Ўзбекистонда порахўрлик ва юлғичлик шу даражада очиқ ва ошкор давом этмоқдаки, яқинларда шонли Парламентимиз пора бериш ва олиш тартиб-қоидалари ҳақида қонун чиқариб қолса ажаб эмас. Порахўрлик ва юлғичлик Ўзбекистон чегарасига – ҳаводанми, қуруқликданми, фарқи йўқ – кирган заҳотингиз бошланади.
Божхонадаги божмон азаматлар паспортингизни ортиқча завқ билан томоша қила бошласа, жомадонингизни ортиқча ҳафсала билан кавлай бошласа, билингки, сиздан пора истарлар. Сиз хоҳ ерли ўзбек бўлинг, хоҳ бошқа мамлакатдан келаётган сайёҳ бўлинг, бундай вазиятда азаматларнинг истагини қондиришга мажбурсиз.
Сиз чет эллик бўлиб поранинг қандай берилишини билмаслигингиз мумкин, аммо у ердаги азаматлар буни бир зумда ўргатади ва сиз порани қандай бериб қўйганингизни билмай қоласиз. Лекин улар кўпинча ўзи яхши билган халқни – ўзбекни тўхтатади, чунки ўзбек жуда қулай миллат, у бошқаларга ўхшаб ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмайди, порахўрликдан шикоят қилиб юрмайди. Шу юҳо билан пачакилашиб ўтираманми, дейди-ю юлғичга истаганини бериб, ўтиб кетаверади.
Ўзбекнинг бу одатини ҳотамтойлик дейиш керакми ёки ҳафсаласизликми? Ёки бу постсовет жамияти пайдо қилган реал ҳаётни англаган хушёр бир одамнинг фалсафасими? Яъни ўзбек порахўрдан унинг бошлиғига шикоят қилишнинг фойдасизлигини билади, чунки унинг бошлиғи ҳам порахўрдир, бошлиғининг бошлиғи ҳам порахўр. Бу занжир энг юқоригача давом этади. Бу ҳақда Президент Каримов ақлли бир мақол айтганлар: «Балиқ бошдан чирийди», деганлар. Фақат бу бош чирий бошлаганига анча бўлди, ҳалиям чириб битгани йўқ. Халқ шундан безовта. Халқ шунинг учун ҳам ҳар қадамда пора беришга мажбур.
Давлат идоралари билан боғлиқ бўлган ҳар қандай иш учун аввалдан баҳоси тайинланган. Масалан, ОВИРдан виза олмоқчи бўлсангиз, 100 доллар тўлашингиз керак. 95 доллар берсангиз ҳам олишмайди, айнан 100 доллар берасиз, чунки визанинг баҳоси шу. Ўғлингизни ҳарбий хизматга юборгингиз келмаса, марҳамат, 300 доллар тўлаб, унга ҳарбий билет олиб беринг. Ва бу севикли фарзандингизнинг олий маълумот эгаси бўлишини истасангиз, уни овора бўлиб ўқишга тайёрлаб юрманг, 500 доллар тўланг-да, педфак дипломини сотиб олинг. Агар арзандангиз обрўлироқ факультетда ўқимоқчи бўлса, 5 минг тўлаб, иқтисод факультетига, 10 минг доллар тўлаб ҳуқуқ факультетига, 15 минг доллар тўлаб халқаро факультетига киритиб қўйишингиз мумкин. 300 долларга медтехникумга киритинг фарзандингизни. Агар сиз 300 ни ҳам тополмасангиз, ўзингиздан кўринг. Унда болангиз ўқишга мажбур бўлади, у ўз кучи билан ўқишга киришга маҳкумдир, у ўқишни аъло баҳолар билан битириб, бу порахўрлар жамиятини тубдан ўзгартиришга бел боғлаган хаёлпарастлар қаторига қўшилади.
Хуллас, ўзбекнинг порахўрликка либерал қараши оқибатида «пора бермайман», деб ҳеч ким ўртага чиқмаяпти. Эҳтимол, бундай бир радикал ҳаракатни ичида ўйлаётганлар бордир, лекин уни ҳаётга татбиқ қилишга юраги бетламаяпти чамаси. Чунки томдан тараша тушгандай, «мен ортиқ пора бермайман», деб ўртага чиқса, одамлар уни «ақлдан озди», деб ўйлашлари мумкин. Бутун халқ тинч-тотув пора бераётган бир пайтда, унга қарши чиқиш шаккоклик бўларди.
Лекин фараз қилишингиз мумкинки, бир шоввоз, бир забардаст, бир қаҳрамон ўртага отилиб чиқсин ва осмондан тараша тушгандай: “Эй, ёронлар, мусулмонлар, мен пора беришни бас қилдим!” дея бақирсин.
Шунинг ўзи бас, орқасидан яна биттаси чиқарди, яна битта телба, яна бир «герой» чиқарди албат ва дерди: «мен ҳам, мен ҳам ортиқ пора бермайман», дерди ховлиқиб. Ана ундан кейин, ундан кейин нари ёғи осон, нари ёғида оломон пайдо бўларди. Пора бермасликка қасд қилган оломон. У шундай ҳайқирган бўлардики, бу ҳайқириқдан азиз юртимизни порахўрлик тўри билан чирмаб олган коммунист ўргимчаклар, азиз юртимизнинг қонини сўраётган юлғич зулуклар тору-мор бўлган бўларди.
Шу орзулар билан уйқуга кетган эдим, тушимда реалистик бир манзара пайдо бўлди. Бир ўзбек чопонини елкасига ташлаб Ўзбекистондан чиқиб кетаётган эмиш. Мен унга “йўл бўлсин”, десам, менга жавоб бермади, фақат ғамгин хиргойи қила бошлади. Қўшиғининг илк жумласи шундай эди:
Тошкенту Самарқанд, Бухорода
Миллат пора-пора бўлди порадан…
(Август, 1997)
(56)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (165-166-саҳифалар.)