойга бирлашган, бир заминда яшаётган одамлар дегани. Кенг маънода “жамият” – тузум, ягона мақсадга интилган кишилар жамоаси демакдир. Муаллифнинг жамиятни ахлат дея ҳақорат қилиши, айниқса, ачинарли. Ахир, унинг ўзи ҳам жамиятнинг бир аъзоси эмасми?

Қуйидаги шеърни ўқиб кўринг:
Шамол ҳам ўрада тортар бурнини
зоғонлар учолмас гўё чурвақа
тепалар ўхшайди яғир тўнини
елкасига ортиб ётган ўзвакка…
Бу сатрларни қандай изоҳлаш мумкин? Бу сўзларда қандай мантиқ бор? Шеър ёзиш, ахир алжираш дегани эмас-ку!
“Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” деган ҳадисни олимлар гўзал ва сеҳрли, ҳикматли шеърларга нисбат бериб қўллашади. А. Маҳкам шеърлари эса, шоирлик даъвосидаги айрим кимсаларга ўрта аср шоири берган “Кими ҳайвон киби шалғам чўпин ер” деган баҳони эсга солади. Йўқса, мана бу “мисра”ларни қандай изоҳлаш мумкин:
Бир хунук излар ой тақасида
нурлар-да хашакдек сассиқ ва иргин…
Аёлнинг энг нозик минтақасида
назокат тўрларин тўқийди чивин…
Тун бўйи ким билан ётганин билмас
Қачондир мен суйган қаримсиқ аёл…
“Чилладан қирқ йил сўнг қўзғолган авлиё” (А. Маҳкам сатри)нинг оғзидан чиқаётган сўзларга қаранг: “Энасин этагин кўтариб қўйган”, “Оталарнинг нутфасида йиғлар болалар заифалар бачадони чирқиллаган тун бешикларда сумалакларни ҳидлайди қашқир…”

Ёзаётган одам аввало ўйлаган нарсасини, ўз туйғуларини ёзади. Маълум бир асардан муаллифнинг дунёқараши, ахлоқи ва турмуш тарзини билиб олиш мумкин. Фаҳш ва бузуқликни ўйлаган, уни ўқувчиларга асар сифатида тақдим этган шоир шеърларида “Буюк Қуръон”, “Аналҳақ” деган муқаддас сўзларни ўқиб, ажабландик. Ибодат қиладиган одам олдин ҳам жисман, ҳам маънан, ҳам қалбан покланиб, тозаланиб ибодат қилади-ку.

Дунё ғаройиб: бир гулдан ари асал йиғади, илон – заҳар. Одамлар ҳам феъл атворига кўра турлича бўлади: айримлари дунёдан иллат излайди, баъзилари эса – ҳиммат. Улуғларимиз шу боис ҳам одамни чивинга ўхшаб қолмасликка ундаган. Сабаби, чивин турфа гуллар орасидан ўтса-да, алалоқибат энг ифлос жойга – ахлатга қўнади.

Ушбу муаллифнинг бир шеърида “Мен ҳеч қачон мард эмасдим, нобакор эдим” деган сатри бор. Мана бу ҳақ гап! Улуғ валий шоир Паҳлавон Маҳмуд бежиз айтмаган : “Иллат излаганга иллатдир дунё”. Бир яхшидан, бир ёмондан ибрат ол, деган гап бор халқимизда. Азиз ўқувчи, иллат эмас, ҳикмат излаб яшайлик. Шунда албатта ҳикматни топажакмиз.

Одил РАВШАНОВ

Муштарийдан

Мен Тўра Сулаймон кутубхонасида кўринарли жойда турган “Адабиёт” газетасини олиб, ўн йил олдин айнан миллатимиз учун мисли кўрилмаган фожеа содир бўлган кунда ижодкорларнинг Ўгай Отаси бўлиб турган бачкана одамча нақадар паст ва майда ишлар билан банд бўлганини кўриб ёқамни ушладим. Бу мақолани ўша пайтда ўқиган Тўра Сулаймон ниҳоятда афсусланганига гувоҳ бўлганман; “Буюртмачи”га ғалати лақаб қўйиб юборади – “Чиллашир”. Қачон ўша кимса ҳақида гап кетса, номини тилга олишга жирканиб, “Чиллашир” деб қўярди.

“Дунёни поклайман дедим, ўзим кирланиб кетдим” деб ёзган эди буюк Абдулла Тўқай. Айтинг-чи, шу сатрни дастак қилиб Абдулла Тўқай “кирланиб кетган шоир эди” деб ҳукм чиқариш мумкинми? Бундай ҳукмни фақат эсипаст ва ичи қора одамларгина чиқаради.

Менимча, Одил Равшанов амалпараст раҳбарчанинг тахаллуси бўлса керак. Лекин у мақолани “Чиллашир”га қайта-қайта ўқитиб, унинг ҳар бир тузатишини инобатга олган. Жумлалар орасидан “буюртмчи”нинг захил башараси яққол кўриниб турибди.

Қашқирлар овга чиқишдан олдин доира ясаб, тумшуқларини битта жойга қаратиб қасамёд қилишар экан: “ҳу-ҳув-ҳў-ҳўв” этган товуш чиқаради. Сўнг “жўрабоши” олдинда, бошқалари унга эргашиб ўлжа илинжида йўлга тушадилар. Қоннинг хумори тутса, осмонга қараб увлайдилар. Назаимда, бир жойга тўпланиб олиб, ўзларича “жамият” тузиб, “колхоз” бўлиб бировнинг устидан бўҳтондан иборат мақола ёзадиган кимсалар ҳам қонсираган қашқирлардан фарқ қилмайди.

Тўра Сулаймоннинг китоблари орасидан дўстим Асқар Маҳкамнинг “ЎзАС”да эълон қилинган мақолага жавоби ҳам бор экан. Демак, Тўра ака ўша дилозор мақолани ўқиган заҳоти, бетоб бўлишига қарамасдан, Тошкентга қўнғироқ қилган ва Асқаржоннинг кўнглини кўтарган. Эҳтимол, раддия ёзишга ундаган бўлиши ҳам мумкин. Сўнг раддияни сўратиб олган, шекилли.

Гапни чўзиб ўтирмайман. Асқаржоннинг жавобини ва шахсан А. Мелибоевга топширган хатларини эътиборингизга ҳавола қиламан.

КЕЧИРИМЛИ БЎЛАЙЛИК

“Ўз АС”нинг 2005 йил 13 май сонида босилган “Иллат излаганга иллатдир дунё” мақоласи муаллифи О. Равшановга очиқ хат
Ҳурматли Одилжон!

Афсуски, мен Сизни танимайман. Агар мақолани ёзишдан олдин ақалли бир қур ўзимга мурожаат қилганингизда, шоядки, бу ҳақоратомуз сўзларни менинг бошимдан катта ҳафсала билан ёғдирмаган бўлармидингиз. Ҳайтовур, Сизни тушунишга ҳаракат қилдим.

Сиз мисол тариқасида келтирган ва ғазаб билан таҳлил қилган сатрлар менинг 2003 йил Абдулла Қодирий номадаги Халқ меъроси нашриётида чоп этилган “Аналҳақ” китобимдан олинган.

Азиз дўстим, наҳотки 450 саҳифадан иборат, қарийб 10 000 сатрлик шеърий китобдан Сиз шу 31 сатрдан бошқа ҳеч нарса топмадингиз? Агар менинг шеърларимдан ҳақоратдан бошқа ҳеч нарса топмаган бўлсангиз, наҳот “Буюк Қуръон” туркумига кирган “Фотиҳа” ва “Такосур” достонларидан, “Ишқ” номли шеърий қиссадан, жиллақурса, Шамс Табризийнинг “Буюк Девон”идан саралаб олинган 50 га яқин, Хожа Ҳофиз Шерозий, Саййид Али Ҳамадоний, Лойиқ Шерали каби дунё аҳли тан олган мумтоз шоирлар ижодидан амалга оширилган таржималардан ҳам ҳеч нарса топмадингизми? Тўпламда “Ишқ” китоби туркумида 100 дан зиёд рубоий бор эди. Наҳотки, улар ҳам нуқул ҳақоратдан иборат бўлса!

Азиз дўстим!

Шеър ёзиш, шоир назари билан оламга боқиш нечоғли оғир. Мен китоб муқаддимасида ёзган “Руҳоният ва сўз” номли мақоламда бу хусусда бафуржа тўхталганман. Бу ерда уларни такрорлашга ҳожат йўқ.

Номаълум дўстим!

Дунёда биргина Ҳақиқат бор. У аччиқ ва омонсиздир! Шеъриятни буюк салафларимиз шундай тушунган. “Аналҳақ”даги барча шеърларни мен жон-жоним билан яшаганман. Сиз айтгандек, гулу гулзорлар, сайру саёҳатлар, орзу-ҳаваслар хусусида жўшиб ёзишни нақадар истайман. Аммо ҳақиқат ҳурмати тан олинг, бу мавзуда қалам тебратаётган шоир биродарлар оз эмас-ку! Демак, кимдир ҳатто энг олий жамиятларда учрайдиган иллатлар ҳақида ҳам ёзиши керак экан. Дарвоқе, иллат ҳақида. Худо ҳаққи, мен ҳеч қачон, ҳеч қаердан қасддан иллат қидирмадим. На “Дўрмон” туркумига кирган шеърларимда, на куни кеча мустамлака асоратидан қутилган Ватанимиз ҳақидаги шеърларда, на атрофимиздаги одамлар, уларнинг қисматига доир шеърларда. Қасддан иллат қидирмадим…

Азиз дўстим!

Сиз мисол тариқасида келтирган шеърларни алоҳида олиб, ақалли улардан бирини босиқлик билан, ўзингизнинг (таъкидлайман, ўзингизнинг!) мулоҳазаларингизга суяниб, мушоҳада юритганингизда бошқа бир манарага гувоҳ бўлардингиз. Сиз “Ватаннинг қайтиши” номли шеърдан иқтибос келтирасиз ва ҳатто шеърнинг номини ҳам тилга олмайсиз.

Ватан тушди чуқур қориндан
Жуда ҳолсиз эди бечора
Латта-путта чирмалган эди
Оёғига
Қош-қабоғига…

Аммо унинг давмида наҳотки мана бу сатрларни кўрмадингиз:
Бир қадоқ гўшт учун Ватаннинг
Молин сўйиб лош-лош қилганнинг
Бир пиёла шароб устида
“Очман” дея кўзёш қилганнинг
“Ўғлим”, “Қизим”, “Неварам” дея
Бор будини талош қилганнинг
Бетларига тупирди Ватан!

Наҳотки, Сиз бу сатрларга инонмайсиз ва Ватанимизнинг миллионлаб фидоий фарзандлари қаторида унинг нонкўр болалари ҳам борлигини инкор этасизми? Сиз кўтара ғазаб билан таҳлил қилган “Озодлик” шеъримни ҳам шошилмасдан, вазминлик билан ўқиганингизда қуйидагича якунланганига гувоҳ бўлардингиз:
Пастхам бир деворнинг ёриқларига
Нур тушди ногаҳон осмон қаъридан
Иркит қул термилди чориқларига
Йиғлади дафъатан
Йиғлади… Деворни тишлади мунглуғ
Бўғзига гулдираб қон келди
Қул биларди – Худоси бор эди унинг
Аммо эрки йўқ эди…
Наҳотки, шу оддий, жўнгина сатрларни изоҳлаш шарт бўлса!

Мен мулоҳазаларимни шу зайлда узоқ давом эттиришим мумкин, бироқ бунинг учун газета саҳифалари торлик қилади.

Азиз дўстим!

Адабиётнинг ҳам, Сиз муросасизлик билан ҳимоя қилган шеъриятнинг ҳам даргоҳи кенг. Шоирлар қисмати нима эканини бутун ҳаёти давомида ҳақиқатга тик боқиб, тўрт қатор шеър айтган одам яхши билади. Бу нуқтада изоҳга ҳожат йўқ. Исо Масиҳ чормих қилинаётган пайтда ўзини ҳақорат қилаётган кимсаларнинг гуноҳини Худодан сўрайди ва: “Улар тушунмаган ҳолда бу ёвузликни қиляпти, Худойим, уларни кечир!” дейди.

Балки билиб, балки билмай мени армонсиз ҳақорат қилибсиз. Мен Исо эмасман. Аммо Сизни кечиришга тайёрман.
Яна бир мисол. Мавлоно Жалолиддин РУмий бир мажлисда: “Мен 72 мазҳаб билан биргаман”, деган эканлар. Буни эшитган уламолардан бири баджаҳл одамга: “Бориб сўраб кўр-чи, чиндан ҳам 72 мазҳаб билан биргаман, деганми-йўқми? Агар иқрор бўлса, оғзингга келган сўзлар билан ҳақорат қил”, деган экан. Бояга киши ҳазрат Мавлононинг ҳузурига келиб, уламо тайин қилгандек сўрабди. Мавлоно иқрор бўлибдилар. Шунда ҳалиги киши оғзига келганини қайтармай ҳақорат қилибди. Ҳазрат Мавлоно жилмайиб: “Мен сиз билан ҳам биргаман”, деган эканлар.

Юқорида айтганимдек, тўпламда “Ишқ китоби” номли рубоийлар туркуми бор. Улардан бирини мен Сизга ва ҳар эҳтимолга қарши, ҳамфикрларингизга чин дилдан бағишлйман.
Эй ҳушёрлар, мен-да нажиб куй эдим,
Гоҳ мотаму гоҳ жаноза, гоҳ тўй эдим.
Шоядки, бу бандани-да ёд айласангиз,
Мен шоир эмас, шунчаки ростгўй эдим.
Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан,

Асқар МАҲКАМ.
¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬¬

Қадрли Аҳмаджон ака!
Газета йил давомида турли муаллифлар қаламига мансуб ва менинг шаънимни ҳақоратловчи мақолаларни эълон қилди. Сўнггиси Иброҳим Ғафуровнинг чиқиши бўлди. Азалдан бирмунча олисроқдар келиб қолган қаламкашларни жини суймайдиган ва бугунги адабий жараёндан фарсахлар олисда қолиб кетган бу “мунаққид” “Ой пес бўлиб кетди фалакда…” сатрим баҳонасида (халқнинг “Ойда ҳам доғ бор” мақолининг қўполроқ талқини) оғзига сиққанича ҳақорат қилди. Мен ҳеч кимни судга бермадим ва “Аҳмоққа жавоб – сукут” ақидси бўйича йўл тутдим. Бироқ газетанинг навбатдаги сонларидан бирида чоп этилган “Иллат излаганга иллатдир дунё” мақоласи ҳаммасидан ошиб тушди.

Мен бу мақоланинг “буюртма” эканини яхши биламан. Буюртмачини ҳам. Аммо 25 йилдан буён мусофирчиликнинг нонини еб, шу миллат маданиятига таъмасиз хизмат қилаётган оддий қаламкаш сифатида ўзимнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқимдан фойдаланишга қарор қилдим. Мақола буюуртмачисини 1992 йилда Ҳаж сафарида эс-ҳушини йўқотган зиёратчиларнинг оёқлари остидан тортиб олганман, Шерали Жўраев билан бирга чўмилтириб, эҳромига белаб қўйганман. Бу зот – собиқ Ленин комсомоли мукофоти совриндори, собиқ СССР халқ депутати, Шўро мафкурасининг забардаст куйчиси, бугун Истиқлол қаҳрамони А. Орипов (Агар тарих ва ҳақиқат буткул ўлмаган бўлса, бу ҳақда баралла айтилдиган замонлар ҳам келади). Иккинчи буюртмачини тилга олишни ҳам истамайман. Арзимайди.

Аҳмаджон ака!
Ҳайтовур, мен сизни виждонли одам деб гумон қиламан. Ҳарчанд галма-гал мақола ва шеърларимни асоссиз равишда қайтараётган бўлсангиз ҳам. Мен инсоф юзасидан “Иллат излаганга иллатдир дунё” мақоласининг муаллифига мактуб ёздим. Бордию бу мактуб ҳам одатдагидек эътибордан соқит қилинса, Республика Президенти ёхуд хорижий оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишга мажбур бўламан.

Аҳмаджон ака!
Халқимизнинг кўз ўнгида ўзбекнинг асл шоирлари қирилиб кетяпти. Улар тўқлик ёки шўхликдан эмас, хорлик, зорлик ва очликдан ўляпти. Буни ким ҳам билмайди, дейсиз. Бугун ёзувчиларнинг бошига чиқиб олган (асл маънода) қаҳрамон шоир икки гапининг бирида: “Мен сени йўқотаман!” деб турса ва чиндан бутун фаолиятини шунга тиккан бўлса, ўлмасликнинг иложи борми! Ўзбекларнинг “Онангни қози зўрласа, додингни кимга айтасан?” деган аччиқ мақоли бор. Қаранг, мақолларимиз ҳам ўзимизга нақадар ўхшайди.

Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан,
Асқар МАҲКАМ.
2005 йил 17 май

Муштарийдан изоҳ

Аслида, шунча ғавғоларга сабабчи бўлган Асқар Маҳкамнинг “Аналҳақ” китобидан жой олган “Дўрмон” туркуми, унда Раисни сакратиб юборадиган бир нечта шеър бор . “Буюртмачи” атрофига “колхоз”чиларини тўплаб, қашқирлар галасини олкишлар юборгунча 2-3 йил заҳрини ичига ютиб юришга мажбур бўлади; сабр косасига Асқаржон Гулистон шаҳрида бўлган анжуман чоғи Тўра Сулаймон таърифида сўз айтаётиб: “Ёзувчилар уюшмасида гувоҳномасини доим чўнтагига солиб юрадиган 700 нафар расмий шоир бор, лекин Тўра Сулаймон битта. Эҳтимол, яна Тўра бувага ўхшаган шоир дунёга келиши учун 100 йил керак бўлар, унгача ҳаммамиз Тўра Сулаймон шеърларини ўқиб ўзимизга таскин бериб юрамиз. Эътиборларинг учун ташаккур!” дейди. Бу гапни югурдаклар “Буюртмачи”га: “Уюшмани ёпиш керак, Ўзбекистонда Тўра Сулаймондан бошқа шоир йўқ, қолганлари бир пулга қиммат, деб одамларни роса қарсак чалдирди”, деган шаклда етказади. Шуҳратпараст “Буюртмачи” тутаб кетади ва қашқирчаларини атрофига тўплаб, бояги мақолани ёздиради. “Буюртмачи” ниҳоятда қутуриб, кўзига қон тўлиб, жини суймаган ҳар қандай одамни “йўқотиб юбораман!” деб айқириб юрган чоғларида фақат Асқар Маҳкам мана шундай мардона СЎЗ айтиши мумкин эди. Унинг қонига ташна қилиб юборган туркумдан икки шеър билан танишасиз.
Дўрмон қариб борар ичидан
Пориж эмас
Эмас у Тоиф…

Қари-қартанг қора ит билан
Кезиб юрар Абдулла Ориф…
Не бир зотлар манзил этибди –
Топиб бўлмас йўқ изларини
Битта қанжиқ булғаб кетибди
Шавкат Раҳмон ялпизларини…
Сигор тортар эди толганда
Ногоҳ қариб қолди жуда ҳам
Яна бир йил яшай олганда
Чинорлардан ясарди қалам…
Дўрмон сотқин бўла бошлади
Сотди ҳар бир қарич жойини…
Харобага элтиб ташлади
Валийлардек ёлғиз Боқийни…
Этак қоқди шўрлик барига
Вайронага кириб кетди жим…
Тунда итлар улишларига
Қўшиларди менинг юрагим…
Дўрмон қариб борар ичидан…
Дўрмон, 22 июл 1999 йил
Дўрмон авлиёдек ўйлар сурарди…
Не-не улуғларга тўлиқдир қўйни
Кимдир темир тўсиқ билан ўрарди
Бир вақт Шавкат Раҳмон яшаган уйни…
Куз эди… Чошгоҳда менга ногаҳон
Ташланди қандайдир шоирнинг ити
Қизлар қичқирдилар: “Ортга қайт Қоплон!..”
Ичимдан бир ваҳм тирналиб ўтди…
Қизғиш эди итнинг йирилган лаби
Тишларидан гўё қон тизилларди
Сипоҳнинг кесилган калласи каби
Чинор япроқлари чирт узиларди
Қўрқув ва ғашликдан жунжикди этим
Дедим ноним бўлса берсам ермикан…
Мен-ку итдан қочиб Дўрмонга келдим
Афсус Дўрмонда ҳам итлар бор экан…

Дўрмон, 23 октябр 1999 йил

106. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2005 йил 13 май, №20 (3797).
Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев. 4 бетда.