Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, аксари Ўзбекистондаги диний-сиёсий таъқиблардан қочиб, Туркияда паноҳ топган ўзбек муҳожирлари Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш истагини билдиришган.
Туркиядаги бир неча юз ўзбек оилаларини ўзида бирлаштирган “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” муҳожирлар номидан Ўзбекистон раҳбари билан учрашиш истаги билдирилган мурожаатни Ўзбекистон элчихонаси расмийларига тақдим этганини билдирган.
Мирзиёевнинг Туркиядаги ўзбеклар билан учрашиш-учрашмаслиги ҳақида расмий маълумот йўқ.
Ўтган ой Ўзбекистон раҳбари Нью-Йоркка сафари чоғиди бир гуруҳ ўзбекистонликлар билан учрашган ва уларни ватанга қайтиб, ислоҳотларга ҳисса қўшишга чақирганди.
Туркиядаги муҳожирлар орасида ўзбек мухолифати вакиллари ва сиёсий сабаблар билан мамлакатни тарк этган ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этади.
Сўнгги йилларда хусусан, Россиядаги иқтисодий инқироз манзарасида Туркияга Ўзбекистондан иқтисодий мигрантлар оқими ҳам ортгани кузатилади.
Айрим маълумотларга кўра, Туркияда вақтинча яшаб турган ўзбекистонликлар сони бир неча юз минг кишини ташкил этади.
Президент Мирзиёев Туркияга сафари арафасида турк ватандошлари учун ўзбек визаси олишни соддалаштиришга доир тартибни маъқуллаган.
Ватанга қайтиш
“Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” тарқатган баёнотда Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда “кенг қамровли ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг бошлангани” эътироф этилади.
Ташкилот Каримов даврида қора рўйхатга олинган 16 минг мусулмоннинг рўйхатлардан чиқарилиши ва айрим сиёсий маҳбусларнинг қамоқдан озод этилишини олқишлаган.
“Эски даврда қора рўйхатга олинган 17 минг мусулмонлардан 16 минг кишининг бу рўйхатлардан чиқарилиши, оммавий ахборот воситаларидаги оз бўлсада кўринаётган ижобий ўзгаришлар, баъзи сиёсий ва инсон ҳуқуқлар фаолларининг қамоқдан озод қилиниши, хорижга чиқиш учун визанинг бекор қилинишига тайёргарлик кўрилиши, маълум муддат муҳожирлик ҳаётидан кейин ватанимизга қайтиб борганидан кейин қамоққа олинган машҳур ўзбек ёзувчиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг озод қилиниши ва Ўрта Осиё давлатлари билан алоқаларнинг яхшиланишини бевосита Сизнинг ижобий сиёсатингизнинг натижаси, деб биламиз”, – дейилади баёнотда.
Ташкилот Мирзиёевни қамоқда қолаётган бошқа фаолларни ҳам озод этиш ва сиёсий ислоҳотларни жадаллаштиришга чақирган.
Туркиядаги ўзбек муҳожирлари жамияти, Мирзиёевдан Туркиядаги музокаралари чоғида Ўзбекистонлик муҳожирларнинг муаммоларини ҳам муҳокама қилишига умид билдирган.
Жамият раисининг муовини, ўзбекистонлик собиқ имом Тоҳир Абдулғани Абдуллоҳ Би-би-си билан суҳбатда Президент Мирзиёевнинг сафари Туркиядаги муҳожирларнинг ватанга қайтишлари учун йўл очади, деб умид қилишини билдирди.
ЎХҲ хабарлар бўлими