O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Моли учун иймон келтирди, демасинлар…

Моли учун иймон келтирди, демасинлар…
285 views
18 May 2016 - 4:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 44

(давоми)

Иймон-Ислом ҳақиқати билан ўрнашмаган, Пайғамбаримизнинг вафотларини эшитиб кўнгиллари қўзғалиб турган бирмунча одамлар бунинг сўзини англашгандин кейин, ўтга сув сепгандек бўлиб босилдилар.

Бу мўжизани кўрингларким, саккиз йил илгари бу киши Бадр урушида асир тушган эди. Ҳазрати Умар: «Ё Расулуллоҳ, рухсат қилинг, бунинг олди тишларини суғуриб олай, иккинчи ҳеч бир жойда сизга ва мусулмонларга қарши сўзга чиқолмай қолсун», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умар, бир кун келурким, бу киши Ислом дини ҳақида кўп фойдали сўзлар қилгай», деган эдилар. Саккиз йилдан сўнг юқоридаги ваъзни билан, бу мўжизани исбот қилди.

Яна ўз сўзимизга қайтайлик. Мукриз ибн Ҳафс деган киши юқоридаги ваъзни сўзлагувчи Суҳайл ибн Амрга фидя моли бермак бўлиб, Мадинага келди. Уни асир тутиб, сақлаган киши билан бу ҳақда сўзлашиб келишди. Келувчи кишини асир ўрнида тутқин олиб, Суҳайлни бўшатдилар. Сўнгра ўзи бориб, Маккадин келтирган фидя молини топширгандан кейин, ҳар иккови бирга Маккага қайтдилар.

Яна Валид ибн Валид, бу киши ҳам асир тушганлардин эди. Икки қариндоши, бириси Холид, иккинчиси Ҳишом фидя молларини бериб, буни қутқардилар. Бу киши Макка шаҳрига келгандин сўнгра, дарҳол иймон келтирди. Унга айтдилар: «Фидя молини бермасдин бурунроқ иймон келтирган бўлсанг, молинг ўзингга қолган бўлур эди». Анда ул айтди: «Молини қизғаниб, моли учун иймон келтирди, демасинлар», деди. Сўнгра Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлган эди, қариндошлари тўсиб, қайтардилар.

Яна, Ваҳб ибн Умайр, бу ҳам Бадр асирларидан эди. Бунинг отаси Умайр Қурайш шайтонларидан бўлиб, Расулуллоҳ Маккада турган чоғларида бундин кўп кулфатлар кўрган эдилар. Бир куни Қурайш раисларидан Сафвон ибн Умайр билан ўлтиришиб, Бадр урушида ўлганларни эслашиб йиғлашдилар. Шу орада Умайр:

— Ҳозир бўйнимда бир мунча қарз бордур, буни тўлаб, қарздан қутулай десам, қўлимда молим йўқдур. Агар ўзим ўлиб кетсам, бола-чақаларим чоғай бўлиб, хору зор бўлғайларму, деб қўрқинчим бор. Агар шул ишларим бўлмаса, Аллоҳ ҳаққи, Мадинага бориб, Муҳаммадни ўлдирар эрдим. Ўғлим улар қўлида асирдур, шуни баҳона қилиб борур эдим, — деди. Бу сўз Сафвоннинг тилаги бўлганлигидан унга кўп хуш келди. Анда Сафвон айтди:

— Агар шундоқ қилур бўлсанг, қарзингни ўз бўйнимга олурман. Бола-чақаларингни ўз аёл ва оиламга қўшурман. Умайр:

— Агар сен шундоқ қилур бўлсанг, мен ҳам шу сўзимдан қайтмасман, — деди.

Ҳар икковлари қаттиқ ваъда қилишдилар. Бу сирни ҳеч кимга айтмасга қасам ичдилар. Сўнгра Умайр шу иш қасдида қилични қайраб, заҳар билан суғорди. Шу билан йўлга тушиб, тўғри Мадинага келди. Шу чоғда Ҳазрати Умар бир неча саҳобалар билан Бадр урушида ўтган ишлардин сўзлашиб ўлтиришган эди. Қарасалар, қилич тақинган бир киши масжид олдига келиб, туясини чўктирди. Ҳазрати Умар дарҳол уни таниб айтдиларким: «Бу Худо душмани Умайрга ўхшайди, бунинг келиши яхшилик эмасдур, бир ёмонлик нияти билан келгай», деб дарҳол Расулуллоҳга хабар берди. Расулуллоҳ уни келтирмоққа буюрдилар. Ҳазрати Умар қиличини бир қўлида, яна бир қўли билан унинг ёқасидан тутиб, олди-орқасидан ансор саҳобалар ўраган ҳолда олиб келдилар. Расулуллоҳ қарасалар, Ҳазрати Умар қиличининг боғи билан бўйнидан бўғиб ушлаб турибдур. «Эй Умар, уни бўш қўй, яқинроқ келсин», дедилар. Ўша ондин сўнгра Пайғамбаримиз олдиларига келиб араб одатича «анъимув сабоҳан» деди. Бу сўз Ислом дини келмасдин илгариги араблар саломи эди. «Эртангиз юмшоқ ўлсин» демакдир. Анда Расулуллоҳ:

— Бунинг ўрнига ундин яхшироқ саломни Аллоҳ таоло бизга берди. Жаннат аҳли шу ила ўзаро саломлашгайлар. Эй Умайр, нима учун келдинг? — деб сўрадилар.

Анда ул айтди:

— Ўғлим Ваҳб Бадр урушида асир тушмуш эди, бу тўғрида сизлар билан келишгани келдим, унга бирор яхшилик қилғайсизму? — деди.

Расулуллоҳ айтдилар:

Андоғ бўлса, қилич тақиб келишинг қандайдур?

Ул айтди: Қилични Аллоҳ қуритсин, ул бизга ўтган урушда нима асқотди? Ўз одатимча тақинмиш эдим.

Яна Расулуллоҳ сўрадилар:

— Тўғри айтгил, тўғри сўзлагил, қайси иш қасдида келмиш эдинг? Ул: — Айтмиш ишимдан ўзгани ўйлаганим йўқдир, — деди.

Анда Расулуллоҳ айдилар:

Сўзинг ёлғондур, балки иш бундоғдур. Бир куни сен Каъба олдида Сафвон билан бирга ўлтирдинг, Бадр урушида ўлдирилиб, қудуққа ташлаган кишиларни эслашиб йиғлашдинглар. Анда сен: «Устимдаги қарзим бўлмаса, мендин кейин оилаларим оч қолишидан қўрқмасам эди, Мадинага бориб, Муҳаммадни ўлдириб келур эдим, дединг. Сафвон сендин бу сўзни онглаши билан: «Агар бундоқ қилур бўлсанг, ўтнанг (қарзинг) бўйнимга, бола-чақанг нафақаси ўлгунимча устимга бўлсин», деди. Энди сен мени ўлдиргали қасд қилиб келгандурсан. Аллоҳ мени бу ишдан асраб, буни билдиргай —дедилар.

Бу сўзни онглаши билан Умайрнинг кўнгли очилди:

— Аниқ билдим, Аллоҳнинг пайғамбари экансан, — деб дарҳол иймон келтирди. — Сенинг айтган сўзларингга илгари инонмас эдим, сен келтурган кўп хайрларни ёлғон деб билур эдим. Энди гувоҳлик берурман, сен Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари экансан. Бу ишни Сафвон икковимиздан ўзга ҳеч ким билмаган эди. Ва буни билдирмасга онт ичган эдик. Аниқ билдим, бу ишни сенга Аллоҳ билдирмушдур. Йўқ эрса, буни ўзлигидан бошқа ким била олур эди?

Буни кўриб, Расулуллоҳ бошлиқ ҳамма саҳобалар суюнишдилар. Пайғамбаримиз Ислом динининг асосларини унга ўргатишни буюрдилар. Қуръондан бир неча сурани ўқиб, ёд олди. Мусулмаонлар қўлига асир тушган ўғли Ваҳбни озод қилдилар. Сўнгра Умайр:

— Ё Расулаллоҳ, мен Ислом нурини ўчирмак учун кўп курашдим, бу диндаги кишиларга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, аларнинг кўнгилларини кўп оғритдим. Агар рухсат қилсангиз, Маккага бориб, халқни динга даъват қилайин, Аллоҳдин умид шулдурки, алар ҳам бу йўлни қабул қилгайлар. Агар қабул қилмасалар, илгари ҳақ динга қаршилик қилиб, мўминларга тўла озор берган эдим, энди унинг ўрнига буларга қарши туриб, озор бермакни ўзимга лозим кўрдим, — деб изн сўради. Расулуллоҳ ҳам унга изн бердилар.

Сўнгра Умайр ўғли Ваҳбни бирга олиб, Маккага қайтди. Келгандин кейин мусулмонлигини барчага очиқ билдирди. Ўғли Ваҳб бўлса, отаси қўлида иймон келтирди, бутун оилалари билан Ислом динини қабул қилдилар.

(давоми бор)