O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Миллионларча киши ўқиган суҳбат

Туркиялик истеъдодли журналист ва ёзувчи Фаруқ Кўса ЎХҲ Парагада бўлиб ўтган иккинчи қурултойига қатнашди ва қурултой иштирокчиларидан проф.

Миллионларча киши ўқиган суҳбат
28 views
10 July 2012 - 12:47

Туркиялик истеъдодли журналист ва ёзувчи Фаруқ Кўса ЎХҲ Парагада бўлиб ўтган иккинчи қурултойига қатнашди ва қурултой иштирокчиларидан проф.

Отаназар Ориф билан суҳбат ўтказди. Бу суҳбат аввал “Yeni Akit” газетасида, кейин Туркиянинг энг машҳур интернет порталларидан  habervaktim.com да бир кун давомида асосий мавзу (маншет) сифатида ўрин олди. Айтиш керакки, бизнинг тахминимизча бу вақт давомида ушбу суҳбатни бу хабар порталининг миллионларча ўқувчилари ўқиган бўлишлари керак. Эътиборингизга ушбу суҳбатни ҳавола қиламиз.

Таҳририят

“Ислом Каримов Қонуний Президент эмас”

 Ўзбекистон ЭРК Демократик Партияси Бош Котиби профессор Отаназар Ориф ҳозирда Ислом Каримовнинг мамлакат Конституциясини оёқ ости қилиб узоқ йиллардан бери Президентлик курсисида ўтирганини иддао этди.

“Акит” нашри мухбири Фаруқ Кўса билан бўлган суҳбатда О.Ориф: “Агарда Конституцияни поймол қилмаганида бу пайтгача Президентлик қилмаган бўларди. У ҳеч кимга ишонмайди. Бундай шахсни Президент эмас, Тиран (Якка ҳукмрон) деб аталади. Яъни, ҳокимиятни бутун борича ўз қўлида ушлаб турган одам”, деди.

Отаназар Ориф Ким?

Физика-математика фанлари профессори Отаназар Ориф Тошкент Давлат Техника Университетидан нафақага чиққан. Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан ажралиб чиқишига катта ҳисса қўшган кишилардан бири саналади. Мустақиллик Декларациясини ҳозирлаган. Айни пайтда Ислом Каримов бошқарувига мухолиф бўлган Эрк Партиясининг Бош Котиби вазифасини бажармоқда.

Қуйида мухбиримиз Фаруқ Кўсанинг физика-математика профессори Отаназар Ориф билан бугунги Ўзбекистон ҳақидаги ғоятда бой маълумотларни ўз ичига олган репортажини эътиборингизга ҳавола этамиз.

МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ

– Айтингчи, Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясини ҳозирлаш жараёни қандай кечган эди?

– 1990 йилнинг 30 апрелида Эрк Демократик Партиясининг Таъсис Қурултойи бўлиб ўтди. Партия ташкил этилганидан кейин ўтказилган йиғилишда Муҳаммад Солиҳ, “Биринчи қиладиган ишимиз  Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларациясини тайёрлашдир” деди. У пайтларда мен Тошкент Техника Университетининг Профессорлар Кенгашида Раис ўринбосари эдим. Муҳаммад Солиҳ менга қараб, “Мустақиллик Декларациясини ёзасизми?” деб сўради. Мен: “Ёзаман” деб айтдим. Муҳаммад Солиҳ яна: “Сиз ёзиб тайёрланг, уни Олий Мажлисдан ўтказиб тасдиқлатиш ва амалга ошириладиган ҳолатга келтириш менинг зиммамда”, деб айтди. Мен ёзишга бошладим. Мустақиллик Декларациясини тайёрлар эканман, иш жойимда ҳам вақтимни шу ишга сарфладим, шу иш билан машғул бўлдим. У пайтлар бир давлат учун Мустақиллик Декларациясини қандай тайёрлашни ўзимиз ҳам яхши билмас эдик. Бунинг учун аввало халқаро ҳуқуқни, бошқа давлатларнинг бу мавзудаги Баённомаларини ҳам ўқиб, Мустақиллик Декларацияси қандай хусусларни ўз ичига олиши кераклигини ўргандим. Май ойининг бошидан эътиборан бир-бир ярим ой шу иш билан банд бўлдим. Бу муддат охирида Муҳаммад Солиҳ менга қўнғироқ қилиб, “Декларацияни тайёрлаган бўлсангиз, менга юборинг”, деди. Мен тайёр бўлган бир саҳифалик матнни унга бердим.

Шундан кейин яна тайёр лойиҳани ўзбек тилидан русчага таржима қилиб алоҳида матн сифатида ҳам бердим. Муҳаммад Солиҳ Мустақиллик Декларацияси матни нусхасини кўпайтириб, ўша пайтдаги Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг парламенти аъзоларига тарқатиб чиқди. Ўша куннинг ўзидаёқ Мажлис кун тартибига киритишга ҳаракат қилишини айтди. Аммо бу орада мен Декларация матни устида ишлашни давом эттирдим. 1990 йилнинг 20 июнида Муҳаммад Солиҳнинг уйига бордим. У ерда Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжон компьютер бошига ўтирди.  Иккинчи матн устида ишлаб, Эрк Демократик Партияси Мустақиллик Декларациясининг тўлдирилган ва аввалгисига нисбатан мукаммалроқ ҳолатга келтирилган иккинчи версиясини ёздик. Аввалги матн бир саҳифа бўлса, иккинчи лойиҳамиз икки саҳифага яқин чиқди. 18 июнда ўша матн барча халқ депутатларига тарқатилди. Ўша пайтда депутатлар сони 500 нафар атрофида эди. 19 июнда Парламент мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис кун тартиби белгиланаётганда Мустақиллик масаласи кун тартибига киритилмади. Шундан кейин бу масаланинг кун тартибига киритилиши учун 60 дан зиёд депутатнинг имзоси йиғилиб, Президентга мурожаат қилинди. Муҳаммад Солиҳ томонидан “Агар талаб қабул қилинмайдиган бўлса, биз ҳозир 30 минг одамни митингга чиқарамиз”, деб айтилди. У аснода Президент Фарғона водийсига кетди. Ислом Каримов бу масаладан ўзини узоқроқ тутишга уринарди. Ўша пайтдаги бош вазир Шукрулло Мирсаидов Мустақиллик Лойиҳасининг Мажлис кун тартибига киритилишига қарши эди. Шу сабабли Президентга қўнғироқ қилиб, лойиҳа ҳақида гапирган, у эса кун тартибига киритишларини айтган. Шу тариқа, 1990 йилнинг 20 июнида иккинчи матн кун тартибига олинди. Овозга қўйилганида, барча депутатлар бирдамлик билан уни ёқлаб овоз бердилар.

Ҳатто Парламентдаги рус миллатли депутатлар ва ҳарбийлар ҳам Мустақиллик тарафдори бўлдилар. Овозга қўйиш жараёни ниҳоясида Парламент биноси ичида ажиб бир севинч ва жўшқинлик руҳи ҳукмрон бўлди.

Аммо эртасига бу тарихий воқеа ҳақида ҳеч бир газетада ҳеч нарса ёзилмади, радиоларда хабар берилмади, телеканалларда кўрсатув қилинмади. Бунга жавобан Эрк Партияси аъзолари йиғилиб, Республик Телевидениеси биноси олдида норозилик намойиши ўтказишди. Фақат шундан кейингина газета, телевидение ва радиоларда Мустақиллик Декларацияси ҳақида материаллар эълон қилинди. У вақтда Президент курсисида Коммунистик Партиянинг Ўзбекистондаги биринчи секретари Ислом Каримов ўтирарди.

Ўшанда унинг ёрдамчиси бўлган ва Русиядан келган иккинчи секретар Ефимов коридорга чиқиб, Горбачёвга қўнғироқ қилган экан. У Горбачёв билан гаплашаётганида Каримов Парламентга келган. Буларнинг бари ичкарида халқ депутатлари Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганидан севиниб, жўшиб турган бир пайтда содир бўлаётган эди. Ефимов телефонда Горбачёвга, “Сиз бу ерда нималар бўлаётганини тасаввур ҳам қилолмайсиз”, дейди. Бу воқеаларнинг жонли шоҳиди бўлган кишиларнинг айтишича, Ефимов Каримовнинг ёнига келади ва унга Горбачёв телефонга чақираётганлигини айтади. Каримов у билан гаплашишдан чўчиб, буни қабул қилмайди.

Шундай қилиб, Мустақиллик Декларацияси қабул этилган бўлди. Бу Декларация 12 моддадан иборат эди. Матн қабул қилинганидан кейин Ефимов матнга баъзи ўзгартишлар киритганди. Мустақиллик Декларациясидаги асосий масала давлатнинг том маънодаги мустақиллиги хусусида эди. Унда демократик қоидалар ҳам мустақиллик мавзуси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳолди ўз ифодасини топган эди. Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганидан кейин, 1991 йилнинг 19 августида Русияда содир бўлган ва уч кун давом этган ҳарбий давлат тўнтаришига қадар Каримов ушбу Декларациянинг ҳаётга татбиқ этилишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келди. Фақат ҳарбий тўнтариш муваффақиятсизликка учраб, Москванинг авторитети заифлаша бошлагани маълум бўлгач, Мустақиллик учун ҳаракат бошланди.

ИСЛОМ КАРИМОВДАН КЕЙИНГИ ЎЗБЕКИСТОН

– Мустақиллик Декларациясини тайёрлаш жараёнида қандай фикрда эдингиз? Тасаввурингиздаги сиз хаёл ёки орзу қилган янги Ўзбекистон қандай эди, сизнингча? Каримовдан кейинги Ўзбекистонни нималар кутмоқда?

– Ҳозирда Ислом Каримов қонуний Президент эмас. У Конституцияни поймол қилиб, шунча вақтдан буён Президентлик курсисида ўтирибди. Агарда Конституцияни поймол қилмаганида бу пайтгача Президентлик қилмаган бўларди. У ҳеч кимга ишонмайди ва ўз жойини бировга бўшатиб бериш нияти ҳам йўқ. Атрофидаги одамлардан ҳеч кимга ишонмайди.

“У БИР ТИРАН”

– Хўш, атрофида ҳеч бир ишончли кишиси бўлмаган бир шахс қандай қилиб шунча узоқ муддат иқтидорда қолиши мумкин? Бу имконсиз эмасми? Мутлақо уни қўллаб-қувватлаган, ишонган бир командаси бўлиши керакки, унинг иқтидорда қолишини таъминласин.

–  Шунинг учун ҳам у қонун доирасида у ерда ўтирмаяпти, ғайриқонуний бир тарзда Конституцияга хилоф равишда ўтирибди. Бундай шахсни Президент эмас, Тиран (Якка ҳукмрон) деб аталади. Яъни, ҳокимиятни бутун борича ўз қўлида ушлаб турган одам. Биз бу Мустақиллик Декларациясига боғлиқ ҳолда, Мустақиллик Декларациясининг руҳига мувофиқ бир шаклда янги Конституция лойиҳасини ҳам тайёрлаган эдик. Муҳаммад Солиҳ 1992 йилнинг июн ойида, депутатликдан истеъфога чиқмасидан аввал ўша Конституция лойиҳасини Парламент раисига берганди. Ўшанда Муҳаммад Солиҳ Эрк Партияси номидан бир мактуб ёзиб, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясининг бир алтернатив ўлароқ халқ референдумига қўйиб, қабул қилинишини истаган эди. Шу тариқа, биз ўзимизнинг Конституция лойиҳамизни тақдим этган эдик. Бошқа лойиҳаларнинг ҳам бунга қўшимча сифатда умумхалқ овозига қўйилишини истагандик. Биз ўша Конституция лойиҳасини 200 нусхада кўпайтириб, барча мутасадди ташкилотларга, вазирликлар, университетлар сингари яна кўплаб муассасаларга тарқатиб чиқдик. Эрк Партиясининг ўз газетаси бор эди. Бу Конституция матнини газетада эълон қилиш учун тайёргарлик кўрган эдик. Конституция лойиҳасининг газетада эълони цензурага дуч келди, тўсқинлик қилинди. Чунки ўшанда газеталар чоп этилмасдан илгари Давлат Цензурасидан ўтказиларди, тасдиқдан ўтганидан кейин босишга рухсат бериларди. Бизнинг газетамизда Конституция матнини чоп этишимизга рухсат берилмади. Бунга сабаб қилиб Эрк Партиясининг Конституция ёзишга ҳаққи йўқлиги кўрсатилди. Конституциянинг давлат томонидан тайинланган Конституция комиссияси томонидан ёзилиши мумкинлиги, бошқа ҳеч кимнинг бунга ҳаққи ва ваколати йўқлиги айтилди. Барча газеталарда Конституцияга алтернатив равишда бирон лойиҳа тайёрлаш, уни умумхалқ референдумига қўйилишини исташ, бундай нарсаларни ёзиш қатъиян манъ этилди. Фақатгина Эрк Партиясининг газетаси мавжуд цензурага итоат қилмади ва Конституция матнини эълон қилди. Аммо давлат ҳокимияти бунга беписандлик қилиб, халқнинг том маънодаги озодлиги амалга ошмади. Шундай бир жараён ичида биз орзу қилган мустақил ва озод Ўзбекистон хомхаёл бўлиб чиқди.

МАҚСАДИМИЗ ВАЗИФАДАН ЧЕТЛАТИШ ЭМАС, ЎЗГАРТИРИШ

– Яхши, унда бугунги Ўзбекистон бошқарувининг хатоли, янглиш томонлари нимадан иборат? Бу янглиш жиҳатлар қандай ислоҳ этилади?

– Асосий хато – сиёсий бошқарув тизимида. Яъни, сиёсий бошқарув демократик ҳокимият эмас, антидемократик ҳокимиятдир. Бу ҳокимият тарзи демократик ҳокимиятига айлантирилмагунича, бошқа ҳеч бир масалада бирон бир ўзгартиришни амалга ошириш имконсиздир. Бизнинг мақсадимиз, Каримовни вазифасидан четлатиш эмас, балки сиёсий йўналишни ва унинг моҳиятини ўзгартиришдан иборат. Ҳозирги пайтда мавжуд сиёсий бошқарув бир кишининг қўлида.

– Яъни, “Сиёсий тизим ўзгармагунча, бошқа ҳеч бир нарса ўзгармайди”, демоқчисиз. Жуда яхши, берганингиз маълумотлар учун ўз ташаккуримни билдираман.

– Сизга ҳам раҳмат. Икки орзумиздан бири амалга ошди, бошқаси орзулигича қолди…

– Мустақиллик Декларациясини тайёрлаган пайтингизда орзу қилганингиз Ўзбекистонни бугун кўра олмаяпсиз, гапларингиздан шундай хулоса келиб чиқаяпти. Яъни, икки шарт ўртага ташланган эди, мустақилликнинг биринчи шарти давлатнинг бошқа бир давлатдан мустақиллигини қўлга киритиши, иккинчиси эса, халқнинг озодликка эришиши. Аммо бу икки орзуингиздан бири юзага чиқди, иккинчиси амалга ошмасдан қолиб кетди. Хўш, унда орзуингиздаги Ўзбекистонни бунёд этиш учун иккинчи қадамни қўя олмаганлигингизнинг сабаблари нимада?

– Бунинг асосий сабаби, у пайтларда мухолафатнинг том маънода шаклланишга улгурмаганлиги ва етарли кучга эга эмаслигида эди. Эрк Партияси ҳали у даврда эндигина шаклланишга, ташкилотланишга давом этаётган бир партия эди. 1991 йилнинг 25 августида биз Эрк Партиясининг 3-қурултойини ўтказгандик. У қурултойни Каримов ўз кабинетида ўтириб телевизордан кузатиб борганди. Биз қурултойда, “Мустақиллик Декларацияси қабул қилинди, энди навбат мустақиллик қонунчилигининг қабул қилинишига келди” деб эълон қилган эдик. Буларнинг барчасини билиб турган Каримов ўз иқтидорини хавф остида қолганини кўргани учун бутун ваколатларни ўз қўлига олди. Эрк Партияси 1991 йилнинг 3 сентябрида расман давлат рўйхатига олинди. Бир партияни ташкил этаётганда партияни таъсис этувчиларнинг ва аъзоларнинг исм-фамилиялари, манзилгоҳлари ва барча маълумотлари Адлия Вазирлигига маълум қилиниши ва рўйхатга олиниши шарт эди. У пайтларда бир партиянинг тузилиши учун рўйхатга олинган 3 минг нафар аъзога эга бўлиши керак эди. Биз эса 4 минг нафар аъзонинг рўйхатини берган эдик.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир партиянинг ташкил бўлиши учун 20 минг нафар аъзога эга бўлиши шарт қилинган. Мустақиллик эълон қилинганидан сўнг Каримовнинг қўлида барча исм ва манзилгоҳларнинг рўйхати бўлганлиги учун, у Эрк Партиясининг жойлардаги аъзолари устидан назорат ўрнатишни бошлатиб юборди. Тазйиқлар ва ҳибсга олишлар авжига чиқди. 1992 йилнинг июнь ойида Муҳаммад Солиҳ депутатлик мандатини топшириб истеъфо этди ва Парламентдан чиқиб кетди. Чунки тазйиқлар шунчалик даражага етган эдики, унга қарши кўрсатиш мумкин бўлган бошқа эътироз шакли мутлақо қолмаган эди.

Биз Ўзбекистоннинг мустақил бир давлат бўлишини, озодликни, инсонларнинг фикр эркинлигини, шахсларнинг бир-бирларидан қўрқмасдан ҳамжиҳатликда яшашларини орзу қилган эдик. Муҳтож инсонлар бўлмаган бир Ўзбекистонни орзу қилган ҳолда у Декларацияни тайёрлаган эдик. Биз Ўзбекистоннинг кучли ва мустақил, инсон ҳақ ва ҳуқуқларига риоя қилинадиган, сўз ва фикр эркинлиги таъминланган, муҳтожликдан холи, ҳеч ким бировдан қўрқмайдиган бир мамлакат бўлишини орзу қилган эдик. Лекин ўша вақтда ўйлаган эдикки, биринчи навбатда Ўзбекистонни Русиядан мустақил давлат ҳолатига келтириш лозим эди. Иккинчи қадам эса, Ўзбекистон ичида яшаган ҳар бир шахснинг том маънодаги озодлиги, эркинлиги масаласи эди. Биз миллатимизнинг, халқимизнинг ҳақиқатан ҳурриятга эришишини истаган эдик. Мустақиллик Декларациясининг эълони билан биринчи мақсадимизга эришдик, биринчи қадамимизни қўйдик. Аммо иккинчи одимни ота олмадик, яна ҳам тўғрироғи, иккинчи одим биз орзу қилгандек, тўғри йўлда эмас, янглиш истиқоматга қараб ташланди.

Яъни, давлат мустақил бўлди, аммо бошқарув демократларнинг қўлига ўтмади, эски Коммунистик Партия кадрлари қайтадан давлатни ўз қўлларига олдилар. Давлат кадрлари тамоман эски Компартия аъзолари ва у тарбиялаган кишилардан иборат эди. У пайтда Москванинг бўйинтуруғидан қутилиб истиқлолга эришган бўлсак ҳам, ўз ичимиздаги раҳбарлардан мустақил бўла олмаслигимизни, уларга боғлиқ бўлиб қолишимизни билар эдик; аммо нима бўлганда ҳам улар бизнинг инсонларимиз эди ва уларга бас кела олишимиз мумкин, деган фикрда эдик. Шу сабабли иккинчи қадамни кейинга қолдириб, аввал биринчи одимни отиб мустақилликни қўлга киритишга ҳаракат қилдик. Зеро, иккинчи қадамни ташлаш учун ҳам аввало биринчи қадамни қўйиш шарт эди. Мустақиллик учун биринчи одимни отиш шарт эди, лекин бу кифоят қилмасди, шунинг ўзигина етарли эмас эди.

 

Faruk Köse / Akit