O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Минг йил сўнгра бир-бири билан топишган турклар…

Минг йил сўнгра бир-бири билан топишган турклар…
145 views
27 February 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

6-ҚИСМ

Ўғуз Туркистон оқшомларининг бу қадар илиқ, суҳбатларнинг бу қадар самимий бўлишини кутмаганди. Дақиқалар ўтган сайин суҳбат қуюқлашарди, гуё минг йилнинг ҳасратини бир соат ичида кетказишга ҳаракат қилишарди.

–Минг йилни сўзда айтиш осон, — деди Шариф Жамол, — биз бу минг йилнинг энг омадли туркларимиз. Минг йил сўнгра бир-бири билан топишган турклар…

Эрйигит хўжа зеҳнида бир эътироз тўлқини кўтарилиб, кейин ғойиб бўлганини Ўғуз унинг кўзларидан ўқиди. Ёки Ўғузга шундай туюлди. Балки ўз зеҳнида пайдо бўлган нарсани Эрйигит хўжада кўрдим деб, ўйлагандир. Шу пайт Эрйигит хўжанинг ўзи гапга қўшилди:

–Аслида, минг йил ичида вақти-вақти билан алоқа қилиб турганмиз. Биз бир-биримиздан Сирдарё бўйларида 1000 йил аввал айрилгандик. Лекин биринчи 250 йил ичида алоқаларимиз узулмаганди. Ҳатто ундан сўнг ҳам маданий ва илмий алоқалар давом этди. Навоийнинг бир қанча қўлёзма асарлари Истанбулда сақлангани бунинг исботидир.

–Сиз ҳақлисиз, — деди Шариф Жамол, — 1941 йилда Ўзбекистон Навоийнинг 500 йиллигини нишонлади. У зулмат замонда бизникилар Туркияга мурожаат қилиб, Навоий асарларининг фотонусхасини сўраганлари маълум.

–Тўғри, у пайтда бизнинг Маориф вазиримиз адабиётчи Ҳасан Али Южал эди. У Истанбул Университетидан Туркиянинг ҳам Навоий кунларига қатнашишини талаб қилган. Унинг бу мавзуда чиқарган бир китобчасини эслайман, — деди Эрйигит хўжа.

Ўрхон Нодий сўзни Эрйигит хўжанинг оғзидан олиб, китобнинг қаерда ва қачон чиққани-ю, ичида мақолаларни битта-битта санади.

Суҳбат тарихдан бугунги кунга, бугундан тарихга ўтиб, давом этди. Ўғуз жиддий ҳаяжонланган эди. Бир дақиқа нигоҳи Комил Эркинга тушди. Суҳбат бошида босиқ сас билан бир нечта ширин шеър ўқиган бу ушоқ одам негадир жим бўлиб қолганди. Унинг ҳар қадаҳ кўтарганида бир қадаҳ водкани охиригача бир томчи қолдирмай ичиши Ўғузни ҳайратга солганди. Турк меҳмонлардан биттаси шундай ичса аллақачон маст бўлиб қоларди.

Комил Эркин жим эса-да, маст эмасди. Унинг кўз ўнгида хотиралар жонланганди. Иштвон Мандоқини саккиз йил аввал таниганди. Будапештлик ёш олим эди. Ёзувчилар Уюшмаси залида “қўнғир” сўзининг маъносини тушунтирарди. У ўзининг Китан даштларининг фарзанди, қипчоқ эканини сўйларди. “Қўнғир” қизил ҳам, қора ҳам эмасди. Иккисининг орасидаги ранг эди. Кўпинча отларга ишлатиладиган сўз эди. “Бу сўз менинг турк ўзлигим”, деганди ўшанда Иштван Мандоқи. “Бу сўз мени сизларга боғлаган сўздир. Биз қон қариндошмиз. Сизнинг ҳам ярмингиз қипчоқ. Қипчоқлар лашкарининг бир бўлими жуда илгари кетиб, кичик ва Буюк Куманияга ерлашганлар. Мен Буюк Куманиянинг ўртасидаги қорсоқ қишлоғида туғулдим,” деб ҳикоя қилганди Мандоқи.

Камол Эркиннинг хаёлида Мандоқининг доим Фарғона водийсида бир қўнғир отга миниб, осмонга сакраётган сурати жонланади. Мандоқини эсласа доим шу сурат кўз олдига келади. Оқ булутларга қараб қўнғир отда учаётган бир қаҳрамон. Бир куни бу манзара Комил Эркиннинг мисраларида акс этажак. Мандоқини бир кун можор овулида кўрсангиз, иккинчи кун мўғул даштларида учратишингиз мумкин. Кеча у “сизларга келмасдан аввал қўмиқ юртини айландим. У ерда шоир Бадриддин Mаҳматнинг уйида қолдим. Салов Алиев ва турколог Хонгишев билан кўришдим,” дея ҳикоя қилганди. Бугун нега бу ерга келмадий-кин, деб ўйлади Комил Эркин. Мандоқи қўнғир доим сўзининг устидан чиқарди. Нега келмадий-кин?

Кейин овози хавотир билан:

–Aнвар Mурод, қўнғир нега келмади, билмайсизми?, — деб сўради Комил Эркин.

Ҳамма Aнвар Mуродга қаради. Лекин Aнвар Mурод хотиржам эди. У Комилнинг теран хаёлларга чўмган пайтида шундай мавзуга алоқасиз саволлар беришига кўниккан эди.

–Эртага биламиз нимага келмаганини, Камол, — деди Aнвар Mурод, — Комил Арслон хўжа суҳбатининг давомини тинглайлик. У Навоийнинг “насойим”ни битта ғоя билан ёзганини айтмокда: Жомийнинг ўз асарига қўймаган турк валиларининг унутилмаслиги учун ёзган, деяпти…

Камол Эркин буни эшитиб яна ўз дунёсига қайтди. Сирдарё қирғоқларидаги валилар комлар бўлиши керак. Акс xолда, Яссавийларнинг, Ҳаким Сулаймонларнинг, Боқирғонийларнинг шеърларидаги ритмни изоҳлаб бўлмасди. Бу шеърларда нағора ритми бор эди. Нағорани шамонлар чолган. Қизиқ, Навоий шамонларни билганмикин? Мандоқи Қўнғир ком-шамонлар ҳақида кўп ҳикоя қилганди. Минг йил аввал дунёга келсайди ўзи ҳам шамон бўларди. Чунки, у даврнинг шоирлари-шамонлар эди. Бир қозоқ олими Қўрқут Отанинг ҳам ком бўлганини ёзганди. У қўбизни ижод этган ком эди, Азроилга майдон ўқиганди. Лекин ўлимни ким ҳам енга оларди? Ўлим инсон вужудининг тўхташидир. Бунга ҳеч ким тўсиқ қўяолмайди. Ҳатто Қўрқут Ота ҳам.

Ўғуз Камол Эркиннинг ичидаги саргузаштни кўриш учун нималар бермасди? Ўғуз унинг қўнғир ҳақидаги ўйлаганини тушунганди. Лекин Aнвар Mуроднинг жавобидан сўнгра ҳам бу ҳақда ўйлашга давом этаётганмиди? Ўртага чўккан бир сониялик сассизликдан фойдаланган Ўғуз:

–Камолбей, боя Ўрхон Вали ҳақида гапираётгандингиз, бу шоир шахси ҳақида нима биласиз? — деди Комил Эркинга қараб.

Бир оз аввал ўзбекчага таржима қилинган турк шеърияти тўғрисида суҳбатлашаётгандилар. Бу ерда Нозим Ҳикматни ҳамма танир ва севарди. Унинг шеърларини баъзан ўзбекчага таржимасини, баъзан Туркия туркчасида ўқишарди.

Рашод Нурий Гултекиннинг “Чолиқуши” романини ҳам яхши билишарди. Романдаги ўқитувчи хоним Совет идеологиясининг ижобий қаҳрамон типига жуда ҳам уйғун тушганди. Хуллас, ўзбекчага Туркиянинг социалист зеҳниятидаги ёзувчи ва шоирлари асарлари таржима қилинганди: Ўрхон Камол, Азиз Несин, Ўрхон Вали… Уларни таржима қилганлар ҳам мана шу ерда ўтирган зиёлилар эди. Ўрхон Вали унча ҳам социалист бўлмагани учун Ўғуз Камол Эркинга юқоридаги саволни берганди.

–У, албатта, ком бўлолмайди. Аммо мени кечиринг, мен Ўрхон Вали шеърларини севаман. Унда сарозот бир Истанбул бор. Истанбул биз учун муқаддас шаҳар, — деди Комил Эркин ва Ўрхон Валининг машҳур “Истанбул” шеърини ўкиди,

— “Истамбулни тинглайман кўзларим ёпиқ…”

Комил Арслон хўжа шоир Яҳё Камолни таниб-танимасликларини сўради. “Энг яхши Истанбул шоири Яҳё Камолдир”, деди у. Бизнинг энг буюк шоиримиз удир,” деди.

Ўзбеклардан ҳеч бири Яҳё Камолни танимасди. Улар шунингдек, Mаҳмат Окифни ҳам, Аҳмад Xошим ва Ориф Ниҳотни ҳам танимас эканлар.

Бир оз аввал ўз хаёлларига чўмган Комил Эркин энди анча сергакланганди, туркияли дўстлари масалани қайси нуқтага олиб келаётганини англаганди.

–Биз бугунгача фақат кизил шоирларни таржима қилдик, — деди у, — сизнинг оқ шоир ва ёзувчиларингизни бизга танитишмади. Сиз бизга уларнинг китобларини юборинг. Энди қизилларни бир чеккага отамиз, оқларни таржима қиламиз.

Кулишдилар.

Қримли Aсан Aлининг кулиши кўзларига ёйилди. Қизил юзи янада қизарди.

Брендемоен елкалари билан куларди ва овози лампочкалар билан безатилган дарахт япрокларига юксаларди.

Америкали гаплашилаётган гапларни тушунарди, фақат, ўзини тушунмагандай тутишга интиларди. У кулмади. Шариф Жамолнинг кулганда оғзи каттаярди. У Бренемоеннинг силкинаётган елкаларига нуқта қўйди:

–Оллоҳ, Горбачевдан рози бўлсин, гласност бўлмаса биз бу гапларни гаплаша олармидик? Қизил бизнинг номусимиз, шарафимиздир, Ленин бобомиз шундай деган. Аммо энди қизилларни чеккага отдик, дея оламиз. Ҳатто Горбачевнинг “қизили” устидан ҳам кула оламиз, — деди Шариф Жамол.

Горбачевнинг “қизили” нима эканлигини меҳмонлар тушинишмади. Сўнар Oйдамир:

–Нима бу қизил, Шариф, — деб сўради.

Шариф Жамолнинг оғзи каттайди ва бармоғи билан ўз калласига ниқтади:

–“Қизил” дегани мана бу, — деди.

Меҳмонлар барибир тушунишмади.

–Унинг пешонасида доғ, — дейишга мажбур бўлди Шариф Жамол, — Бу доғ Раиса хоним қошиғининг изи…

Яна кулги. Асан Али кўзлари билан, Брендемоен елкалари билан кулдилар. Сўнар Ойдамир қаҳ-қаҳаси ҳафиф эди. Ўрхон Нодийнинг худди Шариф Жамол каби кулганда оғзи каттаярди. Эрйигит хўжа эса мийигидангина куларди. Ўғуз ҳам табассумдан кўпроқ кулгини ёшлар одобига тўғри келмаслигини намойиш қиларди.

Aнвар Mурод меҳмонларни иккинчи қаватдаги кутубхонасини кўришга таклиф қилди. Юқорида фақат меҳмонлар — Брендемоен ҳам чиқди.

Кичик хона фақат китобларга ажратилганди. Ўтириш учун бин неча курси келтиришди. Жавондаги катта-кичик китоблар “чақирилмаган меҳмонлар”дан хурсанд эмасдилар гуё. Нотаниш қўллар уларнинг тинчлигини бузганди. Улар Aнвар Муротнинг юмшоқ бармоқларига кўниккан, сирларини унга очишга ўрганганди.

Aнвар эшикни бекитди. Овозига сирли тус бериб, профессор Эрйигитга деди:

–Бизга “Туркчиликнинг асослари” керак.

Ўғуз янглиш эшитдим, деб ўйлади. Комил хўжа билан Сўнар Ойдамир ҳам шундай ўйлашди. Ўрхон Нодий жавондан олган китобга боқиб, ҳеч нарса эшитмади. Брендемоен мезбон сўзларининг охирини кутаётганди. Профессор Эрйигит янглиш эшитмаганини тасдиқлаб олиш учун:

–Қайси “Туркчилик асослари”? — деб сўради.

–Зиёбекнинг китоби. Бизга мутлақо керак, — деб жавоб берди Aнвар Mурод.

Меҳмонлар янглиш эшитишмаганди. Aнвар Mурод Зиё Кўкалпнинг “Туркчилик асослари”ни сўраётганди.

Эрйигит хўжа яна:

–Почта билан юборсак бўладими? — деб сўради.

–Йўқ, почта билан бўлмайди, кўлдан юборишингиз керак, — деди Aнвар Mурод.

Профессор Эрйигит туркиялик дўстларнинг Ўзбекистонга қачон келиши мумкинлигини билмаслиги, лекин ким келса у билан ўша китобни юборажагини айтди.

Ўғўз кўз қири билан Брендемоенга қаради. Юзида муҳим бир гапга гувоҳ бўлганлигидан асар ҳам йўқ эди.

Ўрхон Нодий қўлидаги китобни варақлашда давом этаётганди. У ҳеч нарса эшитмаганди. Китобни қўйиб, ўтирганларга юзланди:

–Мен Москвада профессор Нажибнинг уйига бордим, ўз ўғлидай кутиб олди, деди у.

Ўрхон Нодийнинг ҳикояси узайиб кетди. Aнвар Mурод бир оз диққат бўлди. Ўғуз бунинг суҳбатдан эмас, суҳбат орасида бир бўшлиқ топиш учун эканлигини сезди. Ниҳоят бу бўшлиқни топган Aнвар Mурод меҳмонларни пастга тушишга даъват қилди.

(давоми бор)