Мустақилллик йилларида вояга етиб, шаклланиб келаётган ўзбек ёшлари ўртасида машҳур бўлиб бораётган “Миллион” комедия гуруҳи сўнгги концертида афғонистонлик мусулмонларни ҳақорат қилди. Мухлисларга тақдим этилган латифаларнинг бирида улар: “Афғонистонда янги футбол стадиони қуриб битказилди. Лекин орадан уч кун ўтгач, стадион бузиб ташланди. Чунки афғонлар янги стадионнинг чимини чекиб юборишди”, деб, барча афғонистонликларни нашавандларга чиқаришди.
“Миллион”нинг ушбу ҳақорати акс этган видеолавҳалар ўзбек ёшлари ўртасида кенг тарқалиб бормоқда. Баъзи ёшлар мана шу ҳақоратомуз гапларни ижтимоий тармоқларда матн тариқасида ёзиб қолдиришмоқда. Бу тоифа мухлислар “латифа” жафокаш афғон халқи шаънига айтилган ҳақорат эканини англашмайди.
Улар нашавандлар кўплиги бўйича Афғонистон Ўзбекистондан анча орқада эканлигини ҳам билишмайди. Афғонистонда турли наркотик ўсимликларни етиштиришга буюртма ва сармоя бераётганлар Ғарб мамлакатлари эканлигидан, героин ва бошқа наркотик моддалаларни тайёрлаш учун зарур бўлган прекурсор кимёвий моддалар Афғонистонга вагонлаб ва самолётлаб Европа мамлакатларидан олиб кирилаётганлигидан “миллион”чилар ҳам, уларнинг ашаддий мухлислари ҳам бехабар, шекилли. Акс ҳолда, улар қўшни ва диндош халқни ҳақорат қилишмаган бўларди.
“Миллион” аъзоларининг ва мухлисларининг билимсизлиги ҳамда бачканалиги гуруҳнинг бошқа “номер”ларидан ҳам маълум. Хусусан, ўзларининг сўнгги концертида “миллион”чилар мусулмончиликка, ўзбекчиликка ва умумбашарий қадриятларга тўғри келмайдиган порнографик мавзуларни кўтариб чиқишди. Буни “Миллион”нинг қуйидаги саҳна диалогидан ҳам кўриш мумкин:
– Анави йигит уйланмаган.
– Унинг уйланмаганини қаердан билдинг?
– Қўлларига қара, қавариб кетган! (залда манқурт мухлисларнинг ҳандон кулгуси ва олқиш қарсаклари)
– Тушунмадим.
– Нимасини тушунмадинг?! Унинг қўллари арматура ташийвериб қавариб кетган. Уйланган бўлганида, арматура ташимасди. (залда яна кулгу ва олқишлар).
Мана шундай уятсиз мавзуларни олқишлаб ўтирган мухлислар ичида ўзбек шоу-бизнеси вакиллари ҳам бор. “Миллион”нинг концертларида улар энг олди қаторларни эгаллаб, ҳордиқ чиқаришади.
Ҳар ким дилига яқин мавзу ва кишиларга яқин бўлади, деганларидек, шоу-бизнес вакиллари ҳам уятсиз мавзулар ва комедия гуруҳларига яқин жойлашиб олишган. Биргаликда улар порнографик мазвуларни кўтариб, бутун бошли халқларни ҳақорат қилишмоқда.
ЎХҲ ахборот бўлими