O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Миср подшоси Муқовқисга юборилган нома

Миср подшоси Муқовқисга юборилган нома
276 views
08 February 2017 - 8:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 142
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

МИСР ПОДШОСИ МУҚОВҚИСГА ЮБОРИЛГАН НОМА

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мин Муҳаммадин расулиллаҳи ила Муқовқис азимил Қибти. Саламун ала маниттабаъал худа. Амма баъд, фаинний адъука бидиъаятил Исломи. Аслим таслам. Йуътикаллоҳу ажрака марротайни ва ин таваллайта фаиннама алайка исмул қибт».

Таржимаси будир:

«Аллоҳ элчиси Муҳаммаддан Қибт (Миср) халқининг улуғи Муқовқисга. Ҳаққа тобе бўлганларга салом. Сўнгра шулки, сени Ислом динига чақирурман. Мусулмон бўл, саломат бўлурсан, яна икки қат савоб олурсан. Агар бунга унамасанг, барча қибт халқининг гуноҳини кўтарурсан».

Расулуллоҳ бу номани Муқовқисга еткуриш учун Ҳотиб ибн Балтаъага топширдилар. Ул эса номани олиб Миср шаҳрига келди. Муқовқис Искандарияга кетган эди. Мисрдан у ерга бориб, денгиз ичидаги подшо саройига кириб, номани Муқовқисга берди. Ул номани ўқиб кўргач, Ҳотиб ибн Балтаъага қараб:

— Агар бу киши аниқ пайғамбар бўлса, муни ўз ватанидан ҳайдаб чиқазган душманларини нега дуо қилиб йўқ қила олмади? — деди.

Ҳазрат Ҳотиб жавоб айтмай унга қараганича турди. Муқавқис яна шу сўзни қайтариб айтгандан кейин ҳазрат Ҳотиб айтди:

— Марям ўғли Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари эрди. Анинг ўз қавми яҳудлар унга қарши чиқишиб, кўп озор бердилар. Энг охири уни ушлаб яҳудлар ўлдирмоқчи бўлганда Аллоҳ таоло уни осмонга чиқариб қутқазди. Нима учун Исо пайғамбар аларнинг ҳалок бўлишига дуо қилмаган эди?

Анда Муқовқис бу сўзига рози бўлиб:

— Сени юборган ҳаким киши олдидан келган сен ҳам ҳаким экансан, — деди.

Унинг бу сўзидан илҳомланиб:

— Эй Муқовқис, ўзинг яхши билурсан, сендан илгари ўтган бу шаҳарда Миср фиръавни бор эди. У эрса ўз ҳаддини билмай, худолик даъво қилди. Аллоҳ юборган Мусо пайғамбарга иймон келтирмади. Охири Худо ғазабига учраб, дунё ва охиратда абадий азобга қолди. Энди сен ўтганлардан ибрат олғудек бўл, қолганларга гўзал ибрат бўл. Аниқ гувоҳлик берурман, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳдан келган ҳақ пайғамбардур. Дунёда яшаган барча инсонларни ҳақ динга даъват қилиш учун уни Аллоҳ юборган. Қуръоннинг хабарича, Ислом динига энг қаттиқ душман яҳудийлардур. Ҳақиқий насоролар эса анинг дўстларидан ҳисобланурлар. Худо ҳаққи қасам қилурман, Мусо пайғамбар Исо пайғамбарнинг чиқишини ўз қавми яҳудларга хабар бермиш эди. Бу икковлари эрса, Муҳаммад алайҳиссалом башоратини ўз умматларига етказдилар. Ҳар пайғамбарга ким замондош бўлса, унинг умматидан саналур. Ўтган пайғамбарларнинг ҳар бирлари охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг чиқишидан ўз умматларига хабар бериб, улардан аҳд олмиш эдилар. Энди ҳақлик шулки, ер устида яшаган бутун умматлар Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтириб, шунга итоат қилгайлар, — деди.

Анда Муқовқис:

— Мен бу кишининг хабарини эшитганимдан бери, кўп фикр қилиб текширишлар ўтказдим. Анинг буюрмиш ишлари барчаси фойдалик эрур. Зарарлик ҳар бир ишлардан бутун инсонларни қайтармишдур. Пайғамбарликнинг барча аломатларини унинг қилган ишларида топдим. Яна бу ҳақда ўйлаб кўрурман, — деди.

Сўнгра Расулуллоҳнинг номаларини ипак латталарга ўраб, фил суягидан ясалган қутичага солиб хазинасига топширди. Бу номанинг асл арабча нусхаси шу кунларда ҳам, яъни, 1377 ҳижрий йилда Туркия ҳукуматининг хазинасида сақланмоқдадур. Туркиянинг сўнги султонларидан бирисининг даврида бу нусха Миср калисоларининг биридан топилган эди. Эски Қибт калисоларида шу давргача у муборак номанинг асл нусхаси сақланиб қолган экан. Шу замоннинг султон халифаси ижозати билан унинг акси олиниб, нусхаси кўпайтирилган эди. 1945 милодий йилда Ғулжа шаҳрининг қозиси Абдулҳакимхожа бу муборак номанинг фотограф нусхасидан бир донасини бу китоб ёзгувчи Алихон Соғунийга ҳадя қилиб келтирди. Ўзим ўқиб кўрган шу арабча номани юқорида ёздим…

Сўнгра Муқовқис арабча ёздириб, Расулуллоҳ номаларига жавоб қайтарди. Бунинг таржимаси қуйидагичадур:

«Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Қибт халқининг улуғи Муқовқисдан салом. Сўнгра шулки, юборган номангни ўқиб кўрдим, ёзганингни англадим. Даъват қилмиш дининг асосига тушундим. Бундан илгари кўп пайғамбарлар ўтиб, бир пайғамбар қолганини билур эдим. Лекин мен уни Шом тупроғидан чиқар деб ўйлар эдим. Араблардан чиқиши хаёлимга келмаган эди. Юборган элчингни ҳурматлаб ҳадялар бериб қайтардим».

Шу билан нома жавобини тамом қилиб, бошқа сўз ёзмади.

Миср тансиқларидан ҳар хил нарсаларни тортиқ қилиб Расулуллоҳга юборди. Булар ичида ҳусн жамоллик икки канизак бўлиб, бирисининг оти Мария эди. Буни Расулуллоҳ ўз никоҳларига олдилар. Ўғиллари Иброҳим Мариядан туғилди. Расулуллоҳ минишлари учун яна бир хачир ҳам юборди. Бундан илгари араблар хачир кўрмаган эдилар. Бунга «Дулдул» от қўйиб Ҳазрати Алига бердилар.

Сўнгра Муқовқис ҳазрати Ҳотибга: «Қибт халқи эрса бу тўғридаги меним сўзимни қабул қилмагайлар. Йўқ эрса Муҳаммаднинг охирзамон пайғамбари эканига кўзим етди. Унга иймон келтирур эдим. Агар бу қилган ишларим аларга маълум бўлса, улар мени ҳалок қилгайлар. Шунинг учун бу ишим англанмасдан олдинроқ бу ердин чиқиб кетишинг керакдур», деди ва бир неча аскар қўшиб ҳазрати Ҳотибни совға моллари билан сақлаб араб тупроғига етказиб қўйди.

Шу билан ҳазрати Ҳотиб Мадинага келиб кўрган ишларини Расулуллоҳга баён қилди. Анда Расулуллоҳ: «Бу киши эрса подшолигини қизғаниб иймондан маҳрум бўлмишдур. Лекин анинг подшолиги узоқ турмагай», дедилар.

(давоми бор)