O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Минбарни лойиқларга беринг

Минбарни лойиқларга беринг
181 views
28 June 2017 - 10:42

«Нега доим имомларни гапирасиз?», «Сизга имомлардан бошқа мавзу йўқми?», «Дин душманлари имомларни гапиради, сиз уларга шерикмисиз?»

Мен доимо эшитадиган, қайта-қайта дуч келадиган сўзларим. Шундай сўзларни эшитганда доим ортимга назар соламан ва бугунимга қарайман. Мендан имомларга муҳаббат қилишни сўрашади. Имомлар ҳақида гапирмасликни айтишади. Кеча ва бугунимни солиштириб бу мавзуга қайта ва қайта тўхталишга мажбур бўлавераман. Нима учун? Ҳақли савол. Яқин ўтмишимизда гувоҳи бўлган хотираларим билан ўртоқлашсам. Мавзу бир оз чўзилиб кетса, кимнидир қимматли вақтини олсам узр сўрайман.

Хуллас, бошқа шаҳардан бошламоқчиман. У ердаги энг катта масжид. Ўша масжидда анча йиллар имомлик қилган, халқ ичида «ҳожи дада», деб ном олган инсон ҳақида. У кишини барча ҳурмат қиларди. Барча у кишини дуосини оларди. Сўзида ўткирлик, нигоҳида ҳайбат, юришида салобат бор эди. Халқ имоми бўлиб юрган инсонни бир кунда, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз масжидга кириб келиб ишдан бўшатиб юборишди. Халққа неча йиллар хизмат қилган инсонни бир тийинга олмай, ўрнига бошқа имомни сайлаб кетишди. Ҳа, бир соат ичида ўзгартиришди. Янги бўлган имом эса сайланганлар томонидан сайланган эди. Ҳожи дадани юзига оёқ қўйган ўша имом халқ ичида «ланатуллоҳ» деган лақаб олди. Энди эса, сиз мени имомларни ҳурмат қилишга чақиряпсиз. Мен мансаб учун, обрў эътибор учун ҳеч нимадан тап тортмайдиган шу инсонни «имом» деб ҳурмат қилайми?

Энди Ўзимизга Қайтаман. Ўша пайтлар Дегрезликдаги масжид бузилмаган маҳаллар эди. Масжид ноиби замон қалтислигига қарамай болаларга дарс берар эдилар. Жуда кўп маҳалла болакайлари илм оларди. Бир куни масжидда илм олиб ўтиргандик, бирдан шаҳар бош имом хатиби кириб келдида: «домла, дарров китобларни йиғиштиринг. Қани тез туринглар. Текширув бор…», деб гапини тугатишга ҳам улгурмади. Ортидан бир гала орган ҳодимлари кириб келди. Ҳаммани автобусга жойлаб, олиб кетишди. Болаларни ота-онасини чақиртириб, тилҳат олиб қўйиб юборишди. Бечора домлани эса роса сарсон қилишгани ҳали ҳамон эсимда. Кейинчалик маълум бўлишича бош имом хатибимиз орган ходимларини ўзлари бошлаб келган эканлар. Мени мана шундай халқини, бродарини, ўз ҳамкасбини сотадиган имомни яхши кўришга чақирасизми?

Шаҳарнинг энг суюклик имоми бўларди. Қайси масжидга борсалар масжид гуллаб кетарди. Одамлар қаерга боришларини пойлаб юрарди. Жуда ҳам воиз инсон эди. Шу инсонни шаҳарнинг энг катта ва қадимий масжидига имом қилиб тайинлашди. Оз фурсат имомлик қилдилар. Ҳар душанба дарс ўтиларди. Ҳар куни пешиндан кейин илм мажлиси бўларди. Нечунки ғайратлик имомларимизнинг фасодлари ва фитналари туфайли гап сўз кўпайди. Чақимчиликлар, бўҳтонлар оқибатида у кишини қамоққа олишди. Ҳеч қанча муддат ўтмай қамоқдан ўликлари чиқди. Воқеани тафсилотларига тўҳталмайман… билганлар, эслаганалар жуда яхши билишади. Бўҳтон тарқатган, ортидан бориб туҳмат қилганлар ҳам эслашади. Энди сиз менга шу имомларга эргашишимни буюрасизми?

Яна бир элга манзур, суюклик бўлган имом ишдан олинди. Энди у кишининг ўрнига бир ёшгина йигитча имом этиб тайинланди. «Ёш бўлса нима қилибди?», дерсиз. Ҳа, ёшига гап сўз йўқ. Лекини бор. Лекини шу эдики, биз у имом билан футбол ўйнардик ҳар-ҳарда. Имомчамиз ўз дўстлари билан бир жамоа бўлардилар. Биз ўз дўстларимиз билан. Ўйин давомида мағлубият аламидан «ҳе, оненгни… ошир о ж…а…» (уёғи одоб доирасидан чиқиб кетади) шундай сўзларни марҳамат қилардилар. Кейин эса жума куни тақво ва шариат ҳақида минбарда туриб лоф урардилар. Мен эса у имомни ҳурмат қилишим керак эди. Чунки, имомлар светой человекларда.

Қўшним, ҳам синфдошим уйланадиган бўлди. Синфдошим жуда ҳам яхши йигит. Намоз ўқийди, тақво қилади. Аммо отаси шахарда энг катта ҳаромҳўрлардан. Спиртли ичимликлар сотиш бўйича чемпион. Оиласи қудратли оила. Бирида мед сервис, бирида заправка, бошқасида фалон пукунлар… Хуллас, дўстим ҳурмати эрталабдан бирровга чиқдим. Ҳеч нима емаймиз, деб йигитлар билан келишиб олдик. Не кўз билан кўрайликки: шаҳарнинг ҳамма имомлари ўша ерда. Шаҳарда ўн бир масжид бор. У маросимда эса ўнта масжид имоми бориди. Биттаси кела олмаганди. Мен ҳолатдан ҳайрон бўлиб, ўзимга яқин имом билан салом алик қилдимда: «домла, қаерга келганингизни биласизми?…» деб, холатни айтиб ҳам улгурмадим. Гапни шарт бўлиб: «мана бу хурмо дарахтини кўряпсизми» – деди, дархтга ишора қилиб. «Маросим қилаётган одам мана шу хурмосини сотиб маросим қилган деб, яхши гумон қилиб, келиб, еб кетаверасиз» – деди. Қойилмисиз?

Мен жуда кўплаб бундай воқеаларни эшитганман. Аммо эшитганларимни ҳаммасини айтиб ўтиргим келмади. Тушунган одам учун ишора кифоя. Кўз ўнгимда энг тақволик, энг илмлик инсонлар ўрнига сайланганлар сайланди. Масжид реклама бюроси ва Ахборот кўрсатувининг мантиқий давомига айланди. Энди минбарларда ҳақ ва ҳаққа чақирув эмас ҳидоят журналининг рекламаси, пахта териш вожиблиги ва бошлиқларга дуолар янграй бошлади.

Энди айтинг?! Кўз ўнгимда минбарларга лойиқлар қамоқда, гўрда, уйда, бир четларда туриб, хоинлик қилганлар минбарга чиқса мен уларни гапирмаслигим, уларни ҳурмат қилишим керакми? «Минбарни лойиқларга беринг» – деганим менинг айбимми? Мен учун ҳақиқий имомлар тугун учун маросимма маросим юрганлар, минбарларда ёлғон тўқиганлар эмас, Аллоҳдан қўрқиб вақтида имомликни бўшатганлар, гўрда ётганлар ва қамоқда ўтирганлар, ёки жим турганлардир.

«Бутун дунёда аҳли илмларга қарши кураш кетяпти, аҳли илмларни обрўсизлантириш компанияси кетяпти» деб, энсамни қотирманг. Имомларни олабўжилар обрўсизлантириши шарт эмас. Улар ўзларини ўзлари обрўсизлантириб, шарманда қилиб улгуришди. Энди эса минбардан туриб кредит ҳақида сайрашни бошлашди. Ҳой, барака топгурлар, тушуняпсизларми ўзи? Судҳўрликни гуноҳи онаси билан зино қилганга тенглаштирилган. ОНАСИ БИЛАН ЗИНО ҚИЛГАНГА. Минбардан туриб сизларни онангиз билан зино қилишга чақираётган имомни яхши кўра оласизларми?

Қачонгача кўр кўрона эргашасизлар? Ҳар бир соҳада яхши ва ёмон кадрлар бўлади. Яхши прокурор ва ёмон прокурор. Яхши ўқитувчи ва пораҳўр ўқитувчи. Имомлик ҳам бир касбга айланган мамлакатимизда. Яхши имом ва ёмон имом бўлади. Шуни тушуниб етиш учун профессор бўлиш шарт эмас, назаримда. Кимдир халқни алдаб, минбар омонатига, меҳроб омонатига хиёнат қилса «ҳой, бадбахт, жойни бўшат» дейиш керак. Имом дегани Русларни попига ўхшаган «светой человек» дегани эмас. Сизни алдаган каззоб ҳоҳ минбарда турсин, ҳоҳ президент столидан туриб гапирсин у каззоблигича қолади. Унга берилган унвон, унга хиёнат қилиши учун замин яратмайди.

Шу қийин шароитда минбарга хиёнат қилмай, қўлидан келганча халққа ва динга хизмат қилаётган уламолардан Аллоҳ рози бўлсин. Иймонларига қувват, жонларини химоясида асрасин.

Имомликдан бўшатилган ҳақиқий аҳли илмларимизга Аллоҳ тез орада ўз ўринларини топишлигига ёрдамчи бўлсин. Қамоқдаги аҳли илмларимизга нажот берсин. Ўлганларини раҳматига олсин.

Sayyid Islom

facebook.com