2014 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати ва ҳокимликларининг радиоселектор мажлисини ўтказган Бош вазир Шавкат Мирзиёев мамлакат пахта майдонларида ҳалок бўлаётган фуқаролар сони камлигидан норози бўлди.
Мажлис давомида Мирзиёев Гулистон давлат университети талабаси Шамсиддин Бобосаидовнинг пахта терими давомида фожеали ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар хорижий ҳамда мухолиф оммавий ахборот воситаларига чиқиб кетгани учун Сирдарё вилояти ҳокими, прокурори ва МХХ бошқармаси бошлиғини ҳақорат қилиб, бошқа вилоятлардаги мутасаддиларни бу борада сергакликка чақирди.
“Пахтани ҳайвон эмас, одам теради. Шунинг учун пахта далаларида ҳайвон эмас, одам кўп ўлади. Энди пахтада ҳалок бўлган ҳар бир ўқувчи ёки талаба ҳақида чет элликлар хабар топиб, жар солаверишса, биласизми нима бўлади?! Хабар шу ёқдагиларга етиб боргани учун ҳаммамизнинг кетимизга қозиқ тиқишади! “Чет элликлар келиб, мақола ёзиб кетгунча ҳеч нарса қилмай ўтиравердиларингми?! Ўша чет эллик у ерга қандай борди, кимдан билди?” дейишади. Бундан кейин вилоятлардаги МХХ ва ИИБ вакиллари чет элликларнинг пахта далаларига ташриф буюришининг олдини олишлари керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг айтишича, шу кунгача Ўзбекистон пахта далаларида ҳалок бўлган ўқувчи-талабалар сони кам экан. “Мендаги маълумотларга кўра, бу йилги пахта йиғим-терими давомида сентябрь ойидан бери атиги 8 киши ўлибди. Бу жуда кам! Пахтадан оладиган фойдамиз 80, 800, 8000 кишини қурбон қилишга ҳам арзийди. Пахта йиғим-терими ҳам аслида фронтнинг, урушнинг бир тури. Уруш ва фронт эса қурбонларсиз бўлмайди”, – деди Ўзбекистон Бош вазири.
Радиоселектор мажлисининг деярли барча иштирокчиларини ҳақорат қилиб чиққан Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими А. Усмоновни алоҳида иштиёқ билан сўкди. Пахта топшириш давлат режасини бажаришда оқсаётган вилоят раҳбарини Бош вазир ўта оғир сўзлар билан камситди. “Билиб қўй, сен менга бир тийинсан! Сенинг уруғинг ҳам менга бир тийин! Қараб тур, онангни Намангандан туриб эслашингга мажбур қиламан”, – деди Ўзбекистон ҳукуматининг раиси.
ЎХҲ ахборот бўлими