O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мирзиёев: “Каримов давридаги қийноқлар учун давлат жавобгар эмас”

Мирзиёев: “Каримов давридаги қийноқлар учун давлат жавобгар эмас”
1,251 views
25 February 2021 - 20:12

Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг 46 сессиясидаги нутқининг мазмунига кўра давлат Каримов давридаги қийноқ қўллаш амалиёти учун жавобгарликни зиммасига олмайди.

Мирзиёев тез орада Қийноқларга қарши конвенциянинг факультатив протоколи имзоланишини маълум қилди. Бу масала бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш учун қийноқлар бўйича махсус маърузачининг Ўзбекистонга таклиф қилиниши режалаштирилган. Унинг Ўзбекистонга ташрифи учун ҳуқуқ ҳимоячилари 2003 йилдан бери ҳаракат қилиб келишади.

Каримов даврида ўзбек қамоқхоналарида сақланаётган минглаб инсонлар шафқатсиз қийноқларга солинган. Шафқатсизликнинг рамзи бўлган Жаслиқ қамоқхонаси Каримовнинг ўлимидан сўнг ёпилган. Собиқ маҳкумлар бугунгача ноҳақ чиқарилган суд ҳукмлари туфайли қамоқда ўтган йиллари учун реабилитация қилинишларини ва компенсация тўланиши сўраб мурожаат қилиб келишади.

Бугунги кунга қадар ноҳақ қамалганлик учун давлатдан моддий ва маънавий ундириш бўйича суд қарори чиққанлиги ҳақида иккита ҳолат маълум.

Биринчиси Жаслиқ қамоқхонасида олти йилини ўтказган собиқ маҳкум Сўян Маматқуловнинг моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича судга киритган даъво аризасининг қаноатлантирилганидир. 2020 йилнинг 9 октябрь куни Фуқаролик илари бўйича Қашқадарё вилоят суди Маматқулов аризасини қаноатлантириб унга давлатдан 5800 АҚШ долларига тенг миқдорда компенсация тўланиши ҳақида қарор қабул қилганди.

 

Ўтган йилнинг декабрь ойида эса Қашқадарё вилояти, Қарши туманининг Гудбин қишлоғида яшовчи 35 ёшли Элёр Турсунов давлатдан 8650 АҚШ долларига тенг миқдорда моддий ва маънавий зарар учун компенсация ундирган. У ўзининг етти йил умрини Жаслиқ қамоқхонасида ўтказганди.

Эндиликда Мирзиёев қийноқлар учун қурбонларга компенсация тўлашдан бош тортмоқчи ва ўтмишдошининг жиноятлари учун жавобгарликни зиммасидан соқит қилмоқчи.

Бунинг энг ёрқин мисоли сифатида ўтган йили вафот этган шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг опаси томонидан Тошкент шаҳри Учтепа тумани фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига киритилган даъво аризаси билан боғлиқ ишни кўрсатиш мумкин. 2021 йилнинг 29 январь куни Клара Сахарова томонидан укаси Андрей Кубатиннинг ноҳақ қамалгани ва қамоқда унга қилинган қийноқлар учун 331 минг АҚШ доллари миқдорида моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақида берган даъво аризаси рад қилинди.

Андрей Кубатин 2017 йилнинг декабрь ойида МХХ томонидан уюштрилган айбловлар билан ватанга хиёнатда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Далилларнинг сохталаштирилгани исботини топганидан сўнг унинг қамоқ муддати 2018 йилнинг март ойида 5 йилга қисқартирилганди. 2019 йилнинг 26 сентябрида эса у батамом оқланганди.

Кубатиннинг икки йилу беш ой мобайнида МХХ (ҳозирда ДХХ) изоляторида сақлангани ва қийноқларга тутилгани айтилади.

Мирзиёев даврида қийноқларга қарши бир қанча тадбирларнинг олингани, қонунчиликка тегишли ўзгаришлар киритилгани айтилса ҳам вақтинча сақлаш изоляторларидан тортиб жазони ўташ муассасаларида ҳозиргача шафқатсиз қийноқлар давом этаётгани ҳақида кўплар шикоятлар мавжуд. Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги эса бу борадаги иддаоларни рад қилиб келади.

ЭРК Демократик партияси хабар бўлими

ACCA материали асосида тайёрланди