Шундай ривоят бор: “Иброҳим Пайғамбарни мажусий Нимрод шоҳ тандирда ёндираётган вақтда бир чумоли оғзига сув олиб ёнғинни ўчиришга отланибди. Буни кўрган қурт-қумурсқалар ҳайрон бўлиб ундан сўрашибди:
-Сен бир томчигина сувинг билан шу оловни ўчира олишингга ишонасанми? Чумоли жавоб берибти:
-Афсуски менинг бу оловни ўчиришга қурбим етмайди. Бироқ мен умид қиламанки, қиёмат куни Яратган мендан Пайғамбаримни ёндираётганларида сен унга қандай ёрдам берган эдинг? деган саволга менинг ушбу ёрдам бериш ниятим-истагим жавоб бўлади” дебди.
Ушбу мисолдаги чумоли ҳиммати, шижоати, ибрати инсонлар учун ҳикматдир. Аллоҳни Пайғамбарини ўтда ёндираётганларида чумоли Яратганни қиёматда савол беришини ўйлайди ва Аллоҳ саволига Пайғамбарга ёрдам бериш нияти амали ила таёрланади. Бизчи? Ўзбекистон зиёлилари ва динимиз уламолари ҳар куни беш вақт намозимизда Расуллиллоҳдан қиёмат куни умматларига шафоат кўрсатишларини сўрайдиганлар азиз Пайғамбаримизни бўҳтон, туҳмат ва маломатлардан ҳимоя қилиш учун нима қилдик?
Дунёда миллат борки унинг миллий шуурининг – миллий онгининг уч суянчиқ устуни ва манбаи бор:
Биринчиси: эгаллаб турган ери-ватани.
Иккинчиси: она тили, адабиёти, маданияти.
Учинчиси: дину-диёнати…
Инсон онги – шуури шу уч нарсага мухаббатдан, фахрланишдан ва эътиқод – амал қилишдан куч қувват олади. Гар улардан бирига путур етса, миллат қўрғонининг пойдевори дарз кетиб, томи ўпирилиб, деворлари қийшайиб қолади.
Фикримни бир мисол воситасида далиллашга ҳаракат қиламан. 1972 йил ёшим 19 да эди. Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетининг учинчи курс студенти эдим. Хорижий адабиётлар деган фан ўқитилар эди. Шу фандан имтихон топширишда мажбурий ўқиш учун белгиланган адабиётлар рўйхатида Дантенинг “Илоҳий комедия”си ҳам бор эди. Ўшанда рус тилида Дантени “Божественная комедия”сини ўқий бошладим. Асарни бир жойига етганда биров тўсатдан юзимга тарсаки тортгандек, устидан юзимга тупургандек гангиб қолдим. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) унда дўзаҳий деб тасвирланган эди. Дину-диёнатимизга ва Пайғамбаримизга эҳтиром менга тақводор ота-онамдан мерос. Шу сабабли бу гапни кўтараолмасдим. Ижирғаниб аввал китобни бир четга улоқтирдим, кейин ғазабим ошиб катта китобни қайчилаб аҳлат қутисига ташламагунимча кўнглим таскин топмади. Бу воқеа сабабли университет кутубхонасига “йўқотилган” китоб учун хурсандчилик ила 25 рубль жарима тўлаганман. Шу-шу Дантени номини тилимга олмадим, ундан, ижодий меросидан ҳазар қилдим ва ўзим билган ёру-дўстларимни, укаларимни, опаларим ва сингилларимни Данте – динимиз душмани экан, китобларини ўқиманглар деб огоҳлантирдим.
…Яна йиллар ўтди тағин кутилмаганда юзимга тарсаки тушди. Не кўз билан кўрайки, Дантенинг “Дўзахи” қора арвоҳдек яна қаршимда пайдо бўлди. Бу гал www.ziyouz.com электрон кутубхонасида…
Келинг ҳаммамизга қанчалик оғир ва жирканч бўлмасин Данте асарида Пайғамбаримиз ва Ҳазрат Алига бағишланган ўша бобни бир бўлагини ўқийлик.
Русчаси:
Не так дыряв, утратив дно, ушат,
Как здесь нутро у одного зияло
От самых губ до туда, где смердят:
Копна кишок между колен свисала,
Виднелось сердце с мерзостной мошной,
Где съеденное переходит в кало.
Несчастный, взглядом встретившись со мной,
Разверз руками грудь, от крови влажен,
И молвил так: “Смотри на образ мой!
Смотри, как Магомет обезображен!
Передо мной, стеня, идет Али,
Ему весь череп надвое рассажен.
И все, кто здесь, и рядом, и вдали, –
Виновны были в распрях и раздорах
Среди живых, и вот их рассекли.
Там сзади дьявол, с яростью во взорах,
Калечит нас и не дает пройти,
Кладя под лезвее все тот же ворох
На повороте скорбного пути;
Затем что раны, прежде чем мы снова
К нему дойдем, успеют зарасти.
Так молвил Магомет, когда он ногу
Уже приподнял, чтоб идти; потом
Ее простер и двинулся в дорогу.
Ўзбекчада йигирма саккизинчи қўшиқдаги кириш сўзини Абдулла Орипов қуйидагича таржима қилган.
“Ушбу кўшиқда тасвирланган зотлар инсонлар орасига низо ва нифоқ уруғини сочганликда айбланади. Уларнинг жазоси ўзига хосдир. Маҳкум бир доира бўйлаб тинмай айланади, бир нуқтага етганда иблис уни шамшир билан ёриб ташлайди. Маҳкум доирани яна айланиб келгунга қадар жароҳат битади, ўша жазо эса яна такрорланади. Бу ерда Данте Муҳаммад Пайғамбар, Ҳазрат Али, Медичи, Курион, Моска, Борон сингари зотларни учратади”.
Шеърий таржимани тўлиқ матнини www.ziyouz.com кутубхонасида, ёки Абдулла Орипов танланган асарлар тўрт жилдлик китобининг учинчи китоби, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент 2001 да ўқишингиз мумкин. Насрда содда ва аниқ баён этсам, Дантенинг талқини – пайғамбаримизга ва ҳазрати Алига тухмати қўйидагича:
“Дўзах қаърида, қон, йиринг ва қайноқ сувдан иборат катта гирдоб бор. Дўзахга ташланган Пайғамбар Муҳаммад ва Ҳазрат Али ўша гирдоб бўйлаб чўкиб-қалқиб айланиб туришади. Ҳар гал улар маълум бир нуқтага етганда шайтон шамшир яланғочлаб уларни тикка ёриб ташлайди. Шу даражадаки – ичак-чавоқлари, юрак, бўйраклари, думғозалари, қўзга ташланиб туради. Улар дод фарёд кўтариб айланишда давом этишади. Айланиб яна шу нуқтага етганда уларни жароҳатлари битиб таналари асл бутун ҳолига қайтади. Яна шайтон қилич сирмайди. Ҳудди тарвузни кесиб, икки паллага бўлгандек уларни танасини иккига бўлади. Бу азоб уқубат ҳеч қачон тугамайди. Нега? Негаки, улар инсонлар орасига низо-нифоқ солишган. Шу туфайли абадул-абад дўзах азобига маҳкум этилган…”
Афсусларким таржимон ва китоб нашри учун маъсул шахслар – редколлегия аъзолари тамонидан Пайғамбаримизга Дантени очиқ душманлик ва нафрат кўзи билан қараши, баҳо беришдаги ноҳақлиги ҳақида ўз фикр-муносабатларини изоҳ шаклида билдирмаганлар.
Ҳурматли ўқувчи, айтинг жаҳон адабиётида, матбуотида, телевидениясида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ва ҳазрат Али (р.а) ҳақида бундан ортиқ бўхтон ва куфру – қабоҳатли тасвир борми? Ё тавба, ёқамни ушлайман ахир Абдулла Орипов ҳажга борган, Каабатуллоҳ атрофидан айланган, Мадинада Пайғамбаримиз қабрларини тавоф этган, бу тўғрида шеърлар ҳам битган эдику! Шундан кейин ҳам… Ҳа шундан кейин Ҳаждан қайтиб “Дўзахни” қайта нашр этган. Тўрт жилдлик сайланмасига жойлаган, интернет орқали бутун дунёга кўз-кўз қилиб турибти… Ана шу “ҳизмати” учун Италия президенти уни “Италия юлдузи” ордени билан мукофотлаган, “Бухоро мавжлари” журнали шу муносабат билан шоирни қизғин муборакбод этган.
Бухоролик журнал ноширлари ва ҳомийлари ўзларининг шоирга хушомадгўйликлари билан катта хатога-гуноҳга йўл қўйганликларини тан олишлари ва тавба-тазарру қилишга киришишлари учун 40 йил кетмайди, деган умиддаман.
Абдулла аканинг жуда хунук қилғиликлари ҳақида ўйлаб ўйимга етолмайман, бир ёқдан бу одам Ҳаж зиёрати қилади, Расуллиллоҳга иззат-эҳтиром билдиради, иккинчи ёқдан машъум китоб воситасида Дантенинг Пайғамбаримиз шаънига бўҳтон ва ҳақорату-маломатини ўзбек тилига тўлиқ таржима қилиб кенг тарқатади. Бу икки бир-бирига тамом тескари нарса битта одамни юрагига қандай сиғди экан? Бунинг учун у ким бўлиши керак?
Абдулла Орипов Дантенинг “Дўзахи”ни таржима қилганига қирқ йилдан ошди. Шу таржимаси туфайли қанчадан-қанча мақтов, ҳамду-санолар эшитди. Аммо адабиётшунос олимларимиз, адабиёт танқидчилари ва умуман хушёр мусулмон ўқувчилари томонидан аччиқ ҳақиқат айтилмай қолаверди. На олимлар на уламолардан садо чиқмади. Ҳамма мум тишлаб, пинакка кетган. Хўш, нима бу? Жаҳолат шармандалик эмасми? Ундан ҳам баттар, миллий шууримиз фожиаси – миллий онгимиз ниҳоятда заифлашганини намоён бўлиши бу.
Миллий шууримиз, диний онгимиз ва ғуруримиз озгина уйғоқ бўлганда Дантенинг Пайғамбаримиз ҳақларидаги бу бўҳтон куфру-қабоҳатга лоқайд, бепарво қараб турмасдик. Айтилиши жоиз бўлган рост гапни кимдир айтарди. Айтайлик шўролар тизими даврида, коммунистик – худосизлик мафкураси ҳукмрон бўлган вақтларда Дантени ислом динига қарши бўлган асарини ва уни таржима қилган кимсани танқид қилиш жуда хавф-хатарли иш бўлган. Аммо, Ўзбекистон 1991-йилда, чорак аср муқаддам мустақил давлат бўлганидан сўнг, мамлакат Конституцияси – Бош қонунимиз фуқароларга сўз ва виждон эркинлиги ҳуқуқларининг кафолатини берганидан кейин ҳам ҳеч ким ўзининг қонуний ҳуқуқидан фойдаланиб шижоат кўрсатиб диний эътиқодини, азиз Пайғамбарини шаънини тухматлардан ҳимоя қилувчи сўзини Абдулла Ориповга ва у кишини китобларини нашр этган ноширларга айтмаганига нима дейсиз?
Келинг ўша зарур, адолат талаб қилган танқидий сўзни айтувчи ва тўғри йўлга киришга маслаҳат берувчи, бадбахт Абдулла Ориповни хаётда бирорта чин дўсти бўлмаган бўлса, уни оғир хатоликдан ва гуноҳлардан қайтарадиган дўсти мен бўлай. Худо йўлига, шоирни оғир маънавий касалигини даволайдиган жаррох бўлай, Худо хохласа. Яъни 75-ёшли кекса, оғир касал бўлган шоирга раҳми келган мусулмон ва адабиёт мухлиси сифатида ҳақиқатни юзага чиқарай ва у кишига мусулмонлик одоби, талаби буйича ёрдам қўлини чўзай. Сўзим шуким:
Абдулла Орипов ҳаётлигида, эси-ҳуши борида этагини йиғсин. Ҳақ олдида, халқ олдида, ўз виждони – иймони олдида ушбу қилмиши учун астойдил тавба-тазарру этсин: “Дўзах” таржимасидан расман воз кечсин, Италиядан олган мукофоти – тавқи лаънатини расман қайтариб берсин. Шоядким тавба қилганларни кечиргувчи Зот у кишини ҳам тавбаларини ижобат қилса ва гуноҳларини кечирса. Абдулла ака Аллоҳ ҳузурига гуноҳлардан фориғ бўлиб, ёруғ юз билан борса. Бу нарса авлодларга аччиқ сабоқ, такрор этилмайдиган мисол ва ибрат бўлсин.
Мен ушбу танқидим ва таклифим ила адабиётимиз учун катта хизмат қилган атоқли шоирга ёмонлик эмас, яхшилик истайман, Аллоҳ наздида ва авлодлар назарида бадном бўлмасин дейман.
Гапнинг индаллоси шу. Тамом, вассалом.
Анвар Ҳусаинов
Манба: Facebook.com