Москва Тошкентнинг 850 млн доллардан ортиқ қарзининг каттагина қисмидан воз кечди. Буни жаноб Каримовнинг ўз меҳмони бўлган Путин устидан эришган дипломатик ғалабаси дея оламизми ёки Владимир Путин ҳам аноийлардан эмасми? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Германиянинг Deutsche Welle нашри Марказий Осиё бўйича экспертларга мурожаат қилади.
Шу йилнинг 10 декбрь куни россия президентининг Тошкентга сафари арафасида Ислом Каримов ва Владимир Путин ўртасида бўлиб ўтиши мумкин бўлган музокаралар борасида баҳс этаркан таҳлилчилар Ўзбекистоннинг Оврўосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш истиқболлари ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорлик билан боғлиқ мавзулар учрашув мазмуни бўлиши ҳақида тахмин қилишганди.
Сафар якуни чоғида шархловчилар биринчи навбатда Россияни ўз ташқи қарзларидан воз кечтиришга эришган мезбоннинг муваффақиятлари ҳақида ёзишни бошлашди. Расмий матбуотнинг ёзишича, 890 млн долларлик қарздан Тошкент Россия Федерациясига 25 миллионни қайтаради, қолган қисмидан эса Москва воз кечган.
Ўзаро манфаатли “воз кечиш”
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Юрий Черногаев қарздан воз кечилишини Ислом Каримовнинг ғалабаси деб ҳисоблайди. Чунки Ўзбекистон бюджетининг оғир кунларни бошдан кечираётган бугунги кунда ҳар бир чақа ҳам жуда муҳим. Ўз навбатида Марказий Осиё бўйича россиялик эксперт Аркадий Дубнов Ўзбекистон қарзининг Россияга ҳам халақит қилаётганидан баҳс этади.
“У (қарз) 90-йилларнинг бошидан бери “осилиб” турибди ва айнан мана шу сабаб Ўзбекистон қарзини тўламагунча россия қонунчилиги Тошкент билан савдо ҳамкорликни кенгайтиришга имкон бермасди. Қарз миқдори эса фоизлар ҳисобига ўсиб бораётганди. Москва илгари ҳам учинчи дунё мамлакатларининг миллиардлаб доллар қарзларидан воз кечиб юборган ва шу йўсинда улар устидаги ўз таъсирини қайта тиклашга эришган. Энди Россия қонунчиликни бузмаган ҳолда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликни, шу жумладан ҳарбий-техника соҳасидаги ҳамкорликни қайта йўлга қўйиши мумкин”, – дея изоҳ беради Дубнов Deutsche Welle нашрига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ортидан юзага келиши мумкин бўлган Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигига таҳдидларни баҳолаш борасида Москва ва Тошкентнинг ёндашувлари ўзаро мос тушади.
“Бироқ бугунги яқинлашув Тошкентнинг тўлиқ Россия ҳарбий кафолати соябони тагига яширинишга тайёрлигини англатмайди”, – деб ҳисоблайди эксперт.
Россия делегациясига яқин бўлган манба музокаралар чоғида ҳарбий-техника соҳасидаги ҳамкорлик масаласи атрофлича муҳокама қилинганини тасдиқлаган.
Ҳарбий ҳамкорлик
Манбанинг сўзларига кўра, ўзбек ҳарбий мутахассислари минтақада хавфсизликнинг мустаҳкамланмаётганини кўрганларидан сўнг ўзбек армиясининг жанговар салоҳиятига шубҳа билан қарай бошлашди.
“Даставвал АҚШ га умид боғлашганди. Бироқ Афғонистонда ишлатилган НАТО техникасини олиб қолиш борасида келишувга эришилмади: Тошкент ушбу техникани америкаликларнинг ўзлари Ўзбекистонга олиб келиб беришларини талаб қилиб туриб олди. Улар эса ушбу масалани ҳал қилишни Ўзбекистоннинг ўз ихтиёрига ташлаб Каримов талабини рад қилишди”, – дея изоҳ беради манба.
Натижада, унинг сўзларига кўра, мазкур соҳада Россияга қилинадиган илтимослар рўйхати пайдо бўлди. “Воқеалар ривожи шундан далолат берадики, ўзбек армиясида маҳаллий ҳарбийларни россия қурол аслаҳасидан фойдаланишга ўргатувчи россиялик мураббийлар пайдо бўлади. Тошкент ўз самолётлари ва ерда ҳаракатланувчи транспорт воситалари учун ҳам россия двигателларидан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, иккала томон ҳам СССР пайтида қурилиши бошланиб, кейинчалик тўхтаб қолган Зоминдаги Суффа платосида радиотелескоп қурилишини қайта давом эттириш борасида бир пасда тил топишиб олишди”.
Яна сайловлар
Путиннинг Тошкентга сафаридаги яна бир муҳим омиллардан бири – Ўзбекистоннинг доимий равишда Қирғизистон жанубига газ етказиб беришни тўхтатиб қўяверишига чек қўйиши учун таъсир ўтказишга уринишдан иборатдир, – деб ҳисоблайди Дубнов.
Ўз навбатида Россия делегациясига яқин бўлган манбанинг берган маълумотларига кўра, Тошкентда мезбонлар Москванинг истагига қаршилик сифатида россия компанияларининг Каримов учун “тиш оғриғи” бўлган Қирғизистондаги гидроиншоот лойиҳалари қурилишидан чиқишига умид қилишганди.
“Бироқ, Москва бундай қилиш истаги йўқлигини билдирди ва бу масалада қирғиз томони кўпроқ асосларга эга эканлигини, ўзбек томонининг ёндашуви эса мунозарали эканлигига ишорат қилди”, – дея таъкидлайди нашр манбаси.
Бироқ, Владимир Путиннинг Тошкентга сафари Ислом Каримовнинг фойдасига ишлади, деб ҳисоблайди Аркадий Дубнов. Эксперт буни декабрь охирларида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент, март охирларида бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайловлари билан боғлайди.
“Агар бундан бир йил олдин Ислом Каримовнинг ўз ўрнини ворисига бўшатиб бериши ва фақат унинг ишини назорат қилиш билан шуғулланиши тахмин қилинаётган бўлса, эндиликда унинг навбатдаги президентлик муддатига яна қайтадан “сайланиши”ни тўлиқ ишонч билан айтиш мумкин”, – дейди россиялик эксперт.
Унинг фикрича, бу Ўзбекистон ва Россиядаги вазиятни тенглаштиради, зеро Путин ҳам 2018 йилги сайловларда иштирок этишини маълум қилган.
“Ўзбек томонининг музокаралар якуни бўйича матбуот анжумани ўтказишдан қочишига сабаб ҳам журналистларнинг сайловлар борасида бериши мумкин бўлган саволлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга бу каби қалтис саволлар жумласига Ўзбекистоннинг Божхона Иттифоқи ва Оврўосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги билан боғлиқ саволларни ҳам киритиш мумкин”, – деб ҳисоблайди Аркадий Дубнов.
АҚШ ва Россия орасида
Экспертнинг фикрича, “энди ўзбек ташвиқотчилари Россия президентининг ташрифидан гўёки “фақатгина Ислом Каримов мамлакат хавфсизлигининг кафолати ва фақат Каримовгина Россия президенти билан шундай гаплаша олади” деган тезисни асослантириш учун фойдаланишади”.
Ўз навбатида, сўзида давом этади Дубнов, Путин Тошкентнинг АҚШ билан алоқаларини қай даражада аниқлаштириб олганлигини билиши лозим. Шу билан бирга Каримов учун Москванинг Вашингтондан муҳимроқ эканлиги ҳақидаги хулосанинг қанчалик тўғри эканлигини аниқлаши лозим.
“Тошкент ҳозирда НАТО қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан АҚШнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши тобора сўниб бориши жавоб тариқасида ушбу қадамларни ташламоқда”, – дея хулоса қилади Аркадий Дубнов.
Марказий Осиё бўйича немис эксперти Михаэль Лаубш (Michael Laubsch) ҳам ушбу фикрни қўллаб-қувватлайди.
“Ҳақиқий сиёсат нуқтаи назаридан, Ўзбекитон ҳам минтақавий хавфсизлик жиҳатидан ҳамда иқтисодий, шу жумладан ресурс базалари жиҳатидан кўпроқ Россия томонга йўналиши табиийдир. Зеро ҳозирги яқинлашув Вашингтонда Москванинг Тошкент устидан босиб ўтказиши сифатида қабул қилинади. Бунинг устига Тошкентда муҳокама қилинган ўзаро битимлар ҳам шошилинчда зудлик билан тайёрланганга ўхшаб кўринади”, – деб ҳисоблайди Лаубш.
ЎХҲ ахборот бўлими