O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Муаззам Иброҳим: “Ватан ҳаммамизники!”

Муаззам Иброҳим: “Ватан ҳаммамизники!”
216 views
10 February 2018 - 22:20

Мурожаатномага энг биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ шоири устоз Жамол Камол « Бу хат аллақачон ёзилиши керак эди, деб имзо чекди.

Даврлар дошқозонида обдон қовурилган , юзга юзланиб қолган отахон адибимиз:

Вужудимни тилиб тилка-тилка
Айла, виждонимни сотмайман,
Халқ дардини жойладим дилга
Ўлай, ўлимдан ҳам қайтмайман…

каби ўлмас сатрлар муаллифи Шукрулло домла ҳам розиликларини билдирди.

Оғир жаррохлик амалиётини бошидан ўтказган устоз Миразиз Аъзам бошларидан кечган кўп синовларни гапириб «адолатсизликка барҳам берилиши керак. Халқ хақиқий халқ шоирини эъзозласин! » дея, қўл қўйди.

Ҳамма хурмат қиладиган ношир дўстимиз, акамиз « …Агар имзо қўймасам бир умр ўзимни кечирмайман» деб , қўллаб-қувватлади.

Ноутбуклари ҳамон тегишли идораларда бўлган ёзувчи Нуруллох Муҳаммад Рауфхонни қанча инсонлар бу йўлдан қайтаришса ҳам, ўжарлик қилиб, қўллаб-қувватлади…

Хуллас аллақачон ёзилиши керак бўлган мурожаатнома шу тахлит дунёга келди. Мен фақатгина Муҳаммад Солих эмас, чет элларда яшаётган барча эзгу ниятли Ватандошларимизни қайтариш учун шундай мурожжатнома тайёрлашда иштирок этиш ва унга қўл қўйишни шараф деб биламан!

Чунки Ватан халиям эгаридан тушмаган бир сиқим лўттивоз, маддох, сохта Ватанпарварларники эмас! Ватан ҳаммамизники!

Унинг ривожи,тараққиёти камолотини ўйлаган ҳар бир Ватандошимнинг виждони, иймони уйғоқ бўлиши керак!

Гарчи Мурожаатноманинг ботир, қўрқмас муаллифи бошқа инсон бўлсада, баъзи дўстларим мендан воз кечишини ҳам билиб турибман. Аммо…

…Инсультдай оғир дардни бошидан ўтказиб, унинг асоратидан азоб чекаётган драмматург, ёзувчи устоз Шароф Бошбековнинг кўз ўнгимда кўрсатган биргина жасорати менга катта сабоқ бўлди ва буни ҳеч қачон унутмайман.

Касалликдан сўнг бармоқлари ўзига бўйсунмай қолган адибнинг ўрнига барча хужжатларга аёли имзо чекар экан. Лекин бу мурожаатномага «қинғир-қийшиқ бўлса ҳам ўзим имзо чекаман» деганларида кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди…

Энди бу жасоратни тўрт муччаси бут адибларимиз, зиёлилар ва барча фидоий ҳамюртларимдан кутяпман!

Муаззам Иброҳим

Ушбу мақолага ёзилган изоҳлар:

Хавазмат Кочкаров: Мен хам имзомни уйланиб утирмасдан куяман: Хавазмат КУЧКОРОВ, хажвчи, Козогистон.

Abdumalik Sarmanov: Назаримда, анчагина “дело”лар такрор курилиши ва бекор қилиниши керак.
Nuriya Solih Mustafiyya: Opa iloji bo’lsa OYDIN Solih opamizning tabobat haqidagi kitoblari kiritilsa yaxshi bo‘lar edi..

facebook.com