O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мини-маркет олдида айтилган “алҳамдулиллоҳ”, ёҳуд ўлимдан бир қадам наридаги ҳаёллар

Мини-маркет олдида айтилган “алҳамдулиллоҳ”, ёҳуд ўлимдан бир қадам наридаги ҳаёллар
144 views
19 June 2016 - 9:41

13419183_1300325329996136_4690477899631479916_nБугун, 2016 йил 18 июнь куни, соат таҳминан 18.30 да уйим яқинидаги (Тошкент шаҳри Усмон Носир ва Муқимий кўчалари кесишмасидаги автобус бекати ёнидаги) мини-маркет олдига “Ssang Young Musso” русумидаги автомобилимни қўйиб, ёнидан бир қадам қўйишим билан машинамнинг устига катта дарахт қулади.

Тубидан чириб, синган дарахт тротуарда, машинамнинг олдида турган кекса ёшдаги икки онахонни босиб қолди. Улардан биттаси воқеа жойида жон таслим қилди, иккинчиси эса оёғи синиб, боши шикастланди. Иккинчи онахон шаҳардаги 16-касалхонага олиб кетилди.

Кейинчалик маълум бўлишича, онахонлар шу бекат яқинида жойлашган Тошкент текстиль комбинатига қарашли касалхонада даволанаётган беморлар экан. Бугун улар кўча айлангани чиқишган экан.

Жони узилган онахоннинг икки ўғли ва келинлари келиб, фарёд қилишди. “Янги қурган ҳовлингга касалхонадан чиққандан сўнг бораман”, дегандингиз, онажон!”, дея йиғларди улардан биттаси.

Мендан бир қадам нарига етиб келган ажал мени шошириб қўйди. Дўкондан егулик олиш иштиёқимни унуттирди. Мендан бир метр нарида турган одамнинг кўз ўнгимда фожиали жон бериши мени тирикчилик деган васвасадан бир зумга бўлса ҳам ҳалос этди.

Мен ўша марҳуманинг ўрнида ўзим бўлишим мумкинлиги, ажал ҳар сонияда келиши мумкинлиги ҳақида ўйланиб қолдим. “Алҳамдулиллаҳ, Роббим мени тирик қолдирди! Аллоҳим хатоларимни тузатиш, истиғфор айтиш ва ҳидоятда собит бўлиш учун менга яна бир имконият берди!”, – деган ҳаёллар ўтди.

Азроил жонимизни ҳар сонияда олиши мумкин экан, бир ўйлайлик-чи!

Ҳақ йўлида, ҳидоят йўлида нима қилдик?

Оҳиратимиз учун нима қилдик?

Жонимиз тўсатдан узилса, Аллоҳнинг ҳузурига нима билан борамиз?

Дунё ҳаётимизда бир эмас, икки институтни тугатганимизни, тўрт-беш хорижий тилни ўрганганимизни, дунё кезганимизни, тирикчилик учун югурганимизни, бола-чақани боққанимизни, уйли-жойли қилганимизни пеш қиламизми Маҳшар кунида?

Ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг қорнини тўйдириш учун яшаётганимизнинг оҳиратимизга фойдаси борми экан?

Бобомурод АБДУЛЛА

Манба: Facebook.com