O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Мирзиев билмайди! Президентнинг хабари йўқ!.. мамлакат раҳбари билганида адолат бўларди!” деган сўзлар ўзини ҳурмат қиладиган президент учун ҳақорат

“Мирзиев билмайди! Президентнинг хабари йўқ!.. мамлакат раҳбари билганида адолат бўларди!” деган сўзлар ўзини ҳурмат қиладиган президент учун ҳақорат
170 views
01 October 2019 - 23:07

“МИРЗИЕВ БИЛМАЙДИ! ПРЕЗИДЕНТНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ!… МАМЛАКАТ РАҲБАРИ БИЛГАНИДА АДОЛАТ БЎЛАРДИ!” ДЕГАН СЎЗЛАР ЎЗИНИ ҲУРМАТ ҚИЛАДИГАН ПРЕЗИДЕНТ УЧУН ҲАҚОРАТ!

Халқ орасида ниҳоятда муҳокама ва мунозарага муҳтож иборалар юради: нима эмуш, “Мирзиёев билмайди, Президент бехабар. Мирзиёев билганида ҳаммаси бошқача бўларди, адолат қарор топарди!…” ва ҳокозо каби таскинли сўзлар болалагандан болаламоқда…

Назаримда, Мирзиёев ўзининг президентлик обруини худди ана шунингдек сўзлар кўмагида сақлаб қолишга уринаётгандек….

Бироқ, жараёнларни чуқурроқ таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, “Президент билмайди, Мирзиёевни алдашмоқда, Президентни чалғитишмоқда, Мирзиёев мамлакатда содир бўлаётган кў-ўўўп нарсадан бехабар, ундан сир тутишмоқда…” деган сўзлар ўзини ҳурмат қилган мамлакат раҳбари учун нақадар шармандали ҳолат эканлигини биласизми?

Бурнининг тагида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни эшитмаётган, кўрмаётган, билмаётган бўлса, у ҳолда бунингдек мамлакат раҳбари ё кар, ё кўр, ё шол бўлади-да!

Ўз музофотидаги муаммолардан бехабар президент боқибеғам бўлади-да!

Ўз қўл остидаги халқнинг ҳайқириғини, азобу уқубатларини билмаётган, эшитмаётган президент ишламаётган, таралабедод қилиб юраётган бўлади-да!

Нима эмуш, “Президентни алдашмоқда! Мирзиёевни чалғитишмоқда!” эмуш!
Нима, президентингиз кўча кўрмаганми? Сочи шу эл орасида оқармаганми? Марсдан тушганми?
Нима, Мирзиёев шунчалар “ЛОХ”ми, атрофидаги корчолонлари макрига осонгина алданиб қоладиган!

Шунинг учун ҳам ҳеч қачон “Мирзиёев билмайди, Мирзиёевнинг хабари йўқ”, “Мамлакат раҳбарини алдашмоқда, чалғитишмоқда!” деган президентга иснод келтирувчи сўзларни тилингизга ола кўрманг!

Бу қанақаси?
Мамлакат ёппасига кунпоя-кунпоякун қилинса, тинчгина яшаётган аҳолининг уйлари бузилса, тавон пули берилмаса, бошпанасиз халқ чайлада яшашга маҳкум этилса, Мирзиёевнинг даъвати билан ҳориждан қайтганлар “Бой бўлиб қайтган” деган хаёлдаги суд-ҳуқуқ тизимидаги порахўрлар томонидан таланса, пора бермагани узоқ йилларга туҳмат билан қамалса, шўрлик фермернинг етиштирган ғалласини ҳокимтўра битта ноқонуний қарори билан сохта кластерларининг ҳовлисига тўктирса, тўктирса-ю кейин хомталаш этишса, тадбиркор дегани суднинг қонунийлаштирилган ғайриқонуний қарори билан айнан қонунчи деб аталмиш қароқчилар томонидан итдек таланса, яланғоч қилинса, ойлик маоши тишининг ковагига ҳам жо бўлмайдиган ҳокимтўралар ўғилчасининг орзуларини ушалтириш учун деҳқоннинг ерини тортиб олиб бели бақувватларга пуллаб юборса, қамоқларда жиноятчи қолиб жабирдийларни қон қақшатишса…. Президент куёвлари кўнглининг кўчасига келганини қилиб ётган бўлса… ( бугун қайнотасининг ортидан қаттиқ кекириб юрган куёвтўралар эртага дўппи тор келиб қолгудек бўлса, қизларни бева қолдириб, думини тугиб қолиши, қуён бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас!) Ва яна ҳатто ўзи ҳақида илк китоб ёзган тарафдорига уйдирма айбловлар билан ДХХ ертўласида қийноқ қўллашаётганларидан ҳам бехабар бўлса! Қаернинг гапи бу?

Янаям аянчлироғи шундаки, Ҳориждан кириб келаётган тўрт танга – кредитлар ҳам корчолонларнинг жиғилдонидан ўтиб кетаётган бўлса, инвестиция киритаман, ишлаб чиқараман деган тадбиркорга таъма илинжида йўл берилмаётган бўлса, Ўзбекитсон кун сайин коррупция, имконсизлик, иқтисодий ночорлик батқоғига ғарқ бўлиб кетаётган бўлса-ю Мирзиёев жаноблари ҳеч нарсани билмаса, ҳеч нарсадан бехабар бўлса, бу қанақаси?!

“Модомики, ўз тасарруфи остидаги музофотда рўй бераётган ҳодисотлардан мутлақо бехабар экан, у ҳолда Мирзиёев президентлик амалини эгаллаб олиб, номаъқулнинг нонини еб ўтирибдими?” деган эътирозли луқма ташлашга мажбур ҳам қилманг одамни, бунигдек савол қотишларига имконият ҳам бера кўрманг!

Тўғрисиям шу-да! “Президент билмайди!” деган каби баҳоналар, демак, Мирзиёев бурнининг тагида рўй бераётган фожиявий воқеалардан мутлақо бехабар қолаётган экан Президент ўз лавозимини уддалай олмаётган экан-да, Мирзиёев президентлик амалига номуносиб муносиб экан-да деган тасаввур ва ҳақли савол уйғонмайдими атрофдагиларда!
Қўйсангизчи, “Уч оғайни ботирлар”-у, “Адолатли шоҳ” ҳақидаги чўпчагингизни!

Қачонгача, “Аловудиннинг сеҳирли чироғи” каби эртакларга, ўзингиз ишонишни истаган ва ўзингиз тўқиб чиқарган “қиссалар”га ишониб яшайсиз?!
Мени кечирасизу, Мирзиёевнинг билмаган нарсасини ўзи йўқ аслида!
Сиз ишонишни истамаётган, аниқроғи, ишонишга ва айтишга қўрқаётган ягона асл ҳақиқат мана шу!: Президент балонинг ўқиниям билади!
Буни ўзи айтган!

“Деворнинг нариги ёғида нима борлигини кўриб тураман” деганди, эсингиздами?
“Ер тагида илон қимирласа, сезаман” деган!

Бас шундай экан, Сиз “Эҳ, Мирзиёев билмайди-да!” дея мамлакат раҳбарига кўмак бериш илинжида афсус-ла бош чайқаб айтаётган гапларингиз билан мамлакат Президентининг обрусини бир пул қилиб қўяётганингизни биласизми ўзи?

Ундай қила кўрманг!
Ҳаммасини билади!

Бироқ, асл ҳақиқат шундаки, билиш, воқеалардан хабардор бўлиш бошқа, ўз фатвоси билан содир бўлаётган воқеаларни сукут ила кузатиш бу – бутунлай бошқа-бошқа нарсалар булар!
Чалкаштира кўрманг!

Малоҳат Эшонқулова