O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Миллий манфаат доирамиз

Миллий манфаат доирамиз
250 views
24 February 2017 - 5:00

Шарқий Туркистондаги мусулмон турклар, бизнинг уйғур қардошларимиз ва бошқа турк қавмлари Хитой зулмига қарши биринчи марта бош кўтараётгани йўқ. Шарқий Туркистон диктатор Сталиннинг хиёнаткорона плани билан Хитойга берилгандан бери ярим аср ўтди ва шу вақт ичида уйғур турклари ўз озодлиги учун курашни бир зум ҳам тўхтатгани йўқ. Уларнинг катта-кичик миқёсдаги исёнлари хитойлар тарафидан доим шафқатсизларча бостирилди.

Уйғур халқининг ватансевар йигитлари ҳеч бир судсиз, сўроқсиз кўча ўртасида отиб ташланди, уйларига ўт қўйилди, аммо кураш тўхтамади.

Бу йил рамазон ойининг охири, Қадр кечасида бошланган оёқланма (исён) ўша узун мужодала занжирининг навбатдаги халқасидир. Сўнгги олинган хабарларга кўра, шу соатларда уйғурлар Шарқий Туркистон ҳудудининг 88 та нуқтасини ўз назорати остида тутиб турибдилар. Бир ҳафта ичида ҳалок бўлган шаҳидлар сони 300 тага етган, аммо бу рақамни Хитойнинг расмий доиралари озайтириб кўрсатишга уринмоқда.

Шунингдек, келаётган хабарларда, Ғарбий Хитойда ерлашган дунганлар ва тибетликлар ҳам мусулмон туркларнинг бу норозилик ҳаракатини очиқчасига қўллаб-қувватлай бошладилар. Улар «Демократик бир Хитой истаймиз», дея кўчаларга чиқмоқдалар.

Режим Шарқий Туркистонни атом бомбасини синаш майдонига айлантирди, кетма-кет портлатилган бу даҳшатли бомбалар фақат ер-сув ва ҳайвонот дунёсини заҳарлаб қолмади, балки минтақада яшаётган аҳолининг каттагина қисмини майиб-мажруҳ қилди ва қилаяпти.

Хитой ярим аср давомида уйғурларни этник ва маданий жиҳатдан ассимиляция қилишга уринди, аммо уйғурлардаги диний ва миллий шуур бунга тўсқинлик қилди. Инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳомийси Ғарб Шарқий Туркистонда ярим асрдан бери давом этаётган бу изтиробли мужодалага доим лоқайд қараб келди.

Ғарб давлатлари учун бу минтақа жуда узоқ кўринган ёки ғарбликлар тили билан айтганда «манфаат доирасига кирмаган». Лекин Хитойдаги аҳоли ўсишининг тезлиги, иқтисодий юксалиш ва бунга параллел равишда юксалаётган хитой шовинизми классик шаклда тартибланган ҳар қандай ҳисоб-китобни ағдар-тўнтар қилиб турибди. Энди бирор бир мамлакатнинг манфаат доирасига нима кириб, нима кирмаслигини айтиш ниҳоятда қийин. Дунё геополитик тарозисидаги тошлар ўзгарди, супер давлат бўлган АҚШнинг рақиби Совет Империяси парчаланди, унинг ўрнини янги бир супер давлат Хитой эгалламоқда. Бу янги вазиятда Оврупо ва НАТО ўз стратегиясида қандай ўзгаришлар ясаяжаги ҳозирча номаълум, аммо Оврупанинг собиқ душмани бўлган СССР меросхўри Русия бугун Оврупа учун учинчи бир кучга қарши иттифоқдош қўнимига тушиб қолаётгани аниқ. Бу учинчи куч, табиийки, космосдан келган мавжудотлар эмас – бу куч Хитой жумҳуриятидир. Демак, Оврупонинг НАТОни кенгайтириш учун қилаётган ҳаракатларига Русия шунчаки эринчоқлик билан қаршилик қилаётганига ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади. Эҳтимол, яқин келажакда, НАТО аъзолигига нафақат Можаристон ёки Польша, Русия Федерацияси ҳам аъзо бўлиши мумкин. Янада илгари кетсак, турк жумҳуриятлари ҳам ўз мудофаа қувватларини НАТО каби тизимларга интеграция қилса, не ажаб. Албатта, бу бир фараз.

Лекин фараз бўлмаган бир нарса бор: Бу Хитойдир. Хитой ҳозирча дунё истиқрорига таҳдид солаётгани йўқ. Аммо унинг биқинида яшаётган турк жумҳуриятлари қўшничилик сиёсатини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан олиб боришга мажбурдирлар. Нима десангиз денг, нуфузи бир миллиарддан ошиқ бир мамлакатга қўшни бўлиш бироз таҳликалидир. Агар бу мамлакат қўлида нейтрон қалпоқли ракеталар ва ҳужумга мўлжалланган модерн учоқлар бўлса, таҳлика икки карра ошади. Агар бу ҳам етмаганидай, бу мамлакатда тоталитар режим бўлса, таҳлика яна ҳам кучаяди.

Биз, 135 йил рус асоратида яшаган туркистонлик турклар, супер давлатга қўшни бўлишнинг нима эканлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам бугун Хитойда кечаётган воқеалар бизни ҳақли равишда безовта қилаяпти.

Биз Хитойда демократик бир тузум ўрнатилмагунича, унинг ичида яшаётган мусулмон қардошларимизга қарши зулм тўхтамаслигини биламиз ва шунинг учун ҳам Хитойда тезроқ демократик ислоҳотларнинг ўтказилиши тарафдоримиз.

Бу ислоҳотлар ўтказилса, нафақат ўлка ичидаги истиқрорни ўрнатишда, балки унга қўшни бўлган турк жумҳуриятларининг ҳам Хитойга нисбатан муомаласи самимийлашиб, алоқалари мустаҳкамланган бўларди. Зотан, биз Хитой билан шундай дўстона алоқаларни истаймиз. Фақат буни деркан, бизнинг туркистонлик раҳбарларимизнинг бугунги жимлиги эсимга тушади. Бу арбобларнинг ҳеч бири Шарқий Туркистондаги воқеаларга жавобан «чурқ» этмади. Улар ҳам Ғарбдаги оғаларига тақлид қилиб, бу менинг манфаат доирамга кирмайди, деб ўтирибдилар, шекилли. Агар шундай бўлса, қаттиқ янглишадилар. Шарқий Туркистон воқеалари манфаат доирамизнинг қоқ ўртасидадир. Буни ҳозирданоқ англаб олмоғимиз керак, уч-тўрт йилдан сўнгра кеч бўлиши мумкин.

(1997)

(60)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (175-177-саҳифалар.)

(давоми бор)