cnews.ru/ сайтидан ЎХҲ таҳририяти таржимаси
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган Москва марказидаги $10 млн.дан қиммат квартира хатга тушган. Бу ҳодиса Ўзбекистон ҳокимияти МТСнинг маҳаллий бизнесини бутунлай борбод этганидан сўнг юз берган.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган Москва марказидаги квартира хатга тушди. Бу ҳақда CNews сайтига Давлат Думасидаги манба хабар берган. “Камелот” комплексида жойлашган уч қаватли квартира Г.Каримова тарафидан 2003 йили нархи $1,5-2 млн бўлган даврда сотиб олинган.
Ҳозир “Камелот”даги кўчмас мулкнинг бир кв.метри қиймати 750 минг рублдан бошланади. Г.Каримова квартирасининг майдони, “Независимая газета” нашрига кўра, 420 кв.м. Демак, бугун бу объект 312 млн. рублдан ортиққа ($10,1 млн.га) нархланади.
Шу йилнинг ёзида Cnews нашри Гулнора Каримованинг Россия ҳудудидаги активлари, хусусан, унинг Москвадаги ҳашаматли квартираси хатга тушиши мумкинлигини хабар қилган эди. Бу воқеа Каримова ҳамда яқинда Ўзбекистондаги бизнесидан бутунлай маҳрум бўлган МТС телекоммуникация оператори ўртасидаги жанжал билан боғлиқдир.
Ўзбекистонда россиялик сармоядорларнинг ҳақлари поймол этилиши юзасидан Россия ИИВ Тергов қўмитаси жиноий иш қўзғаган.
Жанжал МТСнинг маҳаллий шўъбаси “Уздунробита” компанияси бош директори Бекзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочишидан сўнг бошланган.
Бекзод Аҳмедов МТСга ишларкан, айни пайтда Г.Каримованинг ишончли вакили ҳам бўлган. Хусусан, Wikileaks сайтида келтирилган америкалик дипломатларнинг ўзаро ёзишмаларида айтилишича, Б.Аҳмедов 2007 йили Г.Каримовани Ўзбекистондаги учинчи энг йирик мобил алоқа оператори бўлган Coscom ширкатини скандинавиялик TeliaSonera фирмасига сотишга кўндирган. Ҳокимият эса уни МТСни назорат этувчи ҳиссадорга – АФК “Система”га сотишни мўлжаллаган эди.
Ўзбек бозорига йўл очгани эвазига миннатдор TeliaSonera ширкати Г.Каримованинг ишончли вакили Гаяне Авакян исмли модельер номига қайд этилган Takilant оффшор фирмасига жами тақрибан $250 млн ўтказиб берган. Бироқ бу пулларнинг келиб чиқишидан шубҳаланган Швейцариянинг Lombard Odier банки, Takilant учун ҳисоб очишни рад қилган. Шундан кейин банк расмийларига оффшор соҳиби дея Бекзод Аҳмедов шахси кўрсатилган.
Шундай қилиб, Каримова ҳисобларига йўл топган Б.Аҳмедов мамлакатдан қочиб кетган. Ўзбекистон прокуратураси уни Интерпол орқали қидирувга берган. Бироқ ўзбек расмийлари унинг Россияда яширинишига МТС ёрдам берганини иддао қилиб келади.
Бундан ташқари, Россиянинг бу ширкатига қарши ишловчи бир омил шуки, Takilant ишини юритаётган Lombard Odier вице-президенти Александр Кочубей бундан бир муддат олдин АФК «Система»нинг ҳамкори бўлган «Ренессанс – Управление активами» компаниясини бошқариб келганидир.
Оқибатда МТСнинг ўзбек шўъбаси бутунлай барбод этилди: компания мол-мулкидан ажради, активлари мусодара этилди, бир қатор топ-менежери бир неча ойни турмада ўтказди.
Аммо, ўтган ҳафта «РИА Новости» агентлиги, МТС фаолиятини Ўзбекистонда яна тиклаш борасида МТС ва Ўзбекистон ҳукумат доиралари ўртасида музокаралар олиб борилаётгани ҳақида хабар тарқатди. У ҳолда Г.Каримова квартирасининг хатга тушиши музокараларда Россия тарафи қўлидаги козирлардан бирига айланиши мумкин.