O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сурат Икромовнинг Би-Би-Си радиосига берган интервьюси

Сурат Икромовнинг Би-Би-Си радиосига берган интервьюси
173 views
30 December 2017 - 17:51

Мирзиёев Муҳаммад Солиҳ номини оқлаб, Ўзбекистонга қайтарадими? Президентга бу борада мурожаат қилган Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов билан суҳбатни тингланг.

Мирзиёев Муҳаммад Солиҳ номини оқлаб Ўзбекистонга қайтарадими?

Мирзиёев Муҳаммад Солиҳ номини оқлаб, Ўзбекистонга қайтарадими?Президентга бу борада мурожаат қилган Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов билан суҳбатни тингланг.

BBC Uzbek paylaştı: 30 Aralık 2017 Cumartesi

BBC Uzbek

* * *

Сурат Икромовнинг Би-Би-Си радиосига берган интервьюси матни

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, айни дамда Туркияда истиқомат қилаётган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ номини оқлаш ва уни ватанга қайтаришни сўраб мурожаат қилган.

Би-Би-Си: Сурат ака нима учун мухолифат фаолини айни дамда, айнан ҳозир авф этиш уни оқлаш билан мурожаат қилаяпсиз президент Шавкат Мирзиёевга?

Сурат Икромов: Бунинг асосий сабаби, мана президент ўз вазифасига ўтирганига бир йилдан ҳам кўпайиб кетди, шу пайтда бирон марта ҳали сиёсий масалада бир стратегиясини эълон қилгани йўқ ва ўша сиёсатни қандай олиб бориши ёки нима қилиш тўғрисида ҳали кўрсатма ёки ўзининг фикрларини баён этмаган. Мен шу фикрга келаяпманки, тўғри ҳар қандай давлатда мухолифат бўлиши керак, фақат мухолифат қандайдир йўлларни, йўналишни кўрсатиши мумкин, масалан сиёсат йўналишларини. Ҳеч қаерда, ҳеч қачон йўқ-ки мухолифатнинг хавфли бўлиши. Давлатнинг равнақи учун, яхшилик қилиш учун, ривожлантириш учун фақат фойда келтирган халос. Шунинг учун мен, бир йилдан буён кузатганим учун шу фикрга келдим. Мен Муҳаммад Солиҳни 80-йиллар ўрталаридан бери кузатиб борганман, уларнинг қилган ишини, жуда яхши ишлар қилинган ўша пайтда. Аммо афсуски Ислом Каримов режими ўзини ишини қилди.

Би-Би-Си: Нима учун айнан Муҳаммад Солиҳ номини оқлаш ва уни ватанга қайтаришни сўраяпсиз? Чунки бошқа мухолифат фаоллари ҳам бор ва айнан Муҳаммад Солиҳ келиши шарт эмасдир балки Ўзбекистонда мухолиф партияларнинг шаклланиши учун, Ўзбекистоннинг ичида ҳам пайдо бўлиши мумкинку бу нарса?

Сурат Икромов: Энди мана мисол учун, ҳозир пайдо бўлгани ҳаммамизга муълум. Шу 4 та партия бор, лекин буларни мухолифат деб бўлмайди. Булар сунъий равишда, ўша собиқ президент билан ташкил қилинган. Сунъий яратилган 4 та партия бир-бириларини ҳам танқид қилишга қўрқишган. Шу даражада. Бунақа партиялар ҳеч қачон давлатни, ҳукуматни, халқни ривожлантиришга ҳеч қанақа фойда келтирмаган ва келтираолмайди ҳам.

Би-Би-Си: Ҳорижда Муҳаммад Солиҳдан бошқа ҳам фаоллар бор ва улар ҳам манашу мухолифатни Ўзбекистонда шакллантираолиш салоҳиятига эга. Сиз нима учун Муҳаммад Солиҳ номини сўраб президентга мурожаат қилаяпсиз, бунинг бир сабаби борми?

Сурат Икромов: Сабаби шундаки, мана ҳозир агар шуни кутадиган бўлсак яна билмайман бу неча йилга чўзилиб кетади негаки конкрет лидернинг ўзи йўқ, ўзини активлигини кўрсатган лидерларнинг ўзи йўқ Ўзбекистоннинг ичида, ҳозирча. Энди қачон бу лидерлар келади? Тўғри ҳозир ёшлар бор, актив. Нималар бўлаётганини ўзингиз биласиз, актив ўша лидерларни мана Миллий Хавфсизлик хизмати уларнинг устидан жиноят ишлари қўзғаб, мана журналистга бўладими, бошқаларга бўладими, ўша активлик қилганларга нималар қилаётгани ўзингизга маълум бўлиб турибди. Бунақа ҳолда ман кўриб турибманки Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонга таклиф қилиниб, агар ўзининг фаолиятини тиклаб, ишлайдиган бўлса бу конкрет лидер. У ҳеч қачон мансабга интилмаган. Президентликка номзодини қўйгани жуда тўғри бўлган, ўзининг актив гражданлик нимасини, мухолифатнинг айнан қиладиган ишини қилган у одам. Мана шу ҳам масалан Ислом Каримовга ёқмаган. Негаки бу одам (Каримов) жуда шон-шуҳратга, ёки шунақа нарсаларга интилган. Мансабга интилган одам бўлган бу. Унақалар билан курашиш ўзи қийин бўлган, лекин унинг иккиюзламачилигидан ҳозир бутун давлат учун. 25 йил, деярли 30 йил ҳозир Ўзбекистон ривожланиш у ерда турсин, ҳамма кўрсаткичлар пастга тушиб кетган. Шу пайтгача мана бутун халқ қийин аҳволда яшаяпти, ўзини тиклаб олиш жуда қийин бўлаяпти. Ҳозир ҳам мана ислоҳот деймиз, қандайдир бу ислоҳотни юритишнинг ўзи қийин бўлаяпти.

Би-Би-Си: Муҳаммад Солиҳ номи оқланиши айни вақтда Ўзбекистон учун шунчалик муҳимми, чунки айримлар айтишади: ҳозир Ўзбекистонда илк қилинадиган ишлар иқтисодий муаммоларни ҳал қилиб олиш керак, ана ундан кейин бўлиши мумкин деган фикрлар ҳам янграши мумкин. Шу жиҳатдан ҳозир Муҳаммад Солиҳ масаласини кўтариш ва унинг номини оқлаш қанчалик муҳим деб ўйлайсиз?

Сурат Икромов: Олдинги президент Каримов ҳам, демак, мана шундай деган эди. “Давайте олдин иқтисодни яхши қилайлик. Сиёсат бир гап бўлади” ёки “Олдин иқтисод кейин сиёсат”, биласизми бутун дунё ўшанда кулган, бу мутлақо нотўғри. Ўшандай бўлган тақдирда ҳам иқтисод кўтарилмадику. Сиёсат масаласи, умуман одамлар сиёсатга аралашишдан қўрқа бошлашди, гапиришдан. Фақат мақташ, мақташ, ҳукуматни мақташ, ёки айниқса президентни мақташ-мақташлардан бошқа нарса чиқмади. Мана оммавий ахборот аҳволини қаранг биздаги, Ўзбекистондаги. Бу шармандаку. Ҳозир мана биронта сиёсий мотивлар билан, Бобомурод Абдуллаевнинг ноқонуний қамалиши бўладими, бошқа журалистлар ва сиёсатчилар қамалиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари, яъни ман айтмоқчиман Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари биронтаси ҳеч нарса чиқармаяпти. Гўёки баларнинг ҳам қўлоғи гаранг, ҳам кўзи кўрдек бўлаяпти.

Би-Би-Си: Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ номи кўп йиллардан бери, ҳаттоки айтилмайди ҳам. Бу борада норасмий бир таъқиқ қўйилган ва одамлар бу номни эслашга ҳам қўрқишади. Муҳаммад Солиҳ номини оқлашни президентдан сўраб ва унинг Ўзбекистонга қайтишини сўраб, ўзингизга нисбатан босимлар ва таҳдидлар бўлишидан қўрқмайсизми?

Сурат Икромов: 20 йил агар шу фаолиятда, инсон ҳуқуқлари сифатида масалан олиб борган бўлсам, биласизми, қўрқувнинг ҳам ўзининг чегараси бор. Ким қўрқиши керак?! Мана бу коррупционер қўрқиши керак, ватанни, давлатни пулини ўғирлаётганлар қўрқиши керак, порахўрлар қўрқиши керак мансабда ўтирган. Неча йилдан бери ўтиришади, ҳаммаси ўғри муттахам, булар қўрқиши керак. Ман нимадан қўрқаман. Ман биронта давлатнинг пулини ўғирламаган бўлсам, 15 йиллик пенсионер бўлсам уни устига. Нимадан қўрқишим мумкин, нимадан қўрқаман. Мани ёзганларимнинг ҳаммаси исботга эга. Биронтасини ман бир марта туҳмат ёки ҳақорат қилганим йўқ шу пайтгача. Минглаб ахборотлар бердим шу масалада. Ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам диний масалалар бўйича ҳамма нарсани гапираяпманку. Нимадан, кимдан қўрқишим керак ва нимага қўрқишим керак?!

Би-Би-Си: Шу мурожаатингизни беэътибор қолдирмасдан, мурожаатда сўраган нарсангиз амалга ошишига ишонасизми, қанчалик ишонасиз?

Сурат Икромов: Биринчидан, президентнинг ўзи бир неча маротабалаб гапирдилар, масалан, “Ман шу Би-Би-Сини яхши кўраман эшитишни” ёки “оммавий ахорот воситаларининг ҳаққоний, керакли нарсалар ёзганини ман ҳурмат қиламан” деб гапирдилар. Энди мана қаранг, оддий мисол, бизлар ёзган нарсаларни, ҳурматли президентимиз ҳориж давлатнинг видео ролигидан кўриб, кейин оммавий ахборот воситаларига ахир гапирдиларку “нимага ман сизлар орқали ҳеч нарсани билолмайман, ман ҳориждан эшитаман Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларни” деб. Кўраяпсизми, президент ҳозир шундай вазиятдаки, бу атрофидагилар ҳали, ҳохламайдиганлар бор, бу президентни ўша эски оқим бўйича юбоиш нияти бор. Бу президент учун жуда оғир. Мана шу 2017 йил, ман ўйлайман, бунга ишонаман ҳам энг қийин йил бўлгани. Нега? Булар билан курашиш жуда оғир. 25 йил ўша системада, Ўзбекистоннинг раҳбарият жойларида ўтириб, ҳеч нарса қилмаган, шу маттаҳамлар ҳали ҳам ўтиришибди. Буларни мана жойидан ҳайдашаяпти, ўрнига бошқалари келаяпти барибир ўша-ўша.

Би-Би-Си: Сурат ака, ўзингиз ишонасизми мисол учун мана шу мурожаатни президент қабул қилиб, Муҳаммад Солиҳ номини оқлаши ва Ўзбекистонга қайтишига қарор беришига қанчалик ишонасиз ўзингиз?

Сурат Икромов: Биласизми, масалан, биз ҳар доим бир нарса қилганда ўшанга албатта ишонч билан қараймиз. Ўйлашимча президентга етиб боради, ёки ўша атрофидагиларга етиб боради. Биз буни ҳали яна бошқа йўллар билан президентга етказиш ҳаракатини қиламиз. Аммо мен ишонаман, албатта президент қараб кўриши мумкин, ўзининг ишонган одамлари билан буни маслаҳат қилиши мумкин. Яна, бундан ташқари, асосий масала ҳозир ўша Олий Суд ўзини қарорини чиқарган, ўша 1999 йилда чиқарилган қарорини ўзгартириши керак, яъни ўша 15,5 йил қамоқ жазосини. Бу мутлақо нотўғри ўйлаб топилган нарсалар. Бу ерда ҳеч қанақа Муҳаммад Солиҳнинг алоқаси бўлмаган бу портлашларга.