O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МТС Ўзбекистонга қарши АҚШ ва Россияни ишга солмоқчи

МТС Ўзбекистонга қарши АҚШ ва Россияни ишга солмоқчи
114 views
04 September 2012 - 7:39

“Илк ўринда Ўзбекистон ноқонуний ҳибсга олган ва ҳуқуқлари бузилаётган ходимларимизни озод қилсин” – дейди Би-би-си Ўзбек Хизмат билан суҳбатда МТС вакили Майкл Ҳеккер – “Ўзбекистонда фаолият юритишимизга яна рухсат берсин ва бизга қарши барча ноҳақ айбловларни бекор қилсин”.

Акс ҳолда, МТС вакиллари Ўзбекистон ҳукуматига қарши мавжуд халқаро қонунларни ва қолаверса, сиёсий воситаларни ишга солишмоқчи.

АҚШ ва Россия ҳукуматларида ҳам бу масалага қизиқиш катта” – деб айтди Майкл Ҳеккер – “АҚШ конгрессмани тўғридан тўғри Президент Каримовга чиқиб, бу жиноий ҳатти-ҳаракатларин тўхтатишга ҳам чақирган”.

Ўзбек ҳуукмати МТСга қарши қатор иқтисодий жиноятлар бўйича иш қўзғаган. Натижада, мамлакатдаги энг йирик қўл телефони ширкати фаолияти тўхтаб, миллионлаб одамлар телефон алоқасидан маҳрум бўлишди.

МТСнинг Ўзбекистондаги “Ўздунробита” ширкатида ишлаган қатор раҳбар ходимлар ҳибсга олинган, ширкат мулклари музлатилган ҳамда фаолият юритишга оид барча рухсатномалари бекор қилинган.

Ғарб матбуотига кўра, бунинг оқибатида МТС ширкати 1 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ йўқотишга учраган.

МТС ўзига қарши илгари сурилаётган айбловларни рад этади. Энди эса бу айбловлар бекор қилиниши йўлида, афтидан, Ўзбек ҳукуматига қарши халқаро қонуний ва сиёсий воситаларни ҳам ишга солиш ниятида.

“Ўзбекистон ҳукумати қонун ва мантиққа мос иш тутиши лозим” – дейди ширкат вакили Майкл Ҳеккер -“Акс ҳолда, Ўзбекистон ўзининг сармоя муҳитини вайрон этади”.

МТС Ўзбекистондаги сармоя ва тижорат муҳити вақт сайин заҳарланиб кетаётганини айтади.

Ўзбекистонда фаолият юритган кўплаб хорижий ширкатлар бу мамлакатда тижорат юритиш ўта қийинлигини, коррупция авжига чиққанини ва хусусий мулк ҳамда тижоратларга ҳеч қандай кафолат берилмаслигини айтишади.

 

bbc.co.uk/uzbek