Мисрдаги вазият тобора таранглашиб бормоқда. Мамлакатнинг барча шаҳар кўчаларида тўқнашувлар авж олган.
Мисрда ҳокимиятни босиб олган қуролли кучлар ҳибсга олинган қонуний президент Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорларидан уч кишини отиб ўлдиргач, норозиликлар оловланиб кетган.
Сўнгги хабарларга кўра, Мисрнинг иккинчи йирик шаҳри Искандарияда 12 киши, Қоҳирада 3 киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксарияти ўқ тегиб ўлгани айтилмоқда.
Мурсий тарафдорларига қарши қатлларда секуляр мухолифат томонига қуролли кучлар ҳам қўшилган.
Хабарларда айтишича, шаҳарда бир неча соатлардан буён отишма овозлари давом этмоқда. Томонлар бир-бирларига тош ва “Молотов коктейли” улоқтиришяпти. Секуляр мухолифат вакилларидан бири баланд бино томига чиқиб олган ва Мурсий шаънига ҳақоратли сўзларни айтиб қичқирган. Бу мусулмонларнинг жавобан норозилигини авж олдирган.
Ҳарбий тўнтариш оқибатида қудратдан кетказилган президент Мурсий тарафдорлари ва армия ўртасидаги қонли тўқнашувларда ўлганлар сони 60 га етди, 600 дан ортиқ киши яраланди. Бир йил олдин Мисрдаги инқилобдан сўнг эркин сайловлар натижасида қудратга келган президент ҳарбийлар тарафидан ҳибсга олинди ва лавозимидан четлатилди. Унинг мухолифлари Таҳрир майдонида байрам қилишаркан, Мурсий тарафдорлари ноқонуний янги ҳукуматга қарши намойишга чиқишди.
Жума намозидан сўнг кўча жанглари Қоҳира, Искандария ва бошқа йирик шаҳарларни қамраб олди. Хабарларга кўра, “Мусулмон Биродарлар” ҳаракатининг раҳбари Муҳаммад Бадъийнинг масжид олдидаги чиқиши намойишчиларни руҳлантирган ва янги ҳукуматга қарши кўчага чиқишга туртки бўлган.
Халқ норозилигини бостириш мақсадида ҳарбийлар Нил орқали ўтадиган кўприкни ёпиб, симли тўсиқлар ўрнатган.
ЎХҲ хабар маркази