O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Миллий сиёсат

Миллий сиёсат
45 views
22 May 2017 - 6:00

Ўзбекистонни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз – 5.
(“Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан интервью.)

– Ўрта Осиёнинг барча собиқ совет давлатлари бугунги кунда этнократиянинг “ҳамма тенг, аммо титул миллати бошқаларга қараганда тенгроқ” тамойилига асосан шаклланаяпти. Шунақа бўлиши керакми? Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бориши керакми ёки у барча учун тенг ҳуқуқли мамлакат бўлиб қолиши керакми? Этник озчилик (тожиклар, қозоқлар, руслар, қирғизлар, туркманлар) Ўзбекистонда мутлақ ва тўла тенг ҳуқуқли бўлишга ҳуқуқлари борми? Моноэтник бўлмаган (Ўрта Осиёдаги бошқа республикалари сингари) мамлакатда идеал миллатлараро муносабатларни қандай тасаввур қиласиз?

– Биз ўзбеклар ватанимиз ҳудудида истиқомат қилиб келган қозоқларни, қирғизларни, туркманларни, тожикларни диаспора деб ҳисобламаймиз. Улар бизнинг оға-иниларимиз, Ўзбекистон улар учун ҳам ватан. Чунки улар ўзбеклар каби бизнинг заминимизда азалдан яшаб келадилар. Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда яшайдиган ўзбеклар ҳам бу мамлакатларда диаспора саналмайди. Чунки ўзбеклар у ерда азалдан яшаб келадилар. Туркистонни сунъий равишда парчалаш бўйича сталинча сиёсат учун халқларимиз жавобгар бўлиши мумкин эмас. Диаспора – бизнинг халқлар учун ҳақоратли сўз. Ким бу сўзни ёнида яшаётган биродарига нисбатан қўлласа, аждодлар тарихини унутган жоҳиллар қаторига кириб қолади.

– Ўзбекистон хориждаги ўзбеклар ва қорақалпоқларнинг (метрополия халқлари) миллий ҳуқулари ва манфаатларини, хусусан, Туркманистонда, Тожикистонда, Қозоғистонда, Афғонистонда, Қирғизистонда, Россияда ва бошқа мамлакатларда ўзбеклар жам бўлиб яшайдиган жойларда уларнинг тил бўйича ҳуқуқларини муҳофаза қилишлари керакми? Ҳукуматнинг ушбу йўналишдаги фаолиятни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, қандай ҳаракат қилиш ва қандай муайян тадбирларни амалга ошириш лозим (Қирғизистонни истисно этиб турамиз, бу ҳақда кейинроқ гап юритилади)?

– Энг аввало, қўшни давлатлардаги қондошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бир-биримизга баҳона яратмаслик энг мақбул иш бўларди. МДҲ мамлакатлари бу масала бўйича умумий стратегия, концепт қабул қилиши ҳамда шу концепт бўйича иш плани ишлаб чиқиши ва МДҲнинг ҳар бир саммитида тегишли ҳисоботларни қабул қилиши зарур бўлади. Билишимча, Ўзбекистонда миллий озчилик орасида тил бўйича муаммолар йўқ. Мисол учун, Ўзбекистоннинг русий забон фуқаролари жами аҳолининг 8 фоизини, тожиклар – 4,7 фоизни ташкил этадилар ва ўз тилларида ўқитадиган мактабларга эгалар. Агар бу масалада қандайдир муаммолар бўладиган бўлса, Ўзбекистон расмийлари уларни ҳал этишга мажбур.

– Агар қўшни мамлакатларнинг расмийлари “ҳаммаси яхши, аммо аввал сизлар бизнинг тожиклар, туркманлар, қозоқлар, қирғизларга нисбатан шу нарсаларни жорий қилингларчи” десалар, унда нима бўлади? (кўпчилик қирғизлар ўзбекларга қарши қирғинларини оқлаш учун Ўзбекистон ҳудудида қирғизларнинг ҳуқуқлари камситилаяпти, шунинг учун ўзбеклар Қирғизистонда ҳақ-ҳуқуқ талаб қилишга ҳақлари йўқ деган баҳоналарни кўтариб чиққандилар). Сиз қандай ҳисоблайсиз, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бу халқларнинг ҳуқуқлари риоя қилинаяптими? Агар йўқ бўлса, нима қилиш керак? Келгусида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай эътирозларнинг олдини олиш учун қирғизлар ғуж бўлиб яшаётган жойларда ва ҳатто бутун мамлакат бўйлаб қирғиз тилига расмий мақом бериш керакми? Ёки уларни тезроқ ассимиляция қилишга уриниш керакми?

– Бу ёлғон, Ўзбекистон ҳудудида қирғизларнинг ҳуқуқлари камситилмаган. Агар шундай бўлганида, биз биринчи бўлиб бундай дискриминацияга қарши чиққан бўлардик. Ўзбеклар нафақат ўз миллатдошларига нисбатан, балки бошқа миллат вакилларига ҳам толерантлигини ғурур ила қайд этиш жоиз. Ўзбекистон давлат структураларида ҳатто ҳозирги диктатура шароитида ҳам жуда кўп ўзга миллат вакиллари ишлаяптилар. Ҳолбуки, биродар республикаларимизнинг давлат муассасаларида бирорта ўзбекни топа олмайсиз. Ўш хунрезлиги давомида баъзилар ўзбеклар Фарғона водийсида яшаётган қирғизларга нисбатан қирғин бошлайди, дея хавотирландилар. Аммо бахтимизга, Ўзбекистонда қирғиз миллати вакилларига қарши бирорта тажовуз содир бўлгани йўқ. Бу расмийлар қирғизларни ўзбеклардан ҳимоя қилганлари учун эмас, балки халқимизга ҳос бағрикенглик туфайли шундай бўлди. Ўзбекистонда кўкларга кўтариладиган “титул миллат” бўлмайди, балки Ўзбекистон Республикаси паспортини кўтариб юрувчи фуқаролар миллати бўлади. Одамлар келиб чиқиши ёки миллатига қараб эмас, балки инсонийлик қадр-қимматига, уларнинг жамиятга тегадиган нафига қараб қадрланадилар. Ўзбекистонда ассимилияция сиёсати йўқ, бундан кейин ҳам бўлмайди деб умид қиламан.

– Бу масалани узил-кесил ҳал қилиш ҳамда ҳеч ким тил ва маданий камситиш борасида шикоят қила олмаслиги учун республикадаги барча этник гуруҳларининг (тожик, рус, қозоқ, корейс, қирғиз) тилларига давлат ёки расмийлик мақомини бериш зарурати тўғрисидаги фикрга қўшиласизми? Шу нарсани қўшнилардан ҳам талаб қилса бўладими? Бу ишлар Ўрта Осиёдаги собиқ шўро республикаларини бирлаштиришга қаратилган реал қадам бўла оладими?

– У ёки бу кўп миллатли мамлакатларда яшайдиган барча этник гуруҳларнинг тилларига давлат тили мақомини беришнинг иложи йўқ. Бу нарса техник жиҳатдан имкониятсиз. Аммо бизнинг Қорақалпоғистонда қорақалпоқ тили ҳам давлат тили ҳисобланади. Бунда ҳеч қандай фожиа йўқ. Қорақалпоғистонда икки тилда ёки фақат ўзларининг тилларида сўзлашиш мумкин. Ҳеч ким тил танлагани важидан таъна-маъломатга қолиб кетмайди. Ани пайтда баъзи қорақалпоқлар Ўзбекистондан суверен давлат сифатида ажраб чиқиш ёки Қозоғистон билан бирлашиш ғояларини илгари сурмоқдалар. Аммо ҳеч ким бунинг учун Қирғизистон жанубидагидек бундай одамларни ўлдираётгани ёки уйларига ўт қўяётгани йўқ.

Фарғона,
07.02.2011

(150)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (492-494-саҳифалар.)

(давоми бор)