O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мирзиёевнинг инаугурацияси куни тўғрисида ўзбек матбуотидан олдин Москва хабар берди

Мирзиёевнинг инаугурацияси куни тўғрисида ўзбек матбуотидан олдин Москва хабар берди
805 views
04 November 2021 - 18:08
Ўзбекистон президентлигига 24 октябрь куни ўтган сайловда ғолиб бўлгани эълон қилинган амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг қасамёд маросими 6 ноябрь – шанба куни ўтказилади.
Бу ҳақда Россиянинг ТАССи ҳукуматдаги ўз манбасига таянган ҳолда хабар берди.

“Шанба куни ўтадиган инаугурацияда Олий Мажлис юқори ва қуйи палатаси аъзолари, ҳукумат расмийлари ва дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этиши режалаштирилган”,-деб айтган манба.

Таъкидланишича, инаугурация Сенатнинг таъмирдан чиқарилаётган янги биносида бўлиб ўтади. Аммо таъмирлаш ишлари ҳозирча якунланган эмас.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон тарихида илк марта президентга президентлик гувоҳномасидан ташқари президент тўш белгиси ва штандарти ҳам топширилади.

Ўзбекистон президенти бундан буён рамзий тўш белгиси ва штандартига эга бўлиши тўғрисидаги қонунни президент Шавкат Мирзиёев сайловнинг эртаси куни – 25 октябрда имзолаган.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотида ҳозирча президентнинг қасамёд маросими тўғрисида хабар берилмади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам ТАСС хабарига муносабат билдирмади.

Манба: Озодлик радиоси