O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Москвада ўзбеклар сохта экстрасенсликда айбланмоқда (видео)

Москвада ўзбеклар сохта экстрасенсликда айбланмоқда (видео)
158 views
30 July 2014 - 10:47

2

Москва жиноят қидирув бўлими ходимлари сохта экстрасенслик билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг ўттизга яқин аъзосини қўлган олишди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва бўйича бошқармаси матбуот ҳизмати хабар тарқатди.

“28 июль, шанба куни тезкор маълумотлар асосидаги амалиётлар давомида Москва жиноят қидирув ходимлари Москва полициясининг махсус топшириқлар маркази кўмагида сохта экстрасенслар бандасининг 27 та аъзоси қўлга олинди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Арманистон республикалари фуқароларидан иборат”, – дейди матбуот хизмати ходими.

Унинг сўзларига кўра, ярим йил давомида тезкор ходимлар шубҳаланувчилар тўғрисида етарлича далилий ашёлар ва маълумотлар тўплашган. Хусусан, ушган жиноий гуруҳга оид телефон суҳбатлари ҳамда ушбу гуруҳдан жабр кўрганларнинг суҳбатлари муттасил равишда ёзиб борилган.

Полициянинг аниқлашича, ташкилотчилар Ўзбекистон ва Тожикистон каби республикалардан иш излаб келган фуқароларнинг одамларни ишонтира олиш ва алдаш қобилиятини яхшилаб синовдан ўтказиб, маъқул келганларини кам ойлик эвазига ишга ёллашган.

Фирибгарлик бўйича синовлардан ўтиб ишга ёлланган меҳнат муҳожирлари ўз иш жойларида мижозлардан келган телефон қўнғироқларига жавоб беришган. Мижозлар эса бошига бирор иш тушган ёки қандайдир вазиятдан чиқиш учун фолбинлар, сеҳргарлар ва экстрасенслардан ёрдам олиш истагида бўлган шахслардан иборат.

Қўнғироққа жавоб берган фирибгар муҳожир мижозга мавжуд бўлмаган муаммолари борлигини ёки қандайдир кучлар таъсири остига тушиб қолганлигини таъкидлаб уни алдаган ҳолда маълум бир ҳақ эвазига мистик маросимлар ўтказишга кўндиришган. Кўпгина ҳолатларда қўнғироқ қилмасдан бевосита фирибгарларнинг офисига ташриф буюрган мижозлар эса бир неча баробар қимматроқ пулга чув тушиб қолишган.

Мижозларни жалб қилиш мақсадида жиноий гуруҳ аъзолари ўз рекламаларини тарқатиш учун телевидения ва интернетдан фойдаланишган. Жиноий гуруҳга 45 ва 48 ёшли иккита москвалик бошчилик қилган.

Етарлича маълумотлар тўпланганидан сўнг полиция бир вақтнинг ўзида Москва шаҳри ва Москва вилоятида саккизта манзил бўйича махсус қўлга олиш амалиёти ўтказди.

“Махсус амалиёт кунининг ўзида фирибгарларга юздан ортиқ мижоз қўнғироқ қилгани аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, шубҳаланувчилар томонидан етказтлган зарар миқдори 800 млн. руб. (тахминан 25 млн. доллар)га тенг”, – дейди матбуот хизмати вакили.

Қўлга олинганларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 159-моддаси (жуда катта миқдордаги фирибгарлик) бўйича жиноий иш очилган.

ЎХҲ ахборот бўлими