Таниқли рус сатирачиси Михаил Задорновнинг ажойиб бир сўзи бор: “Агар дўстларингиздан ажралишни истасангиз, уларга ҳақиқатни айтинг” – дейди у. Лекин сатирачининг бу сўзида юмор ҳисси кўриниб тургани билан, аслида унинг остида киноя борлиги ҳам аён. Аммо томошобинлар бунга унчалик ҳам аҳамият беришмайди. Ўзимизнинг ўзбек ҳикматларида ҳақиқатнинг аччиқ эканлиги, ҳаммада ҳам унга бардош беравермаслиги айтилади. Шу ўринда қаршиликларларнинг бир иборасисини ҳам эслаб ўтсак. “Ҳақиқатни чидаганга чиқарган!” – дейишади қаршиликлар. Шунақа, лекин ҳамма ҳам чидайвермас экан.
Ер юзида инсоният пайдо бўлибдики, ҳамма вақт у ҳақиқат излайди ва “мана, топдим”, “ана, топдим” деганида эса, топган ҳақиқати саҳродаги сароб бўлиб чиқади. Ва у тағин ҳақиқат излайди, истайди, таассуфки, ҳар сафар ҳам топгани шундай бир сароб бўлиб чиқарверади. Бу албатта ўз ўзидан эмас. Ҳар бир даврнинг, керак бўлса ҳар давлатнинг ўз адолати, ҳақиқати бўлиб келган. Нимадир ҳозирда жиноят саналаркан, қачонлардир у адолат эди. Ва келгусида давр ўзгариб боргани сайин, ҳақиқат тушунчаси ҳам шундай ўзгариб боради.
Ўша ибтидоий жамоа давридан бери инсоният тараққий этиб келаётган экан, бу тараққиёт йўлида кимлардир ғов бўлишга ҳам интилди. Улар одатда қайсидир бир кўринишдаги монархлар, ҳукуматлар ва ёки бошқа бир кўринишдаги, эл бошида турган “зодагонлар” бўлиб келишган. Мана шу тарздаги тўсиқлардан ошиб ўтишни эса, яъни бу “деворларни” қулатиб ташлашни инсонлар “инқилоб” дея аташади.
Биринчи Француз Республикаси асосчиларидан бири бўлган Жорж Жак Дантоннинг шундай бир сўзи бор: “Инқилобни даҳолар ўйлаб топади, прагматиклар (унга ишонганлар – ТҚ) амалга оширишади, муттаҳамлар ҳузурини кўради”.
Ҳар бир мамлакатда содир бўлган ва содир бўлиб келаётган инқилоблар одатда ўша адолат ва ҳақиқатни излашдан бошланган. Янги бир жамият ва янги бир давр бошланаркан, унда адолат бўлган бўлсада, алол – оқибат, муттаҳамлар пайдо бўлиб келган ва улар ўша инқилоб нашъидасини тортишган. Масалан, 1917 йилдаги Улуғ Октябрь револьюциясини эсга олайлик. Бошланишида 1917 йилнинг февраль инқилоби содир бўлди ва унда Чор самодержавиясига қарши бошланган кураш ижобий натижа берганди. Рус империясида буржазия ҳокимияти ўрнатилди ва Кренский муваққат ҳукумат раҳбари бўлди. Бу билан фақат Император Николай Рамановский тахтдан кетказилганди ва инқилоб сабаб, оддий аҳолининг ҳаётида айтарлик ўзгариш содир бўлмади. Февраль инқилоби сабаб, Россия биринчи жаҳон урушидан чиқиши кутилган бўлсада, бу воқеа ҳам содир бўлмади.
1917 йилнинг октябрь ойига келиб тағин янги инқилоб ва энди ҳокимиятни коммунистлар ўз қўлларига олишди ва шундагина Россия урушдан чиқди. Мақсадлар жуда улкан эди ўшанда, лекин алол оқибат, пролетариат диктатураси ўрнатилиши кўзланилган бу улкан ҳудудда ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб, бир гуруҳ партноменклатура ўз диктатурасини ўрнатди. Ўша дамда порахўрлик ва коррупция ривожланиб, элнинг онгида норозилик аломатлари шаклланиб бораётганди. Бу норозилик аломатлари Горбачев даври “демократиясида” портлаб чиқди ва айни мана шу омиллар Советлар мамлакатини ҳам ўз ўзини тугатишга мажбур қилди.
Советлар ўзини шунчаки ислоҳ қилиши лозим эди ва шунда кейинги фожеаларнинг олди олинган бўларди. Лекин ўша давр “коммнистларида” шаклланиб улгарган мешчанлик кайфияти ва улардаги нафс ислоҳотларга ҳам йўл бермасди. Оқибат, дунёнинг энг йирик бир мамлакати парчаланиб кетди.
Биз ҳам “мустақилмиз”. Дунё харитасига назар ташларканмиз, Ўзбекистон деб аталган бир Ватан бор ва у ўша Совет даврининг маҳсули бўлган мумлакатдир. Мустақил ўзбек давлати Совет даврида шаклланиб улгурган коррупцияга кенг имкониятлар эшигини очгани, ҳамда ундан эришилган натижаларини кўриб турибмиз. Мустақиллик йилларида Ватанимиз бўлган Ўзбекистон дунёнинг энг рушватхўр (порахўр) мамлакатларидан бирига айланди. Нафсга эрк бериш оқибатида ўзбекларнинг аксар қисми на бирор сиёсий ғоя ва бирор бир динга эмас, балки нафсга қул бўлиб қолишди. Бу ҳол ўзгармайди, токи ҳукумат алмашмас экан! Бу ҳол ўзгармайди, токи эл тафаккури ўзгармас экан!
Элнинг тафаккури шундай томонга қараб ўзгариши керакки, у ўзи ҳақ бўлсин ва ўз ҳаққини талаб қила олсин. Мамлакат аҳли бир мақсад йўлида бир тан ва бир жон бўла олсин. Яъни, мавжуд ҳукуматга хушомадлар қилиш билан эмас, уни ислоҳ қилиб бора оладиган одамлар даражасига кўтарилишимиз лозим. Ҳукуматларда одамлар озчилик бўлишади ва улар тезгина, ҳамда осонлик билан бирлашишади. Лекин эл бирлашганидачи, унда ўша озчилик бўлган ҳукумат ўз халқи бошида қонлик қиличини ўйната олмай қолади. Бироқ бирлашиш ҳақида қанчалар таклифлар айтилмасин, чақириқлар қилинмасин, ҳаракатлар тузилмасин – лекин халқимиз кун сайин бири биридан узоқлашиб бораётгани кузатилмоқда…
Ҳар бир жамиятда ҳар инсон ўз ҳақиқатига, ўз мустақил фикрига ҳам эга. Жамият хоҳ демократик бўлсин, хоҳ диктаторлик тузуми, ҳар инсоннинг ўз ҳақиқати бор ва у ўша ўзи билган ҳақиқатга содиқ ҳолда яшайди. Кимдир қайсидир бир диний сектага аъзо, бошқа бирови динсиз, аллакимдир социалист бўлса, яна биров либерал ва ҳакоза, ҳакоза. Аммо уларнинг бирлари бошқа бирларига душман бўлмасликлари керакда. Мамлакатда бирор ўзгариш содир бўларкан, ёки қандайдир бир қонун юзасидан маълум бир сиёсий акциялар ўтказилса уларнинг ҳаммалари бирлашиб, бир фронтда туриб кураша олишлари лозим. Шунинг учун ҳам “фалончилар биздан эмас” деган ақидани унутишимиз шарт!
Негадир бундай қила олмаймиз. Фикри сал бошқачароқ бўлган одамни нақд душманга чиқарамиз. Натижани қаранг, ўзбек мухолифати ҳам эмас, ҳаттоки бутун ўзбек жамияти пароканда. Турли туман фикрларни, ғояларни илгари сурадиган турли туман жамоалар пайдо бўлган ва уларнинг ҳаммаси фақат ўзини ҳақ деб билади. Ҳеч бирлари ўзларини кучсиз деб ҳисоблашмайди. Натижа ўлароқ, биздаги бу бошбадоқликнинг ҳузурини кимлар кўраётганлигини эслатиб ўтиш ортиқча бўлса керак.
Русларда шундай ибора бор: “жангчиларсиз қолган генерал тили билан уруш килади”. Ҳозирги ўзбек мухолифати лидерларини ҳам ўша тили билан жанг қилаётган генералга қиёсласак бўларди. Бирор гуруҳ йўқки, ортимда ўн минг одам турибди деб айта олса. Ваҳоланки, 30 миллионлик аҳоли нуфузига эга бўлган Ўзбекистон учун камида 300 минг сиёсатчи бўлиши лозим.
Курашлар эса ҳамма вақт инсониятни чархлаб келган омил. Ўтмиш даврларда олиб борилган курашлар боис, инсоният бугунги ҳолига келган. Оддий мисол келтирайлик. Ҳозирда биз фойдаланаётган оддийгина интернет тармоғи ҳам ядро уруши бошлангудек бўлса, фойдаланиладиган муқобил алоқа воситаси сифатида яратилганди. Уруш бўлмади, аммо интернет одамлар учун кенг оламни “бир қадам” қилиб қўйди.
Оддий ҳақиқатни тан ола билмаслик, бу биз ўзбекларга теккан азалий хасталикдир. Кимдир биздан нимаси биландир устун эканлигига мутлақ рози бўла олмаймиз. Олам ўзгариб бораяпти ва ҳали замон келади, ўзбеклар ҳам “ёвойи ғарб” домига тушиб кетган халқлардан бирига айланади. Ёвойи ғарб анъаналари кўпларни ўзига ром қилиб келмоқда ҳам. Бу анъаналар христиан динига тааллуқлик деб ўйлаш ҳам нотўғри бўларди. Чунончи, улар инсоният минг йиллар давомида ортирган таърихий ва маданий анъаналарини эскилик сарқити дея йўқ қилмоқда. Афсуски бизда уларга қарши қўядиган бирор нарсанинг ўзи йўқдек. Янаям аниқроғи, ҳаддимиз сиғмайди.
Ўзбек жамиятида динни бу даражада таҳқирлай оладиганлар етишиб чиқмаган, аммо бу, уларнинг келгусида ҳам етишиб чиқмаслигини белгиламайди. Кимлардир бизни йўқ қилиш учун сиёсий жанг бошлаган экан, биз ҳам жуда бўлмаса ўзимизни сақлаб қолиш учун нималардир қилмоғимиз лозим. Лекин қалбларимизни қамраб олган қўрқув ҳисси бизни бундан қайтарди. Ҳа, биз қўрқамиз.
Марказий Осиё минг йиллар давомида истеълочилар учун мўлжал ва макон бўлиб келди. Таърихдан маълум бўлгани, Эрон ва Турон урушлари, Араб халифалиги ва ундан сўнг Чингизхон босқини ҳамда энг сўнги босиқинчиликни эса XIX асрда Россия империяси амалга оширди. Рус босқини билан Чингизхон босқинчилиги орасида Амир Темир империяси ҳам барпо бўлган. У Турон миллатини ҳам забт этувчилардан бирига айлантирганди. Аммо Амир Темирнинг олиб борган ноқис сиёсати боисидан, у барпо этган буюк империя унинг ўлимидан кейин парчаланиб кетди.
Ҳар бир қирғин, ҳар бир босқинчилик ўзбек тафаккурида ўз изини қолдириб келгани бор ва эндиликда эса халқимиз мардикорлик қилса қиладики, аммо ҳукмдорнинг юзига тик қарай олмайдиган бўлиб қолди. Мана шу оддийгина ҳақиқатни айта билишлик, миллатга, қолаверса умматга қарши чиқишлик эмас, балки шу халқни, шу элни ўз қадри учун курашларга чақириш демакдир. Миллат ўз қаддини кўтармас экан, унинг боши хўрликдан чиқмайди.
Ҳозирда бизнинг миллатимиз ва бизнинг халқимиз асосан иқтидордаги ҳукумат билан ҳамкорлик қилиб яшаб қолишга умид боғлаган. Шунинг учун ҳам президент номига шикоят аризалари юбориш, унга арз қилиб ҳақиқат кутаётганлар кўплаб учрайди. Ҳаттоки турмаларда азобланиб ётганлар ҳам президент Каримов номига кечирим хатлари битишга мажбурланмоқда. Мақсад эса, уларни содир этмаган жиноятларига иқрор қилмоқдир холос. Бунга эришилди ва эришилмоқда ҳам.
Бу ҳолатда ўзбекистонликлар нима қилишлари керак деган ҳақли савол туғилади. Ўзбекистондаги “қонун посбонларидан” умид йўқ, шундай экан, барча сохта жиноят ишлари билан айбланганлар қисматини халқаро майдонга олиб чиқиш зарур. Ўзбекистон Республикаси БМТ нинг “Фуқаролар ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пакти”ни имзолаган мамлакат ва шунга кўра, бу ишларни халқаро майдонда қайта кўриб чиқиш мумкин бўларди. Аммо бизнинг юртдошлар на ўз қавму қариндошлари ва ака-укалари озодлиги учун бундай ҳаракатларни олиб бораётганлари йўқ.
Бугунги давр ва дунё теологияни кўтара олмайдиган бўлиб қолган. Динлар шунчки расм-русм ва миллий одатлар даражасида бўлсагина дунё бунга рози бўла олади. Акс ҳолда теологик ғояларни илгари сураётган гуруҳларга қарши очиқдан очиқ ёки яширин тарзда бўлсин кураш олиб борилади. Ислом Каримов режими ҳам айни мана шу баҳона билан ғарбнинг эркатойига айланиб олган.
Радикал ва экстремистик Ислом қайдан чиқди? Илгарилари у йўқ эдику. Совет даврида бу каби диний қарашларнинг ўзи бўлмасди. Дунё коммнистлар ва коммунист бўлмаганларга ажралганди. Билмасангиз билиб қўйинг: радикал Исломни дунёга келтирган АҚШ бўлади! Совет ҳарбий контингенти Афғонистонга киритиларкан, АҚШ нинг ўша даврдаги президенти Джимми Картер Советларга қарши курашда Ислом факторидан максимал даражада фойдаланиш ҳақида қарор чиқаради ва Америка уларни маблағ билан, қуроллар билан қўллаб-қувватлади. Радикал исломчилар Совет Иттифоқига қарши курашда муҳим роль ўйнади, аммо Совет давлати тугуганидан сўнг эса АҚШ уларнинг ўзига душман бўлиб олди.
Ҳозирда ҳам Сурия Республикасида олиб борилаётган жанговор ҳаракатларда айни мана шу кучлардан фойдаланилаяпти. Бу кучлар орасида АҚШнинг қўлидаги қуролга айлангани ҳам бор. Ёки русча қилиб айтганда улар АҚШ га “замбаракка гўшт” (пушечное мясо) бўлиб хизмат қилишади. Агар бу кучлар ёрдами билан Суриядаги Башар аъл Ассад режими ағдарилса, унда нима ўзгариш содир бўлиши мумкин?
Эътибор қилайлик, АҚШ нинг оёғи етиб, диктатурадан “озод бўлган” қайси мамлакат обод бўлди ўзи? Ироқми, Афғонистонми ёки Ливиями? Мана, энди навбат Мисрга ҳам келди ва тез орада араб дунёсининг энг улкан аҳоли нуфузига эга бўлган Миср фуқаролар уруши лагерига айланиб кетиши эҳтимоли билан яшаяпти.
Инсониятни, жумладан биз ўзбекларни ҳам урушлар эмас, тинчлик ва ҳамжиҳатлик ривожлантира олган бўларди. Асосийси, ватандаги қаттол режимдан қутилиш, аммо буни кимдир қилиб беришидан умид қилмаслигимиз керак. АҚШ нимадир қилмоқчи бўлса Исломий кучларни “пушечний мясо” қилиб мақсадига эришган бўларди. Россия ва Хитойни, ҳамда Европа Иттифоқини Ўзбекистон халқи тақдири қизиқтирмаяпти. Эвольюцион йўл билан эса Ватан демократлашиб қолмайди. Ҳа демай Ўзбекистонда янги президент сайловлари бўлиб ўтади ва Ислом Абдуғаниевичнинг қизи Гулнора Ўзбекистонда ҳокимиятга келади.
Кимдир умид қилар: “Майли, Гулнора президент бўлса бўлсинчи, балки ҳаммаси яхши бўлиб кетар”. Йўқ албатта! Яхши бўлмайди. Баттар бўлса бўладики, аммо яхшиликка томон бирор қадам қўйилмайди. Бунда биз ўзбеклар ҳаттоки очликдан ҳам ўла бошлашимиз мумкин, лекин яхшиликка томон ўзгариш бўлмайди. Олдимизда яна бир йил турибти ва биз шу бир йилни қўлдан бердикми, кейин Ватанидан ва миллатимиздан кечиб юборсак ҳам бўлади. Хориждагилар учун бу осон иш, аммо Ўзбекистондаги ўзбекларга қийин бўлади. Бизга фақат бир йўл бор. Қаддимизни кўтармоқлик. Ўз орангиздан душман изламай, қаддингизни кўтаринг, ўзбеклар.
Тўлқин Қораев
Швеция
21.07.2013