Қоҳирадаги маҳкама Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакни 2011 йил бошида юз берган аксилҳукумат намойишлари иштирокчиларини ўлдиришда алоқадорликда айбдор деб топиб, бир умрлик қамоқ жазоси тайинлаган.
84 ёшли Ҳусни Муборак устидан 10 ой давом этган маҳкама ортидан ҳукм ўқилган.
“Араб баҳори” деб номланган ҳодисалар бошланганидан буён Ҳусни Муборак шахсан жавобгарликка тортилган илк собиқ давлат раҳбаридир.
Ҳусни Муборак коррупция ва аксилҳукумат намойишчилари ўлимида айбланган.
Прокуратуранинг ишонишича, 30 йилдан ортиқ давлат тепасида турган собиқ президент ўзининг истеъфосини талаб қилиб чиққан намойишчиларни отишга буйруқ берган.
2011 йилнинг феврал ойида 18 кун давом этган эътироз намойишлари чоғида Миср хавфсизлик кучлари томонидан 850 дан ортиқ инсон ўлдирилган эди.
Намойишчиларни отишга буйруқ берганлиги айблови учун жаноб Муборакка ўлим жазоси сўралган.
Қоҳирадаги маҳкама жараёнида судланувчилар қаторида Муборакнинг икки ўғли, хусусан, Муборакнинг давомчиси деб кўрилган Гамал исмли ўғли ҳам бўлган.
Муборакнинг икки ўғли – Алаа ва Гамал – собиқ ички ишлар вазири ва яна юқори мартабали олти полиция зобити ҳам айни айбловлар билан маҳкамага тортилган.
Аммо коррупцияда айбланган Муборакнинг ўғиллари оқланган.
Ҳакам Аҳмад Рифат мисрликлар Ҳусни Муборакнинг ўттиз йиллик бошқаруви даврида зулмат ичида қолганликларини айтган.
Давлат телевидениеси собиқ президент Ҳусни Муборакнинг Қоҳирадаги маҳкамага замбилда келтирилгани тасвирларини намойиш этган.
Мисрнинг собиқ Ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий ҳам намойишчилар ўлимида айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Маҳкама, шунингдек, намойишчиларга ўқ отишга буйруқ беришда айбланган олти полиция қўмондонини ҳам оқлаган.
Маҳкама ҳукмидан кейин маҳкама ташқарисида тартибсизлик келиб чиққан.
Бошида Муборакка ҳукмдан хурсанд бўлган оломон айрим айбланувчилар айбдор деб топилмаганидан хабардор бўлиб ғазабга келганлар.
Тикучар Ҳусни Муборакни Қоҳира ташқарисидаги Тора қамоқхонаси шифохонасига олиб учган.
Миср давлат телевидениеси маҳкамадан қамоқхонага олиб кетилгунича Ҳусни Муборакнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар тарқатган.
ББС